Мунозара: болаларга смартфонларни тақиқлаш керакми?

Қўлларида смартфонлар ушлаб турган мактаб ўқувчилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўп ота-оналар телефоннинг бола саломатлигига, тарбиясига салбий таъсиридан ташвишдалар
    • Author, Крис Валланс
    • Role, BBC етакчи технология репортёри
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Смартфонлар ҳаёт тарзимизга чуқур кириб келди, иш ва ижтимоий кун тартибимизнинг ажралмас қисмига айланди. Ажабланарли эмаски, ёш болалар ҳам ўз смартфонларига эга бўлишни хоҳлашади, аммо бу ерда уларнинг қанчалик фойдали эканлиги хусусида кўпроқ шубҳа бор.

Кўп ота-оналар телефонлар болаларни қарамликка олиб келиши, номақбул ҳамда зарарли контентга боғлаб қўйишидан хавотирдалар. Бу борада чекловлар ўрнатилиши керак деб ҳисобловчиларнинг сони тобора ўсиб бораяпти.

Бошқалар эса айрим хавфлар бўрттирилган деб ҳисоблайдилар. Улар телефонлар болалар ривожланиши учун, жумладан, ижтимоийлашиш учун яхши имкониятлар яратади, зарарлари ҳақидаги далиллар танқидчилар айтаётганчалик ишонарли эмас, дейишади.

Мен бир академик ва кампаниячини болалар смартфонлардан фойдаланишларига қатъий чекловлар қўйилиши керакми деган саволни ўртага олувчи мунозарага таклиф қилдим.

Суҳбатдошларим Сония Ливингстоун - Лондон Иқтисодиёт ва Сиёсий фанлар мактаби (LSE) профессори. У университетнинг болаларнинг рақамли ҳуқуқларига бағишланган тадқиқот марказига раҳбарлик қилади. Дейзи Гринвелл "Смартфонлик болалик" (Smartphone Free Childhood) деб номланганган кампания асосчиси. Қуйида ушбу суҳбатимизнинг таҳрир қилинган версиясини ўқиш мумкин.

Тақиқлаш керакми ёки йўқ?

Мобил телефондаги ўйинни ўйнаётган болакай

Крис Валланс:"Смартфонларсиз Болалик", катта технологияларга қарши кўргазмали кампания гуруҳи вакили Дейзи Гринвелл, сиздан бошлайлик. Қандай тақиқ ёки чекловларни хоҳлайсиз ва нима учун?

Дейзи Гринвелл: Салом Крис.

Биринчидан, биз тақиқ ҳақида гаплашиш ноўрин деб ҳисоблаймиз. Биз смартфонларни тўлиқ тақиқлашни талаб қилмаяпмиз.

Технология компаниялари ота-оналарни ноилож ҳолатга солиб қўйдилар - биз болаларимизга зарарли маҳсулотга (масалан, интернет ва ижтимоий тармоқларга чекланмаган меъёрлар билан) киришларига рухсат берамизми ёки ижтимоий қоидаларга қарши бориб, уларни ўз тенгдошлари гуруҳидан узоқлаштирамизми?

Бу борада ҳукумат ота-оналарга ёрдам бериши ва ёшларни ҳимоя қилиши керак.

Оддий қилиб айтганда, биз технология компаниялари маҳсулотларининг болалар учун хавфсиз эканлигини исботлай олмагунча, болалар улардан чекланмаган меъёрда фойдаланмасликлари керак деб ҳисоблаймиз.

Крис Валланс: Қандай чекловлар бўлишини хоҳлайсиз?

Дейзи Гринвелл: Биз смартфонларда ёшга мос келадиган созламаларни стандарт қилиб белгилаш керак деб ҳисоблаймиз. Ёшни тасдиқловчи технологиялар мавжуд – болалар фақат ўзларига мос хизматлардан фойдаланишлари учун буни қурилма ва контент даражасида қандай амалга ошириш мумкинлигини ўйлаб кўриш керак.

Ижтимоий тармоқларда 13+ ёшга мос минимал талаб бўлса-да, британиялик 51% 13 ёшдан кичик болалар ундан фойдаланадилар. Улар бу каби хавфсиз бўлмаган платформалардан фойдаланмасликлари керак, шунинг учун бу ҳолатни имкон қадар тезроқ тўхтатиш керак.

