Янгиликлар: Сунъий ақл "худо"га айланадими? Yangiliklar Dunyo

Artistic image show followers gathering in front of a screen with an AI-generated figure

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Сана Хоюри
    • Role, Диний масалалар бўйича мухбир, ББС Араб хизмати
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

ChatGPT каби сунъий ақл (СА) дастурлари муқаддас матнларни вужудга келтириб, янги диний ҳаракатларга туртки бериши мумкинми? Илмий-фантастик асарларда тасвирлангани каби машиналар қонун ва донолик манбаига айланиб, одамлар уларни севиб қолиши мумкинми? СА моделларидаги давомли прогресс билан машиналар ҳам янгича культларни дунёга келтириши мумкинми?

Алоқадор мавзулар:

СА воситалари мунозараларда қатнашиш, янгиликлар мақолалари, тадқиқот мақолалари ёзиш ва ҳатто соч турмаги бўйича маслаҳатлар бериш қобилиятини янада оширди. Улар кўп ишларда одамлар ўрнини босиши ажабланарли ҳол бўлмай қолди.

Аммо улар руҳонийлар ўрнини эгаллаб, маънавий ёки диний маслаҳатлар бериб, ваъз ва дуолар ёзса-чи?

Мутахассислар фикрича, сунъий интеллект тез орада журналистларга тезкор хабарлар ёзиш ёки дастурлашда дастурчиларга ёрдам бергани каби, руҳонийларга ҳам ёрдам бера олади.

"Ҳозир кимдир Муқаддас Китобдан йўл-йўриқ излаётган бўлса, керакли жавобни топиш қийин бўлиши мумкин", дейди Канаданинг Манитоба университетидаги Профессионал ва амалий этика маркази директори профессор Нил МакАртур Би-би-сига.

"Аксинча, сунъий ақл ёрдамида сиз шунчаки аниқ сўровларни юборишингиз мумкин, масалан: "Ажрашишим керакми?" ёки "Фарзандларимни қандай тарбиялашим керак?" ва дарҳол жавоб оласиз."

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Сунъий ақлдан тасалли ёки маслаҳат

Руминиялик илоҳиётшунос Мариус Доробанту баъзи одамларнинг анъанавий психотерапевтлар ёки диний арбоблардан кўра, сунъий ақл чатботларида тасалли излашга мойиллигини ўрганди. Амстердамдаги Врие университети тадқиқотчиси бўлмиш Доробантунинг айтишича, кундалик руҳоний ишларда ChatGPT каби чатботлардан йўл-йўриқ излашни истаётган одамлар сони ортиб боряпти.

Sun'iy aqlga sig'inadigan yog'och figuralar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Биз ҳақиқатан ҳам чатботлар фойдасига диний пешволар ёки психотерапевтлардан воз кечяпмизми?

"Бизда объектларни антропоморфизация қилишга (уларга инсон хусусиятларини нисбат бериш) туғма мойиллик бор, бу бизнинг машиналарга ном бериш ва булутларда одам юзларини пайқаш одатимизда ҳам кўринади", деб тушунтиради Доробанту.

"Бизнинг инсоний хусусиятларни топишга мойиллигимиз шунчалик кучлики, уларни ҳатто улар аслида йўқ жойда ҳам кўрамиз. Чатботларни ишлаб чиқишдаги ҳозирги ютуқлар ушбу майллардан самарали фойдаланади."

Доробантунинг айтишича, бундай сценарийлар машиналар ва одамлар ўртасида руҳий алоқа ўрнатишдан ташқари бошқа саволлар ҳам туғдиради. Бу саволлар бундай муносабатлардан келиб чиқадиган ахлоқий дилеммаларгача қамраб олади.

"Масалан, кимдир чатбот билан маслаҳатлашгач, ўз жонига қасд қилса, ким жавобгар бўлади?" деб сўрайди у.

Сунъий ақл ёзган муқаддас матнлар

Sun'iy aql

Сурат манбаси, .

Сўнгги бир неча ой ичида диний маслаҳатга мўлжалланган чатботлар ишлаб чиқилди. Ушбу воситаларнинг баъзилари ҳиндуизмнинг муқаддас матни бўлмиш Бҳагавад Гитадан фойдаланган ҳолда ўргатилган. Ушбу дастурлардан миллионлаб одамлар фойдаланган, аммо бу воситалар зўравонликни маъқуллаган ҳолатлар ҳақида хабарлар бор.

Йил бошида инглиз тилидаги 40 000 дан ортиқ исломий манбалар билан ишлашга ўргатилган HadithGPT ишга туширилди. Кейинчалик ишлаб чиқувчи уни "жамоат фикри" сабабли ўчириб қўйди.

Шу билан бирга, январь ойида Ислом ва яҳудийлик вакиллари "Рим СА ахлоқига чақириқ" деб номланган қўшма декларацияни имзолади. У 2020 йилда Рим-католик черкови томонидан эълон қилинган бўлиб, технология шаффоф ва инклюзив бўлишига чақиради. Бир нечта ҳукуматлар ва технология компаниялари уни қўллаб-қувватлади, Рим папаси Френсис эса "сунъий ақл уфқида олдинда турган катта муаммолар" ҳақида гапирди.

Яқинда нашр этилган "САга сиғиниш диннинг янги шакли сифатида" номли илмий мақоласида профессор МакАртур сунъий ақл ёзган матнларга эҳтиром кўрсатадиган янги ибодат шакллари ёки секталар пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиради.

Eski Ahdni ushlab turgan robot qo'li

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Илоҳиётшунос Мариус Доробантунинг айтишича, сунъий интеллект одамлар сиғинишга мойил хусусиятларга эга.

Тадқиқот доирасида унинг ўзи ChatGPTга диний саволлари берди.

"Мен ундан муқаддас матн ёзишни сўрадим ва у:"Мен буни қила олмайман", деди", деб эслайди профессор МакАртур.

"Аммо мен ундан янги дин асосчиси бўлган пайғамбар ҳақида пьеса ёзишни сўраганимда, у ўзининг севги ва тинчлик ҳақидаги таълимотини ташвиқ қиладиган етакчи ҳақидаги ҳикояни ёзди."

"Бу менга жуда таъсирли туюлди", деб қўшимча қилади академик.

Илоҳиётшунос Мариус Доробантунинг таъкидлашича, сунъий ақл одамлар сиғиниши мумкин бўлган хусусиятларга эга.

"Агар дин тарихига назар ташласангиз, одамлар бошқа мавжудотларга сиғинишни жуда яхши кўради", дейди Доробанту.

"Эски Аҳдни ўқисангиз, инсон табиатан бутпарастликка мойиллигини кўрасиз. Биз турли хил ғайринсон мавжудотларга сиғинишга мойилмиз, айниқса, улар ақлли бўлиб кўринса."

Доробанту, шунингдек, абадий ҳаёт ва ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақидаги диний эътиқодлар ўртасидаги ўхшашликка ишора қилади.

"СА абадий ҳаёт ҳақидаги ваъдага тўла ... инсон танасининг заиф томонларидан нажот ҳам у", дейди Доробанту.

Sun'iy aql bilan ishlash

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сунъий ақлнинг қобилиятлари баъзиларимиз учун ғайритабиий кўриниши мумкин.

Сунъий ақл одамлар учун 24/7 ишлаши ва бир вақтнинг ўзида миллионлаб одамлар билан алоқа қилиши, инсониятнинг бутун билимларига кира олгани учун одамларга ғайритабиий туюлиши мумкин.

"Аслида, сунъий интеллект ҳар қандай одамдан, бутун инсониятдан ақллироқ ва ҳатто инсон тушунчасидан ҳам юқорироқ бўлиши мумкин", деб ёзади Доробанту 2022 йилги мақоласида.

Доробанту ўз тадқиқотида САнинг келажакдаги шакллари бир вақтда учта ролни ўйнаши мумкинлигини таъкидлаган файласуф Ник Бостромга ишора қилади: башоратчи, жин ва суверен. Илоҳиётчи бунда монотеистик динлардаги Худога даҳшатли ўхшашлик борлигини айтади.

Радикал секталар

Биз тушунадиган дин муқаддас китобларга таянади. Аммо агар СА жуда катта ҳажмдаги матнни ярата олса, улар орасида маълум бир матнни нима асосда муқаддас дейиш мумкин?

Доробанту таъкидлаганидек, нима муқаддас, нима муқаддас эмаслигини аниқлаш охир-оқибат одамлар қўлида.

"Тарих давомида баъзи матнлар вақт синовидан ўтган, бошқалари эса йўқ", дейди у.

"СА жуда кўп ижод қилишга қодир ва эҳтимол одамлар улардан баъзиларига дуч келганда, уларни Худо илҳомлантирган деб ўйлайди."

Rim Papasi

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рим папаси (марказда) каби таниқли дин арбоблари "CAдан ахлоқ доирасида фойдаланиш"га чақиришди.

Бироқ, профессор МакАртурнинг айтишича, 15-асрда китоб чоп этиш ихтироси муқаддас матнларни жамиятнинг барча қатламларига тарқатгани ва протестантизмга туртки берганидек, СА жамиятга янада кенгроқ таъсир кўрсатиши хали яна ривожланиши керак.

"Сунъий ақл сезиларли даражада юқори интеллект даражасига эришмагунча, мен яқин келажакда туб ўзгаришлар бўлишига ишонмайман", дейди у.

СА хавфли ёки фанатик культларни келтириб чиқариши мумкинми?

Профессор МакАртурнинг айтишича, дин доим шундай таваккалчиликдан иборат.

"Одамлар қатъий эътиқодли бўлса, бу уларни ўзларига қўшилмаганларга нисбатан душманга айлантиради", дейди у.

Профессорнинг айтишича, сунъий ақл ҳам кўпроқ, ҳам камроқ хавф туғдириши мумкин.

"Каттароқ хавф шундаки, одамлар ягона тўғри жавобга эга эканлигини даъво қилиб, олий зотдан тўғридан-тўғри хабарни олишларига ишониши мумкин."

"Бошқа томондан, марказлашмагани боис сунъий ақл динларини марказлаштирувчи кучли лидер ва уларга сўзсиз эргашадиган издошлар чиқишини чеклаши мумкин", деб хулоса қилади у.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002