Тарихда илк бор собиқ АҚШ президенти жиноятда айбдор топилди

Сайловолди кампаниясида қатнашаётган собиқ президент Дональд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Трамп ўзининг сайлов кампаниясини "мени адолатсиз таъқиб этишаяпти" деган даъво устига қурган

Яна Оқ Уй бошқарувига қайтиш курашини бошлаган Дональд Трамп тарихда илк бор жиноятда айбдор деб топилган АҚШнинг собиқ ёки жорий президенти бўлди.

Тарихий суд Нью-Йорк Манхеттенида бўлди, Трампга 34 жиноий моддадан иборат айбловлар илгари сурилди.

Ҳакамлар суди 2016 йилги АҚШдаги президентлик сайловлари олдидан Дональд Трамп собиқ порно актрисага тўлаган пулини яшириш мақсадида бизнес ҳужжатларини сохталаштиришда айбдор деган ҳукм чиқардилар.

Трамп устидан якуний ҳукмнинг шу йил 11 июлида эълон этилиши кутилмоқда.

Собиқ президентни қамоқ жазосига ҳукм этишлари мумкин.

Бироқ ҳуқуқшунос экспертларнинг айтишларича, ҳойнаҳой, жарима қарори билан чекланилади.

Судланганига қарамасдан, Дональд Трамп Республикачилар партияси номзоди сифатида АҚШ президентлиги сайловида қатнаша олади.

77 ёшли собиқ президент Трамп устидан суд бир ярим ой давом этди.

Суд 22 гувоҳ, шу жумладан, жиноят иши марказида бўлган порно актриса Сторми Дэниелс кўрсатмасини ҳам тинглади.

Судга ҳакам Хуан Мерчан раислик қилмоқда.

Судья Мерчан ҳакамлик суди иштирокчиларига миннатдорлик изҳор этди.

Трамп эса ҳукмни "шармандалик" деб атади.

"Биз курашимизни давом эттирамиз. Биз охиригача курашамиз ва ғалаба қозонамиз. Чунки бизнинг мамлакатимиз жаҳаннамга айланди", деди суд якунида Дональд Трамп.

Трамп устидан ҳукм президентлик сайлови учун нимани англатади?

Ушбу саволга жавоб беришда кўпчилик қийналиб қоладилар.

Чунки бундан кейин нима бўлишини башорат қилиш учун Трамп жиноят ишини бундан олдинги ишларга муқояса қилиш керак, бунинг эса иложи йўқ: тарихда бундай иш бўлмаган.

Иқтбиос

Сурат манбаси, .

Трамп шу йил бошида Республикачилар номзодлигини қўлга киритган ва яна бир неча кундан кейин партия номидан расман сайловга кириши эълон этилиши мўлжалланган.

Америка Қўшма Штатларидаги ижтимоий сўровлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Трамп дастаклови анча кучли ва сайлов якуний овозларида ҳал қилувчи овозларни берадиган штатларда анча юқори кўрсаткични қўлга киритиши мумкин.

Аммо ушбу сўровлар мабодо Трамп судда айбдор деб топиладиган бўлса, фикрлар ўзгариши мумкинлигини ҳам кўрсатган.

Шу йил қишида ўтказилган Республикачилар праймеризлари экзит-полларида Трампнинг кўпчилик дастакловчилари судда айбдор топилса, унинг учун овоз бермасликларини ҳам билдиришган.

Шу йил апрелида Ipsos маркази ва ABC News ўтказган сўровларда Трампнинг 16 фоиз қўллаб-қувватловчилари суд ҳукмига қараб ўз фикрларини ўзгартиришлари мумкинлигига ишора этганлар.

Сўров ўтказилган вақти Трампга нисбатан тўрт айблов илгари сурилган, улар орасида 2020 йилдаги президентлик сайлови натижаларини бекор қилишга тил бириктириш ва Оқ Уйни тарк этаётган вақти ўта муҳим ҳужжатларни ўзбошимчалик билан олиб кетиш жиноий ишлари ҳам бор эди.

Ҳозирга келиб сайловчилар Трампнинг реал ҳукмига қараб ўзларининг қарорларига келишлари мумкин.

"Ҳақиқий ҳукмни одамлар 5 ноябрда чиқарадилар", деди Трамп суд залини тарк этаётган вақти.

Собиқ Демократик президент Билл Клинтон ва Нью-Йоркнинг мустақил номзод сифатида сайловда қатнашиб ҳокими бўлган Майкл Блумберг билан бирга ишлаган социолог Доуг Шэн фикрича, америкалик сайловчилар порно актрисага пул бериш судига жиддий қарамасликлари мумкин, чунки ҳодиса узоқ йиллар олдин юз берган.

"Жиноятда айбдор деб топилиш катта гуноҳ саналмагани учун сайловчилар ноябрь ойида кўпроқ инфляция, жанубий чегара, Хитой ва Россия билан рақобатлашув, Исроил ва Украинага берилаётган маблағ ҳақида ўйлайдилар", деди Доуг Шэн.

Трамп қўллаб-қувватловчилари сонининг оз сонда бўлса ҳам тушиб кетиши икки номзод елкама-елка бораётган президентлик сайловида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Собиқ президентни кўпроқ дастаклаган муҳим штатлар Висконсин ва Пенсильванияда бир неча минг сайловчи сони камайиши буткул ўзгача натижани юзага келтириши мумкин.

"Булар унга номзод сифатида таъсир ва шикаст етказади", деб ўйламайман, деди Трамп партиясидан ўзини четлатган ҳамда "Прогресс истаган Республикачи аёллар" ташкилотини тузган Ариэл Ҳилл-Дэвис.

Дэвис хоним айтишича, ёш сайловчилар, олий таълимга эга бўлганлар ва қишлоқ жойларида яшайдиган сайловчилар Трампнинг ўзини тутиши ва бошқарувга ёндашувидан хавотирдалар.

"Ушбу сайловчилар Дональ Трамп етакчилигидаги Республикачилар партиясини дастаклашга чиндан ҳам иккиланиб қолганлар, ҳақиқий ҳукм эса бу хавотирларни янада кучайтириши аниқ", дейди у.

Аммо судда номзод Трампни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатнашган Республикачилар партияси вакиллари тезда унинг ортида боришларини намойиш этдилар.

Вакиллар Палатаси спикери Майк Жонсон "бу Америка тарихидаги шармандали кун", бу ҳуқуқий эмас, тоза сиёсий иш бўлди", деди.

Саккиз йилдан экспертлар ва мухолифалари Трампнинг яқинлашиб келаётган сиёсий инқирозини башорат қилиб келадилар.

Унинг 2016 йилдаги президентлик кампанияси можароларга бой бўлди, бунақаси бошқа сиёсатчилар билан ҳеч кузатилмаган.

Президентлиги чоғи икки импичментга дуч келгани, ўз тарафдорлари оломонининг Капитолийга бостириб кириши туфайли президентлиги жанжал билан тугаганига қарамасдан, Республикачилар партияси Трампга таянди.

Буларнинг бари собиқ президентга келаётган ноябрда Оқ Уйни мухолифидан "тортиб оладиган" даражада устунликка эришишига монеълик қилолмади.

"Бугунга келиб аксиомага айланган нарса - Америка тарихидаги ҳар қандай номзодни том маънода яксон қилиб юбориши мумкин бўлган шунча можароларга қарамасдан Трампни қўллаб-қувватлаш ҳамон давом этаётгани ҳайратланарлидир", дейди Жанубий Методист Университетининг Президентлик тарихи марказининг директори Жефри Энгел.

Ушбу тарихий жиноий ҳукм бошқача бўлиши мумкин, агар Трамп аппелляция шикояти рад этилиб у қамоқ жазосига ҳукм этилса.

Ёки у, тарихга қарасак, Трампнинг ҳокимият томон йўлида фақат тўсиққина ролини ўйнаган кўп сондаги вайронакор ҳодисаларнинг яна биттаси бўлиш билангина ҳам чекланиши мумкин.

Америка Университетининг професоори Аллан Лихтман 1984 йилдан буён президентлик пойгасидаги ғолибни аниқлик билан башорат қилиб келаётган сиёсий моделни тузган.

Лекин професоор Лихтман Трампнинг жиноий жазога тортилиши воқеаларнинг "фожеали ва бемисл" бурилиши бўлиши мумкинлигини тан олади, бунда модель изчиллиги ва тарих йўналиши мутлақо ўзгариб кетади.

"Тарих китобларида буни ҳаддан зиёд ноодатий, миқёси бўлмаган ҳодиса деб ёзишади, бироқ ҳаммаси ана ундан кейин нима юз беришига боғлиқ бўлади", дейди у.

Трамп жиноий жавобгарликка тортилганининг нақадар аҳамиятли экани ҳақидаги якуний қарорни ноябрь ойида сайловчилар берадилар.

Агар собиқ президент мағлубиятга учрайдиган бўлса, бунинг асосий сабабларидан сифатида айблов ҳукми кўрилади.

Мабодо ғалабага эришадиган бўлса, айблов ҳукми Трампнинг жуда жўшқин, бироқ аҳамиятли сиёсий карьерасидаги муҳим нуқта бўлиб қолади."Бизга яхши маълумки, тарихни ғолиблар ёзадилар", дейди Жефри Энгел.

2024 йил 6 март. АҚШда "супер сешанба": Трамп яна от устида, Исроилни қўллаётгани Байденга бошоғриқ бўладими?

Donald Tramp va Jo Bayden

Сурат манбаси, Getty Images / Reuters

АҚШда икки партиядан президент сайловига номзод кўрсатиш учун "супер сешанба" овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди. Натижада Трампнинг ягона рақиби пойгадан чиққанини эълон қилди. Байденнинг кўринмас рақиби, "ҳаммага қарши" графасини танлаганлар сони сезиларли бўлди.

"Супер сешанба" - бу АҚШнинг 15 штати ва 1 ҳудудида бир вақтда бўлиб ўтадиган партиялар ичидаги сайловдир (праймериз). Жо Байден ва Доналд Трамп унда ишонч билан ғалаба қозонишди.

Шу жумладан, партия қурултойида энг кўп делегатлар овози берадиган Калифорния ва Техасда ҳам қўллари баланд келишди. Трампнинг рақиби Никки Хейли фақатгина Вермонтда ғолиб бўлди.

Хейли чоршанба куни Республикачилардан президент сайловига номзод кўрсатиш пойгасидан чиқишини маълум қилди.

5 март куни бўлиб ўтган "супер сешанба" - 2024 йили Оқ уйга келиш учун курашда энг муҳим кунлардан бири.

Бу кунда Американинг 15 штатида сайловчилар икки партиядан президент сайловига номзод танлашди.

Алоқадор мавзулар:

"Супер сешанба" Оқ уй учун курашда асосий номзодлар бўлган демократларни тақдим қилувчи Жо Байден ва республикачилардан бош номзод Доналд Трампнинг қандай ҳолатда эканлиги борасида тасаввур беради.

2024 йилдаги сайлов 4 йил олдин мағлуб бўлган Трамп учун ўч олиш учун имконият бўлиши айтилмоқда.

Натижалар нимани англатади?

Кутилганидек, бу сафарги "супер сешанба" кузатувчиларни ҳайрон қолдирадиган натижа билан тугамади.

Доналд Трамп 12 штатда ғолиб бўлди, унинг рақиби Никки Хейли эса фақатгина Вермонт штатида ютиб чиқди.

иқтибос

Унинг илк босқичларда пойгадан чиқиб кетишни рад қилиши, ўзини Байденнинг рақиби сифатида кўришларини истаган Доналд Трампнинг ғазабини келтирганди.

Никки Хейлининг мусобадан чиқиш қарори Доналд Трамп келаётган сайловда Байденга рақиб бўлишини англатади.

Аммо номзодларнинг жамоа аъзолари ўтган "супер сешанба" натижаларига қараб, таҳлил қиладиган жиҳатлари бор. У Байденнинг ҳам, Трампнинг ҳам ожиз томонларини кўрсатиб қўйди.

Гап шундаки, праймериз бўлиб ўтган 15 штатнинг 7тасида "бетараф" танлови ҳам бор.

Ушбу мавжуд бўлмаган рақиб - "ҳаммага қарши" варианти - амалдаги президентга муаммолар пайдо қилишга улгурди.

Феврал сўнггида Мичиганда бўлиб ўтган праймеризда сайловларнинг тахминан 100 мингги - 13% дан кўпроқ - "бетараф" графасини танлашди. Бу Байден маъмуриятининг Исроилга ҳарбий ёрдам беришига қарши чиққан прогрессив демократлар томонидан ташкил қилинган бўлиши мумкин. Мичиган аҳолисининг катта қисми "Ҳаммага қарши" овозини бериши ажабланарли эмас, чунки бу ерда мусулмонларнинг катта диаспораси яшайди.

"Супер сешанба" давомида бу каби ҳолатни араб ва шимолий африкалик сайловчилар кўпчиликни ташкил қилувчи Миннесотда ҳам кутишди.

Кутилганидек бўлди: Миннесотдаги қарийб 45 минг овоз - деярли 20% - "ҳаммага қарши" бўлди.

"Рақамлар президент Байден қуруқ гап билан овозларимизни қайтаролмаслигини кўрсатмоқда. Агар Байден тинч аҳолини ўлдираётган бомбаларни молиялашда давом этаверса, "сулҳ" сўзини айтишнинг ўзи етарли бўлмайди", дейди "ҳаммага қарши" графасини дастакловчи ҳаракат вакили Алма Низомий.

Байденнинг кўринмас рақиби Шимолий Каролинада ҳам кам бўлмаган миқдорда овоз тўплади. Бу Байденга муаммо бўлиши бирга ўсиш учун имконият ҳам бўлиши мумкин. "Супер сешанба" демократларнинг сезиларли қисми президент Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатишда эҳтиёткор бўлиши кераклигини кутаётганини англатади.

"Супер сешанба" нима?

Бу кунда кўплаб штатларда президент праймеризи тақвими доирасида овоз беришлар бўлиб ўтади.

Овоз беришлар Алабама, Аляска, Арканзас, Калифорния, Колорадо, Мэн, Массачусетс, Миннесот, Шимолий Каролина, Оклахома, Теннесси, Техас, Юта, Вермонт, Виржиния ва Американинг Самоаси (расман бу ер штат эмас ва бирор штат таркибида турмайдиган АҚШнинг Тинч океани жанубидаги ҳудуди)да бўлиб ўтди.

Республикачилар ушбу 15 штатда овоз беради. Демократлар ҳам Аляска истисно шу штатларда овоз беради. Шунингдек, улар Америка Самоасида ҳам овоз беришади.

Қанча вакил, қандай қилиб танлаб олинади?

Ҳар бир номзодга овоз бериш натижасида ким биринчи ўринни олса, унга делегатлар овозлари берилади. Сўнгра улар ёзда ҳар икки партия қурултойларида номзодни кўрсатиш учун расман овоз беради.

"Супер сешанба"да барча делегатлар овозларининг тахминан учдан бир қисми тақсимланади - республикачилар 865, демократлар камида 1420 та.

АҚШ президент сайлови - 2024. Нима учун бу сафар Трампга осон бўлмайди?

Трамп сайлов штаби тахминларига кўра, "супер сешанба" куни у камида 773 делегат овози олиши ва керакли овозни мартдаёқ тўплаб қўйиши керак эди. Айни дамда унда 244 та делегат овози бор, унинг ягона рақиби Хейли эса 43 та тўплаганди.

Республикачилардан номзод тасдиқлаш учун камида 1215 делегат овози керак бўлади. Демократларга 1968 та.

Хейлининг пойгадан чиқиши Трампни республикачилардан ягона номзодга айлантирди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002