Россия: ниқоб тақмаган парад ва коронавирус хавотирлари

Yuri Smityuk/Tass

Сурат манбаси, Yuri Smityuk/Tass

Москванинг Қизил Майдонида Совет Иттифоқининг Германия гитлерчилари устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали намойиш бўлиб ўтмоқда.

Бу тадбир 9 май куни ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ мамлакатда пандемия тарқалиши ҳавфи кучлилиги боис 24 июнга қолдирилган. Бу сана тарихий воқеа билан боғлиқ бўлиб, 1945 йил айни шу куни Ғалаба шарафига илк парад ўтказилган.

Би-би-си мухбирлари Павел Аксенов ва Анастасия Напалкова пандемия шароитида ҳарбий парад қандай ўтаётгани ва нима учун минбардаги томошабинлар ниқобсиз ўтиришганини ўрганишди.

Минбарга ҳар йилгидан кўра кам одам таклиф қилинган. У ердагилар аввалдан коронавирус билан касалланмагани ҳақидаги маълумотни тақдим этишган. Шунингдек, улар бир бирлари орасида ижтимоий масофа сақлашга сўз беришган - дейди Би-би-сига «Россия офицерлари» ҳарбий ташкилоти президиуми аъзоси Виктор Баранец.

Владивостокда ўтган парад

Сурат манбаси, Yuri Smityuk/Tass

Сурат тагсўзи, Владивостокда ўтган парад

Расмий хабарга кўра, шунингдек, параднинг хорижлик меҳмонлари аэропортлар ва меҳменхоналарда коронавирусга текширилган. Тадбирнинг барча иштирокчилари ёт кишилардан ихоталанган. Хаттоки, хизмат кўрсатиш ходимлари: ошпаз, механик ва бошқалар ҳам.

Бундан ташқари иштирокчилар Қизил майдонга дезинфекцияланган автобусларда келтирилгани расман маълум қилинмоқда.

Ихоталаш уруш фаҳрийларига ҳам тааллуқли. Маълумотларга кўра, 80 га яқин фахрийлар параддан олдин Москва вилоятидаги санаторийларда икки хафталик карантинда бўлишган. Бу маълумотни Путиннинг марбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлаб, фахрийларнинг саломатлиги учун қайғурилгани билан изоҳлаган.

Фахрийлар ҳам минбарда ниқобсиз ўтиришганини кўриш мумкин.

«Фахрийлар учун жойлар икки ўриндиқ масофа ўтказиб жойлаштирилган, бу билан улар парадни ниқобни ечиб томоша қилишлари мумкин бўлади», - деди маросимдан олдин Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова.

Kоронавирус тарқалишда давом этяпти

Южно-Сахалинск

Сурат манбаси, Tass

Сурат тагсўзи, Южно-Сахалинск

Россияда коронавирус билан касалланганлар сони май ойидагига қараганда паст бўлса-да, ортиб бораяпти.

Москва мэри Сергей Собянин намойиш куни уйда қолишга ва парадни телевизор орқали томоша қилишга чақирган.

Бироқ парад тайёргарлик жараёни ва тантанали намойиш кўпчиликнинг қизиқишини орттирган. Кўчалар одамлар билан тўлган.

Россиянинг Владивосток, Новосибирск, Южно-Сахалинск, Петропавловск-Камчатск, Екатеринбург, Чита, Улан-Удэ ва Хабаровск каби ҳудудларида ғалаба парадлари бўлиб ўтди, унда минглаб кишилар иштирок этди.

Тантанали намойиш бутун Россия бўйлаб ўтказилаётгани йўқ, коронавирус туфайли кўплаб шаҳарларда тадбир бекор қилинган.

Би-би-сининг ҳисоблашича, Россиянинг камида 17 та шаҳар ва ҳудудларида губернаторлар вируснинг янада кенг тарқалишидан ҳавотирланиб, Ғалаба парадини ўтказишдан воз кечган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek