Коронавирус: Яхши янгиликлар - Dunyo, O'zbekiston

Коронавирус, сўзсиз, жиддий глобал муаммо.
Хитойда пайдо бўлган вирус атиги бир неча ҳафта ичида 97 давлатга тарқади.
110 мингдан ортиқ одам хаста, 9 март ҳолатига 3835 киши вафот этган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шу кунларда коронавирус яна қаерда тарқабди, қанча одам ўлибди, нима бўлибди, нима қўйибди, деган хабарлардан тушкунликка тушиб қолиш ҳеч гапмас.
Аммо 21-асрда яшаётганимиз, вирус юққан тақдирда ҳам ундан шифо топиш имкони кўпроқ эканини ҳам унутмаслик керак.
Дунё олимлари янги коронавирус ҳақида бир неча умидбахш фактлари тўплашди.
Мана улар:
- Биз вируснинг нималигини биламиз. Уханда расман тарқаган 31 декабрдан атиги етти кун ўтиб, ўткир пневманияга олиб келувчи вирус аниқланди. 3 кундан кейин эса, унинг генетик кетма-кетлиги маълум бўлди. Мисол учун, СПИД хасталиги биринчи марта тарқаган 1981 йилда, унинг нималигини аниқлаш учун 2 йил кетган эди. Шунингдек, коронавируснинг табиийлигини ҳам биламиз, у кўршапалакда топилган вирусга алоқадор ва мутацияга учраши мумкин, гарчи кўп бўлмаса ҳам.
- Вирусга қарши тест бор. Ҳали 13 январда, яъни вируснинг генетик кетма-кетлиги аниқланганидан атиги уч кун ўтиб, ташхис қўйиш учун ишончли тест ишлаб чиқилди. Тестни Берлин университети мутахассислари, Лондон, Роттердам ва Хонг-Конгдаги ҳамкасблари ёрдамида ишлаб чиқишган.
- Вирусни жиловлаш мумкин. Хитойнинг кенг миқёсдаги карантин ва чекловлари ишламоқда. Хитойда вирусни юқтирганлар ва ўлим ҳоллари кундан-кунга камаймоқда.
- Юқтириш осонмас (агар эҳтиёт бўлсак) ва вирусни осонлик билан ўлдиришимиз мумкин (агар ҳаракат қилсак). Қўлни тез-тез ва яхшилаб ювиш вирус юқишининг олдини олади. Дезинфекция қилувчи одатий воситалар яхши ишлайди. Юқтириш учун сиз коронавирусга чалинган одам билан бирга яшашингиз ёки йўталиш, аксириш ё-да юзма-юз контакт натижасида вирусни юқтирган одам билан икки метр масофада 15 дақиқадан кўпроқ мулоқот қилган бўлишингиз керак. Кўчадан ўтиб кетаётган одам ҳақида гапирмаяпмиз.
- Кўпгина ҳолатларда коронавирус симптоми мўътадил, ёшларнинг юқтириб олиш хавфи жуда кам. Вирус юқтирганларнинг фақат 5 фоизининг ҳаётига жиддий таҳдид бор. Эпидемия бораётган пайтда ўлим даражасини аниқ ҳисоб-китоб қилиш мушкул, аммо ҳозиргача энг аниқ нисбат бу 1,4 фоиз.
- Ҳар куни минглаб одамлар тузалмоқда.
- Ҳозирнинг ўзида юзлаб муолажа усуллари синовдан ўтмоқда. Феврал ойининг ўзида саксон хилдан ортиқ дори-дармон ва муолажа усуллари дунё лабораторияларида синовдан ўтди. Уларнинг аксари бошқа ўхшаш вирусларга қарши яхши натижа кўрсатган ва ҳозирнинг ўзида коронавирусга чалинганларга нисбатан қўлланмоқда.
Бу дори-дармонларнинг айримлари сунъий ақл ёрдамида кашф этилгани эса яна бир бор дунё вирусга қарши курашга ҳар доимгидан ҳам тайёрроқ эканининг белгисидир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













