“Олабўжи” мигрантлар масаласи: Байден ва Трамп АҚШ - Мексика чегарасига йўл олишди

Мигрантларнинг аксари чегарани пиёда кесиб ўтадилар ва уларнинг сони ўтган йили рекорд даражага етди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Мигрантларнинг аксари чегарани пиёда кесиб ўтадилар ва уларнинг сони ўтган йили рекорд даражага етди.
    • Author, Антони Зурчер
    • Role, Би-би-си Шимолий Америка мухбири

Жо Байден ва Доналд Трамп иккови ҳам пайшанба куни АҚШ-Мексика чегарасига сафар қилишлари кутиляпти. Чегара масаласи келгуси президентлик сайловларида ҳал қилувчи масала бўлиши мумкин.

Ушбу чегарадан ўтган йили 2,5 миллион ноқонуний муҳожир ўтган. Бу оқим йирик Америка шаҳарларидаги қабул иншоотлари ва ижтимоий кўмак идораларини шошириб қўйган ва чорасиз қолдирган.

Алоқадор мавзулар:

Бу сафар жаноб Байденга ўзи иммиграция масаласида қатъиятли эканини ишонтиришга имконият беради. Жаноб Трамп учун эса бу ўз сиёсий карьерасининг марказида бўлган масалага яна бир бор эътиборни қаратишга имконият туғдиради.

Ноябрда ўтадиган сайловларда яна Байден ва Трамп беллашиши кутилади, аммо ҳали уларнинг партиялари икки номзодни расман танлашмаган.

BBC

Трамп Техас штати чегарасидаги Игл Пасс шаҳрига боряпти. Бу шаҳар ҳокими, республикачи Грег Абботт Байденнинг сиёсатига қарши равишда ҳужжатсиз мигрантларни қўлга олиш ва танқидчилар ноинсоний дея таърифлаган симтўр тўсиқларни чегарада ўрнатишга Миллий Гвардия аскарларини ёллаган.

Собиқ президент бу қаттиққўл чораларни олқишлаши ва улар туфайли Техасга Мексикадан ўтишлар охирги вақтда камайгани, демократ ҳокимлар қўлидаги Аризона ва Калифорнияга эса ошганини айтиши кутилади.

Оқ Уй Байденнинг Техас штатидаги Браунсвил шаҳрига сафарини атиги бир неча кун аввал эълон қилишди. Афтидан бу ташриф демократлар ўзларининг ожиз жойи деб биладиган масалага жавоб қайтаришга бўлган бир уриниш.

Байденнинг президентлиги даврида 6,3 миллиондан ошиқ муҳожирлар АҚШга ноқонуний кирганлари учун қўлга олинганлар. Бу аввалги президентлар давридагидан юқори кўрсаткич. Баъзи экспертларга кўра, бунинг сабаблари мураккаб, ва баъзи омиллар Байден келишидан аввал пайдо бўлган.

"У у ерга бориб, юзини кўрсатиши ва нималар бўлаётганини сезиши керак", - дейди Northwestern университети сиёсат профессори Хайме Домингез. Байденни бу масалага етарлича эътибор бермасликда айблашган.

Байден ўтган йили Техасга бориб чегарачилар билан учрашганди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Байден ўтган йили Техасга бориб чегарачилар билан учрашганди.

Бу таассурот оммавий фикр сўровларида ҳам акс этаётгани Байден учун яхши янгилик эмас. Охирги Gallup сўровига кўра, 28% америкаликлар иммиграцияни ўзлари учун энг катта хавотир дея номлашган. Улар учун у иқтисод ва инфляциядан ҳам муҳим экан. Harris сўровига кўра, Байденнинг бу соҳадаги дастаги атиги 35%.

Monmouth сўровига қатнашганларнинг 61 фоизи ноқонуний иммиграция улар учун "ўта жиддий муаммо" эканини айтганлар ва аксари илк марта Трампнинг АҚШ-Мексика чегарасида девор қуриш таклифини қўллаб-қувватлаганлар.

Демократлар бошқарувчи йирик Америка шаҳарларининг лидерлари борган сари президентнинг иммиграция сиёсатини кўп танқид қилишмоқда. Бунга сабаб - Чикаго, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк каби шаҳарларга юз минглаб мигрантларнинг келиши. Улар баъзида ўзлари келишган ё Техас каби штатларнинг республикачи губернаторлари таъминлаган транспортларда олиб келинганлар.

Байден жамоаси танқидига кўра, иммиграцияга қарши қонунга парламентда ўтган ой демократлар эмас, республикачилар тўсиқ бўлишди. Уларга кўра, Трамп бу соҳада Байден ғалаба қозонишини истамайди.

Трамп ўтган йили чегарадаги деворнинг тугалланмаган қисмида туриб нутқ сўзлади.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Трамп ўтган йили чегарадаги деворнинг тугалланмаган қисмида туриб нутқ сўзлади.

"Республикачилар 30 йилдирки бизга чегара хавфсизлиги керак деган гаплари пуч эканини демократлар фош қилишди. Улар қонунга қарши чиқдилар, чунки улар бу масала ечилишидан эмас, ўзлари учун сиёсий стратегия деб кўриладиган иммигрантларни олабўжи қилиб кўрсатишдан кўпроқ манфаатдорлар", - дейди иммиграция учун курашувчи "America's Voice" вакили Даглас Ривлин.

Ривлинга кўра, республикачилар 2018, 2020, 2022 йиллардаги сайловларда одамлар орасидаги иммиграция хавотирларидан фойдаланиб қолишга уринганлар, ва оз бўлса-да муваффақ бўлганлар.

Айни дамда Трамп ва республикачилар бу масаладаги илғорликни қўлдан бой беришмоқчи эмас. Уларнинг танқидига кўра, Байденнинг иммиграция ҳаракатлари кечиккан ва етарли эмас, Конгрессдаги қонун эса барибир фойда келтирмасди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek