Сунъий ақл чўнтагингиз шўрига айланадими? - Ўзбекистон ва дунё, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жейн Векфилд
- Role, Технология масалалари бўйича мухбир
Сунъий ақл чўнтагингиз шўрига айланадими? - Авваллари бозорлик қилиш учун харид қилинадиган маҳсулотлар рўйхатини бир парча қоғозга ёзиб олардик. Энди-чи? Сарф-харажатингиз яна қанчага ортаркин?
Ана шу рўйхат борган сари биз тез тез қатнайдиган супермаркетлар қўлига ўтиб кетяпти.
Биринчидан, кассаларда сканерланадиган бизнинг лояллик картамиз ва онлайн дўконлардаги саватчаларимиз, бизнинг харид қилиш одатларимиз сир бўлмай қолди.
Ҳозир кўпроқ чакана савдо билан шуғулланувчилар СА (сунъий ақл) - ўз билимини ўзи ошириб борадиган компьютер дастуридан фойдаланмоқда ва шу йўл билан бизнинг нимани исташимизни аввалдан билади ва уни харид қилишга автоматик тарзда ундай олади. Бунақаси аввал бўлмаган.
"Blick Rothenberg" консальтинг фирмасидан Даниел Берк буни "муқаддаси Грааль" деб атайди. "У мижозларнинг тавсифини тузади ва улар ўзлари ҳали англамасларидан аввал улар аслида нимани ҳохлашини аввалдан таклиф қилади."
Шундай қилиб, келаси сафар маҳаллий дўконга кириб егулик бирор нарса ва вино сотиб олганингизда нимани танлашингизни сиз учун белгилаган ва сиз ҳақингизда ҳамма нарсани билиб олган компьютерни айблашингиз мумкин.
Уилл Брум одамларга қўл телефонлари орқали тўлов қилиш, бозорлик рўйхатини тузиш ва маҳсулотларнинг таркибини текшириш имконини берадиган савдо иловаси яратувчи - "Ubamarket" фирмаси асосчиси.

"Бизнинг СА тизимимиз одамларнинг харидидан кўра, харид одатларини кузатади, қанча кўп савдо қилсангиз, сиз қайси маҳсулотларни исташингизни шунчалик аниқ билиб олади", дейди у.
"СА модули нафақат аниқ бир ишни бажариш учун яратилган, балки вақт ўтиб ўрганиб боради ва аввалдан башорат ҳам қилади. У сизнинг бошқа бирор брендни қанчалик синаб кўришингиз ёки шанба куни шоколад сотиб олишингиз эҳтимолини ҳисоблай бошлайди."
Ва у сизга "гипер индивидуаллашган таклифлар" бериши мумкин, дейлик жума кунги оқшом учун арзонроқ вино.
"Ubamarket" Британия супермаркетларини иловани қабул қилишга кўндириши қийин кечди. Шунинг учун у "Spar", "Co-op" ва "Budgens" каби hi-tech билан унчалик боғланмаган дўкон тармоқлари билан шартнома тузди.
Илованинг оммалашуви жуда секин кечса ҳам, аммо барқарор ўсяпти. Бунинг сабаби қисман коронавирус пандемиясидир - одамлар кассада навбатда туришни истамаяпти.
"Илова борлигида одамларнинг ўртача харид савати 20 фоиз каттароқ бўляпти ва иловадан фойдаланадиганлар ўша дўконга яна келиш эҳтимоли уч баравар катта", дейди Брум.

Сурат манбаси, Ubamarket
Германияда SO1 номли стартап чакана савдо қилувчилар учун САни қўллаб, шунга ўхшаш тизимлар яратади. Унинг даъво қилишича, СА таклиф қилган маҳсулотларни сотиб олувчилар, уларга чегирмалар 30 фоизга камроқ бўлганда ҳам, анъанавий шаклда реклама қилинган маҳсулотлар харидорларидан тўққиз баробар кўпроқдир.
Тасодифий купонлар асосида эмас, балки сиз истаб турган нарса кўрсатилган таклиф асосида харид қилиш мижозлар учун қулайдир. Шунга қарамай, Британиянинг маълумотларни суиистемол қилишга қарши кампания ўтказувчи ташкилоти Очиқ Маълумот Институти раҳбари Жени Теннисон одамлар ҳақида жуда катта маълумот тўпланишидан эҳтиёт бўлиш кераклигини айтади.
"Одамлар ўзларига маҳсулот тавсия қилинганидан хурсанд, аммо улар ўзларининг мураккаб шахсиятлари асосида эмас, юзаки маълумотларга таяниб, бирор нарсани сотиб олишга ундалса, манипуляция қилинса, ўзларини ноқулай ҳис қила бошлайди", дейди у.
САни чакана савдода қўллаш бошқа ижтимоий саволларни ҳам ўртага чиқаради, деб қўшимча қилади у.
"Бунақа маълумотларни тўплаш қанчалик адолатли ва ахлоқан тўғри? Масалан, ўрта синф оқ танли аёлга сабзавот сотиб олиш учун чегирма берилди, аммо шунга ҳақиқатда муҳтож одамга бу таклиф берилмаса чи?" дейди Теннисон хоним.
"Биз тушунишимиз керак бўлган нарса, маълумот тўплаш ва шахс тавсифини тузиш жамиятнинг бошқа сегментларига қандай таъсир қилишидир. Тавсифлаш ирқига кўрами ёки ижтимоий иқтисодий мавқеи ёки жинсига кўра тузиляптими?

Сурат манбаси, Getty Images
Онлайн гигант "Amazon" маълумот тўплашга бегона эмас. У мижозлари ҳақида уларнинг онлайн харидлари, нима сотиб олиши ва излашидан жуда катта маълумотларни тўплаган. У ҳозир СА билан қуролланган кўриш технологияси ўрнатилган офлайн чакана савдо дўконларини ҳам очишни бошлади.
Унинг ҳозирда АҚШдаги 27 жойда очилган "Amazon Go" озиқ овқат дўконларида одамлар бирор кассир ёки кассасиз ҳам харид қилиб кетиши мумкин.
Улар шунчаки дўконга кираётганда смартфонларини сканерга тутадилар, кириб керакли нарсаларни олиб чиқиб кетадилар. СА сизнинг ҳар бир ҳаракатингизни кузатади ва олган нарсаларингиз учун тўлов хабари юборади.
Биринчи "Amazon Go" дўконлари кичик эди, чунки қиммат қурилмалар ва сенсорлар керак бўларди. Аммо компания аста секин уларни катта дўконларга айлантирмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
"Amazon", шунингдек, бундай қимматбаҳо техникаларга қурби етмайдиган супермаркетлар учун технология яратиш устида ҳам ишламоқда. Мана шу ерда унинг "Dash Cart"лари - супермаркет аравачалари пайдо бўлади. Бу аравачаларга сизнинг унга нима солганингиз ҳақида маълумот тўплайдиган сенсорлар ўрнатилган.
У синовдан ўтказилган Лос-Анжелесдаги дўконда олинган маҳсулотларни ҳеч қандай кассирсиз ўзи текшириб ўтказадиган тезкор йўлак ҳам мавжуд.
АҚШдаги бошқа бир чакана савдо компанияси "Kroger" смарт пештахталарни синовдан ўтказмоқда. Бу пештахталарда LCD экранлар ўрнатилган бўлиб, мижоз эътиборини ўзига тортадиган аниқ йўналган контентларни кўрсатиб туради.
"Gartner" тадқиқот гуруҳига кўра, дунёдаги йирик чакана савдо компанияларининг тўртдан уч қисми аллақачон СА тизимларидан фойдаланади ёки шу йил охиригача уларни ўрнатмоқчи.

Сурат манбаси, Amazon
Гуруҳ таҳлилчиси Сандип Уннининг айтишича, пандемия сабабли бу ўзгаришлар суръати тезлашди, чунки харидорларнинг харид қилиш одатлари ўзгармоқда.
"Саросимага тушган одамлар аввало муҳим нарсаларни сотиб олади, бу эса талаб таклиф мувозанатида катта ўзгаришларга олиб келади, - дейди у. Бу шуни англатадики, биз бўшаб қолган пештахталарни кўрамиз, талаб бўйича башоратлар ҳам бирдан ишламай қолади."
Янги Техника Иқтисодиёти технологик инновациялар янги пайдо бўлаётган иқтисодий ландшафтни қандай ўзгартираётганини ўрганади.
"Afresh" АҚШ фирмаси супермаркетлар учун САга асосланган таклиф тизимини яратади. У қанча миқдорда маҳсулот керак бўлишини режалашда супермаркетларга кўмак беради.
"Afresh" асосчиси Мэтт Шварцнинг айтишича, ходимлар СА тизимини муҳим воқеалар бўладиган календар кунларига, масалан, Ҳэллоуин кунига ўргатади.
"Байрамларга ўхшаш воқеаларни ҳисобга олиш СА учун энг катта ишдир", дейди у.
"Биз инсонларни тўлиқ машинага алмаштириб қўя олмаймиз. СА октябрь учун 20 яшик қовоқ кўрсатиши мумкин, ходимлар эса, керак бўлса бу кўрсаткични тўғрилаб қўйишлари керак."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















