Хитой уйғурларда янги мосламани синаб кўрди - dunyo Xitoy musulmonlar uyg'urlar O'zbekiston yangiliklar

Шинжон. Хитой расмийлари бу жамлоқ-ҳибсхоналарни "касб-ҳунар ўргатиш марказлари", деб айтади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Шинжон. Хитой расмийлари бу жамлоқ-ҳибсхоналарни "касб-ҳунар ўргатиш марказлари", деб айтади
    • Author, Жейн Уэйкфилд
    • Role, Технология масалалари бўйича мухбир, ББС

Сунъий ақл ва юз таниш функцияси бўлган, кишининг ҳиссий ҳолатини аниқловчи камералар Шинжонда уйғурларда синовдан ўтказилди, дея хабар берилди Би-би-сига. Далилларни кўрган инсон ҳуқуқлари фаоли бу ҳолат одамни даҳшатга солади, демоқда.

Дастурий таъминот муҳандиси Шинжондаги полиция бўлимларига ана шундай камералар ўрнатилганини айтди.

Бу ҳақда далилларни кўрган инсон ҳуқуқлари фаоли бу ҳолат одамни даҳшатга солади, деди.

Лондондаги Хитой элчихонаси бу даъволарга бевосита жавоб бермади, аммо барча этник гуруҳлар учун сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқлар кафолатланганини айтди.

Шинжонда 12 миллион уйғур этник озчилик яшайди, уларнинг аксари мусулмон.

Минтақадаги фуқаролар доимий кузатув остида яшайди.

Бу ҳудудда, шунингдек, ўта баҳсли бўлган "қайта тарбиялаш марказлари" жойлашган.

Ушбу марказларни инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қамоқхона лагерлар, деб атайди ва уларда миллиондан ортиқ одам тутиб турилгани айтилади.

Пекин ҳудудда кузатув жуда муҳимлиги, чунки ўз давлатини қурмоқчи бўлган айирмачилар юзлаб одамни террор ҳужумида ўлдирганини айтади.

Шинжон дунёдаги энг кўп кузатилувчи ҳудудлардан бири сифатида кўрилади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шинжон дунёдаги энг кўп кузатилувчи ҳудудлардан бири сифатида кўрилади

Компьютер муҳандиси хавфсизлик хавотири боис, Би-би-сининг "Панорама" дастурига исми сир қолиши шарти билан гапирган. У ишлайдиган компания номи ҳам ошкор қилинмаган.

У "Панорама"га ҳиссиётни аниқловчи тизим синаб кўрилган уйғур тутқунларнинг бешта фотосуратини кўрсатган.

Дастур айлана диаграмма тайёрлаши, ундаги қизил сегмент обьект онгидаги салбий ва хавотир ҳолатни ифодалаши айтилмоқда
Сурат тагсўзи, Дастур айлана диаграмма тайёрлаши, ундаги қизил сегмент обьект онгидаги салбий ва хавотир ҳолатни ифодалаши айтилмоқда

"Хитой ҳукумати лабораторияда каламушларда синов ўтказилгани каби уйғурлардан турли тажрибалар ўтказишда фойдаланади", деди у.

У минтақадаги полиция бўлимларига мазкур камераларни ўрнатишдаги ролини ҳам гапириб берган: "Биз камерани объектдан уч метр берига қўйдик. У ёлғонни аниқловчи детекторга ўхшайди, аммо анча такомиллашган".

Полиция ходимлари бутун Хитой бўйлаб полиция бўлимларига ўрнатилган "кишанловчи курсилар"дан фойдаланади.

"Ўтирганда билакларингиз метал билан қотириб қўйилади. Худди шу тарзда тўпиқлар ҳам қотирилади."

У сунъий ақл юздаги энг майда ифодаю тукдаги ўзгаришни ҳам таҳлил қилиб аниқлашга қандай ўргатилишини гапирди.

Унинг даъвосича, дастур айлана диаграмма тайёрлайди, ундаги қизил сегмент обьект онгидаги салбий ва хавотир ҳолатини ифодалайди.

Унинг айтишича, дастур "аниқ бир далилга таянмай олдиндан хулоса беради".

Хитойнинг Лондандаги элчилиги минтақада ҳиссиётни аниқловчи дастурлардан фойдаланилаётгани ҳақидаги саволларга жавоб бермади, аммо: "Шинжондаги барча этник гуруҳлар учун сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлар, диний эркинликлар кафолатланган", деди.

"Одамлар этник илдизларига қарамай, ўзаро уйғун яшамоқда, шахсий эркинликларига ҳеч қандай чекловлар бўлмагани ҳолда хотиржам ҳаёт кечирмоқда."

Далиллар "Human Rights Watch"нинг Хитой бўйича директори Софи Ричардсонга кўрсатилди.

"Мудҳиш материал. Одамлар нафақат диаграммага жойланмоқда, балки биқиқ муҳитда, оғир босимдаги одамлар табиийки асабий ҳолатда бўлади ва бу уларнинг айбдорлиги далили сифатида кўрилмоқда, бу жуда чуқур муаммо."

Шубҳали феъл-атвор

Колорадо университетидан Даррен Байлерга кўра, уйғурлар мунтазам равишда маҳаллий расмийларга ДНК намунаси топшириб туриши, рақамли сканерлардан ўтиши ва аксарияти ҳукумат иловасини телефонига ўрнатиши керак. Бу илова уларнинг контактлари, хабарлашувлари ҳақидаги маълумотларни тўплайди.

"Уйғур ҳаёти маълумот манбаига айланиб қолган", дейди у.

"Смартфон доим ёнингизда олиб юриладиган буюм эканини ҳамма билади, агар бирор ерда қолдирсангиз, сизни олиб кетишлари мумкин. Улар сиз кузатилаётганингизни билишади. Бундан қочиб бўлмаслигини ҳис қилишади", дейди у.

Асосий маълумотлар Қўшма Операциялар Платформаси деб аталадиган компьютер тизимига тушади. "Human Rights Watch"нинг айтишича, бу тизим шубҳали деб кўрилган феъл-атворни аниқлайди.

"Бу тизим мутлақо қонуний бўлган ўнлаб турли феъл атворларни қайд этади, масалан, одамлар олд эшик туриб, орқа эшикдан чиққани, ўзига тегишли бўлмаган машинага ёқилғи қуйгани кабилар", дейди Ричардсон хоним.

"Расмийлар одамларнинг уйлари эшикларига QR кодларни ёпиштирмоқда.

Оруэллчами?

Хитой технология ширкатларининг давлат билан қанчалик алоқаси борлиги ҳақида узоқ вақтдан бери баҳслар давом этяпти.

АҚШдаги тадқиқот гуруҳи IPVM айрим Хитой ширкатлари уйғурларни таниб олиш учун махсус яратилган маҳсулотларга патент олиш учун ҳужжат топширганини аниқлаганини даъво қилмоқда.

2018 йил июлида Huawei ва Хитой Фанлар Академияси патент олиш учун топширган ҳужжатларда маҳсулот одамларни этник келиб чиқишига қараб ажрата олиши кўрсатилган.

Huawei "ҳеч бир жамоа аъзосини камситиш ёки таъқиб қилиш учун технологиядан фойдаланишга бепарво қарамаслиги"ни айтди ва ўзининг "ҳукуматдан мустақил" ишлашини таъкидлади.

Hikvision кузатув камералари ҳам ясайди

Сурат манбаси, VCG

Сурат тагсўзи, Hikvision кузатув камералари ҳам ясайди

IPVM гуруҳи бу ширкат "Бир шахс, Бир файл" деб аталган технологияни ривожлантираётганини тасдиқловчи ҳужжатни топган.

"Ҳукумат ҳар бир шахс учун ҳукумат алоҳида маълумот сақлайди - шахсий маълумотлари, сиёсий фаолияти, муносабатлари... ўша одам ўзини муайян вазиятда қандай тутишини ва қандай хавф солишини олдиндан билишга ёрдам берадиган барча нарсани", дейди гуруҳдан Конор Ҳили.

"У ҳар қандай турдаги норозилик ифодасини имконсизга айлантиради ва ҳукуматга фуқаролар кайфиятини аввалдан билишга ёрдам беради. Оруэлл ҳукумат бунга қодир бўла олишини тасаввур қилган деб ўйламайман."

Huawei "Бир шахс, Бир файл "тизимини ривожлантиришдаги иштироки юзасидан саволларга жавоб бермаган, аммо ўз фаолиятида ҳукуматдан мустақиллигини такрорлаган.

Хитойнинг Лондондаги элчилиги бу каби дастур ҳақида "маълумот йўқ"лигини айтган.

IPVM, шунингдек, Хитой ширкати Hikvision уйғурларни аниқловчи сунъий ақл камерасини реклама қилувчи маркетинг материалини ва бошқа бир технология гиганти Dahua ишлаб чиққан илова патентини топди. Бу илова ҳам уйғурларни таниб олиши мумкин.

Dahua ўзининг патенти Хитойдаги 56 этносни таний олишини айтди ва улардан бирини атай ажратмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, ширкат ўз " маҳсулотлари ва хизматлари одамларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани" ва "барча бозорлардаги қонун ва тартибларга мувофиқ келиши"ни айтган.

Hikvision нинг таъкидлашича, унинг вебсайтидаги тафсилотлар хато бўлган ва маълумотлар "текширилмасдан қўйиб юборилган".

Сунъий ақл бўйича Хитой Миллий қўмитаси раиси, доктор Лан Сюэ патант ҳақида эшитмаганини айтди.

"Хитойдан ташқарида бунақа айбловлар кўп айтиляпти. Аксарияти хато ва ёлғон", деди у Би-би- сига.

"Шинжон маҳаллий ҳукумати Шинжон халқини ҳимоя қилишга масъул... Агар технология шу мақсадда ишлатилса, буни тушуниш мумкин", деди у.

Хитойнинг Британиядаги элчилиги эса бу борада анча дадил: "Уйғурлар учун мўлжалланган ҳеч қандай юз таниш технологияси йўқ."

Кундалик кузатув

Ҳу Лю ўзини доимий кузатув остида экандек ҳис қилишини айтади
Сурат тагсўзи, Ҳу Лю ўзини доимий кузатув остида экандек ҳис қилишини айтади

Бутун дунёдаги деярли 800 млн. кузатув камераларининг ярми Хитойда ўрнатилган.

Хитойда Чунцин каби катта смарт шаҳарлар ҳам бор бўлиб, унда сунъий ақл шаҳар ҳаётининг пойдеворини ташкил қилади.

Чунцинда ишловчи суриштирувчи журналист Ҳу Лю "Панорама"га ўз тажрибасини айтиб берди: "Уйдан чиқиб, лифтга кирдингизми, камера назарига тушасиз. Ҳамма жойда камера."

"Бирор ерга бориш учун уйдан чиқсам, такси чақираман, такси ширкати бу маълумотни ҳукуматга беради. Кафега дўстларим билан учрашгани боришим мумкин, расмийлар менинг қаердалигимни кафедаги камера орқали билади."

"Шундай ҳолат ҳам бўлган, бир одам билан учрашганимдан сўнг ҳукуматдан менга қўнғироқ қилишган. Улар мени "у одам билан учрашма, ундай қилма, бундай қил", деб огоҳлантиришган."

"Сунъий ақл бор экан, беркингани жой тополмаймиз."

Кузатув камераси ва юз

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek