Россия: Коронавирус дориси ва мигрантларга амнистия - Rossiya, O'zbekiston

Россия

Сурат манбаси, SERGEI ILNITSKY/EPA VIA TASS

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги от Covid-19 га қарши илк дори воситаси - Авифавирни рўйхатдан ўтказди. Аммо у ҳозирча дорихоналарда сотилмайди, фақат касалхоналарда шифокор назоратида қўлланилади.

«ХимРар» компанияси ва тўғридан-тўғри инвестициялар фонди ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган бу препарат клиник тажрибалар давомида самараси юқорилигини кўрсатган. Дори воситанинг савдо номи - Авифавир, давлат реестрида қайд этилган кимёвий номи эса - Фавипиравир.

«Дори воситаси яхши ўрганилган, чунки у Японияда 2014 йилдан буён гриппнинг оғир шаклларига қарши муомалада бўлган. Авифавир нафақат Россияда коронавирусга қарши рўйхатга олинган биринчи вирусга қарши дори, балки у дунёда энг истиқболли антиоксидланган COVID-19 дориси ҳисобланади. У Россиядаги клиник тадқиқотлар давомида рекорд вақт ичида ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилган. Бу дунёдаги Фавипиравир асосида рўйхатга олинган биринчи дори бўлишига имкон берди", дейилади Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди хабарида.

Айни пайтда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган дори клиник синовининг якуний босқичи давом этмоқда. Унда 330 бемор иштирок этмоқда.

Чекловлар юмшатилмоқда

1 июндан бошлаб Москвада ўзини яккалаш тартибини енгиллаштирилишинг 2-босқичи бошланди. Шаҳар мэри Сергей Собянин аҳолининг ҳаракатланиши ва сайр қилиши, ноозиқ-овқат дўконлари ва хизмат кўрсатиш корхоналари фаолиятига белгиланган тартибда рухсат берилишини эълон қилди.

Шаҳардаги масжидлар фаолияти ҳам тест тартибида ишлай бошлайди.

Санкт-Петербургда эса 1 июндан бошлаб аҳолининг кўчада тиббий ниқоб ва қўлқоп тақиб юриши мажбурий бўлмайди. Бу шаҳардаги карантин чекловларини юмшатишнинг биринчи босқичининг бошланиши экани айтилмоқда. Ниқоб ва қўлқопларни жамоат транспорти, дўконлар ва жамоат жойларида тақиб юриш мажбурийлиги ўз кучида қолади.

Россия

Россияда карантин чоралари юмшатилаётганига қарамай, мамлакатда коронавирус тарқалиши ҳавфи ҳамон юқори даражада қолмоқда. Ўтган кеча-кундузда бу кўрсатгич 9 035 ни ташкил этган. Вирус юқтирганлик ҳолатларининг қайд этилиши жами 414 878 тага етди. Уларнинг 175 877 нафари тузалган бўлса, 4855 нафари вафот этган.

Мигранлар учун амнистия ва меҳнат биржаси

Апрель ойида Россия ҳукумати Президентнинг мамлакатда қолаётган мигрантлар учун карантин чоралари сифатида ойлик патент тўловини вақтинча тўхтатилиши ва хужжатларининг 15 июнга қадар автоматик тарзда узайтирилиши ҳақидаги қарорини эълон қилганди.

Июнь ойи арафасида эса Россия матбуотида меҳнат муҳожирлари учун қатор енгилликлар ҳақидаги хабарлар кўрина бошлади.

Жумладан, Россиядаги ноқонуний муҳожирларга нисбатан миграцион амнистия эълон қилиниши мумкин. Маълумотларга кўра, айни пайтда Россияда жами 12 миллионгача чет элликлар бор. Уларнинг 2,5 миллиони қонуний рўйхатдан ўтишган.

Мутахассислар ноқонуний бўлган мигрантларга нисбатан миграцион амнистия эълон қилинишини таклиф этишди. Муҳожирлар учун махсус "ижтимоий ишонч рейтинги " номли илова ҳам ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга мигрантлар учун махсус меҳнат биржалари ташкил этилиши мумкин.

8 кунда 2000 ортиқ киши ватанга юборилди

22 майдан 30 майгача бўлган даврда Россиядан жами 2108 ўзбекистонликлар чартер рейсларда Ўзбекистонга жўнатилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Фейсбукдаги расмий саҳифасида маълум қилди.

Энг кўп жўнатилган фуқаролар Москва ва Санкт-Петербургга тўғри келади. 8 кун давомида бу шаҳарлардан жами 1374 киши чартер рейсларда Тошкентга юборилган.

Чартер рейслар Россиянинг Новосибирск, Ростов на-Дону, Екатеринбург каби шаҳарларидан ҳам амалга оширилган.

«Мазкур рейсларда биринчи навбатда кекса ва соғлигида муаммоси бўлган кишилар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар юборилди», дейилади элчихона хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek