Бу қизиқ: Фатберглар — канализацияга тушган ёғлардан хушбўй атир тайёрланишини эшитганмисиз?

Сурат манбаси, Getty Images
Эдинбургдаги ёруғ лабораторияда робот машиналар ғувуллайди. Улар яратаётган якуний маҳсулот қарағай ҳидли кимёвий модда бўлиб, ундан парфюмерияда фойдаланиш мумкин. Аммо бошланғич нуқта бутунлай бошқа: канализациядан олинадиган қўнғир, ёпишқоқ, ёғли аралашма – фатберглар.
Фатберглар канализацияларда бўладиган ёқимсиз нарса. Бу кимёвий ўзгаришни амалга ошириш учун қўлланадиган технологиянинг ривожланишини баъзилар янги саноат инқилоби сифатида тавсифламоқда.
Бу биомуҳандисликнинг тез ривожланаётган соҳасидир. Қувонарлиси, Буюк Британия ҳозирда бошқа мамлакатларга нисбатан бу соҳада етакчи ўринни эгаллаган.
Бу атроф-муҳит учун ҳам ажойиб янгилик, чунки у чиқиндиларни қайта ишлаш имконини беради. Бундан ташқари, ҳукумат ҳам бу ғояга қизиқиш билдирмоқда, чунки у янги саноат ва янги иш ўринларини яратиши мумкин.
Аммо Британиянинг бу етакчилиги ҳам сармоя етишмаслиги, нотўғри тартибот ва номуносиб сиёсат туфайли йўқолди. Энди савол туғилади: уни қайта тиклаш мумкинми?
Агар иложи бўлса, қандай қилиб? Чунки баъзи мутахассислар фойда олиш ва етакчиликни қайтариб олиш иштиёқи ортида баъзи эҳтимолий хавфлар эътибордан четда қолаётганидан хавотирда.
"Ишлайдиган" ғалати ғоя
Эдинбург университети профессори Стивен Уоллес ҳам фатбергларни парфюмерияга айлантирмоқда. "Бу ғалати ғоя, – тан олади у менга, – лекин амалда ишлайди."
Фатберглар – бу ошхона ёғлари, ҳожатхона ва бошқа озиқ-овқат чиқиндиларидан тўпланган ёғ бўлаклари бўлиб, одамлар уларни оқава қувурларга ташлайди. Профессор Уоллес уларни канализациядан чиқариб олиб, биоёқилғига айлантиришга ихтисослашган компаниядан олади. Улар лабораторияга найчада келтирилади.
Биринчи қадам материални буғлаткичда зарарсизлантиришдир. Кейин профессор Уоллес махсус ўзгартирилган бактерияларни фатберг қолдиғига қўшади. Бактерияларда керакли хусусият пайдо қилиш учун ДНКнинг қисқа парчаси киритилган.
Фатберг аста-секин йўқолади, чунки уни бактериялар ейди ва қарағайга ўхшаш ҳидли кимёвий модда ишлаб чиқаради – бу парфюмерия таркибий қисми сифатида ишлатилиши мумкин.

Профессор Уоллеснинг айтишича, Буюк Британия технологияни яратишда етакчи роль ўйнаган бўлсада, ҳозир у кейинги босқичга ўтиши мумкинлигини кўрсатиши керак. "Биз барқарор саноат технологияларининг кенг турларини яратишга имкон берадиган ишлаб чиқариш даражасига кўтарилиш босқичига ўтмоқдамиз.
Аммо Буюк Британияда инфратузилмани яратиш, Европа ва АҚШдаги сармоялар билан таққосланадиган тезликда тижорийлаштиришга эришиш қийин бўлмоқда."
Юқори тезликдаги технологик ютуқлар
Агар Буюк Британия буни уддаласа, сармоя киритишга иштиёқ пайдо бўлади. Профессор Уоллес ушбу жараёнга қизиққан иккита парфюмерия компанияси билан ишлаяпти. У таклиф этаётган усул уларникидан кўра фойдалироқ. Уларнинг ҳозирги усули қазиб олинадиган ёқилғидан ажратиб олинган кимёвий моддалардан хушбўйлик олишдан иборат.
Аммо асосий технология мавжуд бўлсада, у мисли кўрилмаган тезликда ривожланмоқда, яъни Буюк Британия етакчилиги хавф остида.
Стивеннинг ҳамкасбларидан бири доктор Жоанна Садлер атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган ишлатилган пластикни ваниль эссенциясига ва бошқа фойдали ҳамда қиммат кимёвий моддаларга айлантирадиган микробларни яратди.
"Мен бу ишни тўрт ёки беш йил олдин эълон қилганимдан бери бу соҳа нафақат Буюк Британияда, балки бутун дунёда ривожланди, – дейди у менга. – Бу жуда тез ривожланаётган соҳа."

Эдинбург университети маркази аъзоларидан бири ёниб бўлган батареялардан муҳим металларни ажратиб олувчи бактерияларни яратди, акс ҳолда бу зарарли кимёвий моддалар чиқиндихонага сизиб чиқиши мумкин эди.
Имкониятлар чексиз ва инновациялар бактерия ДНКсини бошқаришнинг арзон ва аниқ усулларини ишлаб чиқиш туфайли тезлашди. Бу энди турли нарсаларни яратиш учун табиат кучидан фойдаланиш ва уни мослаштиришни анча осонлаштирди.
Бироқ, бу имкониятларнинг барчаси маблағ талаб қилади.
Беихтиёр яратилган супер микроблар
Олимлар ва саноатчилар жамоатчилик ишончисиз бу янги порлоқ саноат ҳеч қаерга бора олмаслигини тан олади. Ишонч қозониш учун муҳандислик биологияси тарафдорлари хавф-хатарлар ҳақида очиқ ва самимий бўлиши шарт.
Энг ташвишли жиҳати – нозик мувозанатдаги экотизимларни издан чиқариб, касалликларни тарқатиши ёки атроф-муҳит муаммоларини келтириб чиқариши мумкин бўлган супер микробларнинг беихтиёр пайдо бўлиб қолишидир.
Яқинда 38 нафар етакчи олим сунъий равишда яратилган, ДНКси табиий ҳолда учрайдиган аналогларининг кўзгу акси бўлган "кўзгу ҳаёт" организмлари пайдо бўлишидан хавотир билдирди.
Улар Science журналида ёзишича, бу кўзгу организмлар жиддий хавф туғдириши ва ўсимликлар ҳамда ҳайвонларнинг иммунитет тизимларини издан чиқариши мумкин. Олимлар улар ҳақида кўпроқ маълумот олинмагунча ва хавфни камайтириш чоралари ишлаб чиқилмагунча, бундай организмларни яратишга вақтинчалик тақиқ қўйишга чақирмоқда.

Бироқ муаммо шундаки, технология жуда арзон ва кенг тарқалган бўлиб қолгани сабабли, бундай тақиқни назорат қилиш қийин. "Кўзгу ҳаёт"ни яратиш юқори малака талаб қилсада, ёвуз ниятли шахслар оддийроқ ўзгаришларни амалга ошириб, биотеррор хавфини ошириши мумкин.
Ҳукумат ва ишлаб чиқарувчилар бу технологиянинг сезиларли экологик ва иқтисодий фойдалари борлигини таъкидлашмоқда. Аммо жамоатчилик уни қабул қилмаса, сармояларни кўпайтиришдан маъно йўқ: технология қўлланилмайди, ҳеч ким маҳсулотларни сотиб олмайди. Ҳақиқий хавф-хатарлар ҳам мавжуд: олимлар ва фаоллар жамоатчиликнинг очиқ ва шаффоф тарзда тўлиқ хабардор қилинишини исташмоқда.
Профессор Фримонт биомуҳандислик келтириши мумкин бўлган нафни тан олади. "Жамоатчилик билан мулоқотда биз эътиборимизни бироз йўқотдик.
"Соҳа оддий истеъмолчи ва фуқарога бу технологияни тушунтириб бериши керак".












