Уруш ва тинчлик: Қирувчи самолётларга сунъий ақл ўрнатилади – бу урушни қандай ўзгартиради? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Иккинчи жаҳон уруши вақтида, Британиянинг "Spitfire" қирувчи учоқлари учувчилари учоқлари ниҳоятда чаққонлиги ва уни худди ўз тана аъзоларидан биридек ҳис қилишлари ҳақида гапиришган.
2030 йиллар учувчилари ҳам ўз қирувчи учоқлари билан ана шундай яқин муносабатда бўлади.
Бу самолётлар уларнинг фикрини ўқий олади.
Алоқадор мавзулар:
Британиянинг BAE Systems, Rolls-Royce компаниялари, Европа ракета гуруҳи, MBDA ва Италиянинг Leonardo компанияси биргаликда "Tempest" ("Бўрон") қирувчи учоғини ривожлантирмоқда.
Унда Сунъий ақл (СА) бўлиб, оғир стресс ҳолатида ва мураккаб вазиятларда у учувчига ёрдам беради.
Учувчи бошидаги дубулғасига ўрнатилган сенсорлар унинг миясидан сигнал ва бошқа тиббий маълумотларни олиб туради. Ҳар бир парвозда СА катта миқдордаги биометрик ва психометрик маълумотларни тўплайди.

Сурат манбаси, Reuters
Учувчининг хос характерини ифодаловчи бу маълумотлар базаси орқали бортдаги СА сенсорлар ёрдам кераклигини кўрсатганда ишга тушади.
Масалан, учувчи юқори гравитация таъсирида ҳушини йўқотса, СА бошқарувни ўз қўлига олади.
Фарнборо авиашоусида "BAE Systems"нинг билдиришича, 2027 йилгача Ланкаширдаги Уортон заводида қурилган учоқда бу технологияларнинг айримлари синовдан ўтказилади.
Бу самолёт бир қанча рақамли имкониятларни синаш учун мўлжалланган бўлиб, 60 та намойиш этиладиган лойиҳалар орасида айримлари тўлиғича программалаштирилган асосда бўлади.
2018 йили илк суратлари чиққандан буён "Tempest" учоғининг кўриниши анча такомиллаштирилган. Жумладан, унинг вазни енгиллаштирилган ва анча ихчамлаштирилган.
Ушбу учоқ самога кўтарилганда уни ҳарбий дронлар кузатиб боради.
Бундай янги технологиялар кузатув ва бошқарувнинг бутунлай янги тизимларини бошдан яратишни тақозо қилади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Биз технологиялардаги ўзгариш суръатига мослашишимиз керак", дейди "Tempest"нинг бизнес ривожлантириш бўйича директори Жон Стокер.
"Ўтмишда мудофаа харажатлари илмий илгарилашларга локомотив бўларди, тижорий технологиялар уларга эргашарди. Ҳозир тижорий технологиялар кўпинча илгарилаб кетяпти."
Жаноб Стокер таъкидлашича, янги қирувчи самолётларда худди смартфонга иловани юклаб ўрнатгандек янгиланиб борадиган тизимлар бўлади.
Бу орада учоқни ишлаб чиқариш асосан тўла автоматлаштирилади. Ишлаб чиқариш линияларидаги роботлар қисмлар тезда етказиб берилиши учун таъминотчилар билан маълумот алмашади.
Бу лойиҳада BAE Systems ва Leonardo Япониянинг Mitsubishi корпорацияси билан ҳамкорликни ҳам назарда тутилган. Mitsubishi'нинг келгусидаги F-X қирувчи учоқлар лойиҳаси билан Tempest ўртасида муштарак жиҳатлар кўп.
Бу Европа аэрокосмик бизнеси учун янги тажриба бўлади. Япония билан кенгроқ ҳамкорлик имкониятлари мавжуд, чунки лойиҳа рақамли соҳада амалга оширилади.
"Бу ишларни рақамли муҳитда тезда амалга оширишингиз мумкин. Биз Лондон ва Токио ўртасида портфел ташимаймиз", деб ҳазил қилади жаноб Стокер.
Техник масалаларда ҳам инглиз, ҳам япон тилларида эркин мулоқот қилувчи ходимлар ва таржимонлар гуруҳи Mitsubishi'нинг F-X гуруҳи билан ҳамкорлик давомийлигини таъминлайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Leonardo'нинг Эдинбургда жойлашган радар бўлими ҳам Mitsubishi билан ишлайди.
Яқинлашаётган объектлардан келадиган сигнални қабул қилувчи айланиб турган қозонсимон радар сенсор маълумотларини рақамли таҳлил қилишга йўл очди.
Бироқ, сенсорлар инсон миясига оғирлик қиладиган даражада жуда кўп тафсилотларни аниқлайди, шунинг учун СА маълумотлар оқимини таҳлил қилиш ва қайта ишлашда муҳим вазифани бажаради.
Tempest'да сунъий интеллект ўзига хос дарвозабон вазифасини бажариши кутилмоқда, бу эса учувчини кирувчи маълумотлар юкидан анча халос қилади.
Бутун лойиҳа қурол ишлаб чиқарувчи MBDA билан параллель равишда ишлаб чиқилмоқда. Ракеталар Tempest'дан учирилиши мумкин, аммо уни муҳимроқ нишонга аниқ йўналтириш учун роботлар ёрдам беради.
Буларнинг барчаси мутлақо янги двигателлар асосида амалга оширилади. Rolls-Royce нафақат Tempest'нинг парвозини, балки унинг бутун мураккаб рақамли тизимини ишлаб чиқиши керак. Бортда маълумотларни қайта ишлаш учоқни зўриқиб ишлаётган ноутбук каби қиздириши мумкин.
Rolls-Royce муҳандислари Tempest рақамли гаджетлари учун етарли қувват ишлаб чиқариш билан бирга иссиқликни қандай чиқариб юбориш йўлини изламоқда.
"Биз тизимнинг ҳар бир жиҳатини кучайтиришни истаймиз", дейди Жон Уорделл, Rolls-Royce'нинг келажак дастурлари директори.

Сурат манбаси, BAE SYSTEMS
Буюк Британия ҳукумати Tempest лойиҳасига аллақачон 2 миллиард фунт стерлинг ажратган ва бу миқдор учоқ хизматга киришидан олдин кўпайтирилади. Бироқ, аниқ савол қолмоқда. Нега шунчаки мавжуд Typhoon қирувчиларини кўпайтириб қўя қолмайсиз?
BAE Systems компаниясининг айтишича, 2040 йилга бориб Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари янги таҳдидлар ва такомиллашган қуролларга дуч келади. Бу тегишли жавоб технологияларни талаб қилади. Tempest рақамли асрнинг иккинчи ярми учоғи бўлади.
Typhoon'нинг экспортдаги муваффақиятидан Буюк Британия ҳукуматининг Tempest'га бўлган иштиёқини тушуниш мумкин. Компаниянинг таъкидлашича, Typhoon Буюк Британия иқтисодиётига 21 миллиард фунт стерлинг ҳисса қўшган ва 12 миллиард фунт стерлинглик ҳукумат сармоясидан сўнг 20,000 дан ортиқ иш ўринлари яратилган.
Шубҳасиз, Tempest консорциуми ҳам, Буюк Британия ҳукумати ҳам янги авлод қирувчиларидан худди шундай натижани кутмоқда.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














