Ўзбекистон: Ис газидан уч бола ўлди ва олтиариқликлар ҳам кўчага чиқди – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, videograb

Ўзбекистон: Ис газидан уч бола ўлди ва олтиариқликлар ҳам кўчага чиқди. Қулаган бино жиноят иши очилишига сабаб бўлди ва ис газининг гўдак қурбонлари - bbcuzbek.com дайжести.

Олтиариқ туманида бир гуруҳ маҳаллий аҳоли газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлардан норози бўлиб, кўчага тўпланган.

Бу ҳақда блогер Зафарбек Солижонов Telegram'даги каналида хабар берган.

"Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ҳам аҳоли газ йўқлиги ва свет тинмай ўчаётгани сабаб кўчага чиқди.

Туман марказидаги Шердил магазинининг олдида тўпланишган. Айтишларича, аҳоли ҳокимлик, райгаз ва шу каби бир нечта ташкилотларга борган, мурожаат қилган ва самара бўлмаган", ёзган блогер.

Каналда эълон қилинган 3 дақиқали видеода 20 чоғли инсонларнинг куннинг қоронғи вақтида ички ишлар ходими билан суҳбати акс этган.

Видеода норози одамларнинг энергия таъминотига масъул раҳбарларнинг маҳаллага келишини талаб қилаётгани қулоққа чалинади.

"Жонимиздан тўйдик", деган аёлларнинг қайта-қайта таъкидлари эшитилади.

Блогер Зафарбек Солижоновнинг Би-би-сига маълум қилишича, ҳолат 12 январь куни кечқурун содир бўлган.

13 январь куни Олтиариқ тумани ҳокимлиги воқеага нисбатан ўз муносабатини билдирган.

Ҳокимлик ўрганишлар ортидан норозилик юз берган туман марказида, ҳақиқатан, газ босими пасайиб кетгани аниқланганини маълум қилган.

Расмий хабарда туман марказидаги кўп қаватли уйларга табиий газ босими кўтарилиб берилган айтилган.

Бу жорий қиш мавсумида Бухоро, Қоракўл, Музработ, Пахтакор туманлари ҳамда Андижон ва Қўқон шаҳарларида аҳолининг айни муаммо туфайли норозилик акциялари ортидан ижтимоий тармоқда бўй кўрсатаётган еттинчи ҳолат бўлмоқда.

Қулаган бино ва жиноят иши

O'zbekiston

Сурат манбаси, Socialmedia

10 январь куни Жиззахда қулаб тушган бино иши бўйича мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилаётгани хабар қилинган.

10 январь куни кечга томон Жиззах шаҳри Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли бино қулаб тушган эди.

Бинонинг қулашига оид видео ва суратлар ижтимоий тармоқда кенг тарқалган.

Бунинг ортидан ўзбекистонликлар қурилиш хавфсизлиги талабларига риоя этиш масаласини яна бир бор кўтара бошлаганлар.

Шу куннинг ўзидаёқ мазкур ҳолатни ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган.

Ис газининг гўдак қурбонлари

O'zbekiston

Самарқандда ис газидан бир оиланинг уч нафар фарзанди оламдан ўтган.

Фожиа Каттақўрғон туманида юз берган.

Кун.уз нашрининг Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб ёзишича, ис газидан заҳарланиб вафот этган болалар 8, 4 ва 2 ёшда бўлган.

Ота-оналарнинг иккиси ҳам оғир аҳволда касалхонада қолаётгани хабар қилинган.

4 январь куни Хоразмда 10 яшар қиз, 10 январь куни эса Сирдарёда 33 яшар эркак ва унинг 26 ёшли аёли ис гази туфайли ҳалок бўлган эди.

Ўзлаштирилган миллиардлар

Pul

2020 йилда бюджет муассасаларида камомад ва асоссиз харажатлар миқдори қарийб 250 миллиардга сўмга етган.

Бу ҳақда Молия вазирлиги маълум қилган.

Бюджет маблағларини мақсадли сарфлашда энг йирик қонун бузилиш ҳолатлари Қашқадарё вилояти (26,1 миллиард сўм)да аниқланган.

Вазирлик ўтган йил давомида 54,5 миллиард сўм миқдорида нақд пул ўзлаштирилгани аниқланганини қўшимча қилган.

Нақд пулни ўзлаштириш банкдан олинган нақд пулни ташкилот ғазнасига кирим қилинмаслиги, ишламаган шахсларга иш ҳақи тўланиши ва бошқа кўринишларда кечган.

Шу тариқа 2020 йилда ўзлаштириш ҳолатлари 2019 йил (7,2 миллиард сўм)га нисбатан 7,5 мартага ортган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek