Одамзодни ичаётган дорилар қандай ўзгартириб юбормоқда? Илм-фан, Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Дориларнинг рулдаги ҳайдовчиларнинг ғазабноклиги, патологик қимор ўйинлари ва фирибгарликларга алоқаси бор. Уларнинг баъзилари бизни камроқ невротик қилади, бошқалари эса ижтимоий муносабатларимизга таъсир қилиши мумкин. Маълум бўлишича, кўплаб анъанавий дорилар нафақат танамизга, балки миямизга ҳам таъсир қилади. Нега? Дориларнинг қутиларида бу ҳақда огоҳлантирувлар бўлиши керакми?
Шифокорлар унинг ҳаётини ўзгартириб юборганда, "Бешинчи бемор"нинг ёши элликдан ошган эди.
У қандли диабет билан касалланган, холестеринни камайтирадиган "статинлар"ни қабул қилиш ёрдам берадими ёки йўқлигини аниқлаш учун тадқиқотга ёзилди. Ҳозирча ҳаммаси жойида.
Алоқадор мавзулар:
Аммо у даволанишни бошлаганидан кўп ўтмай, хотини даҳшатли ўзгаришларни сеза бошлади. Илгари ақлли, босиқ бўлган одам ҳозир салга асабийлашиб кетадиган, рулда ўтирганида ғазабини босолмайдиган бўлиб қолди. У ҳатто бир гал оиласини "бир нима қилиб қўймасимдан нари туринглар" деб огоҳлантирди.

Сурат манбаси, .
Бирор кор-ҳол бўлишидан қўрқиб, "Бешинчи бемор" машина ҳайдашни тўхтатди. Ҳатто йўловчи сифатида бирор ерга борганларида ҳам унинг ғазаби сабабли хотини саёҳатни бекор қилиб ортга қайтишга мажбур бўлган. Шундан сўнг у телевизор кўриши ва тинчланиши учун уни ёлғиз қолдирадиган бўлди. У тобора ўз хавфсизлигидан хавотир ола бошлади.
Кейин бир куни "Бешинчи бемор" барини тушунди. Сан-Диегодаги Калифорния университети тадқиқот гуруҳи раҳбари Беатрис Голомбнинг айтишича, бемор ўзидаги муаммолар ушбу тадқиқотда иштирок эта бошлаганидан кейин пайдо бўлганини пайқади.
Хавотирга тушган эр-хотин тадқиқот ташкилотчиларига мурожаат қилишди. "Уларнинг жуда жаҳли чиққанди. Улар берилаётган дори ва бемордаги хулқий ўзгариш бир-бирига боғлиқ бўлиши мумкинмас, деб айтишди. У дориларни қабул қилишда давом этиши ва тадқиқотда қолиши кераклигини айтишди", дейди Голомб.
Ажабланарлиси шундаки, бу пайтгача бемор шунчалик ғазабланганки, у шифокорларнинг маслаҳатларини мутлақо эътиборсиз қолдирган. "У баланд овозда қасам ичди, офисдан тез юриб чиқиб кетди ва дарҳол дориларни қабул қилишни тўхтатди", дейди у. Икки ҳафта ўтгач, у яна аввалги ҳолига қайтди.
Бошқалар бунчалик омадли эмас. Йиллар давомида Голомб Қўшма Штатлар бўйлаб беморларнинг шикоятларини тўплади - бузилган оилалар, вайрон қилинган карьера ва ҳатто хотинини ўлдириб қўйишига оз қолган айрим эркаклар. Деярли ҳар бир ҳолатда симптомлар статинларни қабул қилиш билан бошланган ва улар тўхтатилганда тезда нормал ҳолатга қайтган; бир киши нима бўлаётганини тушунгунча бу циклни беш марта такрорлаган.
Бу одатий ҳол, дейди Голомб. Унинг тажрибасига кўра, кўпчилик беморлар ўз феълларидаги ўзгаришларни ичаётганлари дори-дармон билан боғлаш у ёқда турсин, буни сезмайдилар ҳам. Баъзи ҳолларда анча кеч сезиб қоладилар: тадқиқотчига бир қатор одамлар, жумладан, ўз жонига қасд қилган машҳур бир олим ва бир ҳуқуқ нашри собиқ муҳаррири оиласи ҳам мурожаат қилган.
