Россия, мигрантлар: Ерда ухлаяпмиз, ўшанда ҳам кундузи Rossiya, O'zbekiston, migrantlar

Самара вилояти Кинел шаҳри яқинидаги мигрантларнинг қўлбола лагери

Сурат манбаси, Human Rights Watch

Қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ватанига қайтолмай қийналаётган ўзбекистонликларнинг аҳволидан ташвиш билдиришди.

Халқаро Human Rights Watch ҳамда Ўзбекистондаги Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи меҳнат мигрантларини имкони борича тезроқ Ўзбекистонга қайтишларига кўмаклашишга чақириб чиқдилар.

Human Rights Watchга кўра, Россиянинг Самара вилояти Кинел темир йўл станцияси яқинидаги лагер 900 инсонга мўлжалланган, аммо Самара вилояти расмийларига кўра, у ерда ҳозир камида 4000 ўзбекистонлик тўпланган, улар орасида камида 43 бола бор.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳига кўра, жамлоқдаги ўзбеклар қуруқ ерда, юқа тўшак устида ухлашга мажбур бўлаётганлари, тунда ер совуқ бўлганидан фақат кундузи ухлаётганларини айтганлар.

Тунни гулхан ёқиб, атрофида исиниб ўтказишга мажбур бўлмоқдалар.

Шунингдек, Ташаббус гуруҳи Абхазияда ишсиз ва пулсиз қолган мигрантлар Россия чегарачилари рухсат бермаётгани учун ватанига қайтолмаётганларини хабар қилган.

Ҳам Самарадаги ва ҳам Абхазиядаги ўзбеклар Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллигига қўнғироқ қилиб тушолмаётганларидан шикоят қилганлар.

Абхазиядаги ўзбеклар Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Ориповга видео мурожаат эълон қилганлар.

Палаточный лагерь узбекских мигрантов под Ростовом-на-Дону
Сурат тагсўзи, Ростов Дондаги ўзбекларнинг чодири

Инсон ҳақлари гуруҳлари Россияда ҳаво совиб бораётгани, бундай шароитда мигрантлар янада қийналишларидан огоҳлантирмоқдалар.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Самарадан йўлга чиққан бир поезд 938 ўзбекистонлик мигрант билан 21 сентябрда Тошкентга етиб келгани ва мигрантлар Тошкент вилоятидаги карантин зонасига жойлаштирилгани, Новосибирск шаҳридан 18 сентябрда 854 йўловчи билан йўлга чиққан поезд 21 сентябр куни Поп вокзалига етиб келгани ҳамда мигрантлар ўша тумандаги карантин зонасига жойлаштирилгани ҳақида хабар тарқатди.

Шу кеча-кундузда Россиянинг Қозоғистонга қўшни Самара вилоятининг Кинел шаҳри яқинида камида 3000 ўзбекистонлик чодирлар лагерида қолаётгани айтилади.

Орада ҳеч жойда тўхтамай ҳаракатланадиган "Кинел-Тошкент» махсус поездида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ватанига қайтаришга ҳаракат қилиняпти, бироқ россиялик фаолларга кўра, Кинелга ҳар куни яна 100-150 мигрант келаяпти.

Бир ҳафта олдин Ўзбекистон Транспорт вазирлиги сентябр ойи охиригача 860-920 одам сиғадиган яна тўртта поезд йўлга қўйилишини маълум қилган, аммо булар етарли эмас.

Ростов Дондаги чодирлар лагерида ҳам минглаб ўзбекистонлик поезд кутаётгани, ўзбекистонлик аёл эгиз фарзандларига кўзи ёригани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

14 сентябр куни Президент Мирзиёевнинг "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган қарори эълон қилинган.

Ушбу қарорга биноан хорижда қийналиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг ҳар бирига 40 долларлик кўмак кўзда тутилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek