Ўзбекистон: Заправкалар тушдан сўнг ишламайди ва ароқдан заҳарланган наманганликлар – янгиликлар – Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, daryo.uz
Ўзбекистонда газ тақчиллашаяптими, "Градусник" таркибида нима бўлган, Самарқандда портлаш ва Хоразмда янги қурбонлар - bbcuzbek.com дайжести.
4 январдан бошлаб автомобилларга газ қуйиш шохобчалари соат 15.00 дан сўнг хизмат кўрсатмайди.
Ўрнатилаётган янги тартиб тўғрисида Энергетика вазирлиги хабар берган.
Вазирлик мазкур чеклов ҳавонинг кескин совиб кетиши ортидан табиий газ истеъмолининг ошганлиги ва иссиқлик электр станцияларига газ етказиб бериш зарурияти ортидан ўрнатилаётганини билдирган.
Бу билан заправкаларга кундузги соат 15.00 дан тонгги 05.00 га қадар газ етказиб бериш тўхтатилмоқда.
Расмий хабарда заправкалар фаолиятининг чекланиши билан магистраль газ қувурларидаги босимнинг барқарорлашишига эришиш кўзланаётгани айтилади.
Энергетика вазирлиги заправкалар фаолиятига чеклов маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда бир неча ҳудудларда ўрнатилаётганини қўшимча қилган.
Бироқ Gazeta.uz нашри ўз манбасига таянган ҳолда, чеклов бутун республика бўйлаб жорий этилаётгани ҳақида ёзган.
Эслатма ўрнида: вилоятларда метан заправкаларнинг фаолиятига ноябрь охирида, пойтахт Тошкентда эса декабрь ойи бошида чеклов ўрнатилган эди.
Бунгача заправкалар соат 17.00 дан 05.00 га қадар хизмат кўрсатишни тўхтатиб турган эди.
Расмийлар мазкур ҳолатни аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш йўлида амалга оширилаётган чора ўлароқ изоҳлаган эди.
11 январдан - анъанавий таълимга

Сурат манбаси, official
11 январдан бошлаб барча олий таълим муассасалари анъанавий таълимга қайтади.
Бу ҳақда 4 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев маълум қилган.
Айни вақтда Бабашев бетоб ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар ўқишни онлайн шаклда давом эттиришлари мумкинлигини қўшимча қилган.
Барча имкониятлари мавжуд бўлган талабалар эса анъанавий таълимга тўлиқ жалб этилиши билдирилган.
Шунингдек, 1 февралдан иш ҳақи ва стипендиялар миқдорлари 10 фоизга оширилаётгани белгиланган бўлсада, жорий йилда амалдаги тўлов-контракт миқдорлари ўзгаришсиз қолаётгани хабар қилинган.
"Градусник"
Наманганнинг Тўрақўрғон туманида 12 фуқаро спиртли ичимликдан заҳарланган, икки инсон ҳаётдан кўз юмган.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берган.
Хабарда фуқаролар 2020 йил 29-31 декабрь кунлари Қирғизистон Республикаси акциз маркаси ёпиштирилган "Градусник" номли спиртли ичимлик истеъмол қилганликлари оқибатида шифохонага ўткир заҳарланиш ташхиси билан ётқизилгани айтилади.
"Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, уларнинг 2 нафари вафот этган", дея ёзган Шамсутдинов.
Айни вақтда ҳолат юзасидан Тўрақўрғон прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.
Мактабдаги портлаш

Сурат манбаси, official
Самарқанд шаҳридаги мактаб қозонхонасида портлаш юз бериб, бир инсон ҳалок бўлган.
Ҳолат 3 январь тунида шаҳардаги 4-мактабда юз бергани хабар қилинган.
Дарё.уз нашрининг Самарқанд шаҳар ХТБ масъулига таяниб хабар беришича, портлаш электр таъминотидаги узилиш сабаб юз берган.
"Таъкидланишича, мактабдаги электр энергиясининг вақтинчалик узилиши газ тармоғида босимнинг ортишига олиб келган. Натижада иситиш қозонининг автоматик ўчиш-ёқиш ускунаси ишдан чиққан. Ва сизиб чиққан табиий газ қозонхона ичига тўпланган. Мактаб ўт ёқувчиси Б.Ҳ. иситиш қозонини ёқмоқчи бўлганида портлаш содир бўлган", дея ёзган нашр.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Ис гази қурбони

Сурат манбаси, facebook/dimaqayum
Хоразмда она ва унинг 10 яшар қизи ис газидан заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмган.
Ёш оиланинг қолган икки аъзоси оғир аҳволда касалхонага тушган.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар тарқатган.
Хабарда маълум қилинишича, ҳолат 4 январь куни соат 19.30 да Боғот туманида содир бўлган.
Айни дамда 31 яшар оила бошлиғи ва унинг 7 яшар ўғли заҳарланиш туфайли комага тушган ҳолда касалхонада қолмоқда.
Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётганини маълум қилган.
16 декабрь президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда йил бошидан бери 106 инсон ис гази ва газ чақнашидан ҳалок бўлгани, 190 нафар инсон эса заҳарлангани ва куйиш тан жароҳати олгани тилга олинган эди.
IMEI-кодлари ва карантин зоналари
7 мингдан зиёд фуқароларнинг паспортига карантин зоналари ва чегара постларида ноқонуний равишда IMEI-кодлари расмийлаштирилган.
Бу ҳақда ИИВ масъул ходими маълумотларига таяниб, Gazeta.uz нашри ёзган.
Хабарда карантин зонасидаги жиноий гуруҳ таркибида "фаррошдан тортиб мансабдорларгача бўлгани" айтилади.
Давлат божхона қўмитаси бош инспектори Бахтиёр Кабиров эса Андижондаги ҳолат ҳақида маълумот берган.
"Қўмита вакиллари томонидан Қирғизистон томонга ўтиб, уёқдан паспортларни олиб, 5 доллардан 20 долларгача бўлган қийматда сотиб олиб, ҳар битта чегарадан ўтган фуқаро номига мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиб, ўтказаётгани аниқланган", дея Кабировнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Gazeta.uz.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















