Чеченистон киллерлари хорижда кимнинг буйруғини бажаришмоқда? Россия Дунё Checheniston

Тумсо Абдураҳмонов

Сурат манбаси, Tumso Abdurakhmanov

Сурат тагсўзи, Тумсо Абдураҳмонов

Сергей Скрипал асабларни фалажловчи Новичок билан заҳарланди, Александр Литвиненко радиоактив полоний билан ўлдирилди… Чечен блогер Тумсо Абдураҳмоновга ҳужум қилган киши эса фақат болға билан қуролланганди. У ҳали ҳам бу ҳужум ортидан Россия хавфсизлик кучлари турганига ишончи комил.

Феврал ойининг 20-куни, 2020 йил. Ярим-яланғоч киши ғира-ширада ўзини видеога олар экан, нафасини ростлашга уриняпти. У буни Инстаграмда жонли эфирда узатяпти. У селфини ўчирганида иккинчи эркакни кўрасиз - у кийинган ҳолда, каравот ёнида кўкрагини ерга бериб ётибди. У судралган линолеум полга суркалган ярим метрлик қалин қон изи унинг бошидан чиққан.

«Сени ким юборди?» деб сўрайди видеони олаётган одам. «Сени ким юборди?!» такрорлайди у овозини баландлатиб.

Бу саволни бераётган шахс - Швеция шарқидаги Гавле шаҳрида яширин яшаб келаётган чечен блогер Тумсо Абдураҳмонов.

У қўлига болға ушлаб олган ва квартирада яна кимдир борлигидан хавотирланиб ортига назар ташлайди.

«Сени ким юборди деяпман!»

Ердаги киши инграйди. У зўрға тилга кириб, уни Грознийдан бир киши юборгани, ўзи эса Москвадан эканини айтади.

«Адресимни қандай топдинг?» сўрайди Тумсо.

«Улар беришди.»

«Исминг нима?»

«Руслан.»

Тумсо Абдураҳмонов

Сурат манбаси, Tumso Abdurakhmanov

Тумсо Абдураҳмонов Швециядан бошпана сўраганди, ва мана энди ухлаб ётган чоғида унга болға билан ташланган кишини тўхтатишга муваффақ бўлди. У шунга ўхшаш ҳодиса бўлишини аввалдан кутганди. Бу воқеадан олдинги олти ой ичида икки чечен бошпана изловчиси ҳужумга учраган - бири Берлиндаги паркда отиб ўлдирилган, иккинчиси эса Франция шимолидаги меҳмонхонада пичоқлаб ўлдирилган. Тумсога унинг бошига ҳам пул тикилганини хабар қилишган.

Уч ой ўтиб, Швециядаги бошқа яширин манзилдан Би-би-сига гапирар экан, 34 ёшли Тумсо тунда бошига етказилган бир неча зарбадан уйғонгани, кўрпасига чўлашиб қолгани, сўнг каравоти устида ва ёнида юз берган курашни тасвирлайди. Тумсо гавдали эмас, лекин бир йўл билан ҳужумчисини енгиб, унинг устига чиқиб олишга эришган. Унинг ўз қони томчилаб ҳужумчининг юзи ва оғзига тушган. Ундан гавдалироқ бўлган ҳужумчи Тумсонинг исканжасидан қутулишга эришди, аммо тўқилган қўлқоп кийган қўлларидан болғаси тушиб кетди.

Тумсо шу болғани олиб, ҳужумчинининг бошига бир неча бор туширди.

«Аввалига у қаттиқ уришди, ўзини ҳимоя қилди. Лекин, болға билан бир неча марта урганимдан кейин менга гапира бошлади. Унгача биронта ҳам сўз алмашмадик. Унинг кимлигини, русча гапириши ё гапирмаслигини ҳам билмасдим. Охири исмини берди. «Илтимос, урма, ҳаммасини айтиб бераман» деди.

Полиция ниҳоят етиб келганида икки Россия фуқаро ўртасида юз берган мудҳиш ҳодисага гувоҳ бўлди. Болға зарбаларидан иккисининг ҳам бошлари қонга беланганди. Кийинган эркак ҳушини йўқотганди. Полиция жароҳати камроқ кўринган Тумсони ҳибсга олди. Уч кунлик терговдан сўнг, у жиноят қурбони дея озод қилинди, 29 ёшли ҳужумчи Руслан Мамаев эса қотилликка уринишда шубҳаланиб ҳибсга олинди.

Руслан Мамаев

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Руслан Мамаев

Мисли кўрилмаган тарзда бу иш Швеция Хавфсизлик хизматларига топширилди. Тумсонинг адвокати Йенс Сйолунд учун бунинг сабаби кундек равшан - ҳужум ортида бошқа давлат турибди. Россия.

Тумсо Абдураҳмонов - Европа давлатларидан бошпана топган 130 минг чечен қочқинлардан бири. Уларнинг кўплари Кремл қўллаб-қувватлайдиган Рамзан Қодиров, ярим-автоном Чеченистоннинг зўравон раҳбаридан қочиб келишган.

Тумсо уч йил аввал Грознийнинг ҳокими бўлмиш Қодировнинг амакиваччаси билан келишмай қолиши ортидан у ўғирланиши, қийноққа солиниши ва йўқотиб юборилиши таҳдидини эшитгач, Чеченистонни тарк этган. Тузумнинг кўп танқидчилари одатда шундай ўлдирилади.

Ўшандан бери у интернетнинг чечен сегментида Қодировнинг энг ашаддий танқидчисига айланди. Чеченистон аҳолиси атиги 1,2 миллион бўлса-да, Тумсонинг YouTube каналига 350 минг одам обуна бўлган. У мунтазам равишда Рамзан Қодировнинг Чеченистондаги чексиз қудратини савол остига олиб, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳоллари ва коррупцияни танқид қилиб келади.

Рамзан Қодиров ва Магомед «Лорд» Даудов

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рамзан Қодиров ва Магомед «Лорд» Даудов

Тумсо атрофидаги янги қора булутлар у Қодировнинг ўнг қўли саналмиш, Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудов билан бўлган узун телефон суҳбатидан кейин пайдо бўла бошлади. Чеченистонда «Лорд» лақабини олган Даудовнинг отини эшитган заҳотиёқ ҳамма титрайди.

Лорд Тумсога шахсан ўзи чиқди, лекин блогернинг ҳужумлари остида қолиб кетди. Тумсо икки соатдан кўп давом этган бу суҳбатни бўлиб-бўлиб ўз YouTube каналига жойлади. Кейинроқ, Тумсо Рамзан Қодировнинг отаси Аҳматни 1999 йилда руслар томонида курашгани учун «сотқин» деб аташи ортидан, Лорд унинг овозини ўчиришга қарор қилган кўринади.

Ўтган йил мартида Лорд Россия расмийлари учун мисли кўрилмаган тарзда интернетда бир видео баёнотни чоп қилди. «Тумсо», дейди у телефон камерасига қараб туриб, «Мен расман сенга ўзим ва ўз биродарларим номидан гапиряпман. Биродарларим ким эканлигини биласан. Сен Аҳмат [Қодиров] ҳақида гапирдинг ва бу энди уруғ-аймоқ можаросига айланди. Томиримда қон оқиб турар экан, сен менга ва биродарларимга душмансан. Ва биз сени топамиз,» деди Чечен парламенти раиси.

Тумсонинг болға зарбасидан олган жароҳати

Сурат манбаси, Tumso Abdurakhmanov

Сурат тагсўзи, Тумсонинг болға зарбасидан олган жароҳати

Қариндош-уруғ ўлими учун қасддан содир этиладиган қотиллик анъанаси - чеченча «чир» - ҳали ҳам Чеченистонда қўлланади. Тумсо ҳеч кимни ўлдирмаган бўлса ҳам, Лордга бунинг аҳамияти йўқдек эди. У Тумсо ўлдирилмаслиги, балки унга «ажойиб завқ бағишланиши»ни айтди. Аммо, чеченлар учун «чир» сўзи фақат битта нарсани англатади.

Чечен ҳукуматига хайрихоҳ ижтимоий тармоқ Тумсонинг Чеченистонда қолган оиласини томошага олиб чиққанида Тумсога хатар нақадар реал экани янада ойдинлашди. Унинг кекса амакиси ва яна икки қариндоши уни видеода оқ қилишди. Бу ҳам етмагандек, улар унинг ўлдирилишига рухсат бердилар.

«Нима исташса, қилишсин,» деди Тумсонинг амакиси ва амакиваччалари. «У энди бизнинг уруғимизнинг аъзоси эмас. Бугундан, агар уни ким ўлдирса, биз унинг қонини олишга рухсат берамиз.» Оила босим остида, очиқчасига қотиллик анъанасини қўллаб-қувватлади.

Ҳужум Лорднинг туғилган кунида юз берди. 2007 йилда Қодиров ва Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган журналист Анна Политковская Путиннинг туғилган куни - 7 октябрда отиб ўлдирилганди. Полициядан озод қилингач чиқарган Инстаграм видеосида Тумсо жилмаяди ва кўзини қисади, видео остига эса «Туғилган кунинг билан, Даудов! Узр, бироз кечикдим» деб ёзади.

У бу сўзлари ортига болға эможисини ҳам қўшиб қўйди.

Тумсо ва кўп чеченларда ҳужум ортида ким тургани ҳақида шубҳа йўқ. Чечен ҳукумати эса айбни рад қилди.

Аммо, йиллар оша Қодировнинг хориждаги танқидчилари ўлдирилиб келинади. Қатар, Австрия, Туркия, Дубай, ҳатто Москва ва Чеченистоннинг ўзида ҳам. Уларнинг баъзилари Россияда террор амалини қилишда айбланган нуфузли жангарилар, бошқалари эса оддий сиёсий рақиблар ёки шунчаки танқидчилар бўлишган.

Владимир Путин ва Рамзан Қодиров

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Владимир Путин ва Рамзан Қодиров

Болға зарбалари Тумсонинг боши ва танасида чандиқ бўлиб қолган. «Омон қолганим - мўъжиза. Ўша куни полиция идорасида ўтириб, ўзимни қайта туғилгандек хис қилдим,» - дейди у.

Ҳужумда айбланаётган Руслан Мамаевнинг Фейсбук саҳифасида ўтган августда отаси уни туғилган куни билан табриклаганини кўриш мумкин. Профил суратида осиёлик юз бичим ва замонавий причёскали йигит ўрта осиёча гиламлар осилган кафеда ўтирибди.

Мамаев Қозоғистонда туғилган ва болалигида ота-онаси билан Сибирдаги Омскка кўчиб ўтган. У Омскда коллежга ўқишга кириб, уни тугатмай, Москвага қурувчилик қилишга кетган. 2018 йилги суд ҳукмига қаралса, Русланнинг молиявий муаммолари бўлганини кўриш мумкин. Суд унга ярим миллион рубллик қарзни банкка қайтаришни буюрган.

Би-би-си Мамаевнинг оиласи ва дўстларига боғланди. Унинг яхши кўрган қизи ижтимоий тармоқлар орқали биз билан қилган мулоқотида Руслан ҳеч қачон ҳеч кимга озор бермаслиги, унинг бутун оиласи шокда экани, ҳамда нега ва қандай қилиб Руслан Швецияга борганини тушунмасликларини айтди.

Руслан Мамаевнинг ўтмишида ҳеч нарса унинг киллер эканига ишора қилмайди. Аммо, Bellingcat суриштирув сайти қўлга киритган авиа парвоз рўйхатларидан Руслан Швецияга боришдан бироз аввал икки марта Грознийга учганини кўриш мумкин. У Грознийга иккинчи сафаридан Москвага 15 февралда қайтган. Беш кун ўтиб 24 февралга Копенгагенга билет брон қилган. Бу санадан икки кун ўтиб у қўлида болға билан Тумсонинг квартирасида пайдо бўлган.

Парвозлар рўйхатидан аён бўлишича, Руслан декабрда Грознийга бориб келгач ҳам Копенгагенга қисқа сафар қилган. Бу синов сафари бўлгани ишонилади. У аввал собиқ Совет Иттифоқи чегараларидан чиқиб кўрмаганди.

Швеция полицияси ҳужумдан сал аввал Франциядан Швецияга учган чечен аёлни ҳам айни ҳужумга алоқадорликда гумон қилиб қўлга олди. Ўтган ҳафта Швеция суди учинчи шахс - Россия фуқароси, Омсклик чечен Имран Хасхановни сиртдан ҳибсга олиш ҳукмини чиқарди. У ҳам Тумсога қилинган қотиллик ҳаракатидан аввал Россиядан Швецияга келиб кетган.

Тумсо бундай ҳужумни Қодировнинг яқин доирасидан бошқалар ташкил қила олмасликларига ишонади. Мамаев Швецияда Тумсонинг адресини аниқлаган, уй эшиги кодини топган, ва билдирмасдан унинг квартирасига кира олган. Блогер буни фақат ФСБ - Россиянинг хавфсизлик хизмати қила олишига ишора қилади.

Аммо, Тумсони тунда ўз уйида ухлаб ётганида ўлдириш учун Руслан Мамаевни Швецияга ким юборгани аниқ эмас. ФСБ бу ишга алоқадор ё алоқадор эмаслиги, ёки бу ҳақиқатдан ҳам уруғ-аймоқ можароси эканини исботлаш қийин. Қандай бўлмасин, Россия ҳукумати, хусусан Президент Путин, бу каби қотиллик амаллари учун Қодиров ва чечен ҳукуматини ҳеч танқид қилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek