Ўзбекистон, меҳнат муҳожирлари: Солиқ пенсия учунми? - видео, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон, меҳнат муҳожирлари: Солиқ пенсия учунми? - 5,600 сўм машмашаси ҳали тугамай туриб ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирларининг солиққа тортилиши тўғрисида тарқалган хабарларни қизғин муҳокама қила бошладилар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Илк тарқалган хабарларда 2021 йил 1 январидан бошлаб хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ўзини ўзи банд қилган шахслар тоифасига киритилиб, солиққа тортилиши айтилган эди.

Ўз-ўзидан бу хабар ижтимоий тармоқда қизғин фикрлар ирод этилишига сабаб бўлди.

Одамлар солиққа тортилмаган нарса қолдими ўзи қабилида саволларни илгари бошладилар.

Расмийлар эса зудлик билан ҳолатга аниқлик киритишга ҳаракат қилдилар.

Маълум этилишича, президент Шавкат Мирзиёев сентябрь ойида имзолаган "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор билан меҳнат муҳожирлари ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилган ва ижтимоий солиқ тўлаш орқали уларга пенсия олиш ҳуқуқи берилган.

Расмий изоҳ

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Расмийларнинг изоҳига кўра, хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшга доир пенсия олиш учун мажбурий эмас, балки мутлақо ихтиёрий тартибда Пенсия жамғармасига ижтимоий тўлов тўлаши мумкин.

Яъни меҳнат муҳожири кексалик чоғида пенсия олишни истаса, ўз хоҳиши билан Пенсия жамғармасига ҳар йили бадал тўлаб бориши мумкин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдиновнинг сўзларига кўра, бу янгилик пенсия ёшига яқинлашиб қолган меҳнат муҳожирлари учун яхши имкониятдир.

"Пенсия ёшига яқинлашиб қолган хорижда ишлаб юрган фуқароларимиз "афсуски, меҳнат стажимиз қўшилмаяпти, эртага Ватанга қайтганда, пенсия ололмаймиз", дея таклиф билан чиқишар эди. Шу қарор билан ушбу масала ечиляпти".

"Яъни, кейинги йил 1 январдан фуқароларимиз хорижда ишлаб юрган пайти учун меҳнат стажи ҳисобланиши, эртага пенсияга чиққанда, пенсия олиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда тўлов тўлайди. Бу тўлов минимал. Бу йилнинг иккинчи ярми учун 111,200 сўмни ташкил этган. Ваҳоланки, ҳозир Ўзбекистонда энг минимал тўлов 513 минг сўмни ташкил этади. Тасаввур қиляпсизларми? Йилига 111 минг тўлаб, ойига 500 мингдан ортиқ пенсия олишнинг фарқи борку", деган Муҳитдинов.

"Мажбурият эмас, имконият"

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

9 ноябрь куни айни масала юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида масъуллар ушбу қарордан асосий мақсад хорижда меҳнат қилаётган ватандошларнинг Ўзбекистонга қайтганидан сўнг ижтимоий ҳимоясиз қолиб кетмаслигини таъминлаш эканини билдирдилар.

Учрашувда Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Аброр Холматов пенсия олиш истагидаги ҳар қандай хорижий мамлакатда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ихтиёрий равишда Ўзбекистондаги ўз яқинлари орқали ҳам ҳудудий солиқ инспекцияларида белгиланган минимал тўловларни тўлаб боришлари мумкинлиги ҳақида гапирди.

У ижтимоий тўлов миқдори чекланмаган эканини қўшимча қилди.

"Пенсия жамғармасига тўланадиган ихтиёрий ижтимоий тўловнинг юқори поғонаси белгиланмаган. Пулингиз борми, кўпроқ пенсия керакми - марҳамат, бир миллион тўланг. Албатта, 111 минг сўм тўлаган ва 1 миллион тўлаган фуқаронинг ҳам пенсияси икки хил бўлади", дейди Холматов.

Жорий йилда Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар даромад солиғидан озод этилиб, пенсия олиш учун иш стажига эҳтиёж сезган тақдирда ижтимоий солиқ тўлаши белгиланган эди.

Холматовнинг маълум қилишича, 9 ноябрь ҳолатига кўра, Пенсия жамғармасига иш стажига эҳтиёж сезган 21 минг нафарга яқин фуқаро мурожаат қилган ва уларнинг атиги 104 нафари хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик бўлган.

Масъул меҳнат муҳожирларига мурожаат қилиб, уларни ўзининг келажакдаги ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлида ижтимоий тўлов тўлашга чақирди.

Холматов шунингдек, хорижда норасман ишлаб, меҳнат дафтарчаси эга бўлмаган ўзбекистонликлар қандай тартибда ижтимоий тўлов тўлаши мумкинлиги ҳақида шундай деди:

"Агар қўлида ҳеч қандай ҳужжати бўлмаса, четда элда бўлганлиги тўғрисида дипломатик ваколатхона томонидан берилган маълумотнома ҳам ўтади. Бундан ташқари Россияда ишлаётган фуқароларнинг қўлидаги патент нусхалари ҳам иш стажини ҳисоблашга асос бўлади".

Ўзбекистон иқтисодиётига катта улуш қўшиб келиши айтиладиган меҳнат муҳожирларини ижтимоий ҳимоялаш масаласи кўп йиллардан бери кун тартибида туриб келар эди.

Россияда муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиши ортидан танилган ҳуқуқшунос Ботиржон Шерматов ҳам ушбу янгиликни муҳожирлар учун имконият, дея атаган.

"Биламиз, иш стажи бўлмаса, пенсия берилмайди. Ҳозир Россияда иш берувчилар биз учун тўлаётган тўловлар эртага Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам пенсия олишимизга асос бўлмайди. Россия ва Ўзбекистон ўртасида бу муаммо ҳали ҳал этилмаган".

"Мана энди президент қарори билан ўз пенсиясидан хавотирланаётган ўзбекистонликлар учун имконият берилмоқда", деган Шерматов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek