Россия: ўзбекистонлик мигрант жасад кўмилган уйда ярим йил яшаган

Сурат манбаси, SK RF
Мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар асосан маиший низоларга бориб тақалади. Яқинда Тверь вилоятида содир бўлган воқеа ҳам ўзбекистонликларнинг ўзаро келишмовчилиги оқибати кўринади.
Россияга ишлашга келган 27 ёшли муҳожир ўтган йили йўқолиб қолади. Унинг кутилмаганда бедарак кетиши яқинларини шубҳалантиради ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар берилади.
Ўз юртдоши билан яшовчи муҳожир сўроқ қилиниб, танишини ўлдирганликда гумонланади.
Тергов пайти мигрант 2019 йилнинг октябрида бирга яшаб ишловчи ҳамюрти билан жанжаллашиб қолгани ва уни Волга дарёсига Мигаловск кўпригидан ташлаб юборганини айтган.
Аммо узоқ қидирувлар давомида дарёдан мигрантнинг жасади топилмади. Шу боис терговчилар у яшаб турган Черкасская кўчасидаги уйни яна бир бор текширишга қарор қилишади.
Бедарак йўқолган эркакнинг танасини Тергов қўмитаси ходимлари қотилликка оид суриштирув ишлари доирасида топишди, дея хабар беради Тергов қўмитаси матбуот хизмати.
Шу йил июнь ойининг бошида мигрантлар ижарага олган уй ва унинг ҳовлиси текширилди. Терговчилар уйда тупроқ қазиб 40 см чуқукрликка кўмилган жасадни топишди. Мурда қора пакетга ўралган, унда марҳумнинг шахсини тасдиқловчи хужжатлари ҳам бирга кўмилган эди.
Бу уйда ўзбекистонлик мигрант то терговчилар уни қотилликда гумон қилгунларича ҳам, яъни 6 ойдан ошиқ вақт яшашда давом этган. Айни пайтда ўзбекистонлик қотилликда айбланиб ҳибсга олинган.

Сурат манбаси, SK RF
Тверь вилояти Тергов қўмитаси жасадни кавлаб олиш жараёнини тасвирга олган.
"Айни пайтда марҳумнинг айнан нима сабабдан вафот этганлигини аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертизаси ўтказилмоқда. Жиноят иши тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда," - дея маълумот берди ҳудудий тергов қўмитаси матбуот хизмати.
Жиноятлар ва бахтсиз ҳодисалар ортидан йўқолиб қолган, бедарак кетган дея ҳисобланувчи ўзбекистонликлар ҳам талайгина. Россияда ишлаётган яқинларидан дарак бўлмаган ўзбекистонликлар полицияга топишда ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Аммо Россия полицияси жиноятга алоқадорлик бўлмаган ҳолларда қидирув ишлари ўтказиши мушкул.
Кейинги йилларда Россиядаги яқинларини йўқотган ўзбекистонликлар қидирув тизими сифатида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб келишмоқда.
Россияда меҳнат қилувчи 2 млн нафарга яқин Ўзбекистон фуқароларининг катта қисми 18-40 ёшли эркаклардир. Таҳлилчилар улар орасида жиноятчиликнинг сабаблари ҳам ёшлик ва билимсизлик билан боғлашади.
"Яна бир жиҳат - назоратсизлик. Ота-оналари ёнида эмас, қўни-қўшни йўқ. Уларни ҳеч ким танимайди. Шу каби фикрлар тажрибасиз ва онгги тўлиқ шаклланиб улгурмаган йигитларни қизиққонлик қилишга ва ўзларини эркин ҳис этишга ундаши мумкин," - дейди Москвадаги юрист Зарнигор Омониллаева.
Россиядаги мигрантлар орасида жиноятчиликнинг камайиб бораётганини расмий маълумотлар тасдиқламоқда. Айниқса, сўнгги йилларда жиноятнинг оғир турлари - қотиллик ва жинсий зўравонлик ҳоллари пасайгани таъкидланади.
Аммо, юристнинг айтишича, мигрантлар орасида Россия қамоқхоналарига тушишдан қўрқиб, жиноятни ўз ватандошларига нисбатан содир этиш ҳоллари ҳали ҳам кўп.
«Мигрант аёллар орасида ўз юртдошлари томонидан алданган (фирибгарликка учраган), жинсий зўрланган, ўғирлик ёки босқинчиликка учраганлари ҳам кўп. Жабрланувчилар полиция мурожаат эта олмаслигидан жиноятчилар кўп фойдаланади. Сабаби, Россияда оддий мигрантларнинг ҳақ-ҳуқуқлари деярли ҳимоя қилинмайди. Қолаверса, муҳожирларнинг хужжатсизлиги полицияга бориб мурожаат қилишдан тўхтатади. «Шикоят билан борсам ўзимни қамайди, ёки депорт қилиб юборади» деган фикрлар кўп учрайди,» - дейди Омониллаева.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












