Ўзбекистон: Олтин васвасаси - ҳукумат одамларга олтин қазишга рухсат бергач, нима ўзгарди?

Олтин завод

Сурат манбаси, AFP

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда олтин қазиб олиш учун одиий тадбиркорларга ҳам рухсат берилгач, юзлаб тилла қидирувчилар пайдо бўлди.

Навоий даштидаги Олтинсой қишлоғида ана шундай олтин овловчиларнинг бир нечтаси фаолият юритади.

Бу ердаги одамлар ер ости бойликларига тўла Марказий Осиё давлатида олтин талвасасида бой бўлишга ҳаракат қилаётган юзлаб янги тилла қидирувчиларнинг бир қисмидир.

Давлат бир пайтлар тоғ-кон ширкатлари учун берилган ҳуқуқни, иқтисодни кўтаришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида ҳар кимга бериши олтин излаш пайида бўлганлар учун айни муддао бўлди.

Алоқадор мавзулар:

25 яшар Хислат Очилов Навоийнинг Сойкечар қишлоғида сувга ботирилган сим тўрда пайдо бўлган ялтироқ ёриқларни диққат билан кўздан кечиради.

Хислат Очилов бир деганда энг кўп 7 грамм тилла топган

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Хислат Очилов бир деганда энг кўп 7 грамм тилла топган

Ниҳоят, гуруч донидек бўлакка кўзи тушади. Бир деганда энг кўп 7 грамм тилла топган бўлса-да, бу сафарги насибаси ҳам ёмон эмаслигини айтади.

28 ёшли Сардор Мардиев эса ҳар куни 12 соат тупроқ ташувчи трактор ҳайдаб, ҳафтада олти кун ишлайди.

"Ишим рудани заводга ташлаб туриш. Даромадимиз яхши, ойига ўртача 3-4 миллион сўм ойлик рўзғоримизга етиб турибди", дейди у.

рақам

Ҳукумат одамларга олтин қазиб олишга рухсат бериш орқали мамлакатда унинг ҳажмини оширишни кўзлаган.

Ўтган йили Ўзбекистон 111 тонна яқин олтин ишлаб чиқарди ва жаҳонда ўнинчи ўринни эгаллади.

Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, Ўзбекистон Марказий Банки 25 тоннага яқин соф олтин сотиб, дунёда Қозоғистондан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

Ўзини ислоҳотчи сифатида тақдим қилаётган Президент Шавкат Мирзиёев учун бу кўрсатгич етарли эмас. У 2030 йилгача олтин ишлаб чиқаришни 50 фоизга оширишга топшириқ берди.

Бунинг учун заҳира етарли. Шу кунгача Ўзбекистон ер ости бойликларининг атиги 20 фоизи ўрганилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

2016 йилдан бери ҳокимиятда бўлган Мирзиёев, шунингдек, денгизга чиқиш имкони йўқ Марказий Осиё давлатига кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш умидида оғирлиги бир килограммгача бўлган олтин қуймаларини сотишга чақирди.

Маҳаллий иш ўринлари

Тартиб ўзгарганидан сўнг ўз омадини синаб кўришга қарор қилган юзлаб тадбиркорлар орасида 30 ёшдаги Зоҳид Худобердиев ҳам бор.

Олтин талвасасига қўшилиш учун у ким ошди савдосида ер ҳудудига бўлган уч йиллик ҳуқуқни қўлга киритди.

"2019 йилгача олтин қазиб олишга ҳаққимиз йўқ эди", - дейди у.

Аммо одамлар ўзларини хатарга қўйиб бўлса ҳам бу иш билан ноқонуний шуғулланишганлиги айтилади.

Сардор Мардиев ойига 3-4 миллион маош олади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Сардор Мардиев ойига 3-4 миллион маош олади

Қўшни ҳуддудларда олтин қазиш ҳуқуқини қўлга киритган қозоқ ва хитойлик тадбиркорлар унинг рақобатчиси ҳисобланади.

Агар бу ерда олтин мўл-кўл бўлмаса, у узоқларга кўз тикишини айтади. Худобердиевнинг орқасида юк машиналари ва қазувчилар ҳаракати тинмайди.

Унинг айтишича, улар тонналаб тупроқ қазиб, тошларни майдалашади ва олтин қидирувчилар кунига ўртача 12-15 грамм тилла ажратиб олишига шароит яратади.

Март ойида жаҳон бозорида олтин мисли кўрилмаган даражада қиммат бўлиб кетди. Бир унция ёки 31 грамдан ошиқроқ олтиннинг баҳоси 2200 долларга чиқди.

Кузатувчилар ҳукумат тадбиркорларга олтин қазиш имкониятини бериши аҳолини иш билан таъминлашда ҳам қўл келаётганини айтишади.

Зоҳид Худобердиев қўлидаги ишчилардан бири олдин ишсиз яна бири фермер бўлганини, энди эса ойига 3-4 миллион сўм топаётганини таъкидлайди.

Унга кўра, қишлоқ шароити учун бу яхши маош.

Олтин қидирувчиларнинг янги тўлқини қазиб олган бойликни ўзлари хоҳлаганича олди-берди қилолмайди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Марказий банки орқали амалга ошиши керак. Банк кейин уларни жаҳон бозорида долларга сотади.

Чорвадорларнинг ташвиши

Деҳқончилик ва чорвачилик тирикчилик ўтказишнинг асосий манбаи бўлиб қолаётган Сойкечарда олтин васвасасидан ҳамма ҳам хурсанд эмас.

"Қидирувчилар чорвамиз боқиладиган жойни қазишади", - дейди Навоийлик фермер Эркин Қаршиев.

У олтин қидирувчилардан қолган чуқурлиги 10 метрлик ўраларга қараб ҳафсаласи пир бўлади.

"Тадбиркорлар олтинларини кавлаб олишди. Аммо кавлаган жойини текислаш ишларини умуман қилмади. Чорваларимиз ўраларга тушиб кетиш хавфидан жуда хавотирланяпмиз", дейди у.

Унинг муаммони ҳал қилишга бўйича расмийларга қилган кўп мурожаатлари шу пайтгача эътибордан четда қолмоқда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002