Россия-Қозоғистон: Ўзбеклар ортга қайтмоқчи эмас, Ўзбекистон нима қилмоқчи? O'zbekiston, Ўзбекистон, мигрантлар

Сурат манбаси, courtesy
Россия-Қозоғистон: Ўзбеклар ортга қайтмоқчи эмас, Ўзбекистон нима қилмоқчи? - Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, муаммо ҳануз расман ўзининг ечимини топмаган. Қирғизистон бир ярим мингга яқин фуқаросини автобусларда ортга қайтарганини айтмоқда.
Ўзаро чегара атрофидаги ҳудудларда ортга қайтиш илинжидаги ўзбекистонликлар сони эса, ортиб бормоқда.
Агар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатлари тафсилотларига таянилса, уларнинг сони бугунга келиб қарийб икки минг кишига яқинлашган:
Чегара: Ўзбеклар ортга қайтмоқчи эмас, Ўзбекистон нима қилмоқчи? Россия-Қозоғистон - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дастлабкиларининг Россия ва Қозоғистон чегараси атрофидаги ҳудудларга келиб ўрнашишганига деярли уч ҳафта бўлган.
Улар жорий пайтда Оренбург вилоятининг Бузулук шаҳри ва Самара вилоятининг "Маштаково" чегара назорат пункти атрофида бошпана топишган.
Маълум бўлишича, Соль-Илецкда бўлган 700 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳам бундан аввал Сагарчинда бўлганлари каби кеча, 6 июль куни Бузулукка олиб келинган.
"Маштаково"га олиб борилишлари айтилиб, сўнгра Бузулукка келтирилганликлари эса, мигрантлар ва ҳайдовчилар норозилигига сабаб бўлган, жанжал келиб чиққан.
Аммо, англашилишича, жанжал бу гал бирор бир зўравонликсиз якунланган.
Улар "Маштаково"га боришса, чегарадан осон ўтишлари хаёлида бўлишган.
Россиялик масъуллар эса, йирик магистрал йўллардан четда жойлашгани боис, уларни Бузулукда вақтинчалик ерлаштириб туришга қарор қилишган, дейди Россиядаги мухбиримиз Соҳиба Ҳаёт.
Буёғи нима бўлади?

Сурат манбаси, courtesy
Агар, ўз сўзларига таянилса, шу пайтга қадар ўзбекистонлик бирор бир маъсул уларнинг ҳолларидан хабар олмаган, якуний тақдирларига расман ойдинлик киритмаган.
Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга қайтиш илинжида бўлган бу инсонлар орасида ҳомиладор аёллар, кексалар ва ёш болаларнинг ҳам борликлари хабар берилган.
Кўрилишича, фақат ўтган жума кунига келиб, диаспора вакиллари маҳаллий масъулларга улар учун вақтинчалик чодирлар тиклатишга муваффақ бўлишган.
Бунгача мигрантлар Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида ўзларининг асосан очиқ далада, сумкалар устида ва ёмғирлар остида тунни ўтказиб келишаётганини айтишган.
Чодирлар ташкил этилиши ортидан, ўзбекистонликлар диаспораси вакиллари муҳожирларнинг энди электр энергияси, тоза ичимлик суви ва озиқ-овқат билан таъминланишларини айтишган.
Аммо, кеча, 6 июль кунги суҳбатлари чоғида ҳам у ердаги ўзбекистонлик айрим муҳожирлар ҳануз ўз ҳисобларидан ейиш-ичишга мажбур бўлишаётгани ва сув тақчиллигидан шикоят қилишган.
Дастлабки кунларда эса, айрим саҳоватпеша тадбиркорлар жонларига оро кирган, маълум муддат уларни едириб, ичирган.
Орада ҳудуд раҳбарларининг кунлик пулли иш ва ётоқ таклифини рад этишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида эса, улар бунинг сабабини ишга чиқишса, уйга қайтиб кетолмай, шу ерда қолиб кетишдан қўрққанликлари билан изоҳлашган.
Ўтган ҳафта Сагарчинда ўзбекистонликлар полиция ходимлари ва ОМОН аъзолари билан ҳам тўқнашишган.
Россия томони бунга мигрантларнинг магистраль йўлини тўсганликлари сабаб бўлганини айтган, аммо уларнинг бу изоҳларини муҳожирлар рад этишган.
Расмий Тошкент нима дейди?

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон томони ҳозирча икки ўртада юз берган тўқнашув ва жанжал юзасидан бирор бир расмий муносабат билдирмаган.
Аммо орада Россия ва Қозоғистон чегарасидаги ҳолатдан бохабар экани англашилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "мазкур масала Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги Бош консулхоналари томонидан назоратга олинганини билдирган.
Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан бу хусусда музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган.
Вазирлик Оператив штаби ушбу вазият тўғрисида маълумотни Республика махсус комиссиясига киритганини ҳам қўшимча қилган.
Аммо орада Би-би-си Ўзбек хизматининг Қозондаги консуллик билан телефон орқали боғланиб, масалага, вазиятга ойдинлик киритиш уринишлари бесамар кетган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалича музокаралар натижалари ҳақида расман маълумот бермаган.
Лекин, кеча 6 июль куни ҳам Россиядаги фуқароларини глобал коронавирус пандемияси шароитида бу каби сафардан тийилиб туриш, карантин чораларига қатъий амал қилишга ундовчи баёнот билан чиққани кўрилган.
Россия, мигрантлар ва коронавирус

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия аллақачон карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишга киришишган.
Аммо, глобал коронавирус пандемияси боис, чегаралар, ойларки, ёпиқлигича қолмоқда.
Қатновлар ҳам ҳалича тикланмаган ва қачон қайта йўлга қўйилиши ҳануз номаълумлигича қолмоқда.
Россия дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлиб турибди.
Бугун, 7 июль ҳолатига кўра, Россияда коронавирусга чалинганлар сони расман 700 минг кишига яқинлашган.
Россия эса, дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси боис эса, уларнинг аксарияти оғир аҳволда қолган, ўз ишларини йўқотган, даромадларидан мосуво қолган ва уйга қайтиш истагида.
Озмунча эмасликлари айтилган коронавирус юқтирганларининг рисоладагидек тиббий муолажага имконсиз аҳволда эканликлари эса, маҳаллий фаолларнинг жиддий хавотирларига молик воқеъликка айланган.
Уларнинг аҳволига яқинда Халқаро Миграция ташкилоти ҳам эътибор қаратган, жадаллик билан ёрдам кўрсатилмаса, бунинг оқибатлари жиддий бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирган.
Ҳам минтақа ҳукуматлари ва ҳам муҳожирларнинг ўзларига ҳар томонлама кўмак зарурлигини таъкидлаганди.
Юзлаб ўзбекистонлик мигрантларнинг худди шу мақсадда Россия ва Қозоғистон чегарасига йўл солишаётгани эса, илк бор кузатилаётгани йўқ.
Бундан аввалги ҳар икки ҳолатда эса, муаммо ўзининг ижобий ечимини топган, чегарадагилар Ўзбекистонга ўтишга муваффақ бўлишган.
Аммо расмий Тошкентнинг такрорий огоҳлантиришлари ҳам, афтидан, уларни бу каби режаларидан ортга қайтара олмаётир.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Ўзбекистон Россияда бўлган фуқароларини ҳам ортга қайтариш илинжида чартер рейсларини қайта тиклаган бир манзарада рўй берган.
Шу пайтга қадар Ўзбекистонга етиб олиш илинжида бўлган муҳожирларнинг Россия полицияси ва махсус хизматлари билан тўқнашишгани ҳолати эса, кузатилмаган.
Кеча, душанба куни эса, Қирғизистон Қозоғистон ва Россия томони билан музокаралари ортидан, Оренбургнинг Соль-Илецк шаҳридан бир ярим мингга яқин фуқаросини автобусларда ортга қайтаришга муваффақ бўлганини расман маълум қилган.
Сатҳдан имконли бўлган видеолавҳалардан ҳануз Россия ва Қозоғистон чегараси атрофидаги ҳудудларда қолаётган ўзбекистонликларнинг коронавирусдан ҳимоя чораларига қатъий риоя этишга деярли имконсиз эканликлари англашилади.
Уларнинг ораларида вирус юқтирганлар бор-йўқлигига оид расмий маълумотлар ҳам ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.
Сўнгги ойларда эса, мухбиримизга кўра, Россия-Ўзбекистон орасида қатновчи ўзбекистонлик такси ҳайдовчилари чегара постларига ватанга қайтмоқчи бўлган муҳожирларни йиғиб йўлга чиқиши кўпайиб бораяпти.
Унинг айтишича, афтидан, такси ҳайдовчилари ҳам, ўзбекистонлик мигрантлар ҳам чегара олдига тўпланиб, бир-икки ҳафта қийинчилик эвазига бўлса ҳам далада яшаб турилса, Ўзбекистон ҳукумати уларни олиб кетиши ёки транзит чегарани очишни ташкиллаштиришда кўмаклашишига умид боғлашган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