Биз ҳаммамиз психоделик дориларнинг мияга таъсири билан танишмиз, аммо маълум бўлишича, одатий дорилар ҳам худди шундай таъсир қилиши мумкин. Парацетамолдан антигистаминларгача, статинлар, астма дорилари ва антидепрессантларгача бизни импульсив, ғазабнок ёки безовта қилиши, бегоналарни ҳис қила олиш қобилиятимизни сусайтириши ва ҳатто шахсиятимизнинг асосий жиҳатларини, қанчалик невротик эканлигимизни манипуляция қилиши мумкинлиги ҳақида далиллар пайдо бўлмоқда.
Аксарият одамлар учун бу ўзгаришлар жуда нозик. Аммо баъзи ҳолларда улар драматик бўлиши мумкин.
2011 йилда франциялик икки фарзанднинг отаси "GlaxoSmithKline" фармацевтика компаниясини судга берди, у Паркинсон касаллигини даволаш учун қабул қилган дориси уни қиморбоз ва гей сексга муккасидан кетказгани, шунингдек, унинг зўрланишига сабаб бўлган хавфли ҳатти-ҳаракатларга ундаганини даъво қилди.
2015 йилда, ёш қизларни онлайн тарзда нишонга олган бир киши, семиришга қарши "Дуромин" дориси уни шундай қилиб қўйганини даъво қилди - дори сабабли у ўз импульсларини назорат қила олмай қолган экан. Баъзида қотиллар ҳам ўз қилмишлари учун тинчлантирувчи дорилар ёки антидепрессантларни айблашга ҳаракат қилади.
Агар бу даъволар тўғри бўлса, оқибатлари катта бўлади. Потенциал сабаблар рўйхатида сайёрамизда энг кўп қўлланадиган дори воситалари ҳам бор, уларнинг индивидуал даражада таъсири кичик бўлса ҳам, миллионлаб одамларнинг шахсини шакллантириши мумкин.
Ушбу таъсирларни ўрганиш фурсати етган. Дунё дориларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш инқирозига яқинлашмоқда: Америкаликлар ҳар йили 49 000 тонна парацетамол сотиб олади, бу одам бошига 298 та парацетамол таблеткаси демакдир ва ўртача америкалик худди шу даврда рецепт бўйича 1200 долларлик дори истеъмол қилади. Дунё аҳолиси қариб борар экан, дориларга қарамлигимиз назоратдан чиқиб кетади; Буюк Британияда 65 ёшдан ошган ҳар ўн кишидан бири ҳар ҳафта саккизта дори қабул қилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу дорилар миямизга қандай таъсир қилади? Уларнинг қутиларида огоҳлантирувчи ёзув бўлиши керакми?
Албатта, ҳеч ким одамларга дори қабул қилишни тўхтатинг демаяпти - уларнинг айримлари ҳаётни сақлаб қолади. Агар сизда бирор хавотир бўлса, энг яхши йўл шифокорга мурожаат қилишдир. Шу билан бирга, ушбу соҳадаги тадқиқотларнинг аҳамияти ҳақида хабардорлик ортиб бормоқда, бу эса фармацевтика маҳсулотларини яхшилашга ёки уларнинг хавф ва фойдаларини янада аниқроқ таҳлил қилишга туртки бериши мумкин.
Голомб биринчи марта статинлар ва шахсият ўзгаришлари ўртасида боғлиқлик борлигини деярли йигирма йил олдин, бир қатор ҳайратланарли кашфиётлардан сўнг гумон қилди, масалан, холестерин даражаси паст бўлган одамлар зўравонлик сабабли ўлиш эҳтимоли кўпроқ. Бир куни у холестерин бўйича мутахассисга бу ҳақда айтганида, у буни бемаънилик деб рад этди. "Мен унга "ундай эмаслигини қаердан биламиз?" дедим", дейди у.
Қатъияти ошган Голомб илмий ва тиббий адабиётларни кўздан кечирди. "Далиллар мен тасаввур қилганимдан ҳайратланарли даражада кўп бўлиб чиқди", дейди у. Биринчидан, у приматларга паст холестеролли овқат бериш уларни янада тажовузкор қилишини аниқлади.
Ҳатто потенциал механизм ҳам бор эди: афтидан ҳайвонларда холестерин даражасини пасайтириш, уларнинг кайфияти ва ижтимоий хулқ-атворига таъсир қиладиган муҳим модда - серотонин даражасини ўзгартиради. Агар сиз серотонин меъёрини бузсангиз, ҳатто пашшалар ҳам уруша бошлайди, аммо бу одамларга ҳам салбий таъсир кўрсатади - тадқиқотлар буни зўравонлик, импульсивлик, ўз жонига қасд қилиш ва қотиллик билан боғлайди.
Агар статинлар одамларнинг миясига таъсир қилаётган бўлса, бу уларнинг холестерин даражасини пасайтиришининг бевосита натижасидир.
Ўшандан бери кўпроқ тўғридан-тўғри далиллар пайдо бўлди. Бир нечта тадқиқотлар асабийлашиш ва статинлар ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликни тасдиқлади, шу жумладан, Голомб бошчилигидаги ва 1000 дан ортиқ одам иштирок этган тажриба ҳам. Препарат менопаузадан кейинги аёлларда тажовузкорликни кучайтириши аниқланган, аммо ғалати, эркакларда эмас.
2018 йилда ўтказилган тадқиқот балиқларда ҳам худди шундай таъсирни аниқлади. Нил тилапиясига статинлар бериш уларни янада тажовузкор қилган ва энг муҳими, миядаги серотонин даражасини ўзгартирган. Бу холестерин ва зўравонликни боғлайдиган механизм миллионлаб йиллар давомида мавжуд бўлганини кўрсатади.
Холестерин даражасини пасайтириш ва, демакки, статинлар эркакларда ҳам, аёлларда ҳам хулқ атвор ўзгаришига олиб келиши мумкинлигига Голомбнинг ишончи комил, аммо таъсир кучи одамдан одамга кескин фарқ қилади. У Швецияда 250 000 кишининг холестерин даражаси ҳақидаги маълумотлар базасини жиноятлар ҳақидаги маълумотлар билан таққослаган тадқиқотига ишора қилиб, "далиллар бир нуқтага ишора қилмоқда, - дейди у. - Бошқа факторларни ҳисобга олганда ҳам, бошланишдан холестерин даражаси паст бўлган одамларнинг зўравонлик жиноятлари учун ҳибсга олиниш эҳтимоли кўпроқ эди."
Аммо Голомбнинг энг ташвишли кашфиёти оддий дориларнинг таъсири эмас, балки уни ўрганишга қизиқишнинг йўқлигидир. "Шифокорлар осон ўлчаш мумкин бўлган нарсаларга кўпроқ эътибор беришади", дейди у, статинларнинг ножўя таъсирини ўрганишда бор эътибор мушаклар ва жигарга қаратилган, чунки бу органлардаги ҳар қандай муаммони қоннинг стандарт таҳлили билан аниқлаш мумкин.
Бунга, шунингдек, Оҳайо университетининг оғриқлар бўйича тадқиқотчиси Доминик Мишковски ҳам эътибор қаратди. "Дориларнинг шахсият ва хулқ-атворига таъсири ҳақида гап кетганда, тадқиқотларда сезиларли бўшлиқ мавжуд, - дейди у. - Биз бу дориларнинг физиологик таъсири ҳақида кўп нарсани биламиз. Яъни уларнинг жисмоний ножўя таъсирлари борми ёки йўқ. Аммо биз уларнинг инсон ҳатти-ҳаракатларига қандай таъсир қилишини тушунмаймиз."

Сурат манбаси, Getty Images
Мишковски ўзининг тадқиқотида парацетамолнинг даҳшатли ножўя таъсирини аниқлади. Олимлар узоқ вақтдан бери ушбу препарат миянинг маълум соҳаларида, масалан, ҳиссиётларимизда муҳим роль ўйнайдиган инсуляр кортексдаги фаолликни сусайтириш орқали жисмоний оғриқни камайтиришини билишади. Бу соҳалар бизнинг ижтимоий оғриқни ҳис қилишимизга ҳам тегишли - ва қизиғи, парацетамол рад этилгандан кейин ўзимизни яхши ҳис қилишимизга ёрдам беради.
Ва яқинда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, миянинг бу соҳалари илгари ўйлаганимиздан кўра кўпроқ гавжум, чунки миянинг оғриқ марказлари бошқаларнинг оғриғини ҳам баҳам кўради.
Масалан, фМРТ (функционал магнит-резонанс томография) шуни кўрсатдики, миямизнинг айни шу қисмлари оғриқни ҳис қилиш билан бирга, "ижобий эмпатия", яъни бошқаларнинг завқини ҳам ҳис қилганда ҳам фаоллашади.
Ушбу фактларни ҳисобга олган ҳолда, Мишковски оғриқ қолдирувчи воситалар эмпатияга халақит беришини текширишга қарор қилди. Жорий йил бошида Оҳайо университети ва Оҳайо штат университетидаги ҳамкасблари билан бирга у бир нечта талабаларни ёллаб, уларни икки гуруҳга ажратди. Бир гуруҳга 1000 мг парацетамолнинг стандарт дозаси, иккинчиси эса плацебо берилди. Кейин у улардан бошқа одамлар билан содир бўлган кўнгилни кўтарувчи тажрибалар ҳақидаги ҳикояларни ўқишни сўради, масалан, "Алекс"нинг омади келгани ҳақидаги ҳикоя, у бир қизга учрашув таклиф қилди, қиз рози бўлди.
Натижалар шуни кўрсатдики, парацетамол бизнинг ижобий эмпатияни ҳис қилиш қобилиятимизни сезиларли даражада пасайтиради, бу эса препарат ҳар куни миллионлаб одамларнинг ижтимоий муносабатларини қандай шакллантиришини кўрсатади. Экспериментда парацетамолнинг бошқа одамларнинг оғриғини ҳис қилишимиз - салбий эмпатияга эътибор берилмаган бўлса-да, Мишковски препаратни қабул қилгандан кейин бу томондан ҳам ҳис қилиш қийинроқ бўлишини тахмин қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
"Мен энди кичик тадқиқотчи эмасман ва очиғини айтсам, бу тадқиқотим хулосаси ҳақиқатан тадқиқотларим ичида энг ташвишлиси, - дейди у. - Айниқса, мен иштирокчилар сонини яхши билганим учун. Бирор кишига дори берганингизда, сиз уни шунчаки бир одамга эмас, балки ижтимоий тизимга ҳам берган бўласиз. Ва биз бу дориларнинг таъсирини кенгроқ контекстда тушунмаймиз."
Эмпатия нафақат сизнинг "яхши" одам эканлигингизни ёки қайғули фильмларни кўрганингизда йиғлашингизни билдиради, балки бу туйғу кўплаб амалий фойда келтиради, жумладан, янада барқарор ишқий муносабатлар, яхши тарбияланган болалар ва янада муваффақиятли карьера - баъзи олимлар ҳатто эмпатия инсон зотининг ҳайвонот оламида устун бўлишига сабабчи эканлигини тахмин қилишади. Дарҳақиқат, унинг кўп афзалликларига назар ташласак, одамнинг эмпатия қобилиятини тасодифан камайтириш арзимас иш эмаслиги кўринади.

Сурат манбаси, Getty Images
Парацетамол бизнинг шахсиятимизни техник жиҳатдан ўзгартирмайди, чунки таъсир бир неча соат давом этади ва жуда оз одам уни мунтазам равишда қабул қилади. Аммо Мишковскининг таъкидлашича, биз тўғри хулоса чиқара олишимиз учун бу бизга қандай таъсир қилишини билишимиз керак. "Агар сиз спиртли ичимлик таъсирида бўлсангиз, машина ҳайдамаслигингиз кераклигини билишингиз керак бўлганидек, сиз ҳиссий жиҳатдан ҳушёр бўлишингиз керак бўлган вазиятда, дейлик, жуфтингиз ёки ҳамкасбингиз билан жиддий суҳбатлашишингиз керак бўлган вақтда парацетамол қабул қилмай турасиз."
Дориларнинг бундай психологик таъсирга эга бўлиши сабабларидан бири шуки, тана вазифаси аниқ бўлган кимёвий моддалар билан тўлдирилган алоҳида аъзолар қопчаси эмас, балки турли жараёнлар ўзаро боғлиқ бўлган тармоқдир.
Мисол учун, олимлар узоқ вақтдан бери астмани даволаш учун ишлатиладиган дорилар баъзида гиперактивликни кучайтириши ва Диққат етишмаслиги гиперактивлик синдроми (ДЕГС) (ADHD) белгиларини ривожлантириши кабиларни билишади. Яқинда тадқиқотлар икки касаллик ўртасидаги жумбоқли боғлиқликни аниқлади; бири билан касалланиш иккинчисига ҳам чалиниш хавфини 45-53 фоизга оширади. Бунинг сабабини ҳеч ким билмайди, аммо астма дорилари серотонин ёки яллиғлантирувчи кимёвий моддалар даражасини ўзгартириш орқали ДEГС белгиларини келтириб чиқаради.
Баъзида бу боғлиқлик янада аниқроқ бўлади. 2009 йили Шимоли-Ғарбий Иллинойс университетининг бир гуруҳ психологлари антидепрессантлар бизнинг шахсиятимизга таъсир қиладими ёки йўқлигини текширишга қарор қилишди. Хусусан, уларни невротизм ҳам қизиқтирарди. Шахсиятнинг беш катта хусусиятини қўрқув, рашк, ҳасад ва айбдорлик каби ташвишли ҳис-туйғулар намоён қилади.
Тадқиқот учун гуруҳ ўртача ва оғир даражада депрессияга учраган катталарни жалб қилди. Тадқиқот иштирокчиларининг учдан бирига антидепрессант пароксетин, учдан бирига плацебо ва учдан бирига суҳбат терапияси берилди. Кейин 16 ҳафталик даволаниш муддатининг бошидан охиригача уларнинг кайфияти ва характери қандай ўзгарганини текширишди.
Тадқиқотда иштирок этган Роберт ДеРубейс: "Биз невротизмдаги асосий ўзгаришларга умуман плацебо [ёки терапия] эмас, балки дорилар сабаб бўлганини аниқладик. Бу жуда ажойиб эди."
Ажабланарлиси шундаки, антидепрессантлар иштирокчиларнинг руҳий тушкунлигини камайтирган бўлса ҳам, невротизмнинг пасайиши анча кучлироқ сезилди ва уларнинг невротизмга таъсири депрессияга таъсиридан алоҳида эди. Антидепрессантларни қабул қилган беморларда экстравертликка мойиллик ҳам кучайган.
Шуни таъкидлаш керакки, бу нисбатан кичик тадқиқот эди ва ҳали ҳеч ким натижаларни такрорлашга уринмаган, шунинг учун улар тўлиқ ишончли бўлмаслиги мумкин. Аммо антидепрессантларнинг невротизмга бевосита таъсир қилиши ҳақидаги хулоса қизиқ. Бир ғоя шундаки, бу хусусият миядаги пароксетин ўзгартирадиган серотонин даражаси билан боғлиқ.
Невротизмнинг камайиши ижобий кутилмаган оқибатдек кўринса-да, бу доим ҳам яхши янгилик эмас. Бунинг сабаби шуки, шахсиятимизнинг бу жиҳати қўш тиғли қиличдек нарсадир; ҳа, бу турли бахтсиз оқибатларга олиб келади, масалан, эрта ўлим, лекин безовтали хаёллар фойдали бўлиши мумкин, деб ишонилади. Мисол учун, невротиклар хавф-хатарлардан бошқаларга нисбатан нарироқ юради ва муайян вазиятларда ташвишлар инсоннинг иш фаолиятини яхшилаши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
"[Америкалик психиатр] Питер Крамер бизни огоҳлантирган нарса шундаки, баъзи одамлар антидепрессантларни қабул қилганда, бошқаларни ташвишга соладиган нарсалар ҳақида қайғурмай қўйиши мумкин", дейди ДеРубейс. Агар натижалар тасдиқланса, беморларни дорининг шахсиятга таъсири ҳақида огоҳлантириш керакми?
"Агар мен бирор дўстимга маслаҳат берсам, у бошқа ножўя таъсирларга, масалан, вазн ортиши ва ҳоказоларга эътибор бергани каби, бундай ножўя таъсирларга ҳам эътиборли бўлишини истардим", дейди Де Рубейс.
Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, ҳеч ким одамлар дорини қабул қилишни тўхтатиши керак демаяпти. Мияга озгина таъсир кўрсатишига қарамай, антидепрессантлар ўз жонига қасд қилиш олдини олишга ёрдам беради, холестеринни пасайтирувчи дорилар ҳар йили ўн минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади ва парацетамол оғриқни босгани учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг муҳим дорилар рўйхатига киради. Аммо одамлар юзага келиши мумкин бўлган психологик ножўя таъсирлар ҳақида хабардор бўлиши керак.
Агар шахсиятдаги баъзи ўзгаришлар драматик бўлиши мумкин деб ҳисобласангиз, иш янада долзарблашади. Паркинсон касаллигини даволашда қўлланиладиган леводопа препарати васвасалар ва майлларга қаршилик сусайиши - импульсларни назорат қилиш бузилиши хавфини ошириши ҳақида кучли далиллар бор.
Бинобарин, препарат турмушни расво қилиши мумкин, чунки баъзи беморлар ўта таваккалчи, патологик қиморбоз, ҳаддан ташқари шопаголик ва шаҳватпарастга айланади. 2009 йилда шунга ўхшаш хусусиятларга эга дори Паркинсон касаллигига чалинган одам 60 000 АҚШ долларлик чипталар билан фирибгарлик қилганидан кейин матбуот сарлавҳаларига чиқди. Бунинг учун у дориларни айблаб, унинг шахсиятини бутунлай ўзгартирганини айтди.
Дорининг импульсив хулқ-атвор билан боғлиқлиги бежиз эмас, чунки леводопа асосан мияни қўшимча дозада допамин билан таъминлайди - Паркинсон касаллигида миянинг допаминни ишлаб чиқарадиган қисми аста-секин ишдан чиқади. Бу гормон бизда завқланиш ва мукофот ҳиссини кучайтиради.
Мутахассисларнинг фикрича, леводопа Паркинсон касаллигининг кўплаб белгилари учун энг самарали даволаш усули ҳисобланади ва ҳар йили АҚШда минглаб одамларга буюрилади. Ваҳоланки, бу дорининг инструкциясида қимор ёки жинсий алоқа каби ғайриоддий кучли истаклар хавфини келтириб чиқариши каби ножўя таъсирлари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.
Дарҳақиқат, ДеРубейс, Голомб ва Мишковски ўрганилаётган дориларнинг потенциал психологик ножўя таъсирлардан қатъи назар, фойдаланишда давом этиш керак, деган фикрда. "Биласизми, биз инсонмиз, - дейди Мишковски. - Биз ножўя оқибати бўлган айрим нарсаларни барибир қабул қиламиз. Мен доим спиртли ичимликларни мисол қилиб оламан, чунки у ҳам парацетамол каби оғриқ қолдирувчи воситадир. Агар сиз уни тўғри шароитда қабул қилсангиз ва ортиқча истеъмол қилмасангиз яхши бўлади."
Аммо ҳар қандай исталмаган таъсирни камайтириш ва кунлик қабул қилинадиган ҳайратланарли миқдордаги дорилардан максимал даражада наф олиш учун кўпроқ ўрганишимиз кераклигини такрорлайди Мишковски. Чунки ҳозир, дейди у, бу дорилар алоҳида шахслар ва ҳатто бутун бир жамиятнинг хулқ-атворига қандай таъсир қилиши асосан сир бўлиб қолмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















