Австралия 16 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқламоқда. Бундан Ўзбекистон ўрнак олиши мумкинми?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Ҳелен Ливингстон
- Role, Сидней
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
10 декабрдан бошлаб ижтимоий тармоқ компанияларининг Австралиядаги 16 ёшга тўлмаганлар бу компанияларнинг платформаларида аккаунт очмаслиги ва мавжуд аккаунтлар ўчирилиши ёки блокланиши учун "оқилона чоралар" кўриши талаб қилинади.
Австралия ҳукуматига кўра, ушбу тақиқ – кўплаб ота-оналар қўллаб-қувватлаётган дунёдаги илк жорий этилаётган сиёсат – болаларни ижтимоий тармоқларда учрайдиган "босим ва хавф-хатарлар"дан ҳимоя қилишга қаратилган.
Бу хавфларни экран олдида кўпроқ вақт ўтказишга ундайдиган дизайн элементлари ҳамда саломатлик ва руҳий ҳолатга зарар етказиши мумкин бўлган контентлар келтириб чиқараяпти, деб кўрилади.
Ҳукумат буюртмаси асосида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 10–15 ёшли болаларнинг 96% ижтимоий тармоқлардан фойдаланадилар ва уларнинг 10 тадан 7 таси зарарли контент ёки хулқ-атворга дуч келганлар.
Буларга мисол сифатида аёлларга нисбатан нафрат уйғотувчи материаллар, муштлашув видеолари, озишни тарғиб қиладиган ёки ўз жонига қасд қилишни рағбатлантирадиган контент келтирилган.
Шунингдек, ҳар еттинчи бола катта кишилар ёки ёши катта болалар томонидан ўзини ғамхўр, меҳрибон кўрсатиб, суистеъмол қилишга уринганларини айтган, ярмидан кўпроғи эса кибер таҳқир қурбони бўлганини билдирган.
Тақиқ қайси платформаларга таъсир қилади?
Австралия ҳукумати ҳозирча тақиққа киритиладиган ўнта платформани номлади: Facebook, Instagram, Snapchat, Threads, TikTok, X, YouTube, Reddit ҳамда Kick ва Twitch стриминг платформалари.
Шунингдек, ҳукуматга онлайн ўйинларга ҳам тақиқни кенгайтириш бўйича босим ўтказилмоқда. Роблокс ва Discord каби ўйин платформалари ўзларига тақиқ қўйилиши мумкинлигидан хавотирланиб, яқинда ўзларининг айрим функцияларида ёшни текшириш тизимини жорий этди. Бу уларнинг тақиққа учраш олдини олишга ҳаракатлари деб баҳоланмоқда.
Ҳукумат таъсирга учрайдиган платформалар рўйхатини қайта кўриб чиқишда давом этишини ва учта асосий мезонни ҳисобга олишини айтмоқда.
Бу мезонлар қуйидагилардан иборат:
Платформанинг ягона ёки "муҳим мақсади" икки ёки ундан ортиқ фойдаланувчи ўртасида онлайн ижтимоий мулоқотни таъминлашми?
Платформа фойдаланувчиларга айрим ёки барча бошқа фойдаланувчилар билан ўзаро алоқа қилиш имконини берадими?
Платформа фойдаланувчиларга материал жойлаштириш имконини берадими?
YouTube Kids, Google Classroom ва WhatsApp тақиқ рўйхатига киритилмаган. Аммо болалар ҳали ҳам аккаунт талаб қилинмайдиган YouTube каби платформаларда кўп видеоларни кўра оладилар.

Сурат манбаси, .
Ҳукумат тақиққа риоя этилишига қандай эришмоқчи?
Болалар ва ота-оналар тақиқни бузгани учун жазоланмайдилар. Унга риоя этиш вазифаси ижтимоий тармоқ компанияларига юкланади ва улар жиддий ёки такрорий қоидабузарликлар учун 49,5 миллион Австралия долларигача (32 миллион АҚШ доллари) жаримага тортилишлари мумкин.
Ҳукумат айтишича, бу компаниялар болаларни ўз платформаларидан узоқ тутиш учун "оқилона чоралар" кўриши ва ёшни аниқлаш технологияларидан фойдаланиши шарт.
Тақиқни жорий этишнинг бир неча йўли муҳокама қилинди. Мисол учун ҳукумат томонидан берилган ID ҳужжатларидан фойдаланиш, юз ёки овозни таниш технологияларини ишга солиш ва ёшни тахмин қилиш усули. Охирги усулда туғилган санага эмас, балки онлайн хулқ-атвор ёки ўзаро алоқаларга асосланиб ёшни аниқлашга ҳаракат қилинади.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳукумат платформаларни бир неча усуллардан фойдаланишга ундамоқда. Платформалар фойдаланувчиларининг ўз ёшини кўрсатгани ёки ота-онасининг фарзанди учун кафолат бергани билан кифояланиб қолмасликлари керак, дейди Австралия ҳукумати.
Facebook, Instagram ва Threads'га эгалик қиладиган Meta компанияси 4 декабрдан ёшлар аккаунтларини ёпишни бошлашини эълон қилди. Нотўғри ўчириб юборилганлар ўз ёшини тасдиқлаш учун ҳукумат томонидан берилган ID ёки видео селфи тақдим этиши мумкинлигини компания маълум қилди.
Snapchat эса фойдаланувчилар ёшини тасдиқлаш учун банк ҳисоб рақамлари ёки фотосуратли IDдан фойдаланиши ёки селфи олишлари мумкинлигини айтди. Бу селфи ёшни тахмин қилиш учун ишлатилади.
Қолган платформалар ҳали тақиққа қандай риоя қилишлари ҳақида хабар берганларича йўқ.
Бу иш берадими?
Компаниялар қандай усуллардан фойдаланишлари аниқ бўлмагани учун ижтимоий тармоқ тақиқининг самарали бўлиш-бўлмаслигини айтиш қийин. Шу билан бирга, ёшни аниқлаш технологиялари баъзи фойдаланувчиларни нотўғри блоклаб, айрим вояга етмаганларни аниқлай олмасликлари мумкинлиги борасидаги хавотирлар ҳам билдирилди.
Ҳукуматнинг ўзи эълон қилган ҳисоботда юзга қараб баҳолаш технологияси айнан мақсад қилинган демографик гуруҳ учун энг ишончсиз деб топилган.
Шунингдек, қоидани бузганлар учун мўлжалланган жарима ҳақиқатан ҳам каттами, деган савол юзага чиққан. Facebook'нинг собиқ раҳбарларидан бири Стивен Шилер AAP агентлигига айтганидек: "Meta компаниясига 50 миллион доллар даромад топиш учун тахминан бир соат 52 дақиқа кифоя".
Танқидчилар фикрича, тақиқ тўлқонли ҳаётга татбиқ этилган тақдирда ҳам, болалар учун онлайн хавфни камайтирмайди. Чунки тақиқ рўйхатига танишиш сайтлари ва ўйин платформалари, шунингдек, сўнгги пайтларда болаларни ўз жонига қасд қилишга ундаётгани ва ёшлар билан "ҳиссий" суҳбатлар қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган AI чат-ботлар ҳам киритилмаган.
Бошқалар эса ижтимоий тармоқ орқали жамоага суяниб қолган ўсмирлар ёлғиз қоладилар, дейдилар, тақиқлагандан кўра болаларга ижтимоий тармоқларда қандай фойдаланишни ўргатиш самаралироқ бўлишини айтишмоқда.
Австралия Алоқа вазири Анника Уэллс тақиқ "мукаммал" бўлмаслигини тан олди.
"Бу жараёнда бироз тартибсизлик бўлади", деди у ноябр ойи бошида. "Катта ислоҳотлар ҳар доим шундай бўлади".
Шахсий маълумотлар ҳимояси бўйича хавотир борми?
Танқидчилар платформалар фойдаланувчилар ёшини текшириш учун талаб этиладиган кенг миқёсдаги маълумотларни тўплаш ва сақлаш жараёнида йўл қўйилиши мумкин бўлган хатолардан ҳам хавотир билдиришмоқда.
Дунёнинг бошқа мамлакатларида кузатилгани сингари Австралияда ҳам сўнгги йилларда қатор йирик маълумотлар бузилиши ҳолатлари кузатилди, уларнинг айримларида шахсий маълумотлар ўғирланди, сотилди ёки интернетда эълон қилинди.
Бироқ ҳукумат қонун "шахсий маълумотлар учун кучли ҳимоя"ни ўз ичига олишини таъкидлайди.
Бу ҳимоя қоидаларига кўра, маълумотлар фақат ёшни текшириш учун ишлатилиши мумкин ва текшириш якунлангандан кейин йўқ қилиниши шарт. Бузилиш ҳолатлари учун "жиддий жазолар" белгиланган.
Шунингдек, ҳукумат платформалар ҳам ёшни тасдиқлашда давлат ҳужжатларидан ташқари бошқа муқобил йўлларнии таклиф қилмоқлари лозим дейди.
Ижтимоий тармоқлар тақиққа қандай муносабат билдирдилар?
Ижтимоий тармоқ компаниялари 2024 йил ноябрда тақиқ эълон қилинганида қаттиқ ҳайратда қолишди. Улар буни амалга ошириш қийин, осон айланиб ўтиладиган ва фойдаланувчилар учун кўп вақт талаб қиладиган жараён деб баҳолашди. Шунингдек, улар шахсий ҳаёт дахлсизлигига ҳам хатар туғилиши мумкин дейдилар.
Компаниялар бу чора болаларни Интернетнинг "қоронғи бурчакларига" мажбурлайди ва ёшларни ижтимоий алоқалардан маҳрум қилиши мумкинлигини айтадилар. Snapchat'нинг эгаси Snap ва YouTube ўзларини ижтимоий тармоқ компаниялари сифатида ҳисобламаслигини билдиришди.
Хабарларга кўра, YouTube'нинг эгаси Google платформа тақиқ рўйхатига киритилганига қарши ҳуқуқий даъво қўзғатиш ҳақида бош қотирмоқда.
Google BBC'нинг изоҳ бериш ҳақидаги сўровига жавоб бермади.

Сурат манбаси, Getty Images
Meta тақиқни бундан ҳам олдинроқ жорий этишини эълон қилганига қарамасдан, компания бу чора ўсмирларни "ўзлари фойдаланадиган кўплаб иловаларда номутаносиб ҳимоя" билан қолдиради", дея баёнот берди.
Октябр ойидаги парламент тингловларида TikTok ва Snap ҳали ҳам тақиққа қарши эканларини айтдилар, аммо унга амал қилишларини билдирдилар.
Тақиққа киритилган ягона австралиялик компания Kick эса "турли чоралар"ни жорий этишини ва ҳукумат органлари билан "конструктив" ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.
Бошқа мамлакатларда шундай тақиқлар борми?
16 ёшга тўлмаганлар учун ижтимоий тармоқдан фойдаланишни тақиқлаш – дунёда илк бор амалга оширилаётган чора бўлиб, бошқа давлатлар бу жараённи диққат билан кузатмоқдалар. Ҳар хил мамлакатда болаларнинг экран олдидаги вақтини ва ижтимоий тармоқда зарарли контентга киришини чеклаш учун турли усуллар қўлланилаяпти, аммо ҳеч қаерда платформага тўлиқ тақиқ қўйилмаган.
Буюк Британияда июлда қабул қилинган янги хавфсизлик қоидаларига кўра, онлайн компаниялар ёшларни ноқонуний ва зарарли контентдан ҳимоя қилиш чораларини кўрмасалар, катта жарималарга тортилишлари ёки ҳатто раҳбарлари қамоқ жазосига ҳукм этилишлари мумкин.
Европанинг бошқа мамлакатларида маълум ёшдан кичиклар ижтимоий тармоқдан фақат ота-онаси розилиги билан фойдаланиши мумкин. Шу йил сентябр ойида Францияда парламент текшируви 15 ёшдан кичиклар учун ижтимоий тармоқни тақиқлаш ва 15–18 ёшлилар учун "ижтимоий тармоқ комендантлик соати"ни жорий этишни тавсия қилди.
Дания 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқни тақиқлаш режасини эълон қилди, Норвегия ҳам шундай таклифни кўриб чиқаяпти. Испания ҳукумати эса парламентга 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоққа киришни қонуний васийлар тасдиқлаши шарт бўлган қонун лойиҳасини тақдим этди.
Малайзия ҳам кейинги йилдан 16 ёшдан кичикларга ижтимоий тармоқларни тақиқлашни режалаётгани ҳақида маълум қилди.
Айни пайтда, АҚШнинг Юта штатида 18 ёшгача бўлганлар учун ота-она розилигисиз ижтимоий тармоқни тақиқлашга уриниш ўтган йили федерал судя томонидан тўхтатилган эди.
Болалар тақиқни четлаб ўтишга ҳаракат қиладиларми?
Би-би-сига интервю берган ўсмирлар тақиқ кучга киришидан олдин ўзларининг ёшини сохталаштириб янги аккаунтлар очаётганларини айтдилар. Австралия ҳукумати эса ижтимоий тармоқ компанияларидан бундай аккаунтларни аниқлаб, ўчириб ташлашни талаб қилади.
Интернетда ўсмирлар муқобил ижтимоий тармоқ иловаларини тавсия этаяптилар ёки тақиқни айланиб ўтишга ёрдам беради, деб умид қилаётган йўл-йўриқларни маслаҳат беришаяпти.
Айрим ўсмирлар, жумладан инфлюенсерлар, ота-оналари билан биргаликда аккаунт юритишга ўтдилар. Шарҳловчилар эса VPN хизматларидан фойдаланиш кескин ошишини тахмин қиладилар – VPN инсон Интернетга қайси мамлакатдан кирганини яширади. Бундай ҳолатлар Британияда ёшни назорат қилиш қоидалари жорий этилгандан кейин кўпайганди.












