Мигрантлар қайтмоқда: Ўзбекистон учун бу ижтимоий портлаш хавфими?

Сурат манбаси, Screenshot
Пандемия Россия иқтисодига ҳам кучли зарба берди.
Нафақат хизмат кўрсатиш, туризм ва кичик тижорат зарар кўрди.
Балки Россия четга сотиб пул ишлайдиган асосий маҳсулотлардан нефть-газ нархи тушиб кетди.
Мамлакатда ўтган икки ойда ишсизлик 30% ошган ва аллақачон 2 миллионга яқин россиялик ишсиз қолган.
Мамлоакат Меҳнат вазирлигига кўра, яқинда бу рақам 2.5 миллионга етиши кутилмоқда.
Мигрантлар қайтса, Ўзбекистон улар учун нима қила олади? Видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбеклар қай аҳволда?
Ишсизлик муаммолари катта шаҳарлар, хусусан, пойтахт Москвада ўткир.
Айни пайтда Москвада тахминан 2 миллион мигрант ишлайди. Уларнинг салмоқли қисми - ўзбеклар.
Мустақил ҳисоб-китобларга кўра, Россия пойтахтида ишсиз қолганларнинг ярмидан кўпини ҳам айнан мигрантлар ташкил этади.
Бу дегани - Москвадаги мигрантларнинг ўзагини ташкил этувчи ўзбекистонлик мигрантлар орасида ҳам ишсизллик ошган.
Айни пайтда, кексалар ва болаларга қаровчи энагалар, баъзи қурилиш корхоналарида ишловчилар ёки такси ҳайдовчилари кўпчилиги ишини йўқотмагани айтилади.
Ватанга кетамиз, иннанкейин-чи?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳозирданоқ 100 мингга яқин ўзбекистонлик ватанга кетиш учун чартер рейсларга навбатда турибди.
Уларнинг бир қисми коронавирус боис ватандаги ўз яқинлари ёнида бўлишни истайди.
Бошқалар эса ишсиз қолган ва бегона юртда пулсиз, уйсиз қийналиб юрмаслик учун Ўзбекистонга кетишни ягона йўл, деб билади.
Бироқ Ўзбекистонда улар учун тузук маошли иш жойлари йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати ҳатто мамлакат ичида қолган ишчи кучи учун ҳам тузук иш ўрни яратиб бера олмаяпти.
"Янги иш ўринлари яратишда хусусий тадбиркорлик муҳим ўрин тутади" - дейди Москвадан иқтисодий таҳлилчи Жамшид Муслимов.
Унинг айтишича, давлат турли бюрократия ҳамда расмиятчиликдан воз кечиб, хусусий тадбиркорларга шароит ва имтиёзлар яратиб бериши керак.
Хусусий бизнеслар эса, ўз ўрнида, янги иш жойлари яратишади.
Бироқ узоқ йиллик марказдан бошқарув шаклланган, иқтисодга давлат аралашуви кучли ҳамда коррупция илдиз отган Ўзбекистонда тез фурсатда бу ишларни бажариш осон кечмаслиги мумкин.
Ўзбекистон марҳум Каримов президентлик даврида ҳар йили қоғозда 1 миллионга яқин иш ўрни яратиб келди.
Бироқ амалда миллионлаб одамлар ишсизлик ёки иш бўлганда ҳам маошлар ўта пастлиги боис қўшни Қозоғистон ва Россиядан иш излашга мажбур эди.
Вирус қоғозга қарамайди
Ўзбекистон ўтган йиллар давомида ишсизлик ҳолатини қоғозларда яхшилаб келган.
Бир бош сигири ёки кичиккина томорқаси бўлган одам ҳам мулкдор ва даромадга эга ёки ишли одам сифатида қайд этиб келинган.
Аммо Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, миллионлаб одамлар ишсизлиги айтила бошланди.
Камбағал (халқаро ўлчовлар бўйича эса қашшоқ) ўзбекистонликлар сони эса 4-5 миллион экани тан олинди.
Аммо коронавирус пандемияси на қоғоздаги чиройли ҳисоботга, на ваъдаларга қараб иш тутади.
Бундай шароитда аниқ ҳаракат ва реал натижа ҳаёт ҳақиқатини кўрсатади.
Ўзбекистон ҳозир Россиядан юз минглаб мигрантлар қайтиб келиши ортидан ижтимоий портлаш ё зўриқиш эҳтимолини бартараф этиш учун, аввало, иш ўринлари ёки ишлаш шароитлари яратиши зарур.
Келаётган меҳнат ёшидаги ҳар бир мигрант ўртача кичик бир оиласини боқиши керак.
Бироқ коронавирус ортидан нафақат қишлоқларда, ҳатто шаҳар жойларида ҳам иш топиш мушкул.
Хуллас, 34 миллионли халқни иш ва озиқ-овқат билан таъминлаш ҳар доимгидан ўткирроқ туради.

Сурат манбаси, Ulugbek Meylikov/Facebook
Умидли соҳалар
"Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқаришга қаратилган иш ўринлари яратиш лозим" - дейди иқтисодчи Жамшид Муслимов.
"Шу қаторда қурилиш соҳалари ва тадбиркорлик ҳам ижтимоий зўриқишни енгиллатиш ҳамда иш жойлари очишда муҳим саналади".
Ўзбекистон ҳукумати ҳам хусусий тадбиркорликка эътибор қаратиш, солиқ ва бошқа имтиёзлар бериш, уларни текшир-текширлардан ҳоли қўйиш ҳақида гапирмоқда.
Бироқ амалда Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик билан шуғулланиш осон эмаслиги айтилади.
Ижроия ҳокимият вакиллари тадбиркор ишига аралашуви, уларнинг мулклари ё маҳсулотларига дахл қилиши ҳақида шикоятлар мавжуд.
Айни пайтда, қайтаётган мигрантларнинг ҳаммаси ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш учун малака ёки сармояга эга эмас.
Ҳозирча, Ўзбекистон ҳукумати четдан қайтадиган мигрантлар учун нималар қилмоқчи - номаълум.
Мавжуд ҳолатда эса бу мигрантлар пандемия ва карантин ўтиб кетгач, яна Россияга кетишдан бошқа чораси қолмаслиги мумкин.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












