Ўзбекистон ва дунё: Қазиб олса бўладиган қанча олтин қолди? – O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Gold bullion bars polished at the ABC Refinery in Sydney.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Covid -19 олтинга сармоя ётқизишга қизиқишни кучайтирди

Ўзбекистон ва дунё: Қазиб олса бўладиган қанча олтин қолди? - Ўзбекистон дунёнинг энг йирик олтин захираларига эга саноқли давлатларидан бири бўлади. Ўтган ой олтин нархи осмонга ўрлаб, бир унцияси $2000 доллардан ошди.

Reuters нинг ёзишича, Ўзбекистон шу йил август ойида қарийб 32 тонна олтин сотган.

Ўзбекистоннинг Мурунтовидаги очиқ усулда олтин қазиб чиқариш кони эса, жаҳондаги энг йириги ҳисобланади.

Олтин қазиб олиш ва ишлаб чиқариш саноати Ўзбекистонда етакчи саноатлардан бири саналади.

Дунё бўйлаб Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича ўнта мамлакат ичида, собиқ Шўро давлатлари орасида эса, Россиядан кейин иккинчи ўриндадир.

АҚШнинг геологик хизмати чиқарган ҳисоботга кўра, 2015 йили Ўзбекистонда 103 тонна олтин ишлаб чиқарилган.

Ҳозир дунёда қазиб олса бўладиган қанча олтин қолди?

Жастин Ҳарпер

Би-би-сининг Бизнес масалалари бўйича мухбири

Олтин нархини олтин савдогарлари кўтарган бўлса ҳам, бу ноёб метал таъминоти ва у қачон бутунлай тугаши мумкинлиги ҳақида саволлар ўртага чиқади.

Сармоя, статус белгиси ва кўплаб электрон қурилмаларда ишлатилувчи муҳим компонент сифатида дунёда олтинга талаб ўта юқори.

Аммо у чекланган ресурсдир, бир кун қазиб олиш учун ҳам олтин топилмай қоладиган босқич келади.

Пик олтин

Экпертлар бир йил давомида мумкин қадар энг кўп олтинни қазиб олган вақтимиз - "пик олтин" ҳақида гапиришади. Айримларнинг ишонишича биз аллақачон ўша нуқтага етиб борганмиз.

Жаҳон Олтин Кенгаши маълумотига кўра, 2019 йили умумий 3531 тонна олтин қазиб олинган - 2018 йилга нисбатан бир фоиз кам. Бу 2008 йилдан буён илк йиллик пасайишдир.

"Мавжуд захиралар тугаб, янгиларининг топилиши борган сари камаяр экан, қазиб олиш келгуси йилларда секинлашаётган ёки бироз пастлаётган шароитда ишлаб чиқариш чўққисига етди, дейишга ҳали эртароқ бўлиши мумкин," дейди Жаҳон Олтин Кенгаши сўзчиси Ҳанна Брандштеттер.

Ҳатто қазиб олиш чўққисига етганда ҳам, экспертларнинг айтишича, ундан кейинги йилларда олтин қазиб олиш жадал камайиши эҳтимоли оз. Аксинча, олтин таъминоти бир неча ўн йил давомида аста‑секин пастлашини кузатамиз.

"Қазиб олиш бир маромда кетяпти ва пастлаш траекторияси бўлиши ҳам мумкин, аммо бу кескин тушиб кетиш булмайди," деб қўшимча қилади "MetalsDaily.com"дан Росс Норман.

Хўш, қанча қолди?

Қазиб олувчи компаниялар ер қаъридаги олтин ҳажмини икки усулда аниқлайдилар.

Захиралар - олтиннинг жорий нархида қазиб олиш иқтисодий фойдали бўлган олтин.

Ресурслар - қўшимча ўрганишлардан сўнг ёки юқорироқ нархда қазиб олиниши фойдали бўлган олтин.

Олтин захираси ҳажмини ресурсларникига нисбатан аниқроқ ҳисоб‑китоб қилиш мумкин. Аммо бу барибир осон бўлмайди.

АҚШ Геологик қидирув агентлиги маълумотича, Ер остидаги олтин захираси жорий ҳисобларга кўра, 50000 тонна атрофидадир.

Ҳисоб‑китоблар ўзгарганда ҳам, бу рақамларни шу кунга қадар жами 190000 тонна олтин қазиб олинганига солиштиринг.

Бу хомаки ҳисобларга асосланганимизда ҳам, қазиб олиниши керак бўлган 20 фоиз олтин бор. Аммо бу ўзгариши мумкин.

Янги технологиялар ҳозирги кунда қазиб олиниши иқтисодий ўзини оқламайдиган захираларни ҳам қазишга имкон бериши мумкин.

Катта маълумотлар, сунъий ақл ва ва маълумотларни ақлли таҳлил қилиш каби энг охирги инновациялар жараённи оптималлаштириши ва харажатларни камайтириши мумкин.

Айрим конларда аллақачон роботлардан фойдаланилмоқда ва бу кон излаб топишда ҳам стандарт технологиялардан бири бўлиши кутилмоқда.

A worker in an underground gold mine.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Олтин қазиб олиш тобора қийинлашиб, қимматга тушиб бормоқда

Энг катта манбалар

Тарихда топилган энг катта кон Жанубий Африкадаги Витватерсрандда топилган олтин манбасидир. Шу пайтгача ер юзида қазиб олинган олтиннинг 30 фоизи Витватерсранддан олинган.

Бошқа энг катта манбалар Жанубий Африкадаги ўта чуқур Мпоненг кони, Австралиядаги Супер Пит ва Ньюмонт Боддингтон конлари, Индонезиядаги Грасберг кони ҳамда АҚШнинг Невада штатидаги конлардир.

Хитой ҳозирги кунда дунёнинг энг катта олтин қазиб олувчиси бўлса, Канада, Россия ва Перу ҳам йирик олтин етказиб берувчидир.

Олтин ширкатларига келсак, "Barrick Gold" корпорацияси асосий улушига эгалик қилувчи "Nevada Gold Mines" ширкати дунёдаги ягона энг йирик олтин қазиш комплекси ҳисобланади. У йилига ўртача 3.5 миллион унция олтин қазиб олади.

Гарчи янги олтин конлари топилиб турган бўлса ҳам, катта олтин манбаларининг топилиши борган сари камайиб бормоқда, дейди экспертлар.

Натижада, ҳозирда етказиб берилаётган олтиннинг катта қисми ўн йиллар давомида қазиб келинаётган конлардан келмоқда.

Қазиб олиш ҳам оғирлашяптими?

Катта кўламда қазиб олиш ўта серхаражат иш бўлиб, ер юзаси ва остидаги кенг майдонни ўрганиш ва кўп миқдорда техника керак бўлади.

Бугун дунёнинг 60 фоиз кончилиги ер юзасидаги очиқ конларга тўғри келади. Қолганлари эса ер ости конларидир.

"Қазиб олиш қийинроқ бўлиб бормоқда, чунки аксарият кам харажатли конлар, Жанубий Африкадаги эски конларнинг таги кўриниб қолди," дейди жаноб Норман.

"Бошқа томондан, Хитойнинг олтин конлари жуда кичик, шу боис, хийла серхаражат."

Олтин қазиш учун ўрганилмаган жойлар нисбатан оз қолди. Уларнинг ҳам энг тузукроқлари Ғарбий Африка каби дунёнинг нотинч ҳудудларида.

Осмонга ўрлаган нархлар

Олтин нархи август ойида рекорд даражада кўтарилган бўлса ҳам, аммо бу олтин қазиб олишни кўпайтирмайди.

Олтин қазиб олишдаги ўзгаришлар унинг нархидаги ўзгаришдан сезиларли даражада ортда юради.

"Амалга оширилажак ишлар кўламини ҳисобга олсак, қазиб олиш режасини ташқи таъсирларга, дейлик, олтин нархига қараб ўзгартириш вақт олади," Брандштеттер хоним.

Ковид‑19 билан боғлиқ чекловлар сабабли айрим конлар қисман ёки бутунлай ёпилган бир шароитда олтин нархи мисли кўрилмаган қадар кўтарилди.

Сармоядорлар иқтисодий мавҳумлик шароитида олтинга ишончли мулк деб қарар экан, нархнинг кўтарилишини пандемия билан ҳам боғлаш мумкин.

There is also gold on the moon.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ойда ҳам олтин бор, аммо...

Кутилмаган конлар

Ердаги олтин миқдорини ҳисоблаш қийин бўлса ҳам, у ягона манба эмас. Олтин ойда ҳам мавжуд.

Аммо уни қазиб олиш, ерга ташиб келтириш харажатлари олтиннинг ўз қийматидан ҳам кўра қимматга тушади.

"Ойда у мавжуд бўлса ҳам, уни қазиб келтириш иқтисодий жиҳатдан маъносиз уриниш, - дейди фазо бўйича эксперт Шинейд О'Салливан. - Олтинни қазишга уни сотиб топганингдан кўра чандон кўпроқ харажат қиласиз."

Худди шу каби, қазиб олиш иқтисодий ўзини оқламайдиган олтин қатламлари Антарктикада ҳам бор. Чунки қитъанинг экстремал об‑ҳаво шароити бунга имкон бермайди.

Олтин океан тубида ҳам бор. Аммо улар ҳам ўзини оқламайди.

Олтиннинг нефт каби бошқа қайта тикланмайдиган ресурслардан бир фарқи бор - уни қайта ишласа бўлади. Шундай экан, олтин қазиб олиш тўхтаб қолганда ҳам, биз олтинсиз қолмаймиз.

Мобил телефонлар каби ташлаб юбориладиган электрон маҳсулотларга катта миқдорда олтин ишлатилади. Ҳар бир телефон қурилмасидаги олтин бир неча доллар туради.

Электрон қурилмалар чиқиндиларидаги олтинни ажратиб олиб, қайта ишлатишга уринишлар аллақачон бошланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek