Россия-Ўзбекистон: миллатлараро никоҳлар ортида муҳаббатдан ташқари яна нима бор? - O'zbekiston, Россия, миграция

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Россияда маҳаллий аҳоли вакилларининг чет элликлар билан турмуш қуриши деярли одатий ҳолга айланган.

Бу никоҳларнинг ортида асосан икки сабаб бор: муҳаббат ва манфаат. Кейинги йилларда никоҳнинг учинчи тури ҳам кўпайиб бораяпти - сохта никоҳ. Маълум бир келишув асосида: қоғозда бору амалда йўқ никоҳ.

Қуйида Россияда учрайдиган ўзбекистонликлар билан қурилган оилалар ва улар тақдирининг бир неча мисолини кўриб чиқамиз.

Ҳужжат болалар учун қилинди

Ўзбекистонлик эркаклар кўп ҳолларда россиялик аёлларга уйланишларига кўнгил сабаблигини айтишади. Кузатувларимизга кўра, бундай никоҳлар ёшлар орасидагидан кўра, иккинчи марта қурилган турмушлар кўп. Ёки бу борада чуқурроқ ўргансангиз, оиласидан ажраган рус аёлига уйланган бўйдоқ мигрант йигитларни тарихини эшитасиз. Гап кўнгилдами, манфаатдами, англаш қийин. Биз суҳбатлашган айрим ўзбекистонликлар муҳаббатга қоришиқ манфаатлар мазмунида гапиришди.

Кўнгилдан бошласак. Москвага ишлашга келган фарғоналик уста ўзи таъмирлаётган уй эгасининг қизини ёқтириб қолади. Бу пайтда иккиси ҳам биринчи оилаларидан ажрашган, ҳар иккисида ҳам олдинги никоҳдан фарзандлари бор эди.

Муносабат икки томонлик экани маълум бўлгач, ўзаро келишишди. Рус аёли Исломни қабул қилди, шаръий никоҳ билан оила қуришди. Ҳозирда бу оиланинг 6 нафар фарзанди бор.

Расмий никоҳ эса фарзандлар туғилганидан кейин қайд этилди.

- Менга Россия фуқаролиги керак эмас, оиламни олиб Фарғонага қайтаман. Вақтинча яшаш гувоҳномасини ҳам яқинда олдим. Болаларнинг ҳужжатлари учун керак бўлганидан сўнг, - дейди 46 ёшли фарғоналик Баҳром.

Ўзбекистонликлар кўпроқ бошқирдларга ёқадими?

Бу каби ҳолатларнинг Россиянинг турли ҳудудларида учратиш мумкин. Масалан, яқинда Бошқирдистон Адлия қўмитаси ўз аҳолиси ва Марказий осиёлик мигрантлар орасида расмий никоҳлар кўпайгани ҳақидаги статистикани тақдим этди.

Адлия ишлари бўйича давлат қўмитаси маълумотига кўра, Бошқирдистон ФҲДЁ бўлимларида йил бошидан бери 140 та никоҳ МДҲ давлатлари фуқаролари билан қайд этилган. Кўшни давлатлик келин ёки куёвларнинг энг кўпи Ўзбекистон фуқароларидир. Кейинги ўринларда Тожикистон, Арманистон фуқаролари бўлса, қозоғистонлик, озарбайжон ва украин келин ёки куёвлар ҳам нисбатан оз бўлса-да, бор.

Қозонда уй Қўқондаги тўйдан қутқарди

Ўзбекистонлик (ёки умуман Марказий осиёлик муҳожирлар)нинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан турмуш қуриши ҳоллари йилдан йилга кўпайиб бораяпти. Ўтган йилнинг ўзида Бошқирдистонда 673 та шундай никоҳ қайд этилган.

Биз суриштириб Қозон шаҳрида татар миллатига мансуб россияликка уйланган ўзбекистонликни топдик ва бу никоҳ сабабини сўрадик.

- Татарлар - ўзимизнинг мусулмонлар. Иймонли, оилапарвар. Шунинг учун қаерда уйланишимни аҳамияти йўқ эди. 8 йилдан бери Россиядаман, рўзғорнинг ками битмаяпти. Бу томондан ҳам Қозонда уйланишим - Қўқонда уй, тўй каби каттагина харажатлардан қутқарди. Катта ўғлим 4 га кирди, кичиги 2 ёшда. Оддий ишчи бўлиб келиб, ошхона бизнесига ўтдим. Албатта, расмий никоҳдан кейин Россия фуқаролигини олганим ёрдам берди, - дейди 32 ёшли водийлик Анвар.

Никоҳдан олдин фарзанд туғилди

Ayol

Сурат манбаси, Getty Images

Россияликлар билан ўзбекистонликларнинг никоҳлари ҳаммавақт ҳам омадли бўлавермаяпти. Яқинда Камчаткада бўлган фожеа бунга бир мисолдир.

18 ёшида Россияга ишлашга келган ўзбекистонлик йигитча шу ерлик 27 ёшли рус аёлни ёқтириб қолди. Турмушидан фарзанди билан ажрашган ёш аёл ҳам унга бефарқ бўлмади. Уларнинг муносабатидан қизча дунёга келди. Бу эса енгиллаштирилган тартибда фуқаролик олиш учун яна бир асос бўлди. Шу тариқа ёшлар 2019 йилнинг февралида расмий никоҳдан ўтишди.

Фожеали якунланган никоҳ

Холматбой иш сабабли Петропавловск-Камчатскка кетишига тўғри келди. Екатерина эса Вилючинскда қолди. У тез-тез болаларини олиб эрининг ёнига бориб турарди.

Кўп ўтмай, россиялик рафиқа ўзбек эрининг хиёнатини билиб қолди. Холматбой янги жойида бошқа аёл билан бирга яшаётгани, уни олиб Ўзбекистонга қайтмоқчи экани маълум бўлди.

Бу воқеа Екатеринага қаттиқ таъсир қилган ва мудҳиш қарорга келган: у 5 ёшли ўғли ва 1 ярим ёшли қизчасини ўзига боғлаб, Крашенинников дарёсига ташлади. Уларни одамлар қутқаришга уринганида аёл «биз ҳеч кимга керак эмасмиз», деб йиғлаганини ёзмоқда маҳаллий нашрлар.

Қутқарувчилар она-болаларни дарёдан олиб чиқди. Аммо болаларнинг ҳаётини сақлашнинг иложи бўлмаган. Аёл эса фарзандларини қасддан ўлимига сабаб бўлгани учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Екатерина СИЗО (судгача ҳибс)да экани пайтида Холматбой маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳали фуқаролик олишга улгурмаган мигрантни муддати ўтган ҳужжатлари сабаб Петропавловск_Камчатка суди мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди.

Келинни «ЗАГС»да кўриш

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Россияда яна кенг тарқалган шундай никоҳлар борки, келин ва куёв бир бирини «ЗАГС»да кўради. Ва эҳтимолки, қайта кўрмайди ҳам.

«Фиктивный брак», яъни сохта никоҳлар томонлар келишуви асосида расмийлаштирилади. Москвада кўпроқ асосий ишни «ўртакаш ҳужжатчилар» бажаради. Россия фуқаролигини олиш мақсадидаги мигрантга шу ерлик «келин» ёки «куёв» топилади. Катта миқдордаги пул эвазига маълум бир муддатга (кўп холларда 3 йилга) расмий никоҳдан ўтишга келишилинади.

Биз суриштириб, Москвада сохта никоҳларнинг ўртача нархи 2000 доллар, муддати эса кўпинча 3 йилгача бўлишини аниқладик. Бу вақт давомида мигрант фуқаролик олишга бўлган ҳужжатлар - яшаш учун рухсатнома ва яшаш гувоҳномасини олишга улгуради. Кейин бу никоҳ гўёки жуфтлар «ажрашган» бўлиб, расман бекор қилинади.

Бир қоп гречкалик никоҳ

Россиянинг турли ҳудудларида бу келишув шартлари ҳар хил. Жойлардаги нарх-наво ва шароит билан боғлиқ. Рус матбуоти бир ойлик озиқ-овқат маҳсулоти учун ҳам мигрантлар билан никоҳдан ўтган россияликлар ҳақида ёзади. Улар орасида ижтимоий тармоқларда энг кўп овоза ва ҳазил-мутойибага сабаб бўлгани - россиялик 62 ёшли аёлнинг 24 ёшли муҳожир билан бир қоп гречка эвазига расмийлаштирган никоҳи бўлган эди.

Баъзан мигрантларга «ўртакаш»нинг ҳам кераги йўқ. Улар шу ерлик аҳоли вакиллари билан танишиб, ҳужжат учун расмий никоҳни таклиф қилишади ва маълум келишув эвазига ФҲДЁ бўлимига боришади.

Катта жарима ёки қамалиш мумкин

Россия қонунчилиги бу каби сохта никоҳлар учун катта жарима ва қамоққача бўлган жазо билан таъқиб қилади. Ҳар ойда ИИВ аниқлаган минглаб сохта оилаларнинг никоҳи бекор қилинади, мигрантлар тўлаган пулларига куйиб қоладилар. Гоҳида эса фуқароликка имтиёз берувчи томон таъмагир чиқиши ҳам кўп кузатилади.

- Аввалига келишилган маблағни ўртада турувчига бериб, «ЗАГС»дан «ўтдик». Келин россиялик лўлилардан экан. Қўшимча пул талаб қилиб туриб олди, ноилож ишим битиши учун бердим. Кейин то яшашга рухсатнома (РВП) расмийлаштиргунимгача 6-7 марта шантаж қилиб, анча пулимни олди, - дейди самарқандлик 43 ёшли Улуғбек.

Сохта никоҳ қандай аниқланади?

Дарвоқе, Россияда расмий никоҳдан ўтган ўзбекистонликларнинг айримлари Ўзбекистонда ҳам оила, бола-чақали. Сохта никоҳга ҳужжат тайёрловчи «ўртакаш»лар уларнинг оиласи йўқлиги ҳақидаги ҳужжатни ҳам қалбакилаштиришади.

Бу қонунбузарликлар аниқланган ҳолларда Россия Жиноят кодексида белгиланган тартибда узоқ муддатлик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

ИИВ томонидан қалбаки ҳужжатлар бўйича ўтказилаётган рейдларда «ўртакаш»лар билан бирга Россия фуқаролиги учун тайёрлаётган ҳужжатлари ҳам қўлга олинади ва ҳужжат эгалари ҳам жиноий ишга алоқадор деб топилади.

Кўп ҳолларда ФҲДЁ ходимлари ҳузурига ариза билан келган келин ва куёвларни кузатиб, ўзлари расмийлаштирган никоҳга шубҳалангудек бўлишса, бундан ИИВ ходимларини хабардор қилишади ва текширув ишлари олиб борилиб, жуфтларнинг ҳақиқатда бирга яшаётгани ёки яшамаслиги аниқланади.

Албатта, ўзбекистонлик эркакларнинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан оила қуришлари ҳар бирининг ўзига яраша тарихга эга. Биз бу мақолада ўзимиз ўрганган бир неча мисолларини келтирдик, холос.

Агар сизда хам шундай воқеалар булса, ёки бошқалар билан бўлишишни истайдиган хабарларингиз, бизга ёзинг.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Москвадаги мухбирлик пункти телефон рақами: + 7 968 577 57 84.

Хатларингизни WhatsApp ёки Telegram орқали юборишингиз мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek