Мигрант: Самарадаги Ўзбек учун 40 доллар Rossiya, O'zbekiston, migrantlar

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Президент Мирзиёев мигрантлар мушкулини осон қилишга қаратилган қарорни имзолагани ҳақида хабар тарқатдилар, аммо икки кундирки, қарор матни эълон қилингани йўқ.
Интернет нашрларига кўра, Ўзбекистон президентининг "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида миграцияга боғлиқ олти йўналиш қамраб олинган, бундан кейин хорижда ишламоқчи бўлган ўзбекистонлик касб-ҳунарга мажбурий ўқитилади, уларга 10 миллион сўмлик микрозайм берилиши кўзда тутилган, Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза ваколатхонаси Ўзбекистонда очилади, ҳозир чет элда қийналиб қолган қарийб 10000 ўзбекистонликка бир марталик 40 долларлик моддий ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган.
Ўзбек расмийларига кўра, муддао Ўзбекистон фуқаросини "чет мамлакатга ишлаш учун кетишидан олдин тайёрлаш, хорижий тил ва касбга ўргатиш, кетиш харажатларини қоплаш учун молиявий кўмак бериш, ўзга юртдалигида унинг ҳолидан хабар олиш, мабодо қийин аҳволга тушиб қолса, мигрантга ёрдам бериш, даромад топиб, соғ-саломат ватанига қайтиши учун шароит яратиш, агар бегона мамлакатдан қайтганидан кейин яна боришни истамаса, яшаш жойининг ўзида иш билан таъминлаш"дир.
Аксар кузатувчилар Президент Мирзиёев ушбу қарорининг 34 миллионлик аҳолига эга ва вояга етган аҳолисининг ҳаммасини ҳам ватанининг ўзида оиласини боқишга етарли маош билан таъминлай олмайдиган Ўзбекистон учун муҳим ҳужжат эканини эътироф этадилар.
Бир ой илгари Президент Мирзиёев "Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган қарорни имзолаган, ушбу қарорга биноан Ўзбекистонда халқаро касбий малакани таъминлайдиган Skills паспорти тартибини жорий этиш кўзда тутилган эди.
Ўзбекистон: Карантин узаймайди, Skills паспорти, Самарқанд форуми, Сўхга ҳаво қатнови йўлга қўйилади
Ҳозир ишга яроқли ўзбекистонликнинг бир неча миллиони хорижда ишлаб оиласининг фаровонлигини таъминламоқда, меҳнат мигрантлари юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодиёти учун катта мадад бўляпти.
Аммо бу йилги коронавирус пандемияси глобал рецессияга етаклади, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари банд бўлган мамлакатлар ҳам қийин иқтисодий аҳволга тушиб қолган.

Ўзга юртда ишсиз ва пулсиз қолган ўзбекистонликларнинг ватанига қайтишдан ўзга чоралари қолмаган.
Шу кеча-кундузда Россиянинг Қозоғистонга қўшни Самара вилоятининг Кинел шаҳри яқинида камида 4500 ўзбекистонлик чодирлар лагерида қолаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.
Самара вилояти ҳокимлиги хабар қилишича, жамлоқдан 9 сентябр кунигача 7000 га яқин, 14 сентябрдаги поездда 944 ўзбекистонлик Тошкентга жўнатилган.
Орада ҳеч жойда тўхтамай ҳаракатланадиган "Кинел-Тошкент» махсус поездида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ватанига қайтаришга ҳаракат қилиняпти, бироқ россиялик фаолларга кўра, Кинелга ҳар куни яна 100-150 мигрант келаяпти.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар қилишича, 15 сентябр куни Кинелдан Тошкентга яна бир поезд мигрантларни олиб келган, яна биттаси йўлда.
Траснпорт вазирлиги сентябр ойи охиригача 860-920 одам сиғадиган яна тўртта поезд ташкил этилиши режаланганини маълум қилган, аммо булар етарли эмас.
Россия ва Қозоғистон билан мунтазам авиарейс ва поезд қатновларини қайта тиклаш борасида ҳали музокаралар давом этаётганини маълум қилган Ўзбек расмийлари.
Ростов Дондаги чодирлар лагерида ҳам минглаб ўзбекистонлик поезд кутаётгани, ўзбекистонлик аёл эгиз фарзандларига кўзи ёригани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Президент Мирзиёевнинг мигрантларга бағишланган охирги қарорига биноан Россиянинг Самара ва Ростов Донида тўпланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳар бирига 40 долларлик кўмак кўзда тутилган.
Бу шу кеча-кундузда Ўзбекистонда 411 минг сўмдан зиёд дегани.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















