Россия, мигрантлар. Карантин зарбаси: 2 ойдан буён ўзбекистонликлар қандай кун кечирмоқда? - O'zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images
Россиялик тадқиқотчиларга кўра, Москвада ярим миллиондан зиёд меҳнат муҳожирлари иш ва даромад манбасидан айрилган. Мамлакатда энг кўп сонли мигрантларнинг Ўзбекистон фуқаролари эканлигини ҳисобга олсак, танг вазиятга тушиб қолганларнинг энг катта қисми ҳам - ўзбекистонликлардир.
Ишсизлик қайси соҳаларга ва кимларга кўпроқ таъсир ўтказди? Унинг қамрови қай даражада? Инқирозли 2 ой давомида пулсиз қолган муҳожирлар қандай кун кўришмоқда?
Би-би-си Ўзбек хизмати оғир вазиятдаги ўзбекистонликларнинг бир нечаси билан суҳбатлашди.
Россия, мигрантлар. Карантин зарбаси: 2 ойдан буён ўзбекистонликлар қандай кун кечирмоқда?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Ўзбекистон: Мирзиёев чегараларни очавериши керакми? - O'zbekiston, Россия, Туркия - BBC Uzbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Марҳамат, 33 ёш:
Россияга икки йил аввал келганман. Ҳозирда эрим ишламаяпти, қизим ўқийди. 2 фарзандимиз бор. Мен фаррош бўлиб ишлардим, аммо март охиридан бери ишламаяпмиз.
Ҳар ойда топган пулимизни уйга юборардик, бундай ишлар бўлиб кетишини билмаган эканмиз. Харажатлар учун қолдирган пулимиз 1 ойга етди, майни ярмидан жуда оғир вазиятдамиз. Қариндошлардан қарз олиб кун кўраяпмиз.
Беҳзод, 47 ёш:
Карантингача ҳайдовчи бўлиб ишлардим. Карантиндан бери уйда ўтирибман, ойлик йўқ. Ижара хонадонимизда жами 8 кишимиз, ҳаммамиз уйда. Яхшики, охирги ойдаги пулимни ҳали уйга жўнатмагандим, шунга кун кўраяпмиз. Аммо бу ҳам тугаб бораяпти.
Энди машинамни сотиб уйга кетмоқчиман. Лекин кетиш ҳам қийин, чартер рейсларга навбат катта дейишаяпти. Таксида кетай десам, одамларимизнинг чегара олдида кўчада қолганларини кўраяпман.
Шоҳиста, 40 ёш:
Март ойида мени ишдан бўшатишди. Ўшанда 8 ойлик ҳомиладор эдим. Кафелар тармоғида ошпаз бўлиб ишлардим. Эр-хотин ишсиз қолдик. Карантин бошланганида чартер рейсга рўйхатга ёзилдим, жавоб бўлмади. Элчихонага бордим, аҳволимни кўриб ҳам «навбат билан чақирамиз» деб қайтариб юборишди. Ҳомиладорлар навбатсиз кетади, дейишганди.
Майнинг бошида шу ерда қизчали бўлдим. «Дом доброты», «Саҳоват» фондларидан ёрдам сўрадим, беришди. Шулар ва ҳамюртларимизнинг кўмаклари билан кун кечираяпман. Чақалоқ билан кета олмайман, 14 кун карантинда ётишни истамайман. Йўл очилиши билан уйдагиларим пул юборади, кетаман.
Мақсуд, 32 ёш:
Москвага келганимга 3 ой бўлди. Келдиму ҳали тайинли иш топмасимдан бунақа воқеалар бўлиб кетди. Ҳозир ҳамюртларим, қариндошларнинг ёрдамида яшаяпман. Карантин очилиб, ишга чиқиб кетсам, ҳамма яхшиликларини қайтараман.
Гулчеҳра, 21 ёш:
Ўтган йили келгандим, маникюр-педикюрни ўргандим. Салонда иш бошлагандим. Апрелдан бери ишимиз тўхтаган. Турли гуруҳларга эълонлар бериб, мижозларнинг уйига бориб ишлаб турмоқчи бўлдим. Бироқ кўпчилик ишсиз, мижоз чиқиши ҳам жуда оз бўлди.
Ўзим ажрашганман, бу ерга бир танишим чақирганди. Ишламай қўявер, карантин тугагунча ёрдам бераман, деди. У билан бирга яшаяпман. Ҳозирча тирикчилигимиз ўтаяпти, лекин уйга келганимдан бери тузук пул юбора олганим йўқ.
Салим, 19 ёш:
Курьер бўлиб ишлардим. Апрел ўрталаригача яхши ишладим, ҳатто зўр дейиш мумкин. Ҳамма ишсиз, пулсиз пайтда биз яхши пул ишлаётгандик. Бундан хурсанд ҳам эдим. Лекин ўз хоҳишим билан ишимни тўхтатдим. Сабаби, билмайман қаердан, вирус илаштириб олдим. Жуда қийналдим, даволандим. Тушундимки, пул деб соғлигимни йўқотаяпман.
Бу хавфли кунлар ўтиб кетгунича кутишга қарор қилдим. Уйга пул юбормаяпман, улар ҳам пул кутишгани йўқ. Карантин пайтида топган пулларимга бутун уйдагилар билан бирга кун кечираяпмиз. Чунки мен билан шеригимдан бошқа ҳеч ким ишламайди.
Тоҳир, 54 ёш:
Кўп йилдан бери келиб-кетиб юрганман. Ҳаммавақт яхши ишлаб, кам-кўстимизни битириб кетардим. Бу сафар мартда йўлга чиқдим. Эски танишим ресторан очаётиб, мени ишга чақирди (бош ошпазман). Йўлкирамга пул ҳам юборди, жой ҳам унинг ҳисобидан бўлди.
14 мартда Намангандан учиб келдим. Ресторан очилиши арафасида карантин бошланди. Бир ойча иш берувчининг ёрдами билан яшаб турдим. Аммо 12 майда карантин яна узайтирилди. Танишимга оғирлигим тушмасин деб, Москва вилоятида яшайдиган узоқроқ қариндошларимникига келдим. Улар ишлашаяпти, тирикчилик ўтиб турибди.
Ойгул, 28 ёш:
«Чистый свет»да ишлардим (фаррошлик хизматлари тармоғи). Биз ишлаётган жой ёпилди. Ишсиз, пулсиз қолиб кетдик. Охирги ойни ойлигини ҳам ололмадик. Танишларимга телефон қилиб, иш сўрашни бошладим. Ҳамқишлоқларимиздан бири ёнига чақирди. Қурилиш жойида овқат қилиб бериб турадиган одам керак экан. Усталар ўртада пул йиғиб бериб турамиз, еб-ичишинг текин, деди. Шу ердаман ҳозирда.
Карантин тугаса, иш жойимга қайтаман. Аёл кишига бу иш эркакларни ичидалиги билан сал ноқулай экан. Қорним тўқ, лекин келганимга 1 ой бўлди, пулимни ҳам беришгани йўқ.
Шокир, 44 ёш:
Ишлаяпмиз, аммо пул беришмаяпти. Карантин бошланганида ишқилиб, бизни ҳам ишимиз тўхтамасин-да, дегандик. Сал узилиш билан давом этди. Аммо ойлик бера олишмаяпти. Хусусий ишларнинг шуниси ёмон: кафолот йўқ.
Орамизда бир киши касалланди, бизга ҳам юқди. Бутун хонадондагилар бир шамоллаб тузалдик. Вирусмиди, тумовми, билмаймиз. Аммо оғир тури эмас экан, таъмирни тўхтатмадик. Иш берувчимиз қўрқиб келмай қўйди. Картага ўтказ ойлигимизни десак, карантин тугасин, дейди. Еб-ичишимизга ўтказиб турибди, холос.
Олим-Нафиса, эр-хотинлар. 36-31 ёш:
Россияга келибмизки, қийинчиликдамиз. Ўзимиз яхши емай-ичмай, киймай, уйга пул юборамиз. У ерда ўзимиз учун уй-жой қилишимиз керак, болаларимиз ота-онамизда. Апрелдан ишсиз қолдик. 2 ҳафтадан кейин пулсизлик ҳам бошланди. Патент тўламаймиз, деб тургандик. Бекор бўлганида 2 ойлик патентга асраб ўтирган пулимизни тежаб ишлата бошладик.
Кейин яхшиям, Рамазон ойи бўлиб қолди. Озиқ-овқатга пулни тежаётгандик, бир йўла рўза тутиб қўя қолдик. Энди бир амаллаб, июнга етиб олсак, карантин тугайди дейишаяпти-ку.

Сурат манбаси, BBCUzbek
Расмий маълумотларда айни пайтда пойтахтда 2 млндан зиёд мигрантлар борлиги айтилади. Уларнинг қарийб тенг ярми Ўзбекистон фуқароларидир.
РАНХиГС ижтимоий тадқиқотлар марказида ўрганилган ҳолатга кўра, мигрантларнинг 32 фоизи Москвадаги карантин чекловлари боис иш ўрнини йўқотган ва ойлик даромадсиз қолишган. Ўзбекистонлик мигрантлар мисолида эса бу кўрсаткич 300 мингга яқинни ташкил этади.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














