Ўзбекистон ва Россияда коронавирусдан ўлим ҳоллари нега кам?

Коронавирус жзабрдийдаси

Сурат манбаси, STR/GettyImages

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россия коронавирус юқтирган беморлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда.

Аммо ўлим ҳолларига келганда, жуда пастки қаторларда.

Тасаввур қилинг, мамлакатда 300 минг атрофида инсон коронавирус юқтирган, лекин ўлим ҳоллари 3 мингга ҳам етмайди.

Бу - дунёдаги ўртача ўлим ҳоллари кўрсаткичидан паст.

Ғарб нашрлари Россиядаги коронавирусдан ўлиш ҳолатлари камлигини ҳатто шубҳа остига ола бошладилар.

Ўзбекистон

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон камида 82% бемор тузалганини айтади.

Ўзбекистонда вирус юқтирганлар сони 2800 нафардан ошди.

Улардан 13 киши ҳалок бўлди.

Бу ҳатто 0.5% ҳам эмас ва дунёдаги ўртача кўрсаткичларнинг энг кам миқдоридан ҳам паст.

Ўзбекистоннинг абгор тиббий хизмати шароитида бу рақам жуда умидли ва қувонарли.

Лекин сабаблари буткул маълум эмас.

Чунки Ўзбекистон тиббиётида таъминот ёмон ва коррупция кучли эканига оид фикрларни Шавкат Мирзиёев ҳам кўп таъкидлаган.

Аксар касаллар керакли дори-дармонни ўз ёнидан сотиб олиш ва қатор текширувлар учун пул тўлашга мажбурлиги маълум.

Шундай ҳолатда, коронавирусдан ўлим ҳоллари расман жуда паст, деб айтилмоқда.

Сабаби ва сири нимада?

Коронавирус ҳалокатли кечмагани сабаблари ҳали батафсил ва мустақил ўрганиб чиқилмади.

Зотан бу каби тадқиқот ва хулосалар фақатгина пандемиядан кейинги тадқиқотларда аниқ-равшан очиқланиши айтилади.

Балки аниқланган расмий вирус сони нисбатан камлиги бўлиши эҳтимоли бордир.

Ўзбекистон аҳолиси 34 миллион бўлган ҳолатда, камбағаллар кўплиги ва одамларнинг ташқи дунёга нисбатан кам саёҳат қилиши ҳам ҳақиқат.

Бироқ миллионлаб ўзбекистонликлар Россия ва бошқа давлатларда ишлашади.

Ёки Ўзбекистон ичкарида кескин карантин қўллаб, ташқи дунё билан борди-келдини қатъий чеклагани ҳам ўрин тутганми?

Ўзбекистонлик олим Оллоберган Бойжонов, маҳаллий кун.уз нашри билан суҳбатда бир неча омилларни биргаликда кўриб чиқиш зарурлигини айтганди.

Хусусан, вирусни муваффақиятли жиловлаган Хитой, Жанубий Корев ва Германия каби давлатлар тажрибаларига эътибор қаратилгани ҳам таъкидланган ҳолатлар бор.

Президент Мирзиёев карантин чоралари манзарасида Хитой тажрибасига мурожаат этган ва у ердан мутахассислар келишини айтганди.

Ўзбекистон ва Хитой тажрибаси. Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Кейинроқ Жанубий Корея тажрибаси ҳам тилга олинди.

Шундай шароитда, пандемия бошланиши биланоқ Ўзбекистон ўз тиббиётида айнан коронавирусга қарши кураш учун катта эътибор қаратилгани ҳам сабаб бўлиши мумкин.

БЦЖ фойда берганми?

Аксар собиқ Совет давлатлари каби Россия ва Ўзбекистонда ҳам чақалоқлар силга қарши БЦЖ билан эмланади.

Дунёдаги айрим тадқиқотлар БЦЖ фойдаси ҳақида айта бошлашган.

Бу ўринда Ўзбекистон ё Россия махсус ўрганилгани йўқ.

Аммо Қозоғистон мисолида кўриб чиқилган тадқиқотлар бор.

Яъни қандайдир сабабларга кўра, ҳозирча БЦЖ мажбурий қилинган давлатларда коронавирус тарқалиши ва ўлим ҳоллари пастлиги кузатилмоқда.

Эмлаш

Сурат манбаси, Getty Images

Лекин ҳали 3 ҳафта олдин илк коронавирус ҳолларини эълон қилган бошқа собиқ Совет давлати - Тожикистонда қурбонлар сони 40 нафардан ошиб кетди.

Аниқланган мавжуд касаллар сонига солиштирса, бу дунёдаги ўртача кўрсаткичдан баландроқ.

Бироқ яна бир муҳим ҳолат - вирусни юқтирган, аммо касал бўлмаган барча ҳам текширилмаган бўлишини эътибордан соқит қилиш қийин.

Шунга қараганда, ҳали пандемия тугамагунча, муайян мамлакатдаги аҳвол ёки ўлим ҳоллари кўп ё камлиги ҳақида узил-кесил хулосалар чиқариш имконсиз.

Фақатгина кўзга ташланган мавжуд умумий ҳолатларга қараб, ҳозирча фикр юритиш мумкин.

Гап ҳисоблашдими?

Касалларни ҳисоблаш муҳим омил.

Кўп мамлакатлар енгил кечган қатор ҳолатлар текширилмай қолгани эҳтимолини тан олишади.

Хитойда илк паллалар ҳамма касал ҳам ҳисобга олинмаган, деган хабарлар чиққанди.

Британиялик таҳлилчилар эса агар мамлакатдаги барча ҳолатлар қайта ҳисобланса, коронавирус қурбонлари сони икки баравардан ҳам ошиб кетиши мумкинлиги ҳақида билдиришган.

"Россиядаги коронавирусдан ўлиш ҳоллари камлиги ўз вақтида аниқлаш ва беморларнинг шифокорга эрта мурожаат қилгани сабаблидир" - деган Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова.

Россиялик тиббиёт мулозимлари мамлакатдаги коронавирусдан ўлиш кўрсаткичи дунёдаги ўртача ҳолатдан ҳатто 6-7 баравар кам, деб урғулашади.

Фақат майит санамаслик керак

АҚШда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, АҚШ ва Европада коронавирусдан ўлим ҳоллари кўп бўлди.

Аммо таҳлилчилар бир неча кун олдин коронавирус энг кўп тарқалган ҳудудлардан бири - Москвадаги умумий ўлим ҳолларига эътибор қаратганлар.

ЗАГС бошқармаси эълон қилган маълумотларга биноан, жорий йил апрель ойида пойтахтда жами 11.8 минг одам вафот этган.

Бу эса бир йил олдинги (2019 йил апрель ойидаги) ўлим ҳолларидан 18% кўп деганидир.

Охирги ўн йилликдаги ўлим ҳоллари билан қиёсланганда ҳам 20% кўпроқ одам ўлгани аниқланган.

Рақамларда тушунтирилса, бу йил апрель ойи Москвада ҳар йилгидан кўра 2 минг нафар кўп инсон ўлган.

Расман Covid-19 қурбонлари сони 640 нафар атрофида. (Май ойи ўртасидаги рақамлар).

Унда яна қолган 1400 нафар одам нимадан ўлган, деган савол туғилади.

Россия ҳукумати статистикани ўзгартирганини рад этади.

Лекин коронавирус қурбонларини ҳисобга олганда бошқача йўл танлаган бўлиши мумкин.

Ким қандай ҳисоблайди?

Турли давлатлар коронавирус қурбонларини турфа усулда ҳисоблайдилар.

Дейлик, Бельгияда ҳатто коронавирус юқтиргани гумон қилинган беморнинг ўлими ҳам Covid-19 касалига боғланмоқда.

Шу боис бу мамлакатда коронавирусдан ўлганлар сони расман анча юқори.

Тўғри, аксар давлатлар коронавирус аниқланган одамлар қайси бир бошқа касалдан ўлмасин, уларнинг ўлимини барибир коронавирусга боғлаб, ҳисоблайди.

Россия эса ўлим сабаби айнан Covid-19 ёки унга алоқадор касаллик бўлган тақдирдагина ўлимни коронавирус билан боғлайди.

The Moscow Times нашри Россиядаги айрим минтақалар шундай йўл тутаётгани ҳақида ёзган.

Россияча ҳисоблаш

Масалан, Челябинск вилояти статистика сайтида ёзилишича, коронавирусдан тўрт киши нобуд бўлган ва яна Covid-19 аниқланган саккиз киши бошқа касаллар сабабли оламдан ўтишган.

Бунга ўхшаш ҳисоботлар қатор бошқа минтақаларда ҳам учраган.

Афтидан, Москвада ҳам бевосита Covid-19 касалидан ўлганларгина расмий статистикага киритилади.

"Бундан ўлимлар эса Covid-19 касали тасдиқланган барча ҳолатларнинг 35 фоизин ташкил этади" - деб айтган The Moscow Times нашрига Аҳолишунослик институти олими Сергей Тимонин.

Жаноб Тимонин Би-би-сига гапираркан, турли ахборот манбаларини муқояса қилган ҳолда ўрганиб чиққач, шундай хулосага келганини айтган.

Унинг билдиришича, май ойи бошида Москвада коронавирус аниқланган 1 ярим мингга яқин одам ўлган бўлиши мумкин.

Аммо тиббий экспертиза натижасида уларнинг ўлими сабаби бошқа касаллик, деб кўрсатилган.

Россия тиббиёт мулозимлари берган изоҳларга кўра, одамда коронавирус аниқланган ҳолатда ҳам, баъзан ўлимнинг биринчи сабаби бошқа касалликлар бўлиши мумкин.

Россиялик академик Георгий Франк ҳам коронавирус аниқланган инсонларнинг барчаси бевосита Covid-19 касалидан ўлган, деган хулоса қилиш нотўғри, деб чиққанди.

Унга кўра, қатор ҳолатларда коронавирус шунчаки иккиламчи касаллик бўлади.

Сергей Козловский мақоласи асосида тайёрланди.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek