Янгиликлар: Сунъий ақл тизимларини яратган олим нега ўз ишидан афсусда эканини айтмоқда? Video Google Yangiliklar Dunyo AI

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Сунъий ақл (СА)нинг отаси деб кўрилган Жеффри Хинтон ўз лавозимини тарк этди ва сунъий ақл соҳасида тобора ўсиб бораётган хавфлардан огоҳлантирди.

75 ёшли Хинтон Google'даги ишидан бўшаётганини New York Times газетасида эълон қила туриб, қилган тадқиқотидан афсусда эканини ёзди.

Унинг Би-би-сига айтишича, СА чатботларининг баъзи хавфлари "жуда қўрқинчли".

"Ҳозирда, афтидан, улар биздан ақллироқ эмаслар. Лекин, ўйлайманки, яқин орада бизни ортда қолдирадилар."

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Доктор Хинтоннинг нейрон тармоқлари ва чуқур ўрганиш соҳаларидаги етакчи тадқиқотлари ChatGPT каби СА тизимлари яратилишига замин яратган.

Сунъий ақлда "нейрон тармоқлари" инсон миясига ўхшаш тизим бўлиб, ҳудди мия каби ахборотни ўрганади ва ҳазм қилади.

Улар САларга худди инсондек ўз тажрибасидан сабоқ чиқариш ва ўрганиш қобилиятини беради. Бу "чуқур ўрганиш" дейилади.

Британия ва Канадада фаолият олиб борувчи когнитив психолог ва компютер олими Хинтоннинг Би-би-сига айтишича, чатботлар яқин орада ўзида инсон миясидагидан кўпроқ маълумотни сақлай бошлайди.

"Ҳозирда GPT-4 каби САлар умумий билим бобида инсонни анча ортда қолдириб кетганини кўряпмиз. Мантиқий фикр юритишга келганда улар инсонга тенглашмади, лекин оддий мантиқни қўллай оляпти", - дейди у.

"Жараён бу каби тез суратда ривожланиб бораётганини ҳисобга олсак, бундан хавотирга тушишимиз керак."

Жеффри Хинтон ўз лавозимини тарк этди ва сунъий ақл соҳасида тобора ўсиб бораётган хавфлардан огоҳлантирди.
Сурат тагсўзи, Жеффри Хинтон ўз лавозимини тарк этди ва сунъий ақл соҳасида тобора ўсиб бораётган хавфлардан огоҳлантирди.

New York Times мақоласида Доктор Хинтон САдан "ёмон ишлар" учун фойдаланишга уринадиган "ёмон томонлар"га ҳам ишора қилди.

Би-би-би ундан бунга аниқлик киритишни сўраганида, у шундай жавоб берди: "Бу энг ёмон, энг даҳшатли сценарий. Масалан [Россия Президенти Владимир] Путин каби ёмон одам роботларга ўзларининг мақсадларини яратадиган қобилиятни беришини тасаввур қилинг."

Олимнинг айтишича, бу САларга алал-оқибат "менга кўпроқ қудрат керак" деган мақсадни ўз олдиларига қўйишга етаклаши мумкин.

"Хулосам шуки, биз яратаётган "ақл" бизнинг ўзимиздаги ақлдан анча фарқли", - дейди у.

"Биз биологик тизимлармиз, улар эса рақамли тизимлар. Фарқимиз шуки, рақамли тизимларда битта дунё моделининг кўплаб нусхалари бўлади. Бу нусхалар бир-биридан айри ҳолда ўргана олади ва шу билимни зудлик билан ўзаро бўлиша олади. Масалан, тасаввур қилинг, худди 10 минг одам бор, фақат биттаси ниманидир ўрганса-ю, қолганлари ҳам зудлик билан шу билимга эга бўлса. Ана шу тарзда чатботлар ҳар қандай инсондан кўра кўпроқ маълумотни ўргана олади."

Доктор Хинтон каби СА ҳақида хавотирларини изҳор қилаётган мутахассислар сони тобора кўпаймоқда. Улар бу соҳа тараққиётининг тезлиги ва қаёққа қараб кетаётганидан безовталар.

Ўзимизни бироз жиловлашимиз керак

BBC

Март ойида СА соҳасининг ўнлаб билимдонлари, жумладан тех-миллиардер Илон Маск, очиқ хат чиқариб, қаттиққўл хавфсизлик чоралари ишлаб чиқилмагунча ChatGPT каби САнинг амалдаги версиясидан юқорироқларини ишлаб чиқаришни тўхтатиб туришга чақирдилар.

Доктор Хинтон ва Ян ЛеКун билан биргаликда 2018 йилда чуқур ўрганишдаги хизмати учун Туринг мукофотини олган яна бир мутахассис Йошуа Бенжио ҳам ўша очиқ хатга имзо чекди.

Жаноб Бенжио СА тизимларидаги "кутилмаган тезлашиш" сабаб "ўзимизни жиловлашимиз керак"лиги ҳақида ёзди.

Лекин, Доктор Хинтоннинг Би-би-сига айтишича, "яқин келажакда" САлар хавфдан кўра кўпроқ фойда олиб келади, шундай экан "уларни ривожлантиришдан тўхтамаслигимиз керак".

Унга кўра, СА соҳасидаги халқаро рақобат туфайли унинг тараққиётини тўхтатиб туриш қийин бўлади. "Агар АҚШда тўхтатсалар, Хитой олдинга ўтиб кетади", - дейди у.

Доктор Хинтоннинг айтишича, у ҳукумат бошқарувчиси эмас, илм мутахассиси. Шундай экан, унга кўра, "САлар назоратдан чиқиб кетмасликлари учун" ҳукуматлар масъулиятни ўз бўйниларига олишлари керак.

Доктор Хинтон Google'ни танқид қилиш нияти йўқлигини айтди ва компания масъулиятни чуқур ҳис қилишини билдирди.

Айни дамда Google'нинг бош олими Жефф Дин баёнот чиқариб, ўз компанияси САга катта масъулият билан ёндошишини айтди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002