Қирғизистон Олий Суди ўзбек фаоли Азимжон Асқаровни бир умрлик қамоқда қолдирди

Азимжон Асқаров

Сурат манбаси, Fergananews.com

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Ўш
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

13 май куни Бишкекда Олий суд бир умрга қамалган ҳуқуқбон Азимжон Асқаровнинг кассация тартибидаги аризасини қўриб чиққан ва ҳукмни ўз кучида қолдирган.

"Ҳакам қарорнинг фақат якуний қисмини ўқиди. Биз унинг нимага асосланганини билмаймиз" - дейди унинг ҳимоячиси Валерян Вахитов .

"Биз тақдим қилган маълумотларимизни инобатга олмади ва Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқишни рад этди".

Шикоятга ўрин йўқ

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳимоячининг айтишича, Олий Маҳкама Азимжон Асқаров ишига сўнгги нуқтани қўйган, яъни мазкур қарор юзасидан шикоят қилинмайди.

Бундан кейин ҳуқуқбон иши фақат инсонийлик юзасидан қайта кўриб чиқилиши мумкин холос.

Олий Маҳкамадаги илк жараён жорий йилнинг 25 февраль куни бўлиб ўтганди.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган миллий низода иштирок этиш ва милиция ходимини ўлдиришга оид айбловлар билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Азимжон Асқаров ҳар доим айбловларни рад этиб келган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кузатувчилар Азимжон Асқаров ноҳақ қамалиб, қийноқларга солинганини айтиб, унга қўйилган айбловлар исботланганини савол остига олишади.

Судда иштирок этган Азимжон Асқаровнинг рафиқаси Ҳадича Асқарова ўз турмуш ўртоғи иши юзасидан адолатсиз суд жараёни бўлиб ўтган деган фикрда.

"Суд тушдан кейин бўлди. Жараён бошланишидан аввал, жабрланувчи тараф, дейилган одамлар жанжал қилишди. Милиция чақиртирилди. Адвокатларни, мени ҳақоратлашди".

"Жараён тартибсиз ўтди. Суд адолатли ҳукм чиқармади. Мен қарордан норозиман" - дейди ҳуқуқбоннинг рафиқаси.

Унинг сўзларига кўра, 68 яшар Азимжон Асқаровнинг соғлиги кундан кунга ёмонлашиб бормоқда.

У озиб кетган ва қон босимидан азият чекади.

"Асқаров озод этилсин"

Азимжон Асқаров

Сурат манбаси, Getty Images

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2016 йилнинг апрел ойида Қирғизистон ҳукуматига Азимжон Асқаров иши юзасидан тавсия берган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Асқаров ишини обдон ўрганган ва унинг "қамалишдан тортиб, барча босқичларда ҳуқуқлари топталган" дея хулоса қилган.

Ташкилот Қирғизисон ҳукуматидан Асқаровни ҳеч қандай шартларсиз дарҳол озод қилишни сўраган.

2017 йил сўнгида Қирғизистонда Асқаров иши қайта кўриб чиқилди, бироқ унга белгиланган бир умрлик қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилган.

Қирғизистон Республикасин жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилиши ортидан 2019 йилнинг 30 июлида Асқаровнинг ишида яна бир бор кўриб чиқилганди.

Жорий йил бошида Қирғизистон Олий Суди Азимжон Асқаровнинг ишини БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг тавсиясига биноан қайта кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида маълум қилган.

27 феврал куни Бишкекда Қирғизистон Олий Суди жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг кассация аризасини кўриб чиқишни бошлаган.

Лекин давлат айбловчилари аризалар билан танишиб чиқиш учун вақт сўрашгани сабабли кейинги жараён 6 апрелга қолдирилган.

Бироқ, коронавирус хавфи сабаб, ҳуқуқбоннинг суд жараёни майга кўчирилганди.

Алоқадор мавзулар: