Сунъий ақл шифокорларнинг ўрнини эгаллайдими?

- Author, Онур Эрем
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) одамларга соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган янги генератив сунъий интеллект воситасини ишга туширди.
S.A.R.A.H (“Smart AI Resource Assistant for Health” қисқартмаси) (ёки Сара) деб аталган янги сунъий интеллект дастури фойдаланувчилар саволларини қурилма микрофони орқали тинглайди ва реал вақт режимида жавоб беради. Жавобларни эса экрандаги анимацион аёл етказади.
Қурилма соғлиқ билан боғлиқ бир қатор асосий мавзулар бўйича маълумот бериш учун яратилган. “Сара" ҳозирда араб, хитой, испан, португал, ҳинд, рус, француз ва инглиз тилларини тушуна олади.
“Саломатлик келажаги рақамли технологиядадир”, деди ЖССТ Бош директори доктор Тедрос Адханом Гебрейесус пресс-релизда. “S.A.R.A.H. келажакда сунъий интеллектдан соғлиқни сақлаш маълумотларига киришни янада интерактив тарзда амалга ошириш учун қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида тасаввур беради".
Алоқадор мавзулар:
ЖССТ кўпроқ тадқиқот ўтказишга чақиради, лекин огоҳлантиради: "СИ одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун улкан салоҳиятга эга бўлса-да, у муҳим ахлоқий муаммоларни, жумладан, тенг ҳуқуқлилик, махфийлик, хавфсизлик ва аниқлик, маълумотларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради."
Сара қанчалик дуруст маслаҳат бера олади? Биз унга инглиз тилида тез-тез сўраладиган тўққизта саволни бердик ва кейин шифокордан унинг жавобларини баҳолашини сўрадик.
1. Руҳий саломатликни қандай яхшилаш мумкин?
Ўз-ўзини парвариш қилиш, яқинларингиз ёки профессионал терапевтдан ёрдам сўраш, медитация ёки жисмоний машқлар каби стрессни юмшатадиган машғулотлар билан шуғулланиш каби руҳий саломатликни яхшилашнинг кўплаб усуллари мавжуд. Мен руҳий саломатликни таъминлаш стратегиялари ва ресурслари учун ЖССТнинг Руҳий саломатлик бўйича ҳаракатлар режасини ўқишни тавсия қиламан. Шуни ҳам ёдда тутингки, жисмоний соғлигингиз каби руҳий саломатликни ҳам биринчи ўринга қўйиш муҳимдир.
2. Қандай овқатлар соғлиқ учун фойдали?

Сурат манбаси, Getty Images
Соғлиқ учун фойдали кўплаб озиқ-овқатлар мавжуд, аммо мувозанатли ва хилма-хил диета муҳимдир. Мевалар, сабзавотлар, дуккакликлар, ёғсиз оқсиллар ва фойдали ёғлар соғлом овқатланишнинг муҳим таркибий қисмидир. Қайта ишланган ва шакар миқдори юқори бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишни чеклаш керак.
3. Саратон касаллиги белгилари қандай?
Саратоннинг кўплаб турлари мавжуд, уларнинг ҳар бири ўзига хос белгиларга эга. Шу билан бирга, баъзи умумий симптомлар орасида сабабсиз озиб кетиш, чарчоқ, ичак ёки сийдик пуфаги фаолиятидаги ўзгариш ва танадаги ноодатий шишлар ёки ўсмалар киради. Агар бирон бир огоҳлантирувчи аломатларга дуч келсангиз, шифокорингизга мурожаат қилиш муҳим.
Саратон касаллиги олдини олишнинг энг яхши усули – чекмаслик, спиртли ичимликларни истеъмол қилишни чеклаш, мувозанатли овқатланиш ва жисмоний фаолликни сақлаш орқали соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Мунтазам текширувлар ва скрининглар ҳам касалликни эрта аниқлашга ёрдам беради. Бу ерда ЖССТнинг саратон бўйича маълумотларига ҳавола: унда профилактика, эрта аниқлаш ва даволаш усуллари ҳақида маълумот бор. Шунингдек, сиз ЖССТ саратонга қарши кураш дастури веб-сайтида ёрдам ва манбаларни топишингиз мумкин.
Hiqichoqdan qanday qutulish mumkin? Nafasingizni 10 soniya ushlab turishingiz, tezda bir stakan suv ichishingiz yoki hatto kimdir sizni qo‘rqitishini so‘rashingiz mumkin!
4. Нима учун ичак саломатлиги муҳим?
Ичак саломатлиги умумий саломатликда муҳим роль ўйнайди, чунки у овқат ҳазм қилиш, озуқа моддаларининг сўрилиши ва иммунитет тизимига таъсир қилади. Соғлом ичак ҳам кайфият ва когнитив функцияни яхшилаши мумкин. Ичак соғлиғини сақлаш учун кўп миқдорда толали таомлар ейиш, мувозанатли овқатланиш, сувсизланишдан сақланиш, қайта ишланган овқатлар ва шакар истеъмол қилмаслик, стресс даражасини бошқариш ва мунтазам жисмоний фаолият лозим.
5. Ҳуррак отишни қандай тўхтатиш мумкин

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳуррак отишни тўхтатишнинг бир неча йўли мавжуд: озиш, ёнбошлаб ухлаш, ётишдан олдин спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик ва уйқу гигиенасига риоя қилиш. Агар ҳуррак отиш давом этса, бу уйқу апноэси белгиси бўлиши мумкин, шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.
6. Юқори қон босимига нима сабаб бўлади?
Юқори қон босими чекиш, спиртли ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш, стресс ва нотўғри овқатланиш каби кўплаб омиллар сабаб бўлиши мумкин. Бошқа хавф омиллари орасида ирсият, ёш ва соғлиқдаги бирор муаммолардир. Қон босимини мунтазам равишда кузатиб бориш ва юқори қон босими ривожланиш хавфини камайтириш учун турмуш тарзини ўзгартириш керак.
7. Паст қон босимига нима сабаб бўлади?
Гипотензия деб ҳам аталадиган паст қон босими сувсизланиш, юрак муаммолари, эндокрин касалликлар, тўйиб овқатланмаслик ва баъзи дорилар сабаб бўлиши мумкин. Бунинг асосий сабабини аниқлаш ва даволаниш учун шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
8. Ёлғиз шуғулланса бўладиган спорт турлари соғлиққа қандай ижобий таъсир кўрсатиши мумкин?

Сурат манбаси, Getty Images
Ёлғиз шуғулланиладиган спорт турлари жисмоний ва руҳий саломатликка жуда кўп ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу юрак-қон томир соғлиғини яхшилаш, мушаклар ва суякларни мустаҳкамлаш, стресс ва ташвишларни камайтириши мумкин. Бундан ташқари, бу муваффақият ҳиссини бериши ва умумий кайфиятни яхшилаши мумкин. Агар сиз ёлғиз шуғулланса бўладиган спорт турларини кундалик ҳаётингизга киритмоқчи бўлсангиз, югуриш, сузиш ёки велосипедда юриш каби машғулотлардан бошлашни маслаҳат бераман. Ҳар доим танангизни тинглашни ва керак бўлганда танаффус қилишни унутманг.
9. Ҳиқичоқдан қандай қутулиш мумкин?
Ҳиқичоқ одамнинг ғашига тегиши мумкин, аммо хайриятки, улардан халос бўлиш учун бир нечта усуллар бор. Нафасингизни 10 сония ушлаб туришингиз, тезда бир стакан сув ичишингиз ёки ҳатто кимдир сизни қўрқитишини сўрашингиз мумкин!
Синаб кўриш мумкин бўлган усуллардан яна бири тиззаларингизни кўкрагингизга тортиш ёки бўйнингизнинг орқа қисмини енгил ишқалаш. Яна бир усул – бир чой қошиқ шакар ёки сиркани ютиш. Бу томоқдаги нервларни қўзғатиши ва ҳиқичоқни тўхтатиши мумкин.
Бундан ташқари, диққатни бирор вазифага қаратиб, ўзингизни чалғитишга ҳаракат қилишингиз мумкин. Баъзида шунчаки кутиш ва секин чуқур нафас олиш ҳам ёрдам беради. Агар ушбу усулларнинг ҳеч бири сизга ёрдам бермаса, ҳиқичоқнинг асосий сабабларини бартараф этиш муҳимдир. Бунга содали сув ва аччиқ овқатлардан воз кечиш, стресс ва ташвишларни бошқара олиш ва сувсизланишдан сақланиш киради.
Агар ҳиқичоқ 48 соатдан ортиқ давом этса ёки тез-тез рўй берса, қўшимча текшириш учун шифокор билан маслаҳатлашиш яхшидир.
10. Шифокор баҳоси
Мустақил тиббий экспертдан Саранинг маслаҳатларини кўриб беришни сўрадик.
Доктор Майкл Мулҳолланд Буюк Британиядаги Қироллик Умумий амалиёт шифокорлари коллежининг фахрий котибидир.
“У берган жавоблар асосан соғлиқ ва саломатлик бўйича тўғри маслаҳатлардан иборат бўлиб, зарур бўлганда тасдиқланган маълумотларга ҳаволалар, ўз-ўзини парвариш қилиш бўйича тавсиялар ва одамлар шифокорга қачон мурожаат қилишлари кераклиги ҳақида маслаҳатлардир», дейди доктор Мулҳолланд Бибисига Саранинг саволларга жавобларини ўқиб чиққандан кейин.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












