Россия: Навбат талашаётган, пул юбора олмаётган, сувга чўкаётган ва сотиб юборилаётган ўзбекистонликлар

BBC

Владимир Путиннинг миграцияга оид янги фармони Россиянинг айрим ҳудудларида оммавий тартибсизликларга сабаб бўлаяпти. Уларнинг энг овозалиси Қозондаги Федерал Миграция Хизматида бўлди. Бу ерда бир неча кундирки, мигрантларнинг навбат талашиб жанжаллашмоқда.

Телефонларга олинган видеокўринишлар ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Лавҳаларда миграция хизмати эшиги олдида тўпланган оломон ва аёлнинг «Ҳамма овозини ўчирсин!» деб қичқиргани эшитилади. Мигрантлар ичкарига киришга уринишмоқда, аммо улар киритилмаяпти.

Россия ИИВ бу навбатни хужжатлар муддатини узайтириш бўйича юзага келгани билан изоҳлади.

- Россия Президентининг мигрантларнинг хужжатлари 15 мартдан 15 июнгача вақтинча тўхтатилиб турилгани тўғрисида фармони бор эди. Шу муддат тугагач, мигрантлар ишга рухсат олиш учун патент расмийлаштиришлари керак, - хабар берди ИИВ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Путин имзосидаги янги фармон меҳнат муҳожирларига миграция ҳисобини автоматик равишда 15 июндан 15 сентябргача узайтириш имконини берди. Аммо ишлаш учун патент расмийлаштириш, мавжуд патентларга эса кейинги ой учун тўловни давом эттириш лозим.

Ўзбекистон мигрантларнинг пулисиз яшай оладими?

Россияда коронавирус пандемияси пасая, иқтисодий қийинчилик эса ўса бошлади. Бу Россияга иқтисодий қарам давлатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Карантин чекловлари ортидан бу мамлакатда ишсиз қолган минглаб меҳнат муҳожирларининг ватанига пул юбориши кескин қисқарди.

Россияда 2 млнга яқин фуқароси меҳнат муҳожирлигида бўлган Ўзбекистонга пул ўтказмалари 7,2 фоизга, яъни 818 млн $ дан 759 млн $ га қисқарди.

Ўзбекистонликларнинг ўртача пул юбориш миқдори 349 $ дан 309 $ га тушган.

Пул жўнатмаларининг кўрсатгичлари ўзгариши қўшни давлатларга ҳам бевосита алоқадор. Қирғизистонликлар Россиядан оиласига пул жўнатиши 199 $ дан 149 $ га тушган. Тожикистонликларда эса аксинча, ўсиш кузатилган. Уларнинг оилаларига юбораётган маблағи 139 $ дан 149 $ га кўтарилган.

Умумий миқдорда эса шу йилнинг биринчи чорагида жисмоний шахслардан Марказий Осиё давлатларига пул ўтказмалари хажми камайган. Тожикистонга пул жўнатиш 22,3 %, Қирғизистонга 20,7 % пасайган.

Россия

Апрель ойида Бутунжаҳон банки 2020 йилда меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари хажми дунё бўйича 20 фоизга камайишини тахмин қилганди.

Сотиб юборилган ўзбек топилди

Самарада ўзбекистонлик 34 ёшли аёлни жинсий қулликка сотиб юборилгани хабар қилинмоқда. Воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Самара Тергов қўмитасининг маълум қилишича, инсон савдосида айбланаётган шахс - муқаддам судланган, маҳаллий аҳоли вакилидир. Жинсий қулликнинг фош этилишига ўғирлик ҳолатининг ўрганилиш сабаб бўлган.

Самара полицияси «Солнечный» бозори ёнидаги дала-ҳовлиларда содир бўлган жинсий зўравонлик ва ўғирлик ҳолатларининг кетига тушишган. Бир жиноят ортидан 2019 йил август ойидан бери ёлланма ишчи бўлган ўзбекистонлик аёлнинг жинсий қулликда экани келиб чиққан.

Натижада Тергов кўмитаси инсон савдоси ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатган. Жинсий қулликни ташкиллаштирувчилар ва унда қатнашганларга 10 йилгача бўлган озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.

Видео кўчириб тарқатганига қамалди

Татаристонда 20 ёшли ўзбекистонлик болалар порнографиясини тарқатишда айбланиб судланмоқда.

Қозон шаҳридаги Ново-Савиновская туман прокуратураси 20 ёшли Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш айблов хулосасини тасдиқлади. Муҳожир йигит вояга етмаганларга алоқадор порнографик материалларни тарқатганлик бўйича айбловга иқрор бўлган.

Тергов жараёнида шу йилнинг 7 январи куни мигрант интернетдан ёш бола ва аёл иштирокидаги порнографик видоеёзувни кўчириб олган ва ижтимоий тармоқлардаги оммавий чатларда тарқатганлиги аниқланган.

Мазкур жиноий иш кўриб чиқилиши учун судга оширилди, дея хабар беради ТР прокурорининг матбуот билан ишлаш бўйича ёрдамчиси Руслан Галиев

Ўзларини кўприкдан ташлашди

Икки ўзбекистонлик ўзини кўприкдан Нева дарёсига ташлаган. 30 ёшли аёл қутқариб қолинди, 19 ёшли йигитни эса қутқарувчилар қидиришмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фожеа тафсилотларини ўргангани бўйича маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.

Ўзбекистонликларнинг бири кўприкдан ташлаш олдидан сумкасини ўткинчилардан бирига қолдирган. Унда аёлнинг паспорти, Ленинград вилоятига қўйилган миграция ҳисоби ва сувга чўккан ҳамроҳига тегишли телефон чиққан.

Ўрганишлар натижасида 30 ёшли аёлнинг 3 нафар фарзандли экани ва 19 ёшли йигит эса унинг маъшуқи эканлиги маълум бўлган. Нева дарёсига чўккан мигрант йигит ҳали топилмаган. Унинг амакиси полиция ходимларига оилали ва 3 болали аёлни яхши кўриб қолганини айтган. Қариндошга кўра, аёлнинг эри бундан хабар топиб ғазабга келгани, аёлига кетишга рухсат бермаган. Ўзбекистонлик мигрантлар ўзларини кўприкдан дарёга ташлаш билан ўз жонларига қасд қилишга келишишган.

Ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда, деб ёзади маҳаллий нашрлар.

Апрелдан бери энг паст кўрсаткич

Россияда апрель ойидан бери илк марта коронавирус тарқалиши ҳолати 8 мингдан камни кўрсатди.

Сўнгги кеча-кундузда 7843 нафар вирус юқтирилишининг тасдиқланганлиги қайд этилди. Бу 30 апрелдан буён биринчи энг паст кўрсатгичдир. Россияда жами вирус тасдиқланган ҳолатлар 553 301 тани ташкил этмоқда.

Коронавирус билан вафот этганлар бир кунда 194 та, жами эса 7478 тага етди. Даволаниб шифохонадан чиққанлар эса бир кунда 10 036 нафар, умумий ҳисобда 304 342 тани ташкил қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek