Туркманистон: Президент Бердимуҳамедов қирувчи самолётда осмонга кўтарилди - Turkmaniston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов

Сурат манбаси, Altynasyr/screenshot

Расмий хабарларга кўра, янги қурувчи самолётни Туркманистон президентининг шахсан ўзи синаб кўрган, Aermacchi M-346 штурвалини унинг ўзи бошқарган.

Ҳозирча бунга ўхшаш хабар қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан олинмаган.

Янгилик Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескин издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Туркманистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Хабарларга кўра, президент Гурбангули Бердимуҳамедов 1 август куни Балкан вилоятида сафарда экан, ўзининг ҳарбий учувчилик санъатини ҳам намойиш этишга қарор қилган.

Пиёд юриш билан ўзининг эрталабки бадантарбия машқларини бажариб бўлиб, сўнгра велосипедда ҳарбий аэродромга етиб борган.

Аввалига мазкур аэродромдаги Туркманистон Қуролли кучлари ихтиёрига яқинда етиб келгани хабар берилган янги қирувчи самолётлар билан танишган.

Бу ишда унга Бош вазир ўринбосари, мамлакат Хавфсизлик Кенгаши котиби ва Мудофаа вазири кўмаклашган.

Хроника Туркменистана нашрининг ёзишича, учовлон президент Бердимуҳамедовга Aermacchi M-346 дан ташқари, Бразилияда ишлаб чиқарилган турбо-винтли Embraer A-29B Super Tucano русумидаги қирувчи ва C-27JNG Spartan маркали ҳарбий юк самолётини кўрсатишган.

Нашр "Altyn asyr"нинг бутун жараённи бошдан оёқ акслантирган махсус телевизион репортажига таяниб, бу ҳақда хабар берган.

Телерепортажни ўзининг хабарига илова ҳам қилган.

Худди шу кўрсатув кадрларига асосланган ҳолда Хроника Туркменистана Туркманистоннинг камида иккита C-27JNG Spartan ва иккита Aermacchi M-346 сотиб олганини тахмин қилган.

Репортажда "фақат битта A-29B Super Tucano кўрсатилгани, аммо илгари Туркманистон Ҳарбий-ҳаво кучлари рамзи туширилган бундай русумдаги самолётлар кўпроқ кўрилганини ҳам ўз хабарига қўшимча қилган.

Туркманистон президенти

Сурат манбаси, Altynasyr/screenshot

Танишув ортидан эса, Туркманистон президенти уст кийимини тўлиқ ҳарбий учувчилар либосига алмаштириб, улардан бири - Aermacchi M-346 русумидаги ўқув реактив қирувчи самолётини шахсан ўзи синаб кўришга киришгани аксланган.

Мазкур телерепортаждаги кадрлардан синов жараёнида президент Гурбангули Бердимуҳамедовга яна бир учувчи ҳамроҳлик қилаётганини кўриш мумкин бўлган.

Баландликда олинган тасвирларда эса, бош бармоғини осмонга ниқтаганча, "зўр", деб ишора қилаётган "синовчи учувчи"нинг махсус кўзойнак ва бош кийими боис, юзини очиқ кўриш имконсиз қолган.

Нашр бу икки самолётнинг Туркманистонга шу йилнинг май ва июнь ойларида етказиб берилгани ҳақида ёзган.

C-27JNG Spartan ва Aermacchi M-346 Италиянинг маҳсулоти экани айтилади.

Расман билдирилишича, Туркманистон Қуролли Кучлар ихтиёрига етиб келган янги ҳарбий самолёт йўналишни зудлик билан ўзгартириши ва разведка парвозларини амалга оширишга қодир.

Самолёт ҳарбий ҳаво кучлари олдида турган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган барча нарсалар билан жиҳозланган, ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш, разведка ўтказиш ва қуруқликдаги қўшинларнинг ҳаракатларини қўллаб -қувватлашга мўлжалланган.

Маълум бўлишича, шахсан Туркманистон президентининг ўзи синаб кўргани ва замонавий турбожет двигателлари билан жиҳозлангани эса, ҳарбий учувчиларни тайёрлашни кўзда тутади.

Бу ўқув қирувчи самолётининг 2000 километргача уча олиши, 13 минг 700 метргача баландликка кўтарила олиши айтилади.

Телерепортаж якунида Туркманистон раҳбарининг самолётни синаб бўлиб, ерга муваффақиятли қўндиргани, ердаги мулозимлари уни олқишлар билан қарши олишгани ва президент Бердимуҳамедовнинг бунга жавобан бош бармоғини осмонга ниқтаб, "зўр", деб жавоб бергани аксланади.

Туркманистон президентининг янги ўқув қирувчи самолётдан мамнун қолгани кўрилади.

Туркманистон давлат ахборот агентлигининг хабарида "ҳозирги вақтда энг замонавий ҳарбий техника ва самолётлар билан жиҳозланган Миллий армия тузилмалари ўз олдига қўйган барча вазифаларни муваффақиятли адо этаётгани алоҳида таъкидланади.

Буларнинг барчаси осмонлари "ишончли ҳимояланганидан, мамлакат аҳолиси президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ғамхўрлиги остида тинч -тотув яшаши мумкинлигидан далолат бериши" айтилади.

Президент Бердимуҳаммедов ўзининг ғалати ва кулгили қилиқлари билан танилган. У бир қараса, Рембога ўхшаш ҳарбий кўринишида ўқ узади, DJлик қилади ва қимматбаҳо спорт машиналарида пойга ўйнайди.

Асл касби тиш доктори бўлган президент отлар ҳақида реп айтган ва чой, доривор гиёҳлар ҳамда бошқа нарсаларга бағишлаб китоблар ёзган.

Синов парвозидан сўнг Мудофаа вазири Бегенч Гундоғдиев президентдан ўзининг ёзги ҳарбий учувчилик формасини пойтахтда отаси Бердимуҳамед Аннаев шарафига қурилаётган ҳарбий мактаб музейига беришини сўраган. Президент унинг таклифини рад этмаган.

Туркманистон, Афғонистон ва Толибон

Толибон Афғонистоннинг Туркманистон билан бевосита чегарадош вилоятларида ҳам туманлар аксариятини эгаллаб бўлди

Сурат манбаси, AFP/ARXIV

Сурат тагсўзи, Толибон Афғонистоннинг Туркманистон билан бевосита чегарадош вилоятларида ҳам туманлар аксариятини эгаллаб бўлди

Сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам чиқишни бошлаган ўтган икки ой ичида Толибон Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарадош вилоятларида ҳам деярли барча туманларни эгаллаб бўлди.

Афғонистон ва Туркманистон ўртасидаги иккита ўтиш нуқтасидан биттасини ҳам босиб олганини иддао қилди.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, Толибон энди асосий эътиборини бу вилоятлар марказларини олишга қаратган.

Шу кунларда Туркманистонга қўшни ғарбий Ҳирот вилояти маркази - қадимий Ҳирот шаҳри учун жангга киришган.

Бундан аввал шимолий-ғарбий Бодғиз вилояти маркази Қалъаи Навни ҳам босиб олишга уринган, шаҳар ичкарисигача кириб борган эса-да, бунга муваффақ бўлмаган.

Худди шу манзарада Афғонистон шимолидаги Маймана шаҳрига ҳам ҳужумларини тиндирмаган.

Маймана Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош ва мамлакат шимолидаги стратегик жиҳатдан энг муҳим Фарёб вилояти маркази бўлади.

Айнан Фарёбда Афғонистон ва Туркманистон ўртасида иккита йирик портдан биттаси жойлашган.

Оқина Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик бешта йирик портидан бири ҳисобланади.

Толибоннинг бу каби ютуқлари манзарасида қатор минтақавий нашрларда Туркманистон ҳукумати Афғонистон билан чегарасига ҳарбийлар ва ҳарбий техника ташлаётганига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Орада уларга таяниб, бу ҳақда айрим етакчи Ғарб ва Ўзбекистондаги нашрларнинг ҳам хабар беришгани кўрилган.

Аммо бунинг ортидан шу ой бошида Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги расман раддия билан чиққан.

Вазирлик бу хабарларни тасдиқламаган.

Илк расмий баёнот

Туркманистон президенти

Сурат манбаси, Getty Images

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий баёноти аввалида "Сўнгги кунларда қатор Россия оммавий-ахборот воситалари томонидан туркман-афғон чегарасидаги вазият ҳақида текширилмаган ва очиқдан-очиқ нохолис ахборот тарқатилаётгани"га тўхталган.

Хоссатан Россиянинг РБК телеканалини тилга олган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур телеканал Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарасига ҳарбий техника ва артиллерия сафарбар этилаётганига оид ҳақиқатдан йироқ хабар тарқатгани, бунинг ёлғон сенсация ортидан қувиб берилган ёлғон маълумотдан бошқа нарса эмаслигини баён қилган.

Шу муносабат билан "икки қўшни давлат ва уларнинг халқлари ўртасидаги биродарлик муносабатлари туфайли туркман-афғон чегараси - дўстлик ва ҳамкорлик чегараси" эканини маълум қилган.

Расмий баёнот сўнггида Туркманистон Мудофаа вазирлигига таяниб, унинг тасарруфидаги барча ҳарбий қисмлар, уларнинг шахсий таркиби ва ҳарбий техникаси доимий мавқеъида, режалаштирилган дастурга мувофиқ машғулотларини давом этдираётгани билдирилган.

Бу Толибон ҳаракати Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини кучайтириб, аксарият туманларини ўз назорати остига олган сўнгги ҳафталар ичида Туркманистон томонининг илк бор расмий баёнот билан чиқиши бўлган.

Толибоннинг юқори мартабали сиёсий ҳайъати сўнгги икки ҳафта ичида Эрон ва Россияда бўлиш, Теҳрон ва Москвада ҳам музокаралар олиб боришга улгурган.

Ҳар икки давлат пойтахтидан олинган хабарларда толиблар улар ҳукуматларини Афғонистонни "қуролли йўл билан олиш истаклари йўқ"лигига ишонтиришгани маълум бўлган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўзининг расмий баёнотида Толибон ҳайъатининг пойтахт Ашхободга ташрифи баробарида Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош минтақаларида кузатилаётган воқеалар ривожи хусусида ҳам бир сўз демаган.

Туркманистон ва Афғонистон

Туркманистон

Сурат манбаси, Getty Images

Туркманистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан бирга минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан бири саналади.

Тожикистондан кейин Афғонистон билан чегараси узун иккинчи Марказий Осиё давлати ҳисобланади.

Бу икки қўшни давлат ўртасидаги чегаранинг узунлигини қарийб 1 минг қилометрни ташкил этади.

Туркманистон ҳам минтақанинг Афғонистондаги қайта тиклаш ишлари фаол бош қўйган ва ўзининг йирик иқтисодий манфаатларига эга давлати.

Улкан табиий энергия захираларига эга бўлган мамлакат, йилларки, ўз газини Афғонистон орқали четга янада кўпроқ экспорт қилишни ҳам истайди.

Худди шу манзарада айрим Ғарб нашрларида Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали сиёсий ҳайъатининг яна Туркманистонга сафар қилгани ва пойтахт Ашхободда музокаралар ўтказганига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Туркманистон томони ҳалича бу ҳақда расман хабар бермаган.

Толибон ҳайъати ташрифи

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, AFP/ARXIV

Озодлик радиоси Туркман хизматининг ёзишича, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакили ўзлари билан суҳбатда бу хабарни тасдиқлаган.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, томонлар музокаралар чоғида икки томонлама иқтисодий ва сиёсий алоқалар қаторида хавфсизлик ва чегара масалаларини муҳокама этишган.

Нашрнинг Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбаларига таяниб ёзишича, Толибон ҳайъати 10 июль куни Ашхободга келган, унга ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станикзайнинг ўзи бошчилик қилган.

Манбалар ташриф Туркманистон томонининг таклифи билан амалга ошгани, толиблар Ашхободда мамлакат Ташқи ишлар вазири муовини билан музокаралар олиб боришганига ҳам тўхталиб ўтганликлари кўрилган.

Аммо Туркманистон дунёнинг энг иҳоталанган давлатларидан бири саналади, худди шу боис ҳам, бу хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг иложи йўқ.

Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали сиёсий ҳайъатининг шу йил февраль ойида ҳам Туркманистонга боргани хабар қилинган.

Унда ҳам икки томон ўртасида пойтахт Ашхободда кечган музокаралар тафсилотлари ноаён қолган.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар глобал коронавирус пандемияси фонида Туркманистоннинг ўзини ташқи дунёдан қанчалик иҳоталагани фонида амалга ошгани Толибон ҳайъатининг Ашхободга ташрифининг аҳамиятини алоҳида урғулашини ҳам таъкидлашганди.

Табиий энергия захираларига бой Туркманистон Марказий Осиёнинг ягона нейтрал давлати.

Ўзбекистон билан бирга Афғонистонга оид тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш истагини билдириб келаётган иккита давлатдан биттаси.

Исломий Амирлиги Афғонистонда қудратда бўлган пайтида ҳам Толибон билан ўзаро муносабатларига жиддий раҳна етмаган, мўътадил ушлаган.

Тожикистон-Афғонистон чегараси

Сурат манбаси, official

Тожикистон жорий пайтда толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги жангларидан қочиб, энг катта сондаги афғон ҳарбийлари ва фуқаролари чегарасини бузиб ўтаётган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Орада ўнлаб афғон ҳарбийлари ва маҳаллий қуроллиларининг Ўзбекистон чегарасини ҳам бузиб ўтишгани кўрилган.

Аммо Туркманистондан бу хусусда расман тасдиқланган хабарлар ҳалича бўй кўрсатмаган.

Афғонистон билани энг қисқа ташқи чегараси бўлган ва йилларки кучли қўриқланиб келиши айтилган Ўзбекистонникидан фарқли тарзда, Тожикистон ва Туркманистонникининг ҳимояси ҳар доим жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келган.

Бундай хавотирларга сабаб бўлаётган асосий омиллар ўлароқ бу икки давлат чегарасининг узунлиги, ноқулай жўғрофий жойлашуви баробарида, айнан Тожикистон назарда тутилганда, иқтисодий имкониятларининг пастлиги ҳам тилга олинади.

Орада Туркманистон Қуролли Кучларида озиқ-овқат тақчиллиги юзга келгани ёки ҳарбийларининг тайёргарликлари билан боғлиқ муаммолар борлигига оид хабарлар ҳам олинган.

2015 йилда президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон томонидан туркман-афғон чегарасини қўриқлашда ёрдам сўраганига оид гап-сўзлар ҳам юзага чиққанди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek