Сунъий ақл: Дунёдаги қудрат саноқли компаниялар қўлига ўтиб кетадими? Yangilklar, Dunyo

ami vebb

Сурат манбаси, Getty Images

Сунъий ақл (СА) турмушимизни ҳам яхши, ҳам ёмон томонга ўзгартириб юборишга қодир. Экспертлар СА билан боғлиқ янги ўзгаришларга ҳукуматлар тайёр эканига шубҳа билан қарамоқда.

2019 йили "OpenAI" деб номланган нотижорий тадқиқот гуруҳи нисбатан изчил матнларни ёза оладиган, махсус кўрсатмаларсиз ҳам матнларни ўқиб таҳлил қила оладиган компьютер дастури яратди.

"OpenAI" GPT-2 деб аталган ушбу дастурни катта миқдорда дезинформация ва пропаганда мақсадида фойдаланилиши хавотири боис оммага тўла шаклда тақдим қилишни режалаштирмаган эди. Тадқиқот гуруҳи ўз қарори ҳақида чиқарган пресс релизида бу дастурни "ўта хавфли" деб атаган эди.

Ўтган уч йил ичида сунъий интеллект имкониятлари жуда юқори суръатда ўсди.

Ўша чекланган даражада тақдим қилишдан сўнг, унинг янги версияси - GPT-3 ўтган йил ноябрида тўла тақдим қилинди. GPT-3 дан олинган Chatbot-GPT интерфейси - журналист ва мутахассислар текширганда - қисқа вақтда минглаб янгилик хабарлари ва ижтимоий тармоқ постларини ярата олди.

line

Сурат манбаси, Alamy

Алоқадор мавзулар:

line

Сурат манбаси, Alamy

Chatbot-GPT Кремний водийси банки қулаши ҳақида марҳум комик Жорж Карлин услубида стендап матнларини ҳам ёзди. У христиан теологияси ҳақида фикр билдирди, шеър ёзди. Ҳатто ёш болага квант назариясини тушунтирди. Dall-E каби бошқа СА моделлари шундай визуал шаклларни яратдики, улар санъат вебсайтларига ҳам кириб бориши мумкинлиги ҳақидаги баҳсларни қизитди.

Бу машиналар камида кўз ўнгимизда ижодкорга айланмоқда.

Сешанба куни OpenAI ўз дастурининг охирги версияси - GPT-4ни тақдим қилди. Ушбу версиядан бузғунчи мақсадларда фойдаланишга чекловлар борлиги айтилмоқда. Унинг илк мижозлари орасида Microsoft ва Merrill Lynch компанияси, Исландия ҳукумати ҳам бор. АҚШнинг Техас штати, Остин шаҳрида технология етакчилари, инвесторлар ва ижрочи директорлар иштирокида ўтган "South by Southwest Interactive" конференциясида сунъий интеллектнинг имконияти ва кучи масаласи энг қизғин муҳокама марказида бўлди.

Оқ уйнинг Фан ва технология сиёсати идораси раҳбари Арати Прабҳакар ҳам САнинг имкониятларидан лол экани, аммо хавотирлари ҳам йўқ эмаслигини таъкидлади.

"Ўта қудратли технология вужудга келаётганига гувоҳ бўлиб туриммиз. Бу бурилиш нуқтаси, - деди у конференцияда. - Тарихда бундай кучли технологиялардан эзгу ва ёвуз мақсадларда кўп марта фойдаланишган."

Сунъий ақл сиёсати бўйича консальтинг гуруҳи SeedAI асосчиси Остин Карсон эса янада дангал гапирди:

"Агар олти ой ичида ҳанг манг бўлиб қолмасангиз, битта кечлик мендан", деди у.

"Ҳанг манг бўлиб қолиш" бир нави. Future Today Institute директори ва Нью Йорк университети бизнес профессори Эми Уебб ўз чиқишида САнинг эҳтимолий оқибатларини рақамларда кўрсатишга ҳаракат қилди. Унинг айтишича, сунъий ақл келгуси ўн йилда икки йўналишдан бирида ривожланади.

Оптимистикроқ сценарий бўйича, СА умум манфаатига қаратилади, СА тизимларида шаффофлик бўлади, одамлар интернетдаги очиқ маълумотларини СА билим базасига киритиш ёки киритмасликни ўзлари ҳал қилади. Технология ҳаётни осонлаштирадиган воситага айланади, СА фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини аввалдан аниқлаб, уни истеъмол маҳсулотларида буни акс эттиради ва деярли барча ишларда кўмакчи бўлади.

Уеббнинг пессимистик сценарийсига кўра эса, шахсий маълумотлар даҳлсизлигига путур етади, қудрат саноқли компаниялар қўлида тўпланади. СА одамларнинг эҳтиёжларини аввалдан аниқлаб, танлов имкониятларини чеклаб қўяди.

У оптимистик сценарий бўйича ривожланиш эҳтимолини 20 фоиз дейди.

Технология қайси томонга ривожланиши уни ривожлантираётган компаниялар қанчалик масъулиятли эканига боғлиқ, дейди Уебб Би би сига. Улар шаффофми, чатботлар маълумотларни қаердан олиши ва қандай қайта ишлашини ошкор қилишадими, ана шунга кўп нарса боғлиқ.

