Россия: Мигрантларга ишни тақиқлаган губернатор ўзбекларни қурилишда ишлатмоқчи

Россиянинг Забайкал ўлкасидаги 20 дан ортиқ қурилиш объектларига 1400 дан зиёд ўзбекистонлик ишга чақирилмоқчи.

Сурат манбаси, Uzbekistan embassy in Moscow

Сурат тагсўзи, Россиянинг Забайкал ўлкасидаги 20 дан ортиқ қурилиш объектларига 1400 дан зиёд ўзбекистонлик ишга чақирилмоқчи

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Телеграмдаги расмий саҳифасида Ўзбекистон фуқароларини шимолдаги жалб қилиш масалалари юзасидан икки томон расмийлари видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказганини билдирди.

Забайкалье - Россиянинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлиб, экологик ва демографик муаммолари ортидан бу ерда бепул 10 гектарли ерлар бериш тизими ҳам жорий этилган.

Аҳоли сони камлиги, йилдан йилга қисқариб бораётгани ва мигрантлар ҳисобига барқарорлашиб турганига қарамай, йил бошида Забайкал ўлкаси ҳукумати мигрантлар ишлаётган қатор соҳаларни чеклашга қарор қилган эди.

Ҳудуд расмий порталида 2020 йилда меҳнат муҳожирларини сотувчилик, такси ҳайдовчилигига, ўрмон хўжаликларига ишга олишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинган. Бу соҳаларда ишлаётган мигрантларни ишдан бўшатиш учун 1 апрелгача муддат берилган эди.

Бундан ташқари Забайкал ўлкаси ҳукумати йилдан йилга мигрантлар учун ажратилаётган кваоталар миқдорини камайтириб бормоқда. Ҳукумат бунга мигрантларни камайтириб, ўз фуқароларини иш билан таъминлаш ҳақидаги изоҳини баён қилган.

Ўтган йили бу ҳудудда 5000 дан ортиқ меҳнат патенти берилган бўлса, энг катта қисми ўзбекистонликларга тегишли бўлган ва бу йил ўлка ҳукуматининг мигрантларга иш беришни тақиқловчи қароридан кейин ишсиз қолганларнинг энг кўпи ҳам ўзбекистонликлардир.

Жиноятларга алоқадорлик

Москванинг Новопеределкино тумани ҳудудида номаълум шахслар ўзбекистонлик мигрантнинг йўлини тўсиб, пичоқ тираб пул талаб қилишган. Гувоҳлар полицияга хабар қилган. Маълум бўлишича, йўлтўсарлар қирғизистонлик мигрантлар бўлган ва ўзбекистонликнинг ёнида бор пули - 100 рублни олишган.

Хвалинск бульварида эса полиция 25 ёшли Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. Шу ҳудуддаги хостелларнинг бирида яшовчи мигрант педофилликда айбланмоқда. Йигит шу йилнинг февралидан буён қидирувда бўлганини маълум қилган ИИБ матбуот хизмати.

Тамбов вилоятида эса гиёҳванд моддаларни сотишда айбланаётган 2 нафар ўзбекистонликнинг устидан суд ҳукм ўқиди. Москва вилоятидан Тамбовга катта миқдорда героин олиб келганлиги ва тарқатганлиги ортидан махсус хизматлар қўлга олган.

Ўзбекистонликларга 7 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Парадга ҳозирлик

Москва 24 июнь куни Қизил Майдонда ўтказиладиган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган ҳарбий намойишга ҳозирлик кўрмоқда.

Куни кеча парадга тайёргарликнинг якуний қисмлари бўлиб ўтди. Ушбу тантанали намойишда иштирок этиш учун 12 та хорижий ҳарбийлар Москвага етиб келган. Улар орасида ўзбекистонлик ҳарбийлар ҳам бор.

Ғалаба намойиши тантаналарида қўшни давлатлардан Ўзбекистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Молдова президентларининг ташрифи кутилмоқда. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти расмий меҳмонлар учун қабул бўлишини таъкидлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek