Сувсиз шаҳарларни обиҳаёт билан таъминлаш йўли топилди – бу қандай ишлайди?

Сурат манбаси, Getty Images
Дунёдаги энг қуруқ шаҳарларнинг баъзиларини ичимлик суви билан таъминлаш учун тумандан катта миқдорда сув олиш мумкин.
Чилидаги тадқиқотчилар мамлакат шимолидаги чўлли Альто-Хосписио шаҳрида туман тўплаш имкониятларини ўрганиб, шундай хулосага келишди.
Минтақада ўртача ёғингарчилик йилига 5 миллиметрдан кам.
"Кўплаб шаҳарлар сингари, Альто-Хосписиода ҳам ўзига хос ижтимоий муаммолар мавжуд," дейди Универсидад Майор университетининг етакчи тадқиқотчиси доктор Виржиния Картер Гамберини. "Камбағаллик жуда кенг тарқалган, – деб тушунтирди у, – у ердаги кўплаб одамлар тоза сув етказиб берувчи тармоқларга тўғридан-тўғри уланиш имкониятига эга эмас."
Шаҳарнинг энг қашшоқ маҳаллаларида яшовчиларнинг кўпчилиги юк машиналарида келтириладиган ичимлик сувига қараб қолган.
Бироқ, тадқиқотчилар таъкидлашича, тоғли шаҳар устида мунтазам тўпланадиган туман булутлари ҳали фойдаланилмаган манба ҳисобланади.
Туманни қандай йиғиш мумкин?
Туман сувини тутиб олиш жуда оддий – устунлар орасига тўр тортилади ва намликка тўла булутлар ўша майда тўрдан ўтганда томчилар ҳосил бўлади. Сўнг сув қувур ва бакларга йўналтирилади.
Бу усул бир неча ўн йиллар давомида кичик миқёсда қўлланган, асосан Жанубий ва Марказий Американинг қишлоқ жойларида – туманли шароитларда. Туман сувини йиғишнинг энг катта тизимларидан бири Марокашда, Саҳройи Кабир чеккасида жойлашган.

Сурат манбаси, Maria Virginia Carter Gamberini
Бироқ, доктор Картернинг таъкидлашича, туман йиғишнинг "янги даври" шаҳар шароитида сув энг зарур бўлган жойларда янада хавфсиз ва барқарор сув таъминотини таъминлаши мумкин.
У ва унинг ҳамкасблари туман орқали қанча сув олиш мумкинлигини ҳисобладилар ва бу маълумотни сунъий йўлдош тасвирларидаги булутлар шаклланишини ўрганиш ҳамда об-ҳаво башоратлари билан бирлаштирдилар.
Шундан келиб чиқиб, улар Тинч океани устида мунтазам пайдо бўладиган ва қирғоқ бўйидаги тоғли шаҳар устидан эсадиган булутлар Альто Хосписио харобаларида яшовчи аҳолини барқарор ичимлик суви манбаи билан таъминлаши мумкин, деган хулосага келишди. Улар ўз хулосаларини "Frontiers of Enviromental Science" журналида эълон қилишди.

Сурат манбаси, Maria Virginia Carter Gamberini
Альто-Хосписио тумани Тинч океани устида – илиқ, нам ҳаво совуқ сув устидан оқиб ўтганда ҳосил бўлади ва кейин тоғлар устига кўтарилади. Бу ердаги ишончли туманли шароит доктор Картер ва унинг ҳамкасбларига булутлардан мунтазам равишда энг кўп сув йиғиш мумкин бўлган ҳудудларни аниқлашга имкон берди.
Йиллик ўртача сув йиғиш тезлиги кунига ҳар квадрат метр тўрга 2,5 литрни ташкил этганига асосланиб, тадқиқотчилар қуйидаги хулосаларга келишди:
- 17 000 квадрат метр тўр ҳозирда шаҳар харобаларига юк машиналари орқали етказиб бериладиган 300 000 литр сувга бўлган ҳафталик эҳтиёжни қондириш учун етарли сув ишлаб чиқариши мумкин.
- 110 квадрат метр тўр шаҳар яшил майдонларини суғоришга бўлган йиллик талабни қондириши мумкин.
- Туман сувлари тупроқсиз (гидропоник) деҳқончилик учун ишлатилиши мумкин, бунда бир ойда 15-20 килограмм яшил сабзавот ҳосили олинади.

Сурат манбаси, Getty Images
Альто-Хосписио Атакама чўлининг чеккасида жойлашган – бу ер юзидаги энг қуруқ жойлардан бири. Ёғингарчилик кам ёки умуман бўлмагани сабабли, минтақадаги шаҳарларнинг асосий сув манбаи охирги марта минг йиллар олдин тўлган ер ости сув қатламлари – сув билан тўлдирилган бўшлиқларни ўз ичига олган тоғ жинслари қатламларидир.
Олимлар таъкидлашича, шаҳар аҳолиси ўсиб бораётгани ва тоғ-кон саноати ҳамда саноатдан сув таъминотига бўлган талаб ортиб бораётгани туфайли тоза сувнинг бошқа барқарор манбаларига шошилинч эҳтиёж мавжуд.
Доктор Гамберинининг тушунтиришича, Чили ўзининг денгиз туманлари билан "жуда ўзига хос," чунки "бизда бутун мамлакат бўйлаб океан ва тоғлар мавжуд."
Айни пайтда унинг жамоаси бутун мамлакат бўйлаб "туман йиғиш харитаси" устида ишламоқда.
Доктор Картернинг таъкидлашича, "булутлардан олинадиган сув шаҳарларимизнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириши ва шу билан бирга тоза сувдан фойдаланиш имкониятини яхшилаши мумкин."












