Сунъий ақл нима ва у сизнинг ҳаётингизга қандай кириб келмоқда? Yangiliklar

ақл

Tesla бош директори Илон Маскнинг айтишича, сунъий ақлни тартибга солиш бўйича "салмоқли келишув"га эришилган. Олдинроқ технология оламида тош босар раҳбарлар Вашингтонга йиғилиб сунъий ақл келажагини муҳокама қилишди. Сунъий ақл мисли кўрилмаган имкониятларми ёки келажакка таҳдид?

Сунъий интеллект билан танишмисиз?

Ўтган олти ой давомида ChatGPT каби чатботлар ва Midjourney каби тасвир генераторлари маданий феноменга айланди.

Аммо Сунъий ақл (СА) ёки "машина ўргануви" моделлари бу орада ҳам тадрижий ўзгариб бормоқда.

Қуйида чатботлардан ташқари САнинг турлари ва улар ҳаётимизда қандай роль ўйнаётгани ҳақида маълумот берамиз.

Сунъий ақл қандай ўрганади?

Барча турдаги машина ўрганувида "тренинг" деб аталган жараён муҳим роль ўйнайди. Бунда компьютер дастурига катта ҳажмда маълумотлар берилади, айрим вақтлари ҳар бир маълумотга ёрлиқ белгиланади ва уларни қандай қабул қилиб, қайта ишлаш бўйича кўрсатмалар берилади.

Кўрсатма, тахминан шундай бўлиши мумкин: "юз ифодаси бор барча тасвирларни топ", ёки "бу товушларни таснифла".

Дастур эса маълумотлар ичидан такрорланувчи тартибларни (patterns) излайди.

Унга орада ишора берадиган кўрсатмалар ҳам керак бўлади: "у юз эмас" ёки "бу икки товуш фарқли". Дастур маълумотлар ва ишоралардан нимани ўрганса, ўша СА модели бўлади ва тренинг материали унинг қобилиятини белгилаб беради.

Бу тренинг жараёни қандай қилиб турли САларни вужудга келтиришини тушуниш учун турли ҳайвонларни тасаввур қилиш керак.

Миллион йиллар давомида табиий муҳит жонзотларда муайян қобилиятларни ривожлантирган. Худди шу каби СА ҳам тренинг маълумотлари орқали қандай тарбияланиши, унинг қандай ривожланиши ва қандай СА моделига айланишини белгилаб беради.

Турли қобилиятларни ривожлантириш учун САларни ўқитишга қандай мисоллар бор?

Чатботлар нима?

chatbotlar nima?

Чатботни тўтиқуш деб тасаввур қилинг. У тақлид қилади, сўзларнинг контекстини бироз тушуниб, аммо маъносини тўла англамай такрорлайди.

Гарчи анча такомиллашган даражада бўлса ҳам, чатботлар ҳам шундай. Улар бизнинг матнлар билан муносабатимизни кескин ўзгартириб юбориш арафасида турибди.

Бу чатботлар ёзишни қандай билади?

Улар САнинг катта тил моделлари (LLMs - large language models) деб аталадиган тури бўлиб, катта ҳажмдаги матнлар орқали ёзишга ўргатилади.

LLM нафақат алоҳида сўзларни, балки бутун гапларни ҳисобга олади ва матндаги сўз ва ибораларни тренинг маълумотларидаги сўз ва иборалар билан солиштиради.

Сўз ва иборалар ўртасидаги миллиардлаб қиёсловлар орқали у саволни ўқиб, унга жавоб ёза олади, бу худди қандай сўз ёзмоқчилигингизни аввалдан тахмин қиладиган мессенжернинг анча кучайтирилган вариантидир.

LLM'даги ажойиб жиҳат улар грамматика қоидаларини ўрганади ва инсон ёрдамисиз сўзларнинг маъносини ўзи аниқлайди.

Эксперт фикри: Чатботлар келажаги

"Менича, 10 йилда исталган соҳада экспетдек ишлай оладиган чатботлар пайдо бўлади. Сиз эксперт шифокор, эксперт муаллим, эксперт юристдан ва умуман бу тизимлар сиз учун нима қила олса, барини сўрай олишингиз мумкин.

Сэм Альтман - OpenAI бош ижрочи директори, ChatGPT яратувчилардан бири

СА билан гаплаша оламанми?

Alexa, Siri ёки бошқа овоз танувчи тизимларни ишлатган бўлсангиз, демак САдан фойдаланяпсиз.

quyon

Қулоқлари узун, товушлардаги жуда майда фарқларни ҳам ажрата оладиган қуённи тасаввур қилинг.

СА гапираётганингизда овозингизни ёзиб олади, фондаги шовқинни чиқариб ташлайди, нутқингизни фонетик бирликларга ажратади, яъни айтиладиган сўздаги ҳарфларни ажратиб, уларни тил товушлари базасидаги маълумотлар билан солиштиради.

Сизнинг нутқингиз матнга айлантирилади, тингловдаги хатолар тўғриланади.

Бу турдаги сунъий ақл табиий тилни қайта ишлаш деб аталади.

Бу технология сизнинг телефон орқали банк хизматларидан фойдаланганда "ҳа" деб айтган тасдиғингиздан тортиб, мобил қурилмангиздан келгуси ҳафта об ҳавоси ҳақида сўраганингиздаги барча жараёнлар ортида туради.

СА тасвирларни тушунадими?

тасвир

Телефонингиз ҳеч суратларингизни «пляжда» ёки «зиёфат» каби номланган папкаларга тўплаганми?

Шундай бўлса, демак САдан фойдаланмоқдасиз. СА алгоритми фотосуратларингиздаги такрорланувчи ишораларни таниб, уларни гуруҳлайди.

Ушбу дастурлар оддий тавсиф билан белгиланган миллионлаб тасвирларни кўриш орқали ўқитилган.

Агар сиз тасвирни таниб олиш учун САга «велосипед» ёрлиғи остида етарлича тасвирлар берсангиз, у охир-оқибат велосипед қандай кўринишини, қайиқ ёки машинадан қандай фарқ қилишини тушуна бошлайди.

Баъзида сунъий ақл ўхшаш тасвирлардаги кичик фарқларни аниқлашга ўргатилади.

Юзни таниб олиш шундай ишлайди, юзингиздаги хусусиятлар ўртасидаги нозик боғлиқликни аниқлайди, бу эса уни сайёрадаги бошқа ҳар қандай юздан ажратиб олишга ёрдам беради.

Худди шу турдаги алгоритмлар ҳаётга хавф туғдирувчи ўсмаларни аниқлаш учун тиббий сканерлар орқали ўқитилади ва у минглаб сканерларни бир вақтда ўқий оладиган бўлади.

СА қандай қилиб тасвир чизади

чизади

Яқинда тасвир таниш функцияси шакл ва рангларни хамелеончасига ўзгартира оладиган СА моделларига мослаштирилди.

Тасвир яратувчи ушбу САлар миллионлаб фотосуратлар ва чизмалардан йиғилган мураккаб визуал шакллар ёрдамида бутунлай янги тасвирлар яратиши мумкин.

Масалан, САдан ҳеч қачон содир бўлмаган нарсанинг, масалан, Марс юзасида юрган одамнинг фотосуратини чизишни сўрашингиз мумкин.

Ёки тасвир услубини ижодий қайта ишлашингиз мумкин: "Пикассо услубида чизилган инглиз футбол менежерининг портретини яратинг."

Энг янги САлар ихтиёрий рангли пикселлар тўплами билан ушбу янги тасвирни чиза бошлайди.

У тренинг пайтида ўрганган шаклдаги ҳар қандай ишорага қарайди.

Ушбу шакллар аста-секин такомиллаштирилади, ўхшашлик пайдо бўлгунча ихтиёрий нуқталарнинг кўпроқ қатламини қўшади, керакли шаклни пайдо қилувчи нуқталарни сақлайди ва бошқаларни олиб ташлайди.

"Марс юзаси", «космонавт» ва «юриш» каби барча керакли шаблонларни биргаликда лойиҳалаштирсангиз, ўзингиз истаган тасвир пайдо бўлади.

Янги тасвир ихтиёрий пикселлар қатламларидан чизилганлиги сабабли, у илгари ҳеч қачон кўрилмаган, аммо тренинг тасвирларидан олинган миллиардлаб шаклларга асосланган бўлади.

Бу имконият муаллифлик ҳуқуқи, ҳақиқий рассомлар, дизайнерлар ва суратчиларнинг картиналаридан фойдаланиб ўқитилган бу СА тасвирларнинг ҳуқуқий мақоми учун нимани англатиши жамият учун яна бир муаммо яратмоқда.

Ўзи юрар машиналар ҳақида нима дейиш мумкин?

Ўз-ўзини бошқарадиган автомобиллар ўнлаб йиллар давомида СА мавзусининг бир қисми бўлиб келган. Илмий фантастика улар ҳақидаги тасаввурни анча оммалаштирди.

Ўз-ўзини бошқарадиган автомобиллар камералар, радар ва лазер сенсорлари билан жиҳозланади.

ниначи

360 градусни кўра оладиган ниначини тасаввур қилинг. Унинг қанотларида маневр қилиш ва парвозни доимий бошқариш учун сенсорлар бор.

Худди шундай, сунъий ақл модели ўз сенсорлари орқали олган маълумотларидан объектларни, уларнинг пиёда, машина, велосипед ёки бошқа нарса эканини, уларнинг ҳаракатини аниқлаш учун фойдаланади.

Автомобилни яхши бошқариш қандай бўлишини билиши учун минглаб соатлик тренинг САга юкланади, бу эса унга реал дунёда ҳаракатланиш ва тўқнашувлардан сақланиш имконини берди.

Башорат қилувчи алгоритмлар инсон ҳайдовчилар ҳаркатларини кузатади. Шу боис автомобил бошқарувчи САда ҳозир миллионлаб соатлик маълумотлар бор. Сан-Франсискода улар аллақачон йўловчи ташимоқда.

Автоном ҳайдаш, шунингдек, янги технологиялар учун техник тўсиқларни енгиб ўтиш етарли бўлмаслигига яна бир мисолдир.

Ўзини бошқарадиган автомобилларга тақдиримизни ишониб топширганимизда йўлларда нималар ўзгариши борасида хавотирлар ҳамон бор ва бу йўлларни тўла автоматлаштиришга тўсиқ бўлмоқда.

Эксперт фикри: инсонлардан хавфсизроқ

"Биз истаётган нарса хавфсизроқ йўллардир. Бу ҳақда гапириш айниқса ҳозир, робот ва инсонлар машина бошқаришда тенглашиб қолган вақтда айниқса қизиқ. Тизимдаги юқори суръатда такомиллашишни ҳисобга олсак, бир неча йилдан кейин ҳозирги гапларимиз эскириб қолади. Чунки улар инсонлардан кўра маҳоратлироқ бўлиб бормоқда, бу баҳслар эса биз учун ўз аҳамиятини йўқотиб боради.

Кайл Фогт - Cruise автоном автомашина компанияси директори

СА мен ҳақимда нимани билади?

ари

Айрим САлар рақамлар билан ишлайди, уларни тўплайди гуруҳлайди ва улкан ахборот маконини яратади. Бу макон жуда қиммат туради.

Сизнинг молиявий ва ижтимоий фаолиятингиз, айниқса, интернетдаги фаолиятингиз профили аллақачон яратилган ва улардан сизнинг хулқингизни аввалдан башорат қилишда фойдаланилади.

Супермаркетдан олган садоқат картангиз сизнинг бутун харидларингиз, одат ва дидингиз ҳақида маълумот тўплаб беради. Кредит агентликлари банкда ва кредит картангизда қанча пулингиз борлигини кузатади.

Netflix ва Amazon ўтган тунда нималарни кўрганингизни билади. Ижтимоий медиа эса қанча видеога бугун изоҳ ёзганингизни ҳисоб қилади.

Бу фақат сиз эмас, бу рақамлар барча учун бор. Улар СА моделга ижтимоий трендларни аниқлаш имконини беради.

Бу СА моделлари аллақачон ҳаётингизни тартибга солишни бошлаган - қарз ё ипотека олишга қарор қилишингиздан тортиб, интернетда қайси рекламани кўриб, нимани сотиб олишингизгача таъсир ўтказади.

СА ҳамма нарса қила оладими?

расм

Турли малакаларни ягона, гибрид СА моделда бирлаштириш мумкинми?

СА соҳасидаги охирги илгарилашлар айни шу йўналишда бўлмоқда.

Бу мультимодал САлар бўлиб, моделга турлича маълумотларни - тасвир, матн, аудио ёки видеони қайта ишлаш ва улар ўртасидаги янги тартибларни очишга ёрдам беради.

Мультимодал ёндашув ChatGPT'нинг фақат матн орқали ўргатилган сунъий ақли GPT3.5 дан тасвирлар орқали ҳам ўқитилган GPT4 га ўзгартирилганда чатботнинг имконияти кескин ошганда кўринди.

Ягона СА моделни исталган турдаги маълумотни қайта ишлаш ва исталган турдаги ишни - таржимонликдан янги турдаги дориларни яратишгача бажара оладиган қилиш ғояси умумий сунъий ақл номи билан маълум.

Айримлар буни сунъий ақл соҳасидаги бош мақсад деб қарайди. Бошқалар учун эса бу назоратдан чиқиб кетадиган сунъий ақл бўлган даҳшатли келажак.

САни қандай ўргатасиз?

Яқин яқингача САни ўргатиш асосан кузатув остида амалга оширилган.

Ҳар бири алоҳида ёрлиқланган катта миқдордаги маълумотлар САга берилади ва ундан маълумотлардаги такрорий тартибни аниқлаш сўралади.

Сўнг САдан аниқланган бу тартибни бошқа янги маълумотларга ҳам татбиқ қилиш сўралади ва натижанинг тўғри ёки нотўғрилиги бўйича унга фидбэк берилади.

Масалан, фараз қилайлик, САга ўнлаб фотосурат берилади, олтитаси "енгил машина", яна олтитаси "фургон" деб ёрлиқланган.

машина

Сўнг САга тасвирлардаги шаклларни текшириб, уларни "енгил машина" ва "фургон" гуруҳларига ажратиш буюрилади.

Сўнг қуйидаги фотони гуруҳлардан бирига қўш деб буюрилади. Шунда нима бўлади?

машина

Афсуски, СА буни фургон деб ўйлайди, жуда ақлли эмас, шундай эмасми?

Энди мана буни кўрсатасиз.

фургон

Ва у сизга буни "енгил машина" дейди.

Нима хато кетаётгани тушунарли.

Чекланган миқдордаги тасвирлар асосида ўқитилган СА уларни гуруҳлашда асосий белги ранг деб ўйлаган.

Аммо бу ердаги қизиқ жиҳат шуки, СА бу қарорга ўзи келган. Биз эса унга ўз қарорини тўғрилашига ёрдам берамиз.

Биз унга янги предметларни хато гуруҳлаганини айтишимиз мумкин. Бу эса уни тасвирдаги бошқа белгиларни қидиришга ундайди.

Аммо энг муҳими, унга янада кўпроқ тасвир кўрсатиш орқали унинг хатоларини тузатиб боришимиз мумкин.

Бу икки босқич қўшилиб, САни ўта мураккаб қарорлар чиқара оладиган даражада тарбиялаш мумкин.

Чуқур ўрганув нима?

Сунъий интеллектдаги сўнгги ютуқларнинг кўпчилиги чуқур ўрганиш шарофатидан бўлмоқда.

Содда қилиб айтганда, чуқур ўрганиш мураккаб алгоритмлар ва улкан маълумотлар тўпламидан фойдаланган СА инсон ёрдамисиз ҳам ўзи ўрганаверади.

ChatGPT энг машҳур мисолдир.

Интернетдаги ва электрон китоблардаги матн ҳажми шунчалик каттаки, кўп ойлар давомида ChatGPT улар орқали мустақил равишда сўзларни тўғри ёзишни ўрганди.

Тасаввур қилинг-а, сизда чет тилидаги катта китоблар тўплами бор, эҳтимол уларнинг баъзиларида расмлари ҳам бор.

Дарахтнинг расми ёки фотосурати бўлса бор саҳифада бир сўз учраса, уйнинг фотосурати бор бошқа саҳифада бошқа сўз учрайди ва фарқни пайқайсиз.

Бу чуқур ўрганиш модели бўлиб, у инсон назоратисиз ўрганиш сифатида ҳам маълум.

У САга катта ҳажмдаги сўзларни (алоҳида, гуруҳларда, жумлаларда ва турли саҳифаларда) эслаб қолишга имкон берувчи кучли ҳисобловга таянади, сўнг у уларни қайта-қайта ўқиб солиштиради.

Ўтган йили чуқур ўрганиш моделларининг такомиллашувчи сунъий интеллектнинг потенциалига нисбатан янги қизиқиш ва хавотир тўлқинини келтириб чиқарди. Бу жараён секинлашиши белгилари ҳам кўринмаяпти.

Илмий фантастика ҳикоялари бирдан реаллашиб, ҳаётимизда пайдо бўлганга ўхшайди ва биз ўзимизни САнинг ғалати қобилиятлари очилаётган дунёда кўряпмиз.

Эксперт фикри: уларга болалар каби муносабатда бўлинг

"Ахлоқий жиҳатдан мураккаб дунё учун машиналарни қандай тайёрлашимиз мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб ўз фарзандларимизни мураккаб дунёмизга қандай тайёрлашимизга ўхшайди. Биз болаларни тарбиялаганимизда, улар келгусида қандай вазиятларга дуч келишини билмаймиз. Биз уларга ҳар қандай саволга жавоб бермаймиз; аксинча, уларга ўзлари жавоб топишни ўргатамиз".

Мо Гавдат - Ёзувчи ва Google Х нинг собиқ бош тижорат директори.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002