Россия: Муҳожирлар ишга қайтди, патентга пул борми? - Rossiya - O'zbekiston

Москва шаҳридагилар учун кўптармоқли ва вилоятидагилар учун Ягона миграция марказлари расмий сайтлари ўз ишларини янгилаганини маълум қилди.
Карантин чекловлари чоралари даврида мигрантларни иш билан таъминлаб турган юзлаб корхона ва ташкилотлар вақтинча ёпилган эди. Натижада пойтахтда 250 мингдан зиёд, вилоятда эса 200 мингга яқин меҳнат муҳожирлари ишсиз қолган. Айниқса, Люберцы, Балашиха, Реутов, Мытищи, Долгопрудный, Раменский ва Домодедово ҳудудларида ишсизлик кўрсатгичи юқори бўлди.
Ўтган хафта шаҳар мэри Сергей Собянин карантин чекловлари навбатда босқичда енгиллатилишини эълон қилди. Бунинг ортидан инқирозли 3 ойлик танаффусдан сўнг Москва шаҳри ва вилоятидаги минглаб меҳнат муҳожирлари ишларига қайтишди.
Путиннинг миграцияга оид энг сўнгги фармонига мувофиқ, бундан буён меҳнат муҳожирлари карантиндан аввалги даврдек патент расмийлаштиришлари ва ойлик тўловларини тўлаб ишлашлари лозим.
Кўлдан ўзбекнинг жасади чиқарилди
16 июнь куни ФВВ қутқарувчилари Лемболов кўлидан 22 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг жасадини олиб чиқди. Аниқланишича, муҳожир йигит Всеволжский тумани коммунал хизмат кўрсатиш идорасининг ишчиси бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари суриштирувларига кўра, ўзбекистонлик муҳожир Ленинград металл заводи ҳудуди яқинидаги кўлга ҳамюрти билан келиб чўмилган. Аммо кучли тўлқин кўтарилиб, мигрант оқимдан чиқа олмай қолган.
Марҳумнинг 23 ёшли ўзбекистонлик ҳамроҳи полиция ходимларига довул кўтарилганда у қирғоққа яқин жойда бўлгани, шу боис жонини асраб қололганини айтган.
Айни пайтда суриштирув ишлари давом этмоқда, деб ёзади маҳаллий нашрлар.
Тунги сайрдаги пичоқбозлик
Фин қўлтиғи соҳилида 27 ёшли ўзбекистонлик муҳожир 42 ёшли петербурглик аёл билан тунги сайр қилиб юрган эди. Маҳаллий аҳоли вакили уларнинг ёнига келиб иккисини ҳам пичоқлади.

Доблести кўчасида бўлган бу ҳодисага гувоҳлар «Тез ёрдам» чақиришди ва икки жабрланувчи ҳам шифохонага ётқизилди.
Киров туман полицияси ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғади. Ўзбекистонлик жабрланувчи тунги соат 00:30 ларда ҳамроҳ аёл билан соҳилда айланиб юрганида маҳаллий аҳоли вакили билан тортишиб қолганини, нотаниш киши ёнидан пичоқ чиқариб иккисига ҳам урганини гапириб берган.
Айбланувчи эртаси куниёқ қўлга олинган, у ҳеч қаерда ишламайдиган, 40 ёшли петербурглик эди. Жиноий иш қўзғатилган, тергов давом этмоқда, деб ёзади тергов қўмитаси матбуот хизмати.
Россияда кириш имтиҳонлари
Россия таълим вазирлиги Ягона давлат имтиҳонларини (ЯДИ) ўтказиш жадвалини тасдиқлади.
Бош вазир Михаил Мишустиннинг маълум қилишича, 29-30 июнь кунлари ЯДИнинг тажриба варианти - болаларнинг иштирокисиз ўтказилади.
Биринчи имтиҳон - 3 июлда, энг оммавийлари эса 6 ва 7 июлда, дейилади вазирлик буйруғида.
Бу борада тўлиқ маълумотларни Россия таълим вазирлиги, олийгоҳлар ва ОАВларнинг расмий сайтлари орқали олиш мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













