Етти йил олдин Қирғизистонга ўтган ўзбек ўспиринга нима бўлганди? Видео

- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Ўш
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Наманганлик Ҳамидулло Ҳайдаров бундан 7 йилча бурун, ҳали ўспиринлик пайти қўшни Қирғизистондаги ўртоғиникига ўтади.
Бу - унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборади.
Ҳамидуллони биз Ўзбек-Қирғиз чегарасида, ватанга қайтиш учун кутиб турган пайтда учратдик.
У ўз синфдоши туҳмати билан ҳибсга олинганини ва қийноқлар остида қилмаган ишини бўйнига олишга мажбур бўлганини айтади.
Етти йил олдин нима бўлганди? Видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳамидулло Ҳайдаров Ўш яқинидаги "Дўстлик"чегарасида Ўзбекистонга ўтиш илинжида кутаётганлардан бири.
У қамоқдан чиқиб келмоқда.
Ўз синфдоши туҳмати билан қамалганини айтаётган Наманганлик Ҳамидулло, қийноқлар остида айбларни бўйнига олишга мажбур бўлган.
"Чегара ҳозир ёпиқ экан. Эртага очилса, ўз юртимга ўтиб кетаман деб турибман" - дейди бир ой аввал Бишкек яқинидаги "Петровка" қишлоғида жойлашган 8-сон қамоқхонадан озод этилган йигит.
Унинг сўзларига кўра, 2014 йилда Намангандан Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Карвон туманига синфдошининг олдига, ўз иш ҳақини олиш учун келганда қўлга олинган.
"Уйда ўтирганимизда милициялар кириб келиб, қўлимни қайириб олиб чиқиб кетишди. Ўзим ҳам тушунмай қолдим, нима сабабдан бундай қилишганини. Милицияхонага олиб бориб, икки ярим кун давомида уришди" - дейди Ҳамидулло.
"Мол, от ўғирликларини бўйнингга оласан, дейишди. Мен қилмаган нарсамни қандай қилиб оламан, дедим".
У пайтдаги ёш ўспиринни милиция ходимлари Қоштепа қишлоғида йўқолган 180та қўйни ўғрилаганликда айблашган.
"Уришди, бошимга пакет кийгизишди. Қўлимга, тирноқларим остига игналар сайишиб, анча қийнашди" - эслайди Ҳамидулло.
"Икки ярим кунда қийноққа чидай олмадим. Айбловларни бўйнимга олдим. Кўрсатмаларни ўзлари беришди. От, молни чегарадан олиб ўтиб кетганман деб айтасан дейишди. Қўрққанимдан, эртаси куни терговда участковойни айтганидай қилиб кўрсатма бердим" - дея эслайди ўзбекистонлик йигит.
Қийноқлар остида "айбига" иқрор қилинган 18 ёшли Ҳамидулло 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
"13 йил муддатга кесишди. Бишкекдаги лагерга юборишди. У ерда олти йил ўтирдим ва жорий йилнинг 23 апрель куни, иккинчи жахон урушининг 75 йиллигига эълон қилинган амнистия сабаб муддатимдан аввал озод қилишди" - дейди ўзининг айбсизлигини айтаётган наманганлик Ҳамидулло.
Қамоқдан озод бўлганидан кейин у бир ой давомида Бишкекдаги танишининг уйида яшаган.
"Туҳмат қилишди"
"Бу туҳмат бўлди. Ўзим ҳам тушунмай қолдим" - дейди Ҳамидулло.
У қўлга олингандан кейин, на тергов, на суд жараёнида мустақил адвокат ёлламаганини, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат қилмаганини, ёшлиги сабаб, бу нарсаларни билмаганини айтади.
"Ота-онам 2017 йили зонада ўтирганимда қишда келиб, кўриб кетишди. Тергов пайтида Ўзбекистон-Қирғизистон чегаралари ёпиқлиги сабаб, ўта олишмаган" - дейди суҳбатдошим.
Кўплаб ўзбекистонликлар қўшни Қирғизистонга ўтиб, ишлашади.
Оилада уч-ака уканинг ўртанчиси бўлган Ҳамидулло ҳам то қамалгунича, Қирғизистонга келиб устачилик ва ошпазлик қилганини айтади.
"Қамоқдан чиққанимдан кейин Ўзбекистонга ўтиб, ёмон йўллардан олис юриб, яхши хаёт кечиришни ният қилаяпман" - дейди Наманганнинг Чортоқ туманига йўл олган Ҳамидулло Ҳайдаров.
У биз билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистонга борганидан кейин яқинлари билан маслаҳатлашиб, ўзининг айбсизлигини исботлаш учун ҳаракат қилишини айтди.
Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Ақси туман Ички ишлар бўлимининг 2014 йилдаги йил якунидаги маълумотига кўра, бир йил ичида икки нафар Ўзбекистон фуқароси чорва молларини ўғтрилашда гумонланиб қўлга олинган.
Ўзбекистон билан Қирғизистон чегара ҳудудларида тез-тезда турли низолар бўлиб туради.
Жумладан чегаралари аниқланмаган ҳудудда қўшни давлат фуқаролари яйловларга мол-қўйини олиб чиқиб боқишлари ҳам қирғизистонликлар норозилигига сабаб бўлади.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