Биз, шунингдек, ҳукумат мактабларда смартфонларни мажбурий тақиқлашни жорий қилишини талаб қиламиз, чунки ҳозирда фақат 11% мактабларда самарали тақиқ мавжуд ва барча тадқиқотлар уларнинг ўрганиш ва хулқ-атвор учун жиддий хавф туғдиришини исботлайди.

Smartfonli qo'llar

Сурат манбаси, Getty Images

Крис Валланс: Сония Ливингстоун, сиз технологияларнинг болалар ҳаётига таъсирини ўрганувчи ижтимоий психологсиз. Дейзи айтаётган хавфлар ҳақида далиллар борми?

Сония Ливингстоун: Салом Дейзи.

Менимча, баъзи фикрларда биз сиз билан бир тўхтамга кела оламиз, айниқса тақиқ сўзидан қочиш борасида…

Бироқ, баъзи масалалар мураккаброқ, жумладан, ёшни тасдиқлашни амалиётга татбиқ қилиш. Бу юқори даражада хавфли бўлган хизматлар учун муҳим, аммо буни бутун аҳоли учун махфийлик нуқтаи назаридан эҳтиёткорлик билан амалга ошириш керак.

Далилларга келсак, бу чалкаш мавзу. Мактабларда смартфонларни чеклаш ҳақида озгина далиллар мавжуд. Бошқа ҳолларда эса болалар ҳаётида смартфонлардан фойдаланишнинг ижобий ва салбий томонларини кўриб чиқиш керак.

Дейзи Гринвелл: Албатта, мен ҳам болалар учун смартфонларнинг мумкин бўлган ижобий томонларини биламан ва уларга қўшиламан. Барча болалар ушбу технологиянинг фойдаларидан ҳеч қандай зарар кўрмасдан фойдалана олсалар жуда яхши бўларди.

Афсуски, ҳозирги ҳолатимизда эса бу орзудан анчайин узоқ масофадамиз.

Шунинг учун нимадир дарҳол ўзгартирилиши керак.

Крис Валланс: Сония, мактабларнинг тақиқ жорий қилиши бу хато, деб ўйлайсизми?

Сония Ливингстоун: Биз ҳозир тадқиқотларни кўриб чиқмоқдамиз. Бу ерда ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар дарсларда телефонлардан фойдаланишга нисбатан аниқ ва самарали чекловларни хоҳлашлари аниқ.

Муаммо шундаки, бизда шахсий қурилмаларни олиб келиш ва рақамли технологияларни таълимий мақсадларда синфга олиб кириш сиёсати мавжуд.

Шундай экан, таълим технологиялари сиёсатини кенгроқ кўриб чиқиш вақти келди деб ўйлайман. Бу пандемиядан кейин қайта кўриб чиқилмади ва мавжуд далилларга кўра, ҳозирда болалардан кўра кўпроқ катта технологиялар ва маълумотлар брокерлари бундан фойда кўрмоқдалар.

Биз болалар билан маслаҳатлашганимизда, улар Дейзи кўрсатган баъзи хавф ва муаммоларга қўшилишади.

Лекин улар ўз телефонларини қадрлашади, чунки дўстлари билан алоқада бўлиш воситаси сифатида улардан фойдаланишади. . . Бизнинг жамиятимиз болаларни уйдан ташқарида ўйнаш ёки ижтимоийлашиш имкониятларидан маҳрум қилди.

Дейзи Гринвелл: Бу технологиянинг тармоқ эффектлари ва қарам қилувчи дизайнининг мураккаблиги ота-оналар ва болаларни охири йўқ урушда курашишга мажбур қилмоқда.

Болаларнинг мобил телефонларидан фойдаланишларини ким тартибга солиши керак?

Мактабдаги синфда мобил телефонига қараб ўтирган мактаб ўқувчиси

Сурат манбаси, Getty Images

Крис Валланс: Дейзи, болалар учун телефон сотиб олиш қийин масала ва агар у бирон гаджетга эгалик қилса, бу эҳтимол онаси ёки отаси томонидан олиб берилганини англатади. Шунда нега бу масалани ота-оналарга юкламаслик керак?

Дейзи Гринвелл: Бу масъулиятни ота-оналарга юклаш адолатсизликдир.

Сония Ливингстоун: Ушбу масъулиятни компанияларга ўтказиш кераклигига қўшиламан. Улар нафақат хавфларни кучайтирмоқдалар, балки болалар учун кўпроқ ёшга мос хизматлар ва маҳсулотларнинг хилма-хиллигини тақдим этишдан бош тортишмоқда.

Крис Валланс: Сония, хавфлар Дейзи айтаётганчалик жиддийми? Далиллар буни қўллаб-қувватлайдими?

Сония Ливингстоун: Хавфлар ва фойдалар ҳақида мунозаралар мавжуд ва иккаласининг ҳам таъсири кўпроқ ҳимояга муҳтож болалар учун катта.

Шундай экан, болаларга яхшироқ ҳимоя керак ва ҳа, ҳозирги вазият кўплар учун муаммоли ва баъзилар учун хавфли.

Дейзи Гринвелл: Ижтимоий тармоқларнинг бутун бизнес модели иложи борича кўпроқ эътиборни жалб қилишга қаратилган. Смартфонлар ва қарамликни келтириб чиқарадиган ижтимоий медиа иловалари болаларни очиқ ҳавода ўйнаш, юзма-юз суҳбатлар ва уйқу каби соғлом ривожланиш учун зарур бўлган фаолиятлардан узоқлаштираяпти.

Сония Ливингстоун: Савол шундаки, жамоатчилик хоҳлаган интизом ва таълим, шахсий танлов ва умумий чекловлар ўртасида мувозанатни қандай сақлаш мумкин?

Агар биз смартфонлар болалар учун хавфлими деб сўрасак, далиллар баъзи жиҳатларда ҳа, бошқаларда эса йўқ. Бу болага ва вазиятга боғлиқ.

Дейзи Гринвелл: Ҳа, бу мураккаб. Ҳар қандай академик мунозарада иккита томонни топиш мумкин, лекин биз ёш болаларга смартфонлар бериш қанчалик ижтимоий меъёр эканини қайта кўриб чиқишимиз керак деб ўйлаймиз… Смартфонлар уларга керакми?

Сония Ливингстоун: Ҳозир ота-оналарга айб қўяётгандек туюляпсиз, Дейзи?

Дейзи Гринвелл: Йўқ, биз буни тасаввур ва жасоратли ҳаракатларни талаб қиладиган катта ижтимоий муаммо деб айтаяпмиз.

Сония Ливингстоун: Бундан ташқари, болалар фаровонлиги ёки руҳий саломатлигининг ёмонлашишига технологиялардан ташқари, кўплаб бошқа омиллар ҳам бор - келинг, қашшоқликдан, оилавий стрессдан, ўйин ва жамоат ресурсларининг йўқлигидан бошлаймиз. . .

Болалар смартфонларга қарамми?

Крис Валланс: Сония, баъзи тадқиқотчилар смартфонлар қарамликка олиб келади деган фикрга қарши чиқдилар, бундай фикрни қўллаб-қувватловчи илмий далиллар борми?

Сония Ливингстоун: Менимча, Дейзи ижтимоий медиа ва ўйин дизайнига киритилган маълум ҳолатлар ва эътиборни жалб қилувчи рағбатларни назарда тутмоқда. Бу, албатта, салбий таъсир кўрсатади.

Шифокорлар эса қарамлик деганда, алкоголизм, гиёҳвандлик кабиларни назарда тутишади.

Шунга қарамай, улар болаларнинг 1-3%и технологияга қарамликнинг клиник мезонларига жавоб беришини тан олишади.

Дейзи Гринвелл: Хулқий қарамлик ҳақида нима дейсиз?

Барчамиз телефонларга қарамлик нима эканлигини биламиз… Смартфонлар қарам қилувчи ёки эмаслигини савол остига олиш ёки фақат 1-3% болаларда шундай деб ўйлаш ақл бовар қилмасдек туюлади.

Болалар бу қурилмалардан кунига тўрт-саккиз соат фойдаланаётгани маълум.

Сония Ливингстоун: Мен ақл бовар қилмас гап айтишни хоҳламайман, ва клиник тадқиқотларга ҳаволалар беришим мумкин.

Крис Валланс: Дейзи, нима ўзгартирилиши керак, ижтимоий тармоқларда ёш чегараларини оширармидингиз?

Дейзи Гринвелл: Биз ижтимоий тармоқлар платформалари болалар учун хавфсиз эканлигини исботлай олмагунча, болалар уларни ишлатмаслиги керак деб ҳисоблаймиз. Биз айниқса, Австралия ҳукумати олиб бораётган ишлар билан қизиқмоқдамиз.

Сония Ливингстоун: Барчаси қизиқарли таклифлар, ва ҳар доимгидек, амалда бажаришнинг ўзи яна бир савол. Мендан учта савол бор:

1. Британия жамоатчилиги мажбурий ёшни тасдиқлашга тайёрми? Улар ўзларининг шахсий маълумотларини компанияларга топширишни ўрганишлари керак бўлади. Ушбу компанияларга бундай нозик маълумотларни ишониб топширамизми?

2. Ҳа, ёш чегараларини мажбуран қўллаган тақдиримизда ҳам, аммо аввал, тўғри ёшни белгилаш ҳақида баҳслашишимиз керак. 13 ёш асосан "Бола махфийлигини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун "асосида белгиланган, болаларни ҳимоя қилиш сиёсати эмас.

3. Платформалар қанчалик хавфсиз бўлиши керак? Йўллардек хавфсизми? Ёки бассейндекми? Ва биз қандай қилиб хавфларни имкониятлар билан мувозанатга олиб келамиз?

Дейзи Гринвелл: Сизнинг биринчи саволингиз бўйича, жамоатчилик бирор нарсани ўзгартиришни талаб қилмоқда. Ёшни тасдиқловчи технологиянинг қандай ишлашини аниқлаш бизнинг вазифамиз эмас, лекин бу қийин бўлгани учун таслим бўлмаслигимиз керак.

Сизнинг иккинчи саволингизга келсак, унга тўлиқ қўшиламан, биз ҳам 13 ёшни тўғри ёш деб ҳисобламаймиз – бу боланинг фаровонлиги эмас, 25 йил олдинги АҚШ маълумотларига асосланган – аммо ҳозирда айнан шу ёш белгиланган, шунинг учун уни қўллаш керак.

Сония Ливингстоун: Ҳа, жамоатчилик ўзгаришни хоҳлайди ва бу тўғри. Лекин афсуски, агар биз амалий ечимларни таклиф қила олмасак, бизнинг чақирувларимиз эътиборсиз қолиши мумкин.

Дейзи Гринвелл: Бу таслим бўлиш билан бир хил. Барча сиёсий ечимларни ишлаб чиқиш бўйича юкни ота-оналарга топшириш керак эмас.

Сония Ливингстоун: Менимча, бу борада фақат ота-оналар ишлашмаяпти. Академиклар, тартибга солувчилар, фуқаролик жамияти, болалар хайрия ташкилотлари, ҳуқуқшунослар ва технология мутахассислари ҳам буни ҳал қилиш йўлларини излашмоқда.

Дейзи Гринвелл: Сония, қайси ёшдан кичик болаларни ижтимоий тармоқлардан чиқариш керак деб ўйлайсиз?

Сония Ливингстоун: Афсуски, бу нотўғри савол деб ҳисоблайман. Бу саволга жавоб бериш учун бизга яна бир мунозара керак бўлиши мумкин.

Дейзи Гринвелл: Нега? Бу ҳеч ким жавоб беришни истамайдиган саволдай туюлади.

Сония Ливингстоун: Майли, мен бунга ҳаракат қилиб кўраман.

1. Бир бола учун тўғри ёш бошқа бола учун тўғри бўлмаслиги мумкин.

2. Бу боланинг интернетда нима қилмоқчи эканлигига боғлиқ.

3. Бу бола заифми ёки қўллаб-қувватланганми, шунга боғлиқ.

4. Бу қайси рақамли маҳсулот ёки хизмат ҳақида гаплашаётганимизга боғлиқ.

Дейзи Гринвелл: Сиз бу мантиқни розилик ёшига ҳам қўллармидингиз?

Сония Ливингстоун: Бу яна бир бошқа мунозара – мен бу саволга жавоб беришдан бош тортмаяпман, лекин бу вақт талаб этади. Сиз катта муаммоларга тезкор жавоблар беришингиз мумкин, аммо мен далилларни кўриб чиқишни хоҳлайман.

Крис Валланс: Дейзи, Сониянинг учинчи саволи ҳақида нима дейсиз. Биз болаларга ҳам фойда кўриш эҳтимоли бўлган жойларда хавф туғилишини билган ҳолда рухсат берамиз, масалан, спортда.

Дейзи Гринвелл: Бу қизиқарли таъриф – албатта, бу болаларни ўз жонига қасд қилишга, овқатланиш тартиби бузилишига, хавотир ёки депрессияга олиб келмаслиги керак.

Сония Ливингстоун: Тўғри.

Болалар смартфонлардан фойда олишадими?

Крис Валланс: Дейзи, сиз болаларга бу қурилмалардан фойдаланиш манфаатли бўлиши ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлайсизми ва катталар фойдаланадиган фойдалардан болаларни узиб қўйиш тўғрими?

Дейзи Гринвелл: Технологиянинг афзалликлари аниқ… Смартфонлар ниҳоятда фойдали. Биз чўнтагимизда ҳамма нарсани биладиган ва ҳамма жойга боғланган кучли суперкомпютерларни олиб юрамиз… Улар ҳаёт тарзимизни ўзгартирди.

Аммо нимани йўқотиш эвазига? Биз ҳар қандай технологик тараққиёт ижтимоий ютуқ эканини шубҳа остига олишимиз керак.

Болалар интернетга 24/7 уланган бўлишлари шарт эмас. Улар телефонларни иш ёки кундалик режаларни ташкил қилиш учун ишлатишмайди.

"Ғишт" телефон уларни оилалари ва дўстлари билан боғланган ҳолда ушлаб туради.

Крис Валланс: Лекин болалар ушбу воситаларда катталар учун зарур бўлган нарсалар билан қандай ишлашни ўрганишлари керак эмасми?

Дейзи Гринвелл: Беш ёшли бола Инстаграмдан қандай фойдаланишни тўрт дақиқада ўрганиши мумкин - бу ҳақиқатан мантиқий аргумент эмас.

Болалар 16 ёшга тўлмасдан жинсий алоқани ўрганишлари керакми ёки 17 ёшга тўлмасдан ҳайдашни ўрганишлари керакми? Иккаласи ҳам уларнинг катталар ҳаётида муҳим бўлади.

Шунингдек, биз технологиядан фойдаланманг демаяпмиз – фақат чўнтагингизда 24/7 интернетга чекланмаган кириш имкониятига эга бўлманг демоқдамиз.

Сония Ливингстоун: Гап шундаки, жамият интернетни - одатда смартфон орқали киришни - аксарият соҳаларга киритди…

Шунинг учун қаердан бошлашни билиш қийин. Яхши бошланиш жойи яқинда чоп этилган "Яхши Болалик" ҳисоботидан бўлиши мумкин. Бу нимада хато борлигини аниқлаш учун яхши ўлчов беради.

Дейзи Гринвелл: Нега болалар технологиядан соғлом қарам бўлмасдан фойдаланиб, ҳаётларини яхшилай олмаслиги керак?

Бизнингча, ечим академик баҳслардан кўра одамлар кучидан бошланади.

Крис Валланс: Биз якунлаймиз. Иккалангизга ҳам раҳмат - бу қизиқарли мунозара бўлди.

Ушбу мунозара технология компаниялари кўпроқ масъулият олишлари кераклигини қўллаб қувватловчи одамлар болалар смартфонларидан фойдаланишни қанчалик чеклаш кераклиги борасида келиша олмаслилари мумкинлигини кўрсатди.

Буюк Британия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болалар учун смартфонларни тақиқлашни режалаштираётганини айтмаган ва қанчалик ўзгариш кераклиги борасида келишув бўлмаслиги мумкин, аммо ўзгаришлар барибир содир бўлмоқда: технология компаниялари янги болалар хавфсизлиги функцияларини ишга туширмоқда, мактаблар янги сиёсатни қабул қилмоқда ва технология ўзи ривожланишда давом этмоқда, бу эса кўпроқ имкониятлар ва хавфларни яратмоқда.

Болалар онлайн хавфсизлигини қандай сақлаш ҳақидаги баҳс яна узоқ вақт давом этиши мумкин.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг