Россия: ўзбекистонлик мигрантлар ОМОНчиларни тошбўрон қилди, полиция осмонга ўқ узди Ўзбекистон O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия - Қозоғистон чегараси яқинидаги ўзбекистонлик муҳожирлар Россия полицияси ва махсус хизматлари ходимлари билан тўқнашган. Би-би-си ҳодисага гувоҳ бўлган «Сагарчин»даги ўзбекистонлик мигрантлар билан суҳбатлашди. Муҳожирларнинг сўзларига кўра, ОМОН ходимлари ўзбекистонликларни урган, мигрантлар уларни тошбўрон қилган. Полиция осмонга қарата 2 марта ўқ узган.

Россия полицияси, махсус хизматлари ва ўзбекистонлик мигрантлар орасидаги жанжал нимадан чиқди?

Мигрант: Бир аёл ҳам калтак еди

BBC

- Катта жанжал бўлиб кетди, полиция огоҳлантириш мақсадида осмонга қарата икки марта ўқ узди, - дея ҳикоя қилади наманганлик Адҳамбек. - Аввалига ОМОНчилар бизникиларни ура бошлашди. Болаларни бирини қоши ёрилган, бир аёл ҳам калтак еди. Ўша ерда бўлганларни уришган, мен четроқда эдим. Операция бўлиб, уйга кетмоқчилигим учун бу ерга келиб қолдим, аралашганим йўқ.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

«Сагарчин» божхона-назорат пунктига яқин жойдаги ўзбекистонликлар ватанга қайтиш ниятида йўлга чиқишган, аммо чегаралар ёпиқлиги боис, бир неча кундирки, йўл ёқасидаги далада яшашмоқда.

Икки кун олдин муҳожирлар Би-би-си ўзбек хизматига уларни Россия полицияси ва ЙПХ ходимлари назорат қилаётгани ҳақида гапирган эди.

Мигрант:Бизни бошқа жойга кўчиришмоқчи эди

BBC

- Ўша гаплашганимиздан кейин кечаси 11 дан кейин полиция келиб бизни бошқа ҳудудга боришимизни айтди. Биз юрсак фақат чегарага қараб юрамиз, деб туриб олдик. Полковник, яна бир неча катта унвонлилар ўша ерда сизларни автобус олиб кетади, деб алдади. Кейин шунча машиналар, одамлар улар айтган ҳудудга йўлга чиқдик. Бизни карантинли ҳудуддан олиб ўтишига норози бўлдик. Бунинг устига «Маштакова»га ҳам эмас, қандайдир нейтрал ҳудудда бизни олиб бориб сиқиб қўйишди. Қочиб чиқдик. Бизни соат 11 да элчихона вакиллари келади, ҳал бўлади деб ушлаб туришди. Аммо келишмагач, жанжал бўлиб кетди, - гапириб берди муҳожир йигит.

Айни пайтда ўзбекистонлик мигрантлар озиқ-овқатсиз, сувсиз, ёмғирда очиқ далада қолмоқда.

Ҳеч ким хабар олмаган

Чегарада яқинидаги муҳожирларнинг айтишича, улар Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консуллигига қўнғироқ қилиб, вазиятни айтишган. Консуллик ходими муҳожирларга иш топиб беришни таклиф қилишган. Муҳожирлар эса ватанга қайтиш учун расмийлар Қозоғистон билан транзит келишувини ҳал этиб беришларини сўрашмоқда.

Биз чегара яқинидаги мигрантлар вазияти бўйича изоҳ олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Қозондаги консуллиги телефон рақамларига қайта-қайта қўнғироқ қилдик. Элчихона ва Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтларида кўрсатилган бу телефонларга боғланиш имконсиз. Бир рақам умуман ишламайди, иккинчисига гудок кетаяптию ҳеч ким жавоб бермади. Кўрсатилган электрон манзилга иккита почтадан хат ёздик, аммо «манзил топилмади» деган автоматик жавоб қайтиб келди.

Кўчада яшаётган ўзбекистонлик муҳожирлар эса ватанга қайтиш учун расмийлардан ёрдам сўрашмоқда.

Чартер рейсдаги жойлар сонидан кетишни истовчилар кўп

BBC

Бугун Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий саҳифасда «Россия-Қозоғистон чегараси "Маштаково" ва "Сагарчин" назорат-ўтказиш пунктлари яқинида Ўзбекистон фуқаролари тўплангани кузатилмоқда» ва «Мазкур масала мамлакатимизнинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда» мазмунидаги хабари эълон қилинди.

Аммо ўзбекистонлик муҳожирларнинг Россия полицияси ва ОМОН билан тўқнашуви, Ўзбекистон фуқароларининг калтакланиши ҳолатлари ҳақида муносабат ёки изоҳ билдирилмаган.

Ўзбекистон расмийлари яна Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини чегара ёнига бормасликка чақириб, чартер рейсларни эслатган.

Россияда карантин тугагани билан танг аҳволда қолган ёки турли сабабларга кўра, уйига қайтиш истагида бўлганлар сони чартер рейслардаги мигрантлар учун жойлар ҳажмидан бир неча ўн баробар кўп. Шу боис чартер рейслар Россиядан кетишни истовчи ўзбекистонликларнинг ҳаммаси учун ҳам имконли эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek