Ўзбекистон: “Йил одами” Расул Кушербаевми ё Алишер Усмонов? – янгиликлар, video, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Ўзбекистон: "Йил одами" Расул Кушербаевми ё Алишер Усмонов? - Ўзбекистонликлар "Йил одами"ни аниқлашди. Шавкат Мирзиёев ҳам декларация тўлдирадими? Қашқадарёнинг 8 ҳудуди чироқсиз қолди. Бу гал Хивада портлаш юз берди - bbcuzbek.com дайжести.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Йил одами"
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ўтказган "Йил танлови — 2020"да "Йил одами" аниқланди.
Журналистлар, блогерлар ва фаол жамоатчилар Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевни "Йил одами" номига лойиқ кўрдилар.
Қарийб икки ой давом этган танлов уч босқичда ўтказилган.
ЎзАнинг анъанавий танловида нафақат "Йил одами", балки "Энг намунали ҳудуд", "Энг намунали вазирлик", "Энг кўп ўзгариш қилган ташкилот" каби номлар ҳам аниқланган.
Танлов натижалари агентликнинг ижтимоий саҳифаларида ўтказилган сўровнома ҳамда журналистлар ва блогерлар эътирофи асосида аниқлаб олинган.
Агентлик декабрь ойида "Йил одами" номинацияси бўйича даъвогарлар рўйхатини эълон қилган.

Сурат манбаси, BBCuzbek
Улар орасида таниқли миллиардер Алишер Усмонов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков бўлган.
8 январь куни танлов номинациялари бўйича ғолиблар номи эълон қилинган.
Сўровнома натижаларига кўра, Расул Кушербаев жамоатчилик томонидан 2020 йилда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига ижобий таъсир ўтказган, мамлакат тарихида ёрқин из қолдирган шахс ўлароқ эътироф этилган.
ЎзАнинг таърифича, Кушербаев ўтган йил давомида "монополларга ва "снослар"га қарши туриш, ҳокимларнинг ноқонуний қарорларига қарши курашиш"да жасоратли қадамлар ташлай олган.
"Одамлар дардига қулоқ тутиш, уларга кўмак кўрсатиш унинг депутатлик фаолиятида яққол кўзга ташланиб туради. У фақат ўз сайловчилари билан чекланиб қолмай, бутун халқимизнинг дарди билан яшайди, Ўзбекистон билан бирга нафас олади", ёзган ЎзА Кушербаев ҳақида.
Президент ва декларация
Ўзбекистонда президент ҳам ўз даромадлари тўғрисидаги декларацияни тўлдириши таклиф этилмоқда.
7 январь куни ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева даромадлар декларацияси тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилганини маълум қилган.
Агентлик томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида президент дохил барча мансабдорлар шахслар қамраб олинган.
Хабар қилинишича, лойиҳа бўйича тегишли ташкилотларнинг хулосаси олингач, ушбу қонун 2021 йил давомида қабул қилиниши кутилмоқда.
Чироқсиз қолган 8 ҳудуд

Сурат манбаси, official
8 январь куни Қашқадарё вилоятининг 7 тумани ва 1 шаҳари тўлиқ электрсиз қолган.
"Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг хабар қилишича, ушбу ҳолатга Таллимаржон иссиқлик электр станциясидаги иккита энергоблокнинг тўхтаб қолганлиги сабаб бўлган.
Оқибатда, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи, Ғузор, Нишон туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида электр таъминотида тўлиқ узилиш кузатилган.
Ҳолат юзасидан энергетика вазири Алишер Султонов бошчилигидаги мутахассислар зудлик билан Қашқадарёга йўл олгани хабар қилинган.
Эслатма ўрнида, Ўзбекистонда 4 январдан буён қатор иссиқлик электр станциялари фаолиятида носозликлар кузатилмоқда.
Хивада портлаш юз берди

Сурат манбаси, kun.uz
Хива шаҳридаги хонадонлардан бирида портлаш юз берган, вайроналар остидан 15 яшар қизнинг жасади топилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлашга газ-ҳаво аралашмаси чақнаши сабаб бўлганини билдирган.
8 январь куни соат 03.41 да юз берган портлаш оқибатида яшаш уйининг деворлари ва томи қулаб тушиб, ёнғин содир бўлган.
Воқеа жойида олинган суратларда хонадоннинг деярли вайрона ҳолга келиб қолгани кўринади.
6 январь тонгида Қарши шаҳридаги уйлардан бирида айни сабаб туфайли содир бўлган портлаш оқибатида ҳам икки инсон ҳалок бўлган эди.
"Энди "коробка-уйлар" бўлмайди"

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Ўзбекистонда апрель ойидан бошлаб, уйлар "коробка" ҳолатида топширилмайди.
Бу ҳақда 8 январь куни ўтган матбуот анжуманида қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов маълум қилган.
Бундай тартибнинг жорий этилаётганига қурилиш ташкилотлари томонидан "коробка" ҳолатидаги уйнинг девор ости майдонларини ҳам хонадон майдонига қўшиб юбораётганлиги ҳолатлари сабаб бўлган.
"Бундан кейин уйлар "коробка" ҳолатида топширилмайди. Пудрат ташкилотлари қуриб топшираётган барча уйларнинг 100 фоиз деворлари, коммуникация тармоқлари тортилган бўлади", деган вазир ўринбосари.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















