Олтин нархида янги рекорд. Бундан Ўзбекистонга фойда

Сурат манбаси, Reuters
14 январ куни жаҳон бозорида олтин нархининг янги рекорди қайд этилди: унциясига 4639,32 АҚШ доллар.
1 унция - 28,3495 граммга тенг.
Аммо кўплаб таҳлилчилар фикрича, олтиннинг нархи яқин орада $5000 га етади.
Нега? Бунинг асосий сабаби глобал иқтисодий ноаниқликдир.
Олтин ҳар доим замон нотинч бўлганда одамзод ўзининг бойлигини ҳимоя қилади деб ишонган буюм бўлиб келган.
Бугун давом этаётган Россиянинг Украинадаги уруши, Эрон атрофидаги беқарор вазият сармоядорларни ҳимоя бойликларидан бошпана излашга ундаяпти, шу кунларда кумушнинг нархи ҳам янги рекордини уриб, унцияси 91 АҚШ долларидан кўтарилди.
Олтин нархи кўтарилишига 2025 йил апрелида АҚШ Президенти Доналд Трампнинг глобал савдони изидан чиқарган кенг кўламли бож тарифларини эълон қилгани ҳам туртки бўлди.
Шунингдек, таҳлилчиларга кўра, АҚШ марказий банки ўзининг асосий фоиз ставкасини пасайтиради деб кутилгани ҳам тилло баҳосини оширди, бу эса олтинни инвесторлар учун янада жозибадор капиталга айлантирди.
Шу билан бирга, иқтисодий таҳлилчилар олтин нархи ошиб бораётганининг қатор муҳим омилларини эслатадилар.
Булар қуйидагилар:
Чайқовчилик кайфияти
Олтиннинг ўзининг ички қиймати бор, аммо бу уни одатий чайқовчилик савдосидан ҳимоя қилади дегани эмас. Жаҳон Олтин Кенгаши ўтган йили октябрида қайд этишича, олтин қиймати ўсишини қўлдан бой бериб қўймаслик истаги кўпроқ инвесторлар ва бой шахсларни акциялардан диверсификация қилиш мақсадида олтин сотиб олишга ундаган.
Олтин ETFлари жорий этилиши олтин харид қилишни анча осонлаштирди.
Сўнгги йилларда кўплаб инвесторлар АҚШдаги технология акцияларига сармояларини ётқизишган, аммо 2025 йил бошида сунъий ақлга таянган ҳиссалар ҳаддан зиёд ортиқча баҳоланган деган хавотирлар пайдо бўлди.
"Агар сунъий интеллект васвасаси пуфак бўлиб чиқса, бойликларимни олтин билан диверсификация қилай", деган пулдорлар кўпайди.

Доллар спекуляцияси
Савдо ва АҚШнинг янги йўналишига оид ноаниқлик АҚШ активлари ва долларни ҳам қайта баҳолашга олиб келди.
Албатта, доллар ҳали ҳам асосий захира валюта бўлиб, глобал умумий захиранинг 57% ва хорижий транзакцияларнинг 88%ини ташкил этади.
Аммо АҚШ Молия вазирлигининг хавфсиз актив ўлароқ глобал стандарт сифатидаги роли аста-секин йўқолиши мумкин деган хавотирлар ўртага чиққан, шу кунларда Президент Трампнинг Федерал Резерв ёки марказий банк раҳбари Жером Пауэллга нисбатан қилаётган танқидлари, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши бунинг энг сўнгги исботидир.

Сурат манбаси, Getty Images
Шунингдек, келгуси ўн йилликларда АҚШ ташқи қарзи янада ўсади ва сиёсий бўлинишлар туфайли қарз лимити бузилади, бозорда саросима келтириб чиқаради деган башоратлар ҳам ўртага ташланаяпти.
Бу кўпинча олтин тарафдорлари учун асосий баҳс мавзуси бўлиб келган: АҚШ қарзини тўлолмаслик хавфи олтинни жуда жозибадор қилиб қўяди.
АҚШ дефолти хавфи кўпинча ортиқча баҳоланади; бу ҳали анча узоқда, аммо бозорлар унинг эҳтимоли сўнгги йилларда ошган деб ҳисоблайдилар ва АҚШ миллий валютасининг қадри охирги бир йилда 5% пасайди.
Марказий банклар
Олтин нархининг ўсишига таъсир қилаётган яна бир муҳим омил — глобал марказий банклар ўзларининг захиралари учун тобора кўпроқ олтин харид қилаётганларидир.
Ҳозирда марказий банклар тарихда қазиб олинган барча олтиннинг 20%ига эгалик қилаяптилар.
1990 йиллар ва 2000 йиллар бошида марказий банклар инфляция пастлиги ва нисбий барқарорликни ҳисобга олиб, олтин захираларини кам қийматли деб билиб сотишга мойил эдилар.
Аммо 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейин олтин харидлари кўпайди.
Аслида, 2022 йилдан буён дунё мамлакатлари марказий банклари янада кўпроқ олтин сотиб олмоқдалар.
Россиянинг доллар активларига санкциялар киритилгани бошқа кўплаб мамлакатларни доллар активларини диверсификация қилишга чорлади.
Хитойнинг олтин захиралари охирги 20 йилда сезиларли даражада ошди.

