Россия, мигрантлар: «Совуқда, ёмғирда далада яшаяпмиз»

Мигрантлар: Юртимизга қайтгимиз келади
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Самара вилоятининг «Маштакова» чегара пункти яқинида 280 нафар ўзбекистонлик муҳожирлар бир неча кундирки, очиқ далада яшашмоқда. Мигрантлар ўтган хафтада Ўзбекистонга қайтарилганлар сафида ватанга қайтмоқчи бўлишганини айтишмоқда. Аммо уларнинг номлари консуллик рўйхатида бўлмагани сабабли шу ҳудудда қолдирилган.

Мигрантлар: Юртимизга қайтгимиз келади

18-19 май кунлари Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган мингдан ортиқ ўзбекистонликлар ватанга қайтарилгандан сўнг, Большая Черниговка тумани маҳаллий ҳукумати томонидан ташкиллаштирилган чодирлар йиғиштирилган, озиқ-овқат, шароит каби барча кўмаклар бекор қилинган.

300 га яқин ўзбекистонлик муҳожирлар очиқ далада, буюмларининг устида тунашмоқда.

- Ҳамма жойни «палатка»сини бузишди, ҳаммамиз кўчада қолдик. Илтимос, юртбошимизга етказсаларинг, биз кўчада қолдик. Пул йўқ, овқат-чой йўқ, ётадиган жойнинг ўзи йўқ. Ҳамманинг ҳам фарзанди бор, ота-онаси бор. Юртимизга қайтгимиз келади. Илтимос, етказинглар, ёрдам беринглар, - дейди муҳожир Би-би-си ўзбек хизматига йўлланган видеода.

Совуқда, ёмғирда ва ерда

Мигрантлар: Юртимизга қайтгимиз келади

Тасвирларда қалин кийинган юзлаб муҳожирларнинг кенг майдонда, ерда сумкалар ва кийимлар устида ётгани кўринади. Улар орасида аёллар ва катта ёшлилар ҳам бор.

Телефонга тасвирга олган мигрант ҳудудда ҳаво совуқлиги, кунда ёмғир ёғаётгани, ўзбекистонликлар ватанга қайтиш умидида расмийлардан жавоб кутаётганини билдирди.

Аммо Ўзбекистон расмийларининг ижтимоий тармоқларда қайта-қайта эълон қилинаётган маълумот ва огоҳлантирувларидан англашилинадики, бу муҳожирларни ватанга ҳозирча қайтариш ниятлари йўқ.

Полиция келиб турибди

«Маштакова» чегараси яқинидаги бу ҳудудга маҳаллий полиция вакиллари келмоқда. Муҳожирларнинг хужжатларини текшириб, ноқонуний ҳолатларни аниқламоқда. Шу билан бирга муҳожирларнинг ортга жойларига қайтариб юборилиши талаб этилмоқда.

Чегара ёнидаги мигрантлар эса чорасизликдан бу ерга келишгани, ортга қайтиш учун пуллари, қайтгач турар жой ва иш йўқлигини айтишмоқда.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Фейсбукдаги расмий саҳифасида 18 ва 19 май кунлари ўзбекистонлик мигрантларнинг Россия-Қозоғистон чегараси орқали Ўзбекистонга олиб кетилиши истисно тариқасида амалга оширилганини такроран маълум қилган.

Бугун Миграция агентлигининг расмий саҳифаси ҳам бу огоҳлантирувни қайта эълон қилди.

Россия иш бермоқчи, ўзбеклар кетмоқчи

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консуллиги маҳаллий ҳукумат бу мигрантларга ёрдам таклиф қилганини маълум қилган.

- Самара области хукумати ушбу фуқароларни саноат объектларида иш, ётоқ жой ва озиқ-овқат билан таъминлашга тайёрлигини билдирган. Аммо тўпланган ватандошларимиздан фақат 25 таси ушбу таклифни қабул қилган бўлса, қолганлари ҳамон Большая Черниговка тумани ҳудудида қолмоқдалар, - дейилади хабарномада.

Шунингдек, Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига боришга уринмасликлари, яшаш жойларида қолишлари ва карантин чораларига қатъий амал қилишлари сўралган.

Россияда, айниқса Москвадаги карантин чекловлари боис, минглаб ўзбекистонликлар ишсиз ва пулсиз, танг аҳволга тушиб қолганлар. Россиялик тадқиқотчилар Москвада ярим миллиондан зиёд меҳнат муҳожирлари иш ва даромад манбасидан айрилганини билдиришмоқда. Шу боис, юзлаб ўзбекистонлик муҳожирлар давлатлараро чегаралар ёпиқлигига қарамай, ватанга қайтишга уринишмоқда.