Бошқа бир фактор ҳукумат, федерал регуляторлар ва Конгресс технологиялар ривожланиши ва улардан нобоп мақсадларда фойдаланиш олдини олиш бўйича қонунларни қандай такомиллаштиришидир.

Ҳукуматнинг ижтимоий медиа компаниялари Facebook, Twitter, Google билан муносабатлари тажрибаси бу борада эътиборлидир. Аммо бу муносабатлар оптимист бўлишга асос бермайди.

"Кўп суҳбатларда бу борада ҳимоя чоралари йўқлигидан хавотирларни эшитдим", дейди "Future Today Institute" бошқарувчи директори Мелани Субин конференция вақтидаги муҳокамалар ҳақида. "Бирор нарса қилиш керак деган туйғу бор. Ўйлайманки, генератив сунъий интеллект қанчалик тез ривожланаётганини кўрганда, одамларнинг хаёлига ижтимоий тармоқлар қанча муаммони келтириб чиқаргани келиши мумкин".

Ижтимоий медиа компаниялари устидан федерал назорат асосан 1996 йилда Конгресс қабул қилган Мақбул Коммуникация ҳақида қонунга ва унинг 230-моддасида келтирилган қисқа, аммо кучли кўрсатмага асосланади. Ана шу модда интернет компанияларини ўз платформаларида фойдаланувчилар яратган контент учун жавобгарликдан ҳимоя қилади. Бу эса ижтимоий медиа компаниялари гуллаб-яшнаши учун замин ҳозирлади. Аммо яқинда бу қонун интернет компанияларнинг ҳаддан ташқари куч ва таъсирга эга бўлишига йўл қўйгани учун танқид қилинди.

Ўнгчи сиёсатчилар бу ҳолат бутун дунё бўйлаб Google ва Facebook'ларга консерватив фикрларни қоралаш, уларнинг овозини ўчириш имконини берганидан шикоят қилмоқда. Сўлчилар эса ушбу компанияларни нафрат сўзлари ва зўравонлик таҳдидлари тарқалиши олдини олмаганликда айблайди.

Мичиган штати Давлат котиби Жоселин Бенсон: "Биз нафрат сўзлари нафрат хатти-ҳаракатига олиб боришини тан олишга масъулмиз" деди. 2020 йил декабрь ойида унинг уйи Доналд Трампнинг Facebook'да ташкил этилган қуролли тарафдорлари нишонига айланган эди.

Мичиган штати Давлат котиби Жоселин Бенсон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мичиган штати Давлат котиби Жоселин Бенсон

У Мичиганда ёлғон тарқатишга қарши қонунини қўллаб-қувватлади. Бу қонунга кўра, ижтимоий медиа компаниялари била туриб зарарли маълумот тарқатганлик учун жавобгарликка тортилади. Шунга ўхшаш таклифлар федерал даражада ва бошқа штатларда ҳам илгари сурилган. Масалан, ижтимоий тармоқларда вояга етмаган фойдаланувчиларни кўпроқ ҳимоя қилиш, контентни уларга мослаштириш сиёсати ҳақида очиқроқ бўлиш ва онлайн таъқибларни фаолроқ камайтириш чораларини кўришни талаб қилувчи қонунчилик таклифлари илгари сурилган.

Бироқ, бундай қанчалик иш бериши ҳақида фикрлар ҳар хил. Йирик технология компаниялари Вашингтон ва штат пойтахтларида лобби гуруҳларига эга, улар турли йўллар билан сиёсатчиларга таъсир ўтказа олади.

"Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида кўплаб далилларга қарамай, 25 йил ўтди", дейди технология журналисти Кара Свишер. "Биз Конгрессдан истеъмолчиларни ҳимоя қилиш учун қандайдир қонунчиликни кутган эдик, улар эса ўз масъулиятларини унутишди."

Свишернинг айтишича, хавф шундаки, ижтимоий тармоқларда йирик ўйинчи бўлган кўплаб компаниялар - Facebook, Google, Amazon, Apple ва Microsoft - ҳозир сунъий интеллект соҳасида етакчидир. Агар Конгресс ижтимоий тармоқларни ҳозир самарали тартибга сола олмаса, Свишер СА устида "қуролланиш пойгаси" деб атаган жараённи тартибга солиши янада қийин бўлади.

САни ва ижтимоий медиани тартибга солишни қиёслаш фақат тадқиқотчилар машғулотигина эмас. Facebook, YouTube ва Twitter каби порталлар шундоқ ҳам лойқалатиб турган сувни янги СА технологиялари ёлғон ахборотнинг қайнаб турган денгизига айлантириб юбориши мумкин, чунки ҳақиқий одамларнинг постларини сунъий интеллект яратган сохта, аммо мутлақо ҳақиқийдек кўринадиган аккаунтлардан ажратиш қийинлашади.

Ҳукумат янги тартиб қоидаларни жорий қилганда ҳам, сунъий интеллект вужудга келтирадиган зарарли контент тўлқини олдида улар иш бермаслиги мумкин.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002