Сурат манбаси, Getty Images
Заргарлик
Олтиннинг узоқ муддатли жозибадорлиги сабабларидан бири шуки, у нафақат қиймат сақлайдиган бойлик, балки заргарликда ҳам ўзининг ички фойдасига эга.
Ҳиндистонда кузатилаётган иқтисодий ўсиш заргарликда олтинга талабни оширди, бу мамлакатда олтин заргарликда айниқса қадрланади.
Заргарликка талаб олтинга нисбатан глобал умумий талабнинг тахминан 40% ини ташкил қилади.
Аммо олтин нархларининг кўтарилиб кетгани талабга таъсир қилди: 2024 йили жуда баланд нархлар туфайли глобал олтин истеъмоли 7% га камайди.
Шунингдек, истеъмол харажатлари секинлашиши, юқори тарифлар ва ишончнинг пасайиши билан бирга АҚШ рецессияга кириши мумкин деган хавотирлар бор ва булар ҳам олтиннинг жозибадорлигини ошириши мумкин.
Албатта, охирги йилларда иқтисодий вазият ёмонлашди, аммо 2022 ва 2024 йилларда рецессия рўй беради, деган башоратлар илгари сурилган, бироқ бу башоратлар рўёбга чиқмади.
Иқтисодий таҳлилчиларга кўра, рецессия яқинлашганининг ҳақиқий белгиси — фойда маржалари пасайиши ва ишсизликнинг ўсишидир.
Ҳозирча бу белгилар глобал иқтисодда кузатилаётгани йўқ.
Олтин қимматлашаётганидан ютаётган Ўзбекистон
Ўзбекистон жаҳонда энг кўп олтин қазиб олаётган 10 давлатдан биридир.
Бу рўйхат қуйидагича:
- Хитой, у йилига 370 – 380 тонна олтин қазиб олади, кетма-кет 10 йилдан ортиқ вақт давомида дунёда 1-ўринни эгаллаб келаяпти.
- Россия, 310 – 330 тонна, дунёдаги энг йирик олтин захираларига эга.
- Австралия, 290 – 310 тонна, қазиб олишнинг катта қисми Ғарбий Австралия ҳиссасига тўғри келади.
- Канада, 200 – 210 тонна, сўнгги йилларда ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошаяпти.
- АҚШ, 160 – 180, Невада штати АҚШ олтинининг 70% дан ортиғини беради.
- Қозоғистон, йилига 130 тонна атрофида, саноатни модернизация қилиш ҳисобига ишлаб чиқариш ўсмоқда.
- Мексика, 120 – 130 тонна, Лотин Америкасидаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири.
- Индонезия, 110 – 120 тонна, дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири – Грасберг шу ерда.
- Гана, 100 – 110 тонна, "Африкада Жанубий Африкани ортда қолдириб, 1-ўринга чиқиб олди."
- Ўзбекистон, 100 – 110 тонна,"Мурунтов" кони дунёдаги энг йирик очиқ олтин кони ҳисобланади.
Шу кунларда Ўзбекистон Марказий Банки маълум қилишича, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари 66 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Охирги бир йилда захиралар кўпайиши 61%дан зиёдни ташкил этди.
2025 йилнинг ноябрида Жаҳон Олтин кенгаши Ўзбекистон олтин хариди бўйича дунёдаги энг йирик учта харидордан бири бўлгани ҳақида хабар берди.
World Gold Council ҳисоботига кўра, бир ой давомида Ўзбекистон 10 тонна олтин сотиб олган.
Халқаро Валюта жамғармаси ва бошқа очиқ манбалар маълумотларига кўра, ноябр ойида марказий банклар томонидан соф олтин хариди жами 45 тоннани ташкил этган.
Энг йирик харидор Полша кетма-кет икки ой 12 тонналаб олтин сотиб олди.
Бразилия 11 тонна билан иккинчи, Ўзбекистон 10 тонна билан учинчи, Қозоғистон эса 8 тонна билан тўртинчи ўринни эгаллаган. Чехия, Хитой ва Индонезия ҳам кичик ҳажмларда олтин захираларини оширган.
2025 йилда энг кўп олтин сотган уч мамлакат Сингапур, Россия ва Ўзбекистон бўлган.
Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта жамғармаси ташкил этилиб, дунё мамлакатлари ушбу икки нуфузли молия ташкилотига аъзо бўлиб кирганларидан кейин аъзо мамлакатлар ўз зиммаларига муайян мажбуриятларни олганлар.
Ушбу мажбуриятлардан бири - мамлакатнинг камида олти ойлик импорти ҳажмига тенг олтин-валюта захирасига эга бўлиш.
Бунда олтин 50 фоизини, хорижий мамлакат валютаси 50 фоизини ташкил этиши керак.
Таниқли иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев айтишича, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўз олтинига эга эканлиги уларга олтин захирасини халқаро молия ташкилотлари талабидан кўпроқ жамғариш имкониятини берган.
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг четдан олтин сотиб олишга эҳтиёжи йўқ.
Улар ўз конларидан олтин қазиб оладилар, Навоий ёки Олмалиқ кон заводларига қуйилган олтинларини Марказий Банкка миллий валютада сотиш буюрилган.
Ўз конларига эга бўлгани учун ҳам Ўзбекистон олтин-валюта захирасининг 70-80 фоизини олтин ташкил этади.
Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев билан суҳбатимизни тингланг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост












