Океан тубидаги ҳодиса бошқа дунёларни англашда ёрдам бериши мумкин

okean

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Агар кислород Ердаги уммон тубида ҳосил бўла олса, у ҳолда, бу бошқа сайёраларда ҳам имконли, демоқда олимлар.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Яқинда денгиз тубидаги металл бўлаклари кислород ҳосил қилишини аниқлаган олимлар, бу ғалати ҳодисани ўрганиш учун океанлар қаърини ўрганиш режаларини эълон қилдилар.

Тадқиқотчилар айтишича, уларнинг миссияси "бошқа сайёраларда ҳаёт мавжудлиги эҳтимолига қандай қарашимизни ўзгартириши мумкин".

Дастлабки кашфиёт денгизшуносларни ҳайратга солди. Илгари кислородни фақат ўсимликлар қуёш нури таъсирида ишлаб чиқариши мумкин деб ҳисобланган эди – бу фотосинтез деб аталадиган жараён.

Агар ҳаётнинг муҳим таркибий қисми бўлган кислород қоронғиликда металл бўлаклари томонидан ишлаб чиқарилса, тадқиқотчилар бу жараён бошқа сайёраларда ҳам содир бўлиши ва ҳаёт ривожланиши мумкин бўлган кислородга бой муҳитни яратиши мумкин деб ҳисоблашмоқда.

Етакчи тадқиқотчи профессор Эндрю Свитмен шундай изоҳ берди: "NASA мутахассислари билан мулоқот қиляпмиз. Улар қоронғиликда ҳам кислород ҳосил бўлиши қуёш нури тушмайдиган бошқа сайёраларда ҳаёт қандай сақланиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги тушунчамизни ўзгартириши мумкин деб ўйлашмоқда."

Алоқадор мавзулар:

Қоронғи, баҳсли кашфиёт

Дастлабки кашфиёт глобал илмий баҳсни келтириб чиқарди – баъзи олимлар ва денгиз тубидаги қимматбаҳо металларни қазиб олишни режалаштирган компаниялар топилмаларни танқид қилди.

Агар кислород бундай чуқурликларда, тўлиқ қоронғиликда ишлаб чиқарилса, бу денгиз тубида қандай ҳаёт мавжуд бўлиши ва ривожланиши мумкинлиги ҳамда қазиб олиш ишлари денгиз ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида саволларни келтириб чиқаради.

ummon

Сурат манбаси, Andrew Sweetman/SAMS

Сурат тагсўзи, Уммон тубида ястаниб ётган кенг майдонларда қимматбаҳо металлар сақловчи тугунлар мавжуд.

Бу шуни англатадики, денгиз тубини қазиб олиш компаниялари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилотлари бу янги тадқиқотни диққат билан кузатиб боришмоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилотларининг баъзилари топилмалар денгиз тубидаги қазишмаларни тўхтатиш кераклигини кўрсатади деб даъво қилишган.

Режага кўра, 10 км дан ортиқ бўлган денгиз тубида масофадан бошқариладиган сувости ускуналаридан фойдаланилади.

Профессор Свитмен тушунтирганидек: "Бизда океан қаъригача етиб борадиган асбоблар бор. Металдан кислород чиқиш жараёни бошқа жойларда ҳам содир бўлишига ишончимиз комил, шу боис биз унинг сабабларини аниқламоқчимиз."

Ушбу тажрибаларнинг баъзилари NASA олимлари билан ҳамкорликда ўтказилади ва худди шу жараён бошқа сайёралар ва йўлдошлардаги океанлар остида микроскопик ҳаёт ривожланишига имкон берадими-йўқми, шуни тушунишга қаратилган.

Профессор Свитмен айтганидек: "Агар кислород бўлса, ундан фойдаланиб яшайдиган микроорганизмлар ҳам бўлиши мумкин."

Қазиш ёки қазимаслик

Биологик жиҳатдан ҳайратланарли натижалар дастлаб ўтган йили Nature Geoscience журналида чоп этилган. Улар Гавайи ва Мексика ўртасидаги чуқур денгиз ҳудудига уюштирилган бир нечта экспедициялар натижасида олинган. У ерда профессор Свитмен ва унинг ҳамкасблари денгиз тубига – тахминан 5 км чуқурликка сенсорлар жойлаштиришган.

Бу ҳудуд денгиз тубининг табиий учрайдиган металл тугунлари билан қопланган улкан қисмининг бир бўлагидир. Бу тугунлар денгиз сувида эриган металлар чиғаноқ парчалари ёки бошқа қолдиқларга тўпланганда ҳосил бўлади. Бу жараён миллионлаб йиллар давом этади.

Жамоа ўрнатган сенсорлар қайта-қайта кислород даражаси ошишини кўрсатди.

"Мен буни эътиборсиз қолдиргандим, – деди ўша пайтда профессор Свитмен BBC News'га, – чунки кислородни фақат фотосинтез орқали олиш мумкин деб ҳисоблар эдим."

Охир-оқибат, у ва унинг ҳамкасблари бу ҳодисага жиддийроқ эътибор қаратишди, унинг сабабларини ўрганишга ҳаракат қилишди. Лабораторияда ўтказилган тажрибалар металл бўлаклар денгиз сувидан кислород ҳосил қилаётганини кўрсатди. Улар тугунлар денгиз суви молекулаларини водород ва кислородга ажратадиган (ёки электролиз қиладиган) электр токларини ҳосил қилишини аниқладилар.

lander

Сурат манбаси, SAMS

Сурат тагсўзи, Олимлар масофадан бошқарилувчи кузатив аппаратини сувга туширмоқда.

Шундан сўнг олимлар ва денгиз тубида қазишма ўтказувчи компаниялар эътирозлари онлайн тарзда эълон қилинди.

Танқидчилардан бири, Канаданинг денгиз ости қазишмалар компанияси Metals Company вакили Майкл Кларк BBC News'га берган интервьюсида танқид "тажриба ва маълумотларни тўплашда илмий пухталик етишмаслигига" қаратилганини айтди. Асосан, у ва бошқа танқидчилар кислород аслида ишлаб чиқарилмагани, бу фақат намуна олиш пайтида ускуна ҳосил қилган пуфакчалар эканлигини таъкидлашди.

"Биз бу эҳтимолни текширганмиз", – жавоб берди профессор Свитмен.

Бу тор доирадаги техник баҳсдай туюлиши мумкин, лекин бир нечта миллиардлаб доллар қийматига эга кон компаниялари аллақачон денгиз тубидан тонналаб металл қазиб олиш имкониятини ўрганмоқда.

Улар мўлжаллаган табиий конларда аккумуляторлар ишлаб чиқариш учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган металлар бор ва кўплаб мамлакатларда иқтисодиёт қазилма ёқилғилардан, масалан, электр транспорт воситаларига ўтаётгани сабабли, бу металларга бўлган талаб тез суръатда ошиб бормоқда.

Ушбу ресурсларни қазиб олиш пойгаси экологик ташкилотлар ва олимлар орасида ташвиш уйғотмоқда. 44 мамлакатдан 900 дан ортиқ денгиз биологлари экологик хавфларни таъкидлаб, кончилик фаолиятини вақтинча тўхтатишга чақирувчи мурожаатга имзо қўйдилар.

Жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўз жамоасининг сўнгги тадқиқот миссияси ҳақида сўзлар экан, профессор Свитман шундай деди: "Бирор нарса қилишдан олдин, иложи борича [чуқур денгиз қаъри] экотизимини яхшироқ тушуниб олишимиз зарур.

Менимча, бундай қарорнинг тўғрилигини аниқлашдан олдин, уни тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқ бўлади."