Қирғизистон бир умрга қамаган ўзбек фаолини озод қиладими?

Азимжон Асқаров

Сурат манбаси, fergananews.com

Сурат тагсўзи, Азимжон Асқаров ҳар доим ўз айбсизлигини айтиб келган.
    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Бишкекда Қирғизистон Олий Суди жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг кассация аризасини кўриб чиқишни бошлаган.

Лекин давлат айбловчилари аризалар билан танишиб чиқиш учун вақт сўрашгани сабабли кейинги жараён 6 апрелга қолдирилган.

Жалолободлик фаол бу жараёнда озод бўладими? Номаълум.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган миллий низода иштирок этиш ва милиция ходимини ўлдиришга оид айбловлар билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Азимжон Асқаров ҳар доим айбловларни рад этиб келган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кузатувчилар ҳам Азимжон Асқаровга қўйилган айбловлар исботланланини савол остига оладилар.

Энди умид уйғонмоқдами?

Азимжон Асқаров оила аъзолари

Сурат манбаси, Shohruh Soipov

Сурат тагсўзи, Азимжон Асқаров оиласи ва ҳуқуқ фаоллари унинг озод этилишига умид қилишмоқда.

Судда иштирок этиш учун Жалолободдан Бишкекка келган Азимжон Асқаровнинг рафиқаси ва ўғиллари бу сафар адолатли ҳукм чиқарилишига умид қилишмоқда.

" Халқаро ташкилотлар зудлик билан Азимжон Асқаровни озод этишни талаб қилишаяпти. БМТнинг тавсияномаси чиқди. Менимча, Қирғизистон давлати ҳам бу нарсаларни инобатга олса керак" - дейди рафиқаси Хадича Азимова.

"Ҳали яна қанча ноҳақ қамоққа ташланган йигитлар бор. Битта Азимжон ака эмас, уларнинг барчасини озодликка чиқаришни президентдан илтимос қилардим" - дейди Ҳадича опа Асқарова биз билан суҳбатда.

2010 йилги Ўш ва Жалолобод воқеаларида асосан ўзбеклар ҳужумга тутилган.

Лекин Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари аксар ўзбекларни айблаб, жазолаган.

Жалолободлик фаол Азимжон Асқаров ҳам улар орасида.

Бир умрлик қамоққа ҳукм этилган Азимжон Асқаров олдинроқ республика раҳбарияти ва халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаб, Қирғизистон ҳукуматини БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг тавсияларини бажаришга чақирганди.

"Ҳалқаро ҳамжамият бир неча маротаба Қирғизистонга 2010 йилнинг июнида юз берган воқеалар юзасидан тўлиқ, мустақил ва холис текширув олиб боришни тавсия этган, улар қаторида менинг ишимни ҳам. Орадан 10 йил ўтди, бироқ давлат ижобий қадам қўймади" - деган ўз мурожаатида Азимжон Асқаров.

Жорий йил бошида Қирғизистон Олий Суди Азимжон Асқаровнинг ишини БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг тавсиясига биноан қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.

Қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон ҳукуматидан Азимжон Асқаровни озод этишни талаб қилиб келадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek