Таҳлил: Байден дебатда ўзини тушунарсиз тутиши, унинг ёшига нисбатан хавотирларни кучайтирди

- Author, Энтони Цурчер
- Role, Би-би-си
Пайшанба оқшомидан олдин кўплаб америкаликлар Жо Байденнинг ёши ва лавозимга яроқлилиги ҳақида ташвиш билдиришаётганди. Номзодлар ўртасидаги дебат бу хавотирларга барҳам бермади, дейиш йилнинг энг камтарона сўзларидан бири бўлиши мумкин.
Президент мунозарага маррани паст олиб чиқди ва қоқилди. У бир текис эди. У довдиради. У тушунарсиз эди.
Мунозаранинг ўрталарида Байден ташвиқот жамоаси унинг хира овозда гапираётганини тушунтириш учун журналистларга президент шамоллаш билан курашаётганини айтди. Ҳақиқатда шундай бўлиши мумкин, аммо у баҳонага ўхшаб эшитилди.
90 дақиқа давомида Жо Байден дор устида юргандай бўлди. Айниқса, бошида унинг баъзи жавоблари бемаъни чиқди. Фикридан адашганидан кейин, у бир жавобни "Биз Ниҳоят Medicare ни мағлуб этдик" деб якунлади. Бу ҳукумат томонидан кексалар учун соғлиқни сақлаш дастурига ғалати ишора эди.
Жаноб Байденнинг собиқ алоқа директори Кейт Бедингфилд мунозарадан сўнг дарҳол CNN телеканалига чиқди ва у аниқ қилиб: "Бунинг икки йўли йўқ, бу Жо Байден учун яхши баҳс бўлмади", деди.
Унинг айтишича, Байденнинг энг катта муаммоси тетиклиги ва чидамлилигини исботлаш эди ва у буни эплолмади.
Мунозара давом этар экан, Байден худди бурчакка тиқилган боксчи каби вазиятни ўзгартиришга уриниб, рақибига қарши кескин зарба бера бошлади. Уларнинг бир нечтаси мўлжалга тегди ва собиқ президентнинг ғазабини қўзғатди.
Аммо CNN модераторлари томонидан кўтарилган дастлабки бир нечта мавзулар сайловчиларга ўта муҳим бўлган иқтисод ва иммиграция масалалари бўлганлиги - сўровлар америкаликлар бу борада Доналд Трампга кўпроқ ишонч билдиришини кўрсатмоқда - президентн учун муаммони янада оғирлаштирди.
"У жумласининг охирида нима деганини ҳақиқатда билмайман ва у ҳам билади, деб ўйламайман", деди Трамп Байденнинг навбатдаги жавобидан кейин. Ушбу урғу тунга хулоса ясаган бўлиши мумкин.
Янада эътиборли Трамп
Собиқ президент асосан интизомли, чаққон баҳсни таклиф қилди. У 2020 йилдаги биринчи дебатида унга зарар берган луқмалар ва жанговар ҳаракатлардан қочди ва имкон қадар муҳокамани жаноб Байденнинг обрўсига ҳужумларга йўналтирди.
У бир неча бор фактлар тасдиқланмаган ва ҳатто ёлғон даъволарни айтди, аммо жаноб Байден уни бурчакка тиқиштира олмади.
Масалан, мавзу абортга тақалганда, собиқ президент бир неча бор эътиборини, унинг сўзи билан айтганида, демократларнинг экстремизмига қаратди. У янглдиш тарзда демократлар чақалоқлар туғилгандан кейин аборт қилишни қўллаб-қувватлайди, деб даъво қилди.
Аборт 2022 йилда Олий суд абортга бўлган конституциявий ҳуқуқни ҳимоя қилиб, "Roe Wade га қарши" ҳукмини бекор қилганидан сўнг, Трамп ва умуман республикачиларнинг заиф томони бўлиб қолди. Бироқ Байденнинг бу бу борадаги ҳужумлари очко тўплаш ўрнига чиппакка чиқди.
"Сиз қилган нарса даҳшатли эди", деди президент.
Дордаги жангчи
Дебат тугагаши билан, вице-президент Камала Харрис президентнинг "секин бошланганини" тан олди, аммо у кучли якунланганини айтди. Бу ҳаддан ташқари некбин баёнот, аммо жаноб Байден мунозаралар давомида ўзини ўнглаб олгани бор гап.
Байден эсда қоларли гапларидан бирида Доналд Трампни порно юлдуз Сторми Дениелс билан ишқий алоқада бўлганликда айбланганини таъкидлади ва собиқ президентнинг "аҳлоқи дайди мушуклар" никига ўхшашлигини айтди.
"Мен порно юлдуз билан жинсий алоқада бўлмаганман", деди Трамп.
Трамп 6 январда АҚШ Конгрессига уюштирилган ҳужумга жавобида ҳам қийин аҳволга тушиб қолди. У дастлаб Капитолий тартибсизликлари учун жавобгарлиги ҳақидаги саволни жаноб Байденни қоралашга айлантирмоқчи бўлди, аммо бу сафар президент уни қўйиб юбормади.
"У одамларни Капитолийга чиқишга ундади. У ёрдамчилари ундан бирор нарса қилишни илтимос қилишмагунча, ўша ерда уч соат ўтирди. У ҳеч нарса қилмади", деди жаноб Байден.
Собиқ президент, шунингдек, 2024 йилги сайлов натижаларини қабул қилиш-қилмаслик ҳақида гап кетганда ҳам бир неча бор саволдан қочди.
Энди нима бўлади?
Бу АҚШнинг замонавий тарихидаги энг эрта ўтказилган дебат бўлди, чунки Байден жамоаси шундай бўлишини хоҳлади. Сабабларидан бири, улар сайловолди кампанияси бошида америкалик сайловчиларнинг эътиборини Трампга қаратиб, президентлик давридаги тартибсиз табиати ҳақида эслатиб қўйишга умид қилгани айтилади.
Аммо бу мунозарадан кейин одамлар собиқ президентдан кўра кўпроқ Байденнинг чиқиши ҳақида гапиради.
Байден жамоаси эрта мунозарани хоҳлашининг яна бир сабаби шундаки, бу ўз номзодига заиф кўрсаткичдан тикланиш учун кўпроқ вақт беради. Охир-оқибат, пайшанба оқшомидан кейин уларга тасалли берадиган нарса бу бўлиши мумкин.
Август ойида демократлар ўзларининг партия қурултойини ўтказадилар, унда улар америкаликлар учун Байденнинг иккинчи муддати ҳақида кўпроқ скриптлаштирилган тасаввурни таклиф қилишлари мумкин. Сентябр ойига режалаштирилган яна бир мунозара бор, агар бу содир бўлса, ноябрь ойида сайловга борадиган америкаликларнинг онгида янги бўлади.
Байден жамоаси эрта мунозарани хоҳлашининг яна бир сабаби шундаки, бу ўз номзодига заиф чиқишдан кейин тикланиш учун кўпроқ вақт беради. Алал оқибат, пайшанба оқшомидан кейин уларга тасалли берадиган нарса айнан шу бўлиши мумкин.
Август ойида демократлар ўзларининг партия қурултойини ўтказадилар, унда улар америкаликлар учун Байденнинг иккинчи муддати ҳақида янада сайқаллаштирилган тасаввурни таклиф қилишлари мумкин. Сентябр ойида яна бир мунозара режалаштирилган, агар у бўлса, ноябрда сайловга чиқадиган америкаликларнинг онгидаги янгиси бўлади.
Аммо кўплаб демократлар жаноб Трампнинг дебатдаги иккинчи имконияти уларнинг одами учун бошқача бўладими, деган савол қийнаётган бўлиши мумкин. Айримлар эса, ҳозирданоқ қандай қилиб президентликка бошқа номзод қўйиш мумкинлиги ҳақида бош қотираётган бўлиши мумкин.Байден дебатда ўзини тушунарсиз тутиши, унинг ёшига нисбатан қўрқувни кучайтирди
26 июн - Трамп АҚШ сиёсатида нималарни ўзгартириши мумкин?

Сурат манбаси, Getty Images
Ижтимоий сўровлар кўрсатишича, собиқ президент Доналд Трамп ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иккинчи муддатга ғалаба қозониши мумкин, бироқ ғалаба жуда кичик фарқ билан бўлади.
Сайлов натижаси Америкадан ташқаридаги миллионлаб одамлар ҳаётига ҳам таъсир қилади.
Партиянинг июль ойида бўлиб ўтадиган Миллий қурултойида Республикачилар партиясидан номзод сифатида тасдиқланиши кутилаётган Трамп ўз режалари ҳақида доим ҳам аниқ гапирмаган.
Аммо унинг сиёсати Демократик президент Жо Байденникидан фарқ қиладиган кўплаб соҳалар бор. Мана улардан баъзилари.
Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этадими?

Сурат манбаси, Getty Images
Доналд Трамп узоқ вақтдан бери Россиянинг 2022 йилда кенг кўламли босқинидан кейин АҚШнинг Украинага берилган миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдамини танқид қилиб келади.
Президентлик даврида Россия президенти Владимир Путинни омма олдида олқишлаган Трамп, агар сайланса, урушни "24 соат ичида" тугатишга ваъда берди. У буни қандай қилиб амалга оширишини айтмади, бироқ у Украинани Россияга ҳудудини бериш учун босим ўтказиши мумкинлигидан хавотир бор.
Киевга 60 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси апрель ойида ниҳоят қабул қилинди. Бу лойиҳа АҚШ Конгрессида республикачилар томонидан бир неча ой давомида музлатиб қўйилган эди.
Аммо Трампнинг ҳаммаслакларидан бири, Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг айтишича, Трамп ғалаба қозонса, Украинага "бир тийин ҳам бермайди".
Жаноб Орбаннинг гапи ҳақида сўралганда, жаноб Трамп Time журналига шундай деди: "Агар Европа вазиятни мувозанатлашни бошламаса, мен ёрдам бермайман".
Унинг айтишича, у "Украинага ёрдам беришга ҳаракат қилади", лекин Европа "ўз ҳиссасини етарлича қўшмаяпти".
Ҳарбий ёрдамни қисқартириш республикачи сайловчиларга маъқул. Pew Research Center томонидан 8 май куни эълон қилинган сўровда сўралган республикачиларнинг 49 фоизи Вашингтон Украина учун жуда кўп маблағ сарфлаётганини айтган, демократ сайловчиларнинг эса атиги 17 фоизи шундай фикрда.

Лондондаги Ҳоллоуей қироллик университетининг халқаро алоқалар бўйича эксперти Мишел Бентлининг айтишича, Трампнинг шиорлари аллақачон ўз таъсирини ўтказаётган бўлиши мумкин, чунки Путин Трампнинг ғалабаси эҳтимолидан "руҳланмоқда".
Трамп АҚШни НАТОдан чиқарадими?
Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) - АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Францияни ўз ичига олган 32 давлатнинг ҳарбий иттифоқи Трампнинг энг севимли масалаларидан биридир.
Президент бўлган вақтда у бошқа аъзолар ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 2 фоизини умуммудофаа учун сарфлаш бўйича келишилган мақсадига эриша олмаса, Қўшма Штатларни ташкилотдан чиқариш билан таҳдид қилган.

Сурат манбаси, Getty Images
НАТО қоидаларига кўра, аъзо давлатга қилинган ҳар қандай ҳужум блокнинг барча давлатларига қилинган ҳужум ҳисобланади.
Бироқ шу йилнинг февраль ойида Трамп «улушини тўламаган» давлатни ҳимоя қилмаслигини ва Москва унга "нима истаса, шуни қилишга қўйиб беришини" айтди.
Унинг сайлов кампанияси веб-сайтида айтилишича, унинг мақсади НАТОнинг мақсади ва миссиясини "қайта баҳолаш"дир.
У АҚШни НАТОдан чиқарадими, деган масалада фикрлар ҳар хил.
Аммо Лондонда жойлашган Қироллик бирлашган хизматлар институти мудофаа таҳлил марказидан Эд Арнолднинг айтишича, Трамп АҚШни ташкилотдан чиқариб олмаса ҳам - Европадаги АҚШ қўшинлари сонини камайтириб ёки Россия НАТОга аъзо давлатга бостириб кирса, АҚШнинг жавоб чоралари учун шартлар қўйиш орқали "ташкилотни барибир чўктириши мумкин".
Трамп ялпи депортацияларни амалга оширмоқчи
Трампнинг президентлиги агрессив иммиграция сиёсати билан ажралиб турарди ва агар у Оқ уйга қайтса, бу сиёсатни янада қаттиқлаштиришга ваъда бермоқда.
Унинг айтишича, биринчи куниёқ у "Америка тарихидаги энг йирик депортация операциясини бошлайди".
У яна ноқонуний муҳожирларнинг АҚШда туғилган фарзандлари учун фуқаролик беришни тугатишга ва Мексикадаги наркокартелларга қарши курашишга ваъда берди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўтган йили у кўпчилик мусулмонлар яшайдиган айрим давлатлар фуқароларига виза тақиқларини кенгайтиришни таклиф қилди.
"Трамп АҚШда ўнлаб йиллар давомида яшаб келаётган миллионлаб ноқонуний муҳожирларни депортация қилишга уринишдан ташқари, қонуний иммиграцияни ҳам чекламоқчи", дейди АҚШнинг ҳозирда тугатилган Иммиграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати собиқ комиссари Дорис Мейснер. У ҳозир Вашингтондаги Миграция сиёсати институтида эксперт.
Трампнинг веб-сайтида таъкидланишича, у ўз лавозимида бўлганида АҚШнинг қочқинларни қабул қилиш дастурини тўхтатиб қўйган ва у яна шундай қилишга уриниб кўриши мумкин.
Мейснер хоним фикрича, собиқ президент ўз режаларини амалга оширишда қонуний тўсиқларга дуч келади. У биринчи муддатида визаларни тақиқлаш каби қарорларига судлар аралашганида бўлгани каби.
Бундан ташқари, унинг депортация режаси амалда муаммоли, чунки "федерал ҳукумат Трамп ваъда қилгандек ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш учун ресурсларга эга эмас", дея қўшимча қилади у.
Президент Байден кўпроқ «инсоний» иммиграция сиёсатини ваъда қилди, Трамп давридаги айрим чегара сиёсатларини тўхтатди ёки бекор қилди. Аммо сўровлар кўрсатишича, сўл ва ўнг қарашдаги сайловчилар иммиграция даражасидан хавотирда ва Трамп нозик мувозанатга эришишга уринмоқда.
Июнь ойида у амалдорларга АҚШга ноқонуний кирган муҳожирларни бошпана сўровларини кўриб чиқмасдан тезда чиқариб юборишга рухсат берувчи кенг қамровли буйруқ чиқарди. Икки ҳафта ўтгач эса, у АҚШ фуқароларининг юз минглаб ҳужжатсиз турмуш ўртоқларини депортациядан ҳимоя қилувчи сиёсатни эълон қилди.
Трамп Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этадими?
Трамп президентлик даврида Исроил ва унинг ўнг қанот ҳукуматини фаол қўллаб-қувватлаган.
У АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олишини эълон қилиб, АҚШнинг ўнлаб йиллик расмий сиёсатини бекор қилди ва АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчирди.
Жаноб Байден бу ўзгаришни бекор қилмади. Фаластинликлар эса буни Қуддуснинг мақоми ҳақидаги ўта баҳсли масалада Байденнинг тараф олиш сифатида кўрди.

Сурат манбаси, Getty Images
Трамп ҳукумати босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги яҳудий аҳоли пунктларини маъқуллади. Ваҳоланки, халқаро ҳамжамиятнинг аксарияти бу пунктларни халқаро ҳуқуқ бўйича ноқонуний деб ҳисоблайди.
Трамп маъмурияти, шунингдек, Исроил ва Араб Лигасининг тўрт давлати - Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Судан ва Марокаш ўртасида нормаллаштириш келишувларига воситачилик қилди.
Бироқ, баъзилар, у 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларидан сўнг, Трамп сайловда ғалаба учун ҳамон курашаётган бир вақтда Исроил бош вазири Байденни табриклаш учун қўнғироқ қилгани учун у Бенямин Нетаняҳуга нисбатан адоват сақламоқда деб ҳисоблашади.
7 октябрдаги ҳужумлардан сўнг Трамп Нетаняҳу ҲАМАС ҳужумига "тайёр бўлмаганини" айтди ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» исломий жангари гуруҳини «ақлли» деб атади, бу эса исроилпараст республикачилар ғазабини қўзғатди.
У Исроилни қўллаб-қувватлашини таъкидлашда давом этмоқда, бироқ ҳозир Исроил Ғазодаги Ҳамас жангариларига қарши "бошлаган ишни тугатиши" керак, фақат "тезлик билан", чунки у "ахборот урушида ютқазмоқда".
У Time журналига Эрон-Исроил урушида "Исроилни ҳимоя қилишини" айтди, аммо Эрон билан боғлиқ режалари ҳақида тафсилотларни ошкор қилмади. Президент бўлган вақтда у Қўшма Штатларни Эрон билан ядровий келишувдан чиқарди, санкцияларни кучайтирди ва Эроннинг энг қудратли ҳарбий раҳбари Қосим Сулаймонийни ўлдиришга рухсат берди.
Трамп Хитойга босимни кучайтирадими?
Трамп президентликка келганидан бери Хитой билан савдо урушини келтириб чиқарди. Агар қайта сайланса, Хитой учун 60% дан ортиқ тарифларни таклиф қилмоқчи.
Ўтган йили у, шунингдек, Хитой АҚШдаги энергетика ва телекоммуникация каби муҳим соҳаларда инфратузилмани "сотиб олишини тўхтатиш" учун "кескин янги чекловлар" ҳақида гапирди.
Жанубий Хитой денгизи ва Тайван атрофида кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда унинг атрофидагилар АҚШ хавфсизлик сиёсати кўпроқ Хитойга қаратилишини истайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Трамп маъмурияти даврида Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси бўлган Элбриж Колби республикачилар орасида хавфсизлик масалалари бўйича таъсирчан овозга айланди ва агар Трамп сайланса, унинг маъмуриятида муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.
У Вашингтон ташқи сиёсатда Пекинга жиддийроқ эътибор қаратиш керак деб ҳисобловчи республикачилардан биридир.
"Украинадан шунчаки юз ўгиришимиз керак эмас, лекин уни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа бўлмаслиги керак, чунки Хитой Америка манфаатларига Россиядан кўра кўпроқ таҳдид солмоқда", дейди Колби.
Унинг қўшимча қилишича, у Трамп "буни яхши билишига" ишончи комил.
Тайван ўз-ўзини бошқарадиган ва ўзини Хитойдан фарқли ҳисобловчи, ўз конституциясига ва демократик йўл билан сайланган раҳбариятига эга ҳудуддир.
Аммо Пекин уни бўлгинчи провинция сифатида кўради ва оролни эгаллаш учун куч ишлатишга ҳам тайёр.
Қўшма Штатлар Хитой Тайванга бостириб кирса, қандай жавоб беришини атай мавҳум тутиб келган, фақат Байден АҚШ уни ҳимоя қилишини айтган Америка етакчилари орасида энг очиқ гапиргани бўлди.
Трамп нима қилишини очиқ айтмайди. Аммо у 2016 йилги сайловдаги ғалабасидан сўнг, Тайван президенти қўнғироғини қабул қилиб, Хитойнинг норозилигига сабаб бўлганди.
Атроф-муҳит ҳақида нима дейиш мумкин?
Президент бўлганида Трамп АҚШни 2015 йилдаги иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувидан чиқарди. Жаноб Байден бу ҳаракатни бекор қилди. Аммо Трамп яна чиқаришини айтди.
У нефть олиш учун кўпроқ бурғулаш, арзонроқ энергияни ваъда қилмоқда.
Унинг веб-сайтида, шунингдек, у экологларнинг "бемаъни суд ишларини" тугатиши, шамол энергетикаси учун субсидия ажратишни тўхтатиши, нефть, газ ва кўмир ишлаб чиқарувчиларга солиқларни камайтириши ва жаноб Байден томонидан киритилган автомобиль чиқиндилари қоидаларини бекор қилиши айтилган.
Охирги 30 йил давомида президентликка номзодларнинг ҳеч бири иқлим масалалари бўйича бу қадар фарқли бўлмаганди, дейди Сан-Диегодаги Калифорния университетининг иқлим ўзгариши бўйича эксперти, профессор Дэвид Ж. Виктор.

Сурат манбаси, Getty Images
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро кенгашининг собиқ етакчи муаллифи профессор Викторнинг айтишича, Трампнинг ғалабаси АҚШ ҳукуматининг иқлим бўйича мавжуд мақсадлари учун «фалокатдир».
"Бу иттифоқчиларимизни биздан узоқлаштиради... шунинг учун ваҳима кўп", дейди у.
Иқлим ўзгариши бўйича нуфузли Carbon Brief веб-сайти муҳаррири доктор Саймон Эванснинг айтишича, агар Трамп Оқ уйга қайтса, АҚШ иқлим бўйича халқаро мажбуриятларини бажариши "жуда даргумон".
У ҳаммуаллиф бўлган тадқиқотга кўра, АҚШ президент Байден даврида ҳам ўз мақсадларини қўлдан бой бериши мумкин, аммо кичикроқ фарқ билан.
Жаноб Байден ўзининг Инфляцияни қисқартириш тўғрисидаги қонуни орқали тоза энергия ва иқлим ташаббусларига 300 миллиард доллар маблағ ажратди. Аммо баъзи иқлим фаоллари унинг нефть ва газ қазиб олишни кўпайтиришга қаратилган ҳаракатларига, жумладан, Аляскадаги Уиллов нефть лойиҳасига қарши.
"Менимча, Байден қўлидан келганини қилмоқда", дейди профессор Виктор.
"У эмиссияни қисқартириш бўйича дадил, аммо бажариш қийин ваъдалар берди. Аммо Байден маъмурияти иқлим сиёсати учун бошқаларидан кўра кўпроқ иш қилганига шубҳа йўқ.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













