Мигрантлар ва патент: Россия қарори “абсурд” - O'zbekiston, Путин, Мирзиёев

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Мигрантлар ва патент: Россия қарори "абсурд" - ўзбекистонлик юристнинг Россия ҳукумати қарорига муносабати худди ана шундай бўлди. Россия эса, куни-кеча коронавирус аниқланган ўзга давлат фуқароларини мамлакатда яшаш ва ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этишга қарор қилди.

Хориж фуқароларининг Россияда патент ёки рухсатнома олиш, вақтинча рўйхатдан ўтишга ариза беришдан аввал биринчи навбатда коронавирусга текширувдан ўтишларини шарт қилиб қўйди.

Расмий хабарларга кўра, бу хусусда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли буйруқ чиқарилган.

Вазирликнинг ана шу буйруғи асосида коронавирус/COVID-19 ОИВ, сил, сифилис(захм) ва мохов касалликлари қаторида махсус рўйхатга киритилган.

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Россия дунёнинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони расмию норасмий манбаларда бир неча миллионга нисбат бериб келинади.

Улар ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган муҳим молиявий манбалардан бири бўлиб келган.

Россия томонининг қарори, устига устак, мигрантлар глобал коронавирус боис, қийин аҳволга тушиб қолган бир пайтга тўғри келган.

Чегаралар ҳануз ёпиқ, халқаро парвозлар ҳалича тикланмаган, улардан аксарияти иши, даромадини йўқотган, ортга қайтишга имконсиз бир аҳволда.

Шундай экан, Россия томонининг бу қарори нимани англатади? Россия ҳукумати нега бу каби қарорга келган бўлиши мумкин? Янги қарор қанчалик халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўғри келади?

Би-би-си Ўзбек хизмати сўнгги янгилик манзарасида худди ана шундай саволлар билан Москвадан асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаевага мурожаат қилди.

Zarnigor Omonillayeva

Сурат манбаси, courtesy

Зарнигор Омониллаева: Коронавирус аниқланса, патент, вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва доимий яшаш ҳуқуқининг бекор қилиниши ёки умуман бермаслик қарори абсурд ва инсон ҳуқуқлари тамойилига зид.

Россия ҳукумати мантиғига кўра, коронавирус ОИВ/ОИТС, сифилис (захм) каби инфекциялар билан бир хил хавфли.

Аслида эса, айтилган инфекциялар қандай юқишини биламиз, лекин коронавирус-чи?

Коронавирусни беихтиёрий равишда, билмаган ҳолда оддий транспортда ёки ҳужжатларни расмийлаштириш учун борганда ҳам юқтириб олиш мумкин.

Ёки умуман симптомсиз ўтса, одам коронавирусга чалинганини ўзи билмаслиги мумкин.

Бунга қўшимча, коронавирус 14-20 кунлик карантиндан кейин ўтиб кетади.

Шунинг учун ҳам, коронавирус аниқланса патент, вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва доимий яшаш ҳуқуқини бермаслик ёки амалдаги ҳужжатларни бекор қилиш инсоннинг ҳаётини хавф остида қолдиришга тенг, яъни жиноят.

Амалда бу қарор қандай тадбиқ қилинишини тасаввур қилинг, соғлом одам келиб, ҳужжатларни топшириб, пулини тўлаб, анализ топшириб кетди.

15-20 кундан кейин патент тайёр бўлган, деб олишга келса, унга раддия - "отказ" берилади.

Яъни, мигрантдан тўлаган пуллари, даъволаниш учун қонуний мақоми, ҳужжатсизлик туфайли соғлигини асрай олиш имкониятини тортиб олишмоқда.

Ёки иккинчи ҳолат - вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва доимий яшаш ҳуқуқи бор мигрантлар касаллик юқтириб, шифохонага мурожаат қилса, "Роспотребнадзор" томонидан ҳисобга олинади.

"Роспотребнадзор" бу ҳақдаги ҳисоботни олгач, Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бўлинмасига мурожаат қилади ва чет эл фуқаросининг қонуний мақоми бекор қилинади.

Яъни, ёрдам учун келиб, ноқонуний мигрантга айланиб қолишади.

Агар, реалликни ҳисобга олсак, Россия идоралари ўртасидаги маълумот алмашинуви узоққа чўзилади.

Токи Ички ишлар вазирлиги бекор қилиш қарорига келгунча, чет эл фуқароси аллақачон даъволаниб чиққан бўлиши мумкин.

Энг ёмони бу чоралар оқибатида одамлар умуман тиббий хизматга мурожаат қилмасликлари мумкин.

Қарор ва оқибатлар

Зарнигор Омониллаева: Ҳукумат бу қарорни қабул қилаётганда оқибатларни умуман ҳисобга олмагани аянчли.

Чунки қарордан кейин хорижликлар:

а) касал бўлса ҳам, давлат шифохоналарига мурожаат қилмайди, тинчлик керак, дейди ва бу аргументлари асосли бўлади.

Коронавирус бошланганда "ҳотлайн"да ишлаган фаол сифатида одамлар "Тез тиббий ёрдам" чақирсак, депорт қилмайдими, деб қўрқишганини эслайлик.

У пайтда қўрқувларига депорт бўлмайсиз, деб жавоб берардик.

Энди-чи?! Энди одамлар фақат хусусий клиникаларда даъволанишга мажбур бўлади. Сифатлими, сифатсизми, даъволанадими ёки йўқми - бу ҳам катта савол остида қолади. Бунинг эса, жамиятга таъсири бўлади.

Аммо, афтидан, ҳеч ким қарор одамларни шу каби оқибатларга юз тутишга мажбурлаши мумкинлиги билан ҳисоблашаётгани йўқ.

б) мигрантлар аввал ўзлари хусусий клиникаларда тест топшириб, натижаси манфий чиққанидан кейин, зудлик билан патент учун ҳужжат топширишлари керак бўлади.

Аммо, шунда ҳам, орадаги икки соатдан ортиқроқ вақт давомида кам бўлса-да, инфекцияни юқтириб олиш эҳтимоли барибир сақланиб қолади.

Яна масаланинг иқтисодий тарафи ҳам бор. Инқироз ва умумий ишсизлик пайтида бир тестни икки маротабалаб пулга топшириш қимматга тушади.

с) ҳужжатлар бекор бўлса ёки берилиши рад этилса (отказ), кейинги бир йил ичида янгисини расмийлаштириб бўлмайди.

Бу дегани 14-20 кундан кейин мигрант тузалгач на ишлай ва на яшай олади.

Чунки ҳужжатлари йўқ ва Россияда қонуний мақомда қола олмайди. Кетиши керак бўлади. Айнан ҳозир кетишнинг эса, иложи йўқ.

Устига оилали, тадбиркор мигрантлар бор.

Демак, мигрантлар ўзлари истамаган ҳолда ҳар тарафлама вазият қурбонига айланишмоқда.

Шу давлатда юриб, коронавирус юқтирдими, ҳукумат шу одамлар учун масъулият ҳиссини унутмаслиги керак.

Пандемия фонида мигрантларга берилган енгилликлар учун хурсанд бўлаётган эдик, ортидан нега бу каби қарорлар қабул қилинаётгани бизни ҳам ўйлантирмай қолмади.

Менимча, бундай чора билан чет давлат фуқаролари олдидаги масъулиятларидан воз кечишмоқчи.

Чунки юридик нуқтаи назардан Россияда фақат қонуний статусдаги мигрант олдидагина ҳукуматнинг маълум мажбуриятлари бор.

Қонуний мигрантларни ноқонуний мигрантларга айлантириш эса, мажбуриятлардан қочишнинг энг осон йўли.

Ҳатто патент ва бошқа солиқлар тушуми камайиши эҳтимолини ҳам ҳисобга олишмагани қизиқ.

Ва, албатта, масаланинг энг муҳим жиҳати - Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари учун бу муаммо умуман йўқ.

Чунки улар патент қилмайди. Вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва доимий яшаш ҳуқуқи бекор бўлса, меҳнат шартномаси билан бир йиллик вақтинчалик рўйхатдан ўтишларига ҳеч нарса ҳалақит бермайди.

Демак, коронавирус чиқиб, вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва доимий яшаш ҳуқуқи бекор бўлса ҳам қонуний статусда юраверишади.

Меҳнат қилаверишади, бир йилдан кейин яна вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва доимий яшаш ҳуқуқи учун даъвогар сифатида ҳужжат топширишаверади.

Бу ҳам айрим таҳлилчилар орасида коронавируснинг навбатдаги сиёсий босим воситасига айланаётганига оид фикрларни пайдо қилмай қўймаган.

Агар, шундай бўладиган бўлса, бу, менинг назаримда, жудаям хатарли, инсонларнинг саломатлиги ва жамиятнинг умумий ҳолатига бевосита таъсир қилувчи, бунга қўшимча, давлат бюджети тушумига зиён етказувчи мантиқсиз босим.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Би-би-си: Россия ҳукуматининг сўнгги қарори президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага амалий ташрифидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатган.

Томонларнинг олий даражадаги музокаралар чоғида мигрантлар масаласига эътибор қаратишгани ёки йўқлиги ноаён қолган, бу мавзу расмий хабарларда бўй кўрсатмаган.

Ўзбекистон томони Россия ҳукуматининг янги қарори ҳақида расман хабар берган, аммо фақат тафсилотлар билан чекланган.

Амалий ташриф эса, Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи бўлишини тасдиқлаган, аммо президент Шавкат Мирзиёев буни ҳалича расман маъқулламаган бир манзарада амалга ошганди.

Сўнгги янгиликка расмий Тошкент муносабати ҳалича кўзга ташланмаган.

Бунгача Ўзбекистон фуқаролари Россияда рўйхатдан ўтиш ва шартнома асосида бир йил муддатга патент олишлари мумкин бўлган.

Шундан кейин, расмий меҳнат шартномаси асосида ишлаган бўлишса, мамлакатдан чиқмасдан, яна бир марта қайта рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга саналишган.

17 апрель куни Давлат думаси чет эл фуқароларининг Россиядан чиқиб кетмасдан меҳнат патентларини узайтириш ҳуқуқини қонунийлаштирган.

Июнь ойи ўртасида эса, Россия президенти Владимир Путин яна бир фармон билан чиққан.

Мигрантларга берилган енгилликларни яна уч ойга узайтирган, аммо улардан энг асосийларини бекор қилган.

Президент Путиннинг мазкур фармонида мигрантлар ишга қайтиши баробарида Россияда ишлаш учун рухсат берувчи ҳужжат - патентни расмийлаштиришлари лозимлиги айтилган.

Патенти бор муҳожирларнинг эса, унинг ойлик солиқ тўловларини давом эттиришлари шарт экани кўзда тутилган.

Москва учун жорий йилда патентнинг ойлик миқдори 5341 рубль миқдорида белгиланган.

Янги қарор 27 июндан бошлаб кучга кирган, аммо уни амалга тадбиқ этиш механизмлари қандай бўлиши борасидаги тафсилотлар ҳозирча имконсиз.

Бу ҳам янги қарор билан боғлиқ экспертларни аллақачон ўйлантирган, ташвишга солган жиҳатлардан бирига айланган.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek