Янгиликлар. АҚШ: Трамп Путинни ким деб билади, Украина урушини бир суткадаёқ ҳал қиладими ва Украинада кимнинг ғолиб чиқишини хоҳлайди? Dunyo Amerika Yangiliklar

Donald Tramp golf o'yini chog'ida

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Энтони Зурчер
    • Role, Шимолий Америка бўйича мухбир
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

2021 йилда ҳокимиятдан кетганидан буён Дональд Трамп ўзига дўст ўнг қанот ОАВлар ва ўзининг садоқатли тарафдорлари билан мулоқот қилиб келаётган эди.

Аммо 2024 йилги президентлик сайловига ўз номзодини қўяётган собиқ президент чоршанба куни бу қобиқдан чиқиб, 90 дақиқа давомида CNN томонидан эфирга узатилган мулоқотда иштирок этди.

Уни 2016 йилдан буён кузатадиганлар биладики, Трампнинг ўзи ёлғончи деб атаб келган кабел янгиликлар тармоғида пайдо бўлиши доим бирор жанжалга уланиб кетар эди.

Трампнинг ҳозирги чиқиши Нью-Йорк суди уни 30 йил илгари шу шаҳарда ёзувчи Э Жан Кэрролни жинсий таҳқирлаганликда айбдор деб топганидан бир кун ўтиб бўлди.

Қуйида мулоқотда гапирилган олти муҳим қисмни келтирмоқчимиз:

1) 2020 йилги сайловни унута олмаётган одам

Мулоқотни CNN бошловчиси Кейтлан Коллинс олиб борди. Аудитория асосан республикачилар ва айрим партиясизлардан иборат эди.

Трамп саҳнага чиқиб келганда улар уни ўринларидан туриб, қарсаклар билан кутиб олишди.

Бошловчининг биринчи саволи шундай эди: Нима учун америкаликлар сизни яна Оқ уйга қайтариши керак? Демократ президент Жо Байденни танқид қилиш ўрнига у 2020 йилдаги президентлик сайловлари натижасидан ёзғира бошлади.

У аллақачон инкор қилинган даъволар - овозлар ўғирлангани, бошқалар номидан овоз беришлар ҳақида гапира кетди ва уни "сохта сайлов" деб атади. Бошловчи эътироз билдирганда Трамп уни буларнинг барини билиб тургани, аммо аниқ мақсад йўлида муғомбирлик қилаётганликда айблади.

Мулоқот жараёнидаги савол жавоблар кўрсатдики, Трампнинг 2024 йилда ҳам сайловга номзодини қўйиши ортида турган сабаб унинг 2020 йилдаги мағлубиятини ҳазм қила олмаётганидир. У буни шундай қолдиришни истамаяпти.

Трампнинг сўзлари унинг садоқатли тарафдорлари қулоғига мусиқадек жаранглаши мумкин, аммо сайловчилар ва ҳатто республикачи сайловчилар ўтмишда қотиб қолмасликни исташади.

2) Э Жан Кэрролнинг масхара қилиниши

Donald Tramp Shotlandiyadagi aeroportda

Сурат манбаси, Reuters

Трампга Э Жан Кэррол иши бўйича сешанба куни чиққан ҳукм ҳақида савол берилди. Ҳукмда жинсий таҳқирлов учун Трампга 5 миллион доллар тўлашга буйруқ берилган эди.

Тасдиқловчи фотосуратлар бўлса ҳам, Трамп ёзувчи аёл билан ҳеч қандай алоқада бўлмаганини такрорлади. "Мен уни танимайман. У билан ҳеч қачон учрашмаганман. Ўзи у кимлигини ҳам билмайман", деди у.

У Кэррол хонимнинг даъвосини масхара қилиб, уни "фейк" деб атаганда Нью Ҳэмпширдаги аудитория кулиб юборди.

Мулоқот давомида бошловчи собиқ президентни бир неча марта сиқувга олиб, савол берди, бир гал шу даражага етдики, Трамп уни "жуда ёқимсиз одам" деб юборди. Аудитория эса аниқ у тарафда эди.

Улар Трампнинг Республикачилар партиясидаги таъсирини кўрсатувчи жонли белги эдилар. Бу айни пайтда унинг партия ичидаги мухолифлари йўлидаги тўсиқ ҳам эди.

"Сизларни яхши кўраман йигитлар", деди собиқ президент мулоқот якунида аудиторияга қарата. Бу туйғу аудиторияда ҳам бор эди.

3) Қарз лимити

Вашингтонда республикачилар ва демократлар миллий қарз дефолтига йўл қўймаслик учун қонун билан белгиланган қарз лимитини ошириш бўйича тортишиб ётибди.

Бироқ, чоршанба оқшомида Трамп, агар республикачилар харажатларни керакли даражада қисқартира олмаса, АҚШ тарихида биринчи марта қарз қояларини енгиб ўтиш керак бўлади деди.

"Агар улар катта қисқартиришларга йўл бермаса, дефолтга учрашимиз аниқ", деди у.

Бу фикр Конгрессдаги баъзи консерватив республикачиларнинг фикрига мос келади, улар АҚШ бюджетига ўзгартиришлар киритилмаса, бу жараён дефолт ва фалокат билан якунланади деб ҳисоблайди.

"Охир-оқибат барибир дефолтга учрайсиз, - деди у, - лекин бу жуда бетартиб бўлади."

Бу гаплар баъзи республикачиларга мойдай ёқади ва, албатта, республикачи муросасизларнинг позициясини мустаҳкамлайди. Иқтисодчилар АҚШ ва дунё учун ҳалокатли бўлишидан огоҳлантираётган келгуси ойда ҳақиқий дефолт эҳтимоли ошган.

4) Украинада тараф олмаслик

Donald Tramp

Сурат манбаси, .

Ўтган бир неча ой давомида Трамп агар мен президент бўлганимда Россия Украинага бостириб келмасди дея такрорлаб келди. Агар президент бўлсам, бир суткадаёқ музокаралар йўли билан Украинада масалани ҳал қиламан деди.

Чоршанба куни ҳам айни гапларини такрорлади. Қайта-қайта савол берилганига қарамай, собиқ президент Украина урушида қайси томон қўли баланд келишини исташини айтмади.

"Мен ютиш ва ютқазиш ҳақида ўйламайман. Мен муаммони ечиш ҳақида ўйлайман. Икки томон ҳам ўлишни тўхтатишини истайман", деди у.

У Россия президенти Владимир Путин Украинага бостириб кириб хато қилганини қўшимча қилди, аммо уни уруш жиноятчиси деб аташни истамади.

Ўрганишлар Республикачилар борган сари АҚШнинг Украинани урушда қўллаб қувватлаб турганидан норози бўлаётганини кўрсатган. Мулоқот жараёнида тўпланган аудитория Трампнинг Украина борасидаги гапларини қарсаклар билан эшитди.

Айрим республикачи амалдорлар ва Байден маъмурияти Украина президенти Володимир Зеленскийни давомли қўллаб қувватлашга ваъда бераётган бир вақтда, агар Трамп сайланса, бу сиёсат кескин ўзгариши аниқ бўлиб қоляпти.

5) Аборт масаласида нотайин позиция

Консерватив евангелист сайловчилар учун Трампнинг президент сифатидаги муваффақиятларидан бири аборт масаласида "Ро Уэйдга қарши" суд ишини тескарисига ўзгартириб юборган судьяларни Олий судга тайинлагани бўлган.

Чоршанба оқшомида Трамп бунинг учун олқишланди, аммо аборт масаласида кейинги қадам қандай бўлиши ҳақида берилган саволларга жавоб беришдан қочди.

Федерал миқёсда абортни тақиқлашни маъқуллармидингиз? Айрим республикачи штатлар қилганидек олти ҳафталик ҳомиладорликдан сўнг абортни чеклашга қандай қарайсиз? Бу муддат кўпроқ бўлиши керакми ёки камроқ?

Бошловчи ҳар қанча бурчакка сиқиб савол бермасин, Трамп аниқ жавоб бермади ва агар президент бўлса, "ҳар ким учун тўғри келадиган" даражада масалани ҳал қилажагини айтди.

Шунга қарамай, аборт масаласига келганда, ҳар бир америкаликни рози қиладиган жавобнинг ўзи йўқ.

Ўтган йилги оралиқ сайловларда республикачилар муваффақият қозонмагандан кейин, бу масала ва бу борадаги консерватив муросасиз позиция партияга қимматга тушиши мумкин деб ўйладим, деди Трамп.

Хуллас, мулоқот жараёнида Трамп имкон қадар бу масалада мужмал жавоб беришга уринди.

6) Капитолийдаги исён қатнашчиларининг авф этилиши

Яқинда Техасдаги сайловолди митингида Трамп 2021 йил 6 январда АҚШ Капитолийсига уюштирилган ҳужум учун айбланаётганлар давлат мадҳиясини куйлаётгани акс этган видеони намойиш этди. Унга Капитолийга ҳужум ва Трампнинг "Содиқлик қасамёди"ни ўқиётгани акс этган тасвирлар ҳам қўшилда.

Чоршанба оқшомида собиқ президент ҳужумда иштирок этганларга янада кўпроқ ҳамдардлик билдирди.

У 6 январдаги жиноятларда айбланганларнинг "кўпчилигини" афв этишга ваъда берди. У яна Вакиллар палатаси зали ёнидаги хонага киришга уринаётганда ҳалок бўлган Эшли Баббиттни мақтади. Уни отиб ўлдирган хавфсизлик ходимини "ярамас" деб атади.

У ўша куни қилган ҳаракатларини оқлади ва намойишчиларни тинчликка чақирганини асослаш учун ўша вақтдаги баёнотлари ва твитларини кўрсатди.

Трамп яна президентликка интилаётганида, Капитолий исёни ва улардаги ўз роли ҳақидаги саволлар уни таъқиб қилиши тайин.

Кўпгина республикачилар, жумладан, ўша куни Капитолийда бўлган расмийлар буни Америка тарихидаги қоронғи лаҳзалар деб билади. Уларга Трампнинг ўша кунни қайта баҳолашга уриниши ёқмаслиги мумкин.

АҚШ жаҳаннамга қараб кетяптими? Доналд Трампни энди нима кутяпти?

Trump

Сурат манбаси, Reuters

"Америка жаҳаннамга қараб кетяпти" деган АҚШнинг собиқ Президенти Доналд Трамп ўзининг айбсиз эканлигини айтганидан сўнг. Унга нисбатан 2016 йилги сайлов олдидан номини қора қилувчи маълумотларни яширишда бизнес ҳисоботларни сохталаштириш айби қўйилмоқда.

"Менинг ягона жиноятим халқимизни уни йўқ қилмоқчи бўлганлардан ҳимоя қилганимдир", деган у Флоридадаги уйи олдида тўпланганларга ва сўнг маҳкама қаршисига чиққан.

34 моддадан иборат айблов хулосасида порно актриса Стор Дэниелснинг оғзини ёпиш учун пул бериш ҳақида гап боради. Трампга жиноий тил бириктириш айби қўйилмади. Маҳкама айблов эълон қилингунга қадар ҳеч қандай янги жиноят аломатлари топмаган. Иш кенгайтирилмади.

Шу вақтгача унинг ишини тергов қилаётган Манҳэттен округи прокурори Элвин Бреггни қаттиқ қоралаган Трамп бу сафар судя Хуан Мерчаннинг ҳам холислигини шубҳа остига олди.

У судни