Илм-фан: Иқлим яхшиланишига ҳали умид борми ё "охирзамон" яқинми?

Heleen de Coninck

Сурат манбаси, RADBOUD

    • Author, Мэтт Макгрейд
    • Role, Би-би-си

Жанубий Кореяда 8 октябр куни БМТнинг Иқлим Ўзгариши Бўйича Ҳукуматлараро Махсус Комиссияси (ИЎБҲМК) ўзининг махсус ҳисоботини тақдим этди. Ҳисоботни тайёрлашда иштирок этган голланд олимаси Ҳелин де Конинк дунёни исишдан сақлашда ҳали умид бор эканлигини маълум қилмоқда.

Иқлим бўйича мутахассислар охирги уч йил ичида иқлим исишининг «хавфсиз» даражаси қандай бўлиши юзасидан ўз қарашларини ўзгартирдилар.

Ўнлаб йиллар давомида олимлар аср охирига қадар дунёда фалокатли ҳолат юзага келмаслиги учун глобал исиш даражаси Цельсий бўйича 2 дан пастда сақланиши лозимлигини таъкидлаб келган эдилар.

Эндиликда улар глобал исишни 1.5C дан оширмаслик борасида баҳслашмоқдалар.

Бироқ мутахассисларнинг бари глобал исишни бу даражадан пастда сақлаб туриш осон иш эмаслигини тан олади.

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида турли давлат делегациялари билан атмосферага иссиқхона газларини чиқаришни имкон қадар камайтириш ва глобал исишни 1.5C дан пастда сақлаб туриш бўйича музокара олиб борган ИЎБҲМК экспертлари мазкур мақсадни амалга ошириш дунёни қанчалик сақлаб қолиши мумкинлиги бўйича ўз фаразларини илгари сурди.

IPCC

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, C

Олимлар нега ўз фикрини ўзгартирди?

Узоқ йиллар давомида глобал исишни 2 даражадан пастда сақлаб туриш етарли, деб келган олимлар нега ўз фикрини ўзгартирди? Қисқача айтганда, бунинг сабаби - сиёсат, дейди мутахассислар.

Исиб бораётган дунёни ҳалокатга юз тутишдан асраш учун глобал исиш даражасини 2C дан пастда ушлаб туриш лозимлиги ғояси илк бор 1975 йилда ақшлик иқтисодчи Уилям Нордҳауз томонидан илгари сурилган эди.

Бироқ 1990 йилларга қадар бирор давлат атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газларини чеклаш масаласига жиддий эътибор қаратмади.

Ниҳоят, 1990 йиллар ўртасида Европа давлатлари 2 даражали чеклов бўйича қўшма битимларни имзолади. 2010 йилга келиб эса, иқлим исиши муаммоси БМТнинг асосий сиёсатидан бирига айланди.

Аммо кичик орол давлатлар ва денгиз сатҳидан унча баландда жойлашмаган мамлакатлар икки даражали чеклов сиёсатидан норозилик билдира бошлади. Бундай давлатлар агар иқлим исиши бундан ҳам паст даражада ушлаб турилмаса, музликларнинг эриши ортидан кўтарилган денгиз суви уларнинг ҳудудини босиб кетиши мумкинлигини таъкидлайдилар.

2009 йили Дания пойтахти Копенгаген шаҳрида иқлим исиши бўйича чақирилган саммитда иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўриши мумкин бўлган давлатлар белгиланган чеклов янада паст даражада бўлиши зарурлигини илгари сурдилар. Бироқ саммитда иштирок этган мамлакатларнинг ҳаммаси ҳам бу талабга қулоқ тутмади ва, натижада, йиғилиш самарасиз якун топди.

Шундай бўлса ҳам, 1.5 даражали ғоя изсиз йўқолиб кетмади. 2015 йили Парижда бўлиб ўтган музокаралар давомида француз дипломатлари мазкур ғоя бўйича бой ва камбағал давлатларни муросага келтиришга уриндилар ва бу ҳаракат иш берди.

Ярим даража нимани ўзгартириши мумкин?

Олимлар глобал исишни атиги ярим даражага пасайтириш катта ижобий натижаларни олиб келиши мумлигини таъкидлайди.

drought

Сурат манбаси, Getty Images

ИЎБҲМК махсус ҳисоботида 1.5 ва 2 даражали чекловлар ўртасида дунёга қанчалик таъсир қилиши мумкинлиги юзасидан мавжуд фарқлар бўйича айрим муҳим рақамлар келтирилган. Уларнинг асосийлари қуйидагича:

•Денгиз сувининг кўтарилиши туфайли ўз уйидан ажралиши мумкин бўлган одамлар сони 10 миллионга камаяди

•2 миллион квадрат километр абадий музлик эришдан сақлаб қолинади

•Сув тақчиллигидан қийналаётган дунё аҳли сони 50 фоизга камаяди

•Ёз фаслида Арктикада музликлар эришини атиги бир фоизли чеклов остида ушлаб туришга муваффақ бўлинади

•Иқлим ўзгариши туфайли жонзотларнинг қирилиб кетиши 50 фоизга камаяди.

«Ҳозирги икки даража ортиқ биз ўйлаган икки даража эмас,» дейди GreenPeace ташкилотидан ИЎБҲМК ҳисоботи тақдимотида қатнашган Кайса Косонен.

«Бу рақам глобал исишнинг олдини олиш учун қўйилган чеклов сифатида ўз аҳамиятини йўқотиб бормоқда. Биз дунёдаги ҳароратнинг атиги бир даражага кўтарилиши қандай оқибатларга олиб келишини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Биз хавотирланган нарсаларни сақлаб қола олмайдиган бундай чеклов нега керак ўзи?»

Янги мақсадга эришиш қанчалик осон?

Глобал исишни 1.5 даражадан пастда ушлаб туриш жуда мушкул масала, дейди мутахассислар. ИЎБҲМК ҳисоботида агар ҳозирда инсоният қўлида мавжуд барча имкониятлар ишга солинганда ҳам бу мақсадга 2040 йилга борибгина эришиш мумкинлиги башорат қилинади.

ИЎБҲМК ҳисоботда тилга олиб ўтилган чораларни бажариш БМТ аъзо давлатлари учун мажбурий эмас. Асосий муаммо ҳам шунда, таъкидлайди экспертлар.

Ҳисоботда глобал исишни 1.5 даражадан пастда сақлаб туриш йўлида иссиқхона газлари чиқаришни кескин камайтириш, муқобил энергиядан фойдаланишга шиддат билан ўтиш, ҳатто, турмуш тарзи ва овқатланиш тартибини жиддий ўзгартириш каби чора-тадбирларга амал қилиш ҳақида сўз боради.

Глобал исиш 1.5C дан пастга тушса, нима бўлади?

ИЎБҲМК ўз ҳисоботида мазкур масалани диққат билан ўрганиб чиққан. Комиссия экспертлари бу рақамга эришилса, юқорида таъкидлангандек, кўплаб ижобий ўзгаришларга эришиш мумкинлигини иддао қилади. Бунинг учун улар ҳаводан карбонат ангидрид газини ажратиб олишга имкон берувчи турли дарахтлардан тортиб хар-ҳил технологияларни қўллашни таклиф қилган.

Бироқ барча соҳа мутахассислари ҳам бу масала юзасидан ИЎБҲМК экспертлари каби некбин кайфиятда эмас.

«2 даражали чекловда йўқолиб бораётган жонзотлар 1.5 даражада ҳам қирилиш кетишда давом этаверади,» дейди Халқаро Ёввойи Табиат Фондидан доктор Стивен Корнелиус.

Ҳаммаси яхши бўлишидан умид қанчалик юқори?

Ҳали анча умид бор, маълум қилади ҳисобот муаллифларидан бири Ҳелин де Конинк.

Иқлим исишини 1.5C дан пастда сақлаш ҳозирги кун учун эришиб бўлмас мақсаддек кўринаётган бўлсада, кўплаб давлатлар иқлим ўзгариши муаммосига, эндиликда, жиддий қарамоқда.

Британия ҳукумати яқин келажакда «атмосферага иссиқхона газлари чиқаришни ноль даражага камайтириш бўйича қонун» қабул қилиш масалаларини ўрганаётганини хабар қилган.

Айрим экологлар эса глобал исишга қарши янги технологиялар ёки миллиардлаб дарахт ўтқазиш билан курашиш шарт эмаслигини таъкидлайди.

«Агар биз ҳозирда атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газларини кескин қисқартирсак ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун табиий муҳити бузилган ерларни қайта тикласак ёки гўшт истеъмол қилишни камайтирсак, шунинг ўзи 1.5 даражали мақсадга эришишда етарли бўлади,» дейди ўрмонларни муҳофаза қилувчи Fern ташкилотидан Ҳанна Моват.

«Шундан сўнг ҳаво тоза бўлади, семизлик даражаси ҳам пасаяди. Табиий муҳити вайрон қилиниб, саноатлаштирилган дунёдан кўра шуниси яхши.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek