Беш ўзбекистонлик эркак бир ўзбек аёлини зўрлади - O'zbekiston, Россия, мигрантлар, жиноят ва жазо

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv
Беш ўзбекистонлик эркак бир ўзбек аёлини зўрлади...
Бу яқинда Россия оммавий-ахборот воситаларида яна бир бор сарлавҳаларга чиққан хабар бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси манзарасида, карантин шароитида ва барча мусулмонлар учун бирдек муқаддас Рамазон ойида бўй кўрсатгани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган янгилик экани кўрилади.
Айрим ҳуқуқшунос ва фаолларга кўра, бу каби жиноят кўлами Россиядаги мигрантлар орасида "даҳшатли тус олган" бўлиши мумкин.
Аммо, шунда ҳам, мазкур муаммо ҳали-ҳануз етарлича эътибор топмаган, чуқур ўрганилмаган, дейишмоқда улар:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Россия дунёнинг ўзбекистонликлари илова энг катта сондаги Марказий Осиё фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Жорий пайтда бу мигрантларнинг орасида энг кўпчилигини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этишади.
Уларнинг сони биргина расмий маълумотларда икки миллиондан ортиши айтилади.
Норасмий манбалар эса, ҳақиқий рақамлар расмийсида тилга олинганидан бир неча баробар юқори бўлиши мумкинлигига далолат қилади.
Ўзбекистонлик мигрантлар томонидан содир этилган турли кўринишдаги жинсий зўравонлик ҳолларига оид хабарлар эса, Россия оммавий-ахборот воситаларида анчайин одатий тус олганларидан бири бўлади.
Уларнинг мазмун-моҳияти бунга ўхшаш жинсий зўравонлик ҳолларининг қурбонлари биргина аёллар эмас, ҳатто, эркакларнинг ўзлари ва болалар бўлаётганига ҳам далолат қилади.
Жабрдийдалар орасида туб - маҳаллий аҳоли вакилларининг борлиги ҳам кузатилади.
Айнан жинсий зўравонликлар Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари энг кўп айбланаётган айбловлардан бири бўлади.
Ўз ватандошлари томонидан гуруҳ бўлиб зўрланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бўлган аёлларнинг тақдири эса, маҳаллий фаолларнинг жиддий хавотирларига сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.
Сўнгги ҳодиса

Ўзбекистонлик 39 ёшли аёл шу йилнинг 6 майдан 7 майга ўтар кечаси ўз ватандошлари томонидан гуруҳ бўлиб зўрлаш нишонига айланади.
Зўравонлик ҳодисаси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида юз беради.
Ўзбекистонлик беш нафар эркак Коломяжский проспектида жойлашган уйлардан бирида бу каби зўравонликка қўл уришади.
Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармасининг расман маълум қилишича, бешовлон аввалига аёлни калтаклашади.
Кейин ўз жабрдийдаларини навбати билан зўрлашади. Бундан ташқари, унга нисбатан жинсий кўринишдаги бошқа хатти-ҳаракатларни ҳам содир этишади.
Россиядаги қатор интернет нашрларининг ёзишича, 7 май куни эрталаб аёл у ердан қочиб чиқишга муваффақ бўлади ва ўзи маҳаллий полиция идорасига мурожаат қилади.
Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармасига кўра, бунинг ортидан, тергов ҳаракатлари ва оператив-қидирув тадбирлари олиб борилади.
Гумондонлардан икки нафарини топиш ва қўлга олишга муваффақ бўлишади.
Бошқарманинг расман маълум қилишича, ўзбекистонлик аёл билан боғлиқ зўравонлик ҳодисаси юзасидан расман жиноят иши қўзғатилган.
Иш Россия Жиноят Кодексининг 131-моддаси 2-банди ва 132-моддасининг 2-банди("а" ва "б") бўйича очилган.
Улар "жинсий зўравонлик" ва "жинсий кўринишдаги зўравон хатти-ҳаракатларни содир этиш"ни кўзда тутади.
Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармасининг билдиришича, тергов ишлари давом этмоқда.
Гумондорларнинг ҳибси, уларга расман айблов қўйиш, очиқда қолаётганларини топиш ва қўлга олиш устида иш олиб борилмоқда.
Аммо Бош тергов бошқармасининг бу хусусдаги расмий маълумотида бундан бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
Жабрдийда ва гумондорларнинг Россияга қачон келишгани, қандай мақомда бўлишгани ноаён қолган.
Уларнинг орасида бирор бир боғлиқлик бўлганми-йўқлиги, аёлнинг Коломяжский проспектида жойлашган уйдаги хонадонга нега ва қандай қилиб бориб қолган саволлари ҳам ҳозирча очиқ қолган.
Санкт-Петербург пойтахт Москвадан кейин Россиянинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд иккинчи шаҳри бўлади.
Жиноятчилик кўлами назарда тутилганда эса, айнан Санкт-Петербург Россиянинг "энг қайноқ нуқталаридан бири" сифатида кўрилади.
Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонлик аёлларнинг гуруҳ бўлиб зўрлаш қурбонига айланишаётганига оид биринчи ҳолат эмас.
Би-би-си Ўзбек хизмати бундан аввал ҳам бунга ўхшаш хабарларни ёритган, жабрдийдалардан айримларининг ўзлари билан бевосита суҳбатлашишга ҳам муваффақ бўлган.
Аммо, сўнгги хабардан кўрилишича, бу муаммо Россия мисолида ҳам ҳали-ҳануз ўзининг долзарблигини йўқотмаган.
Россия ва ўзбекистонлик мигрант аёллар

Биргина расмий маълумотларга таянилса, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонлик хотин-қизларнинг сони қарийб ярим миллионга етади.
Хотин-қизлари мисолида ҳам Россия дунёнинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Ўзбекистонлик хотин-қиз мигрантларнинг Россияда асосан хизмат кўрсатиш соҳаларида банд эканликлари кузатилади.
Уларнинг яшаш ва меҳнат қилиш шарт-шароитлари Россиядаги меҳнат миграцияси билан уйғунликда кўрилувчи энг хавотирли воқеъликлардан бири сифатида кўриб келинади.
Айниқса, бу каби мигрант аёлларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси кўпчилик фаоллар ва экспертлар, йилларки, эътибор қаратиб, танқид тиғига тутиб келаётган энг оғриқли нуқталардан бири экани кўрилади.
Вазият билан яқиндан таниш маҳаллий ҳуқуқшуносларга кўра, жинсий зўравонлик ҳоллари мигрант аёллар Россияда тўқнаш келиб турган, аммо, шунга қарамай, ҳали-ҳануз лозим даражада жиддий эътибор топмай келаётган энг долзарб муаммолардан биттаси бўлади.
Уларнинг айтишларича, бу ўзларининг иш тажрибалари мисолида ҳам яққол кўринади - ҳуқуқлари ҳимояси илинжида мурожаат қилаётганларнинг кўпчилигини ҳам айнан ўз юртдошлари томонидан алданган аёллар ташкил қилишади.
"Исталмаган ҳомиладан халос бўлиш ҳаракатидагиларининг сони эса, Россияда энг кўп Марказий осиёлик мигрант аёллар жинсий тажовуз ва алдовлар қурбонига айланишаётганининг яна бир далолат бўлиб хизмат қилади".
Айни шу муаммо хусусида сўз кетганда, улар жабрдийдалар аксариятининг сукут сақлашни афзал билиши омилига алоҳида диққат қаратишади.
Худди шу воқеъликни бу каби жиноятчилик ҳоллари ортида турган энг муҳим сабаблардан бири сифатида кўришади.
Ўзбекистон ва миграция

Сурат манбаси, facebook
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта (расман 34 миллиондан ортиқ - таҳр.) давлати бўлади.
Мамлакат аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил этишади.
Аҳолининг кўпчилиги мамлакатнинг ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз анчайин чуқур илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.
Устига устак, олий таълимга имкониятнинг пастлиги ва бугунги сарф-харажатлар билан қиёсланганда, бор иш ўринларида ҳам ойлик маошларининг қанчалик ҳаминқадарлиги Ўзбекистонда ҳам, йилларки, хотин-қизларни ташқи меҳнат миграциясига ундаб келаётган асосий омиллардан бири бўлади.
Айнан ҳуқуқий саводхонликлари даражаси, малакалари ва тилдаги тўсиқлар эса, бу каби мигрант аёлларни меҳнат қилаётган жойларида осонлик билан турли хил жиноятлар қурбонига айланишларига мойил қилиб қўяётган энг муҳим омиллар бўлади.
Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи айрим фаол ва ҳуқуқшуносларга кўра, Россиядаги мигрант аёллар тўқнаш келаётган жинсий зўравонлик ҳоллари билан боғлиқ энг катта муаммо - унинг ҳали-ҳануз ўрганилмагани.

Сурат манбаси, .
"Ҳамма муаммо шундаки, Россия Федерациясидаги меҳнат муҳожирлари орасида жинсий зўравонлик ҳоллари қай даражада кўп экани, нима сабабдан бу каби жиноятлар жазосиз қолиши, жинсий зўравонлик жабрдийдалари қаердан, қандай қилиб ҳуқуқий ҳимоя ёки психологик ёрдам олишлари мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай илмий изланишлар олиб борилмаган. Бу мавзуга етарлича эътибор йўқ", - дейди Москвадан асли ўзбекистонлик юрист суҳбатдошимиз Зарнигор Омониллаева.
Унга кўра, "балки худди шу боис ҳам, бу муаммонинг кўлами борасида ҳеч кимда аниқ тасаввур йўқ".
Юрист ўзининг иш тажрибасига таяниб, "меҳнат муҳожирларининг тор доиралари орасида бу муаммонинг борлиги тан олинади ва бу муаммонинг кўлами даҳшатли экани борасида ҳам қандайдир тасаввурларимиз бор", - дейди.
Бу суҳбатдошимизнинг ҳам алоҳида қайд этишича, "меҳнат муҳожирлари ўз ораларида бўладиган бу каби жинсий зўравонлик ҳоллари бўйича иложи борича ҳуқуқ-тартибот органлари ёки мутахассисларга бевосита мурожаат қилишмайди".
Юрист бунинг сабабига тўхталаркан, бунинг ортида бир эмас, қатор омиллар ётишига ўз диққатини қаратади.
Улар сирасида жамиятда меҳнат муҳожири бўлган аёлларга нисбатан шаклланган салбий қараш, мигрант хотин-қизлардаги ҳуқуқий ва қонуний ҳимоясизлик, полиция ходимларига нисбатан ишончсизлик, эркак меҳнат муҳожирларидаги жазосизлик ҳисси каби факторларни хосан тилга олиб ўтади.
Маҳаллий фаолларга кўра, бундан ташқари, бу масалада меҳнат муҳожирларининг Россиядаги мавқеи билан боғлиқ омил ҳам муҳим роль ўйнайди.
Ноқонуний мавқеъдагилари депортация хавфидан қўрқиб, ўзлари қурбони бўлган ҳар қандай жиноят қаршисида "сассиз қолиш", "сукут сақлаш"ни афзал билишади.
Чунки улар юбораётган маблағлар ортда қолган оилаларининг асосий тирикчилик манбаси бўлиб ҳам хизмат қилади.
Россияда ноқонуний мавқеъда бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони ҳам озмунча эмас эканлиги тахмин қилинади.
Ўзбекистондагиси каби анъанадор жамиятларда ҳаёт-мамот қадар аҳамият касб этган оиланинг номуси каби тушунча ҳам бу муаммонинг парда ортида қолишига сабаб бўлаётган энг муҳим омиллардан бири сифатида кўрилади.
Аммо, юрист суҳбатдошимизнинг ўз иш тажрибасидан келиб чиқиб таъкидлашича, "бу - жабрдийда меҳнат муҳожирини ҳеч ким ҳимоя қилмайди, дегани эмас".
"Мигрантларга нисбатан жинсий зўравонликлар билан боғлиқ жиноятлар аксарият ҳолларда ўз исботини топади ва жазосини олади".
Суҳбатдошимизга кўра, худди шунинг учун ҳам, "меҳнат муҳожирлигида банд аёллар ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан уялмасликлари ва қўрқмасликлари керак".
"Давлатнинг ҳуқуқий ва қонуний ҳимоясига ишончни пайдо қилиш учун эса, уларнинг орасида махсус тушунтириш ишлари олиб борилмоғи лозим".
Россия Жиноят Кодексига мувофиқ, содир этилган жинсий зўравонлик ҳолларининг турига қараб 3 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













