Россия энди тўғридан-тўғри пўписа қилдими ёки Ўзбекистон, Марказий Осиё лидерлари нимани билишади? O‘zbekiston Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Россия шунчалик кескин кетдими - янги тафсилотлар...
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Россия қўрқитмоқчими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қудратларга кескин кетди, нима учун "ўлишга тайёр" эканини ҳам айтди
Нима бўлди?

Расмий Москва кечаётган ҳафтада яна ўзининг эътиборини Марказий Осиёга қаратди.
Россия Ташқи ишлар вазири муовинининг сўзлари Ўзбекистондаги етакчи нашрларнинг эътиборидан ҳам четда қолмади.
Унинг минтақа давлатлари пойтахтларига Ғарбга ўта яқинлашиш ва Россияга қарши санкцияларга қўшилишнинг оқибатларидан огоҳлантириш оҳангида янграгани кўрилди.
Михаил Галузин, "Марказий Осиё лидерлари бунинг риски - хавфидан шубҳасиз бохабар эканликлари"ни таъкидлади.
Хабарларга кўра, Россия Ташқи ишлар вазири муовинининг айни мазмундаги сўзлари "Валдай" клубининг IV Марказий Осиё анжуманининг очилиши чоғида янграган.
Михаил Галузин аввалига "Ғарб Марказий Осиё давлатларига катта сармоялар ваъда қилаётгани, уларни ўзининг ҳамкорлик дастурларига жалб қилмоқчи бўлаётгани ва хавфсизлик масалаларида ўз жиҳозларини ишлатиш бобида ўз ёрдамини қаттиқ тиқиштираётгани"га тўхталган.
Кейин эса, "душманларининг стратегик мўлжаллари аён экани, улар бу билан Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасига нифоқ солиб, ораларини бузмоқчи эканликлари"ни айтган.
"Афтидан, уммонорти ва Брююсселдагилар соддалик билан Марказий Осиё давлатлари Ғарбнинг бундай экспансиясига қаршилик кўрсатолмайди, деб ишонишмоқда", деркан, Галузиннинг сўзлари огоҳлантирувчи оҳангга кўчган.
Хабарларга кўра, Россия Ташқи ишлар вазири муовини худди шу ўринда "Марказий Осиё пойтахтлари Ғарб билан ҳаддан зиёд яқинлашиш, унинг ваъдаларига эргашиш ва Россияга қарши санкцияларга қўшилишнинг барча хавф-хатарлари ва эҳтимолий зарарларидан огоҳ эканликларига ишончлари комил" эканини баён қилган.
Аммо бу билан айнан нималарни назарда тутгани ва тутаётгани тафсилотлари Россия нашрлари хабарларидан ноаён қолган.
Михаил Галузиннинг "Валдай"даги чиқиши чоғида айтишича, Россия хавфсизликни таъминлашда Марказий Осиё давлатларининг ягона ҳамкори бўлади.
"Улар табиий иттифоқчилардир ва ташқи таҳдидлари ҳам умумий".
Ғарб таҳдиди

Сурат манбаси, VYACHESLAV OSELEDKO / AFP
Россиянинг Марказий Осиёни Ғарб таҳдиди билан худди шу мазмунда қанчалик тез-тез огоҳлантиришга ўтгани сўнгги ойларда эътиборга тушган воқеъликка айланган.
Россия томони яқинда Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида, дейишгача борган.
Ғарб давлатлари Марказий Осиёда ўз инсонпарварлик ва ҳарбий иштирокларини ўрнатишга ҳаракат қилишаётганини даъво қилган, буни минтақага кириш учун "мақсадли ва қатъий" уриниш, деб атаган.
Марказий Осиё давлатларини "ғарбликлар томонидан тиқиштирилаётган ҳамкорлик схемаларига танқидий кўз билан қараш"га чақирган, Ғарбнинг тараққиётга кўмак дастурларини "Марказий Осиё минтақаси сиёсий ва иқтисодий ландшафтини ўзига мослаб ўзгартириш ва назорат қилиш учун бир восита"га қиёс берган.
Расмий Кремлнинг минтақага қаратилган баёнотлари Украина уруши фонида кучайиб бораётгани билан ҳам хос аҳамият касб этган.
Россия, бошқа томондан, худди шу огоҳлантиришлари фонида ва Ғарб туғдираётган "хавф" изоҳида ўзининг Марказий Осиёдаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтириш, "юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавобан" бошқа тезкор кучларнинг ҳарбий ҳозирлигини ошириш"га ҳам қарор қилган.
Бу ҳам Украина уруши ҳануз давом этаётган бир пайтга тўғри келган.
Геосиёсий рақобат

Марказий Осиё Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.
Минтақа давлатлари сўнгги йилларда постсовет ҳудудидаги Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий орбитасига янада кучлироқ тортиш илинжида бўлган мамлакатлар сифатида кўрилишади.
Ўзи Украинага очган уруш сабаб, Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолиши эса, Россияни айнан Марказий Осиё минтақаси билан ҳар томонлама алоқаларини янада кучайтириш, шу йўл билан ҳам жазо чоралари оқибатларини юмшатишга ундаган.
Расмий Кремлнинг бу ҳаракатлари Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги ва суверенитетига таҳдид солиши мумкинлигига оид хавотирлар ва талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Россиянинг минтақага огоҳлантирувчи мазмундаги баёнотлари, бошқа томондан, Украина уруши фонида Ғарб ҳам Марказий Осиёга ҳар томонлама яқинлашиш, минтақани ўзининг асосий ҳамкорига айлантириш, уни Россия таҳдидидан ҳушёр бўлишга ундаш ҳаракатида бўлган, мустақилликлари, суверенитетлари ва ҳудудий яхлитликларини қўллаб-қувватлаш ҳаракатида бўлган бир пайтда кучайган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Марказий Осиё атрофида геосиёсий танглик кучайиб бораётган, минтақа давлатлари лидерлари миллий манфаатларига содиқ қолишлари изоҳида ўзларининг бугунги геосиёсий рақобат манзарасида ким томон эканликларига расман ва ошкора ойдинлик киритишгача бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўтган ой охирида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Марказий Осиё ташқи кучлар босимини ҳис қилишда давом этаётганлигини айтган.
Виктор Маҳмудов ўзининг чиқишида ташқи кучлар "Марказий Осиё давлатларини миллий манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда танлов қаршисида қолдиришга" ҳаракат қилишаётганини таъкидлаган.
Аммо "ташқи кучлар" деркан, у дунёнинг қай бир давлатларини назарда тутаётганлигига аниқлик киритмаган.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг сўзлари, бошқа томондан, Британия Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёга ташрифининг сўнгги кунига тўғри келган ва шуниси билан ҳам четда ўзига эътибор тортганди.
Марказий Осиё постсовет ҳудудидаги энг катта географик ва демографик минтақа бўлади.
Россияга бевосита чегарадош, унинг энг йириги илова четдаги қатор ҳарбий базалари, мудофаа саноати учун муҳим кўплаб ҳарбий иншоотлари жойлашган ҳудуд.
Сўнгги икки асрда айнан Россиянинг таъсири остида бўлиб келган.
Россия мустақилликларидан ўттиз йилдан ортиқроқ вақт ўтиб ҳам, минтақа давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори, энг яқин стратегик шериги ва иттифоқчиси.
Миллионлаб сондаги фуқароси учун энг йирик меҳнат бозори.
Айнан Россиядаги ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатлари учун жуда муҳим аҳамият касб этади, уларда ҳар қандай ижтимоий портлаш эҳтимолини юмшатиб келаётган энг муҳим воситалардан бири сифатида кўрилади.
Россия Ташқи ишлар вазири муовинининг сўзларига ҳозирча Ғарб ва минтақа давлатлари пойтахтларининг расмий муносабатлари имконсиз.
Аммо Михаил Галузиннинг чиқиши Россия Крокусдаги қонли ҳужум ортидан ўзининг аксилмиграцион сиёсатини кучайтирган бир манзарада ва Марказий Осиё лидерлари барчасининг Москвага бирдек ташрифларидан саноқли кунлар ўтиб кузатилди.
Шундай экан, воқеаларнинг сўнгги ривожи Марказий Осиё учун амалда нимани англатиши мумкин? Россия Ташқи ишлар вазири муовини бу билан нима демоқчи?
Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай савол билан минтақадан етакчи сиёсий таҳлилчилардан бирига мурожаат қилди:

Сурат манбаси, official
Жавоб: Буни фақатгина бир хил мазмунда талқин қилиш мумкин. Бу тўғридан-тўғри ва очиқ-ойдин таҳдид қилиш ҳисобланади. Сабаби, Россиянинг стили, Россиянинг тафаккури бугун ҳаммага маълум. Россия умуман дунё тарихини, дунё сиёсати ва дунё геосиёсатини ревизия қилаётган тажовузкор давлат сифатида ҳаммага танилиб улгурди. Айниқса, постсовет ҳудудини Россия яқин хориж деган бир концепция орқали ўзининг тасарруфидаги, ўзининг таъсир доирасидаги ҳудуд ва давлатлар, деб билади. Ва Марказий Осиё лидерларига, Марказий Осиё сиёсий элиталарига, ҳокимиятларига айтмоқчики, "агарки сиз Ғарб билан янада яқинлашишда давом этсангиз ва санкцияларга қўшиладиган бўлсангиз, бунинг оқибати сиз учун ўта ҳалокатли, аниқ, муқаррар бўлади ёки, бошқача қилиб айтганда, Украинадан кейин навбат сизга бўлиши мумкин, шунинг учун эҳтиётингизни қилинг", деган бир позицияни англатади.
Савол: Сизнинг назарингизда, бу таҳдид Тожикистон президентининг яқинда Путин билан Москвадаги сўнгги мулоқоти чоғида тилга олган ибора билан айтганда, Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатлари учун "нозик ва муҳим" бўлган биргина миграция ва мигрантлар масаласи билан чекланмайди?
Жавоб: Россиянинг минтақа давлатларига таъсир қилиш инструментлари жуда ҳам кўп. Мисол учун, Қозоғистон бугун Россия мафкурачилари, сиёсатчилари томонидан қора рўйхатга ёки салбий рўйхатга туширилган биринчи давлат. Биз биламизки, Қозоғистондан Россияга миграция, меҳнат муҳожирлари миграцияси мавжуд эмас. Қозоғистон ўзига яраша тўқ давлат. Нефть ва газ ҳисобига 19-20 миллионли аҳолисини бемалол таъминлаб беради. Шунинг учун ҳам, Қозоғистонга миграция орқали таъсир қилиш назарда тутилганда, Россияда бундай инструмент мавжуд эмас. Лекин бундай инструмент Ўзбекистонга, Тожикистонга ва Қирғизистонга нисбатан мавжуд. Жудаям чекланган миқдорда Туркманистонга қарши ҳам. Лекин Қозоғистонга нисбатан бошқа бир таъсир воситалари бор. Қозоғистон, мисол учун, Россия билан энг узун чегарага эга бўлган давлат. Бу чегара етти ярим минг километрга узанган ва Россия тўғридан-тўғри Қозоғистонга нисбатан ҳудудий яхлитлиги орқали, ҳарбий тажовуз орқали босим қилган ва босим қилаётган давлат ҳисобланади. Шунинг учун Россиянинг ҳар битта давлатга ўзининг таъсир қилиш, босим қилиш инструментлари мавжуд. Бу ахборот сиёсати, бу ҳарбий босим, хавфсизлик орқали таъсир қилиш, кадрлар орқали таъсир қилиш, Россия оммавий ахборот воситалари орқали ижтимоий бўҳрон яратиш, мисол учун, Қирғизистонда шундай вазият кузатилган 2010 йилда. Умуман олганда, Россиянинг минтақа давлатларига таъсир қилиш имкониятлари фақатгина чегара, миграция ва эмиграция билан чекланмайди. Яна бир қанча кўплаб таъсир воситалари мавжуд.
Савол: Худди шу манзарада Марказий Осиё давлатларининг кенг қамровли шерикчилик бўладими ёки стратегик иттифоқчилик, Ғарб давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликка интилишлари қанчалик муҳим?
Жавоб: Бу мутлақ муҳим. Сабаби, мана, минтақа давлатлари бугун кўпвекторли сиёсат олиб боришаяпти. Яъни, Россиянинг ғашига тегмасдан, ишончли ва ижобий муносабатлар, алоқаларни кучайтириб бориш. Россия тажовузкорлиги маълум. Минтақа давлатлари, демак, Россияга қарши очиқ, ошкора ёки яширинча бирор бир фаолият олиб бормайди. Шунинг учун ҳамки, Ғарб давлатлари бўлсин, Хитой бўлсин, мисол учун, Қозоғистоннинг Хитой билан муносабатлари жуда юқори даражада ижобий. Расмий Пекин Қозоғистонни ўзининг минтақадаги энг асосий ҳамкори сифатида билади. Ғарб давлатлари ҳам худди шундай. Брюссель ёки Вашингтон минтақа давлатларининг сиёсий ва геосиёсий мустақилликларини алоҳида урғулаб келади. Демакки, минтақа давлатлари ҳам, бир томондан, Россиянинг ғазабига учрамаслик, Россия билан ҳеч бир кўринишда тўқнашмаслик, лекин қолганлар билан муносабатларни ижобийлаштиришга ҳаракат қилиб келаяпти. Ва бу стратегия кучайса кучаядики, пасаймайди. Мана, минтақадаги энг муҳим икки давлат бу - Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси. Иккаласи ҳам ниҳоятда қудратли бўлган давлат. Тарихан туркий дунёни, Марказий Осиёни истило қилган, демак, мустақиллигини олган, мустамлака қилган давлатлар мана шу Россия мисолида ёки Шарқий Туркистон мисолида бу Хитой Халқ Республикаси. Демак, минтақа давлатлари Ғарб билан муносабатларини ўша геосиёсий муносабатларни тақсимлаш ва мувозанатлаш сифатида кўради. Ва бу ниҳоятда тарихий жиҳатдан ҳам, давлат мустақиллиги ва геосиёсий мустақиллик учун ҳам мутлақ муҳим кўрилади.
Савол: Галузиннинг айни мазмундаги сўзларига, сизнингча, Марказий Осиё давлатларининг муносабати қандай бўлади? Ёки улардан бирор бир муносабат тақозо қилинадими?
Жавоб: Йўқ. Аслида Марказий Осиё давлатлари келишган ҳолда позиция ишлаб чиқарса, яхши бўлади. Лекин бундай координация мавжуд эмас. Агар улардан бирортаси муносабат билдирса, Россия пропагандаси кучлироқ эътибор қаратади ва кучлироқ босим қилади. Чунки Россия пропагандаси бугун ҳеч нарсадан қўрқмайди. Шунинг учун ҳам, минтақа давлатлари бу нарсага кўз юмиш орқали, худди эшитмасликка олиш орқали бу мавзунинг тезроқ ўтиб кетишини истайди ва мана шу асосий тактика.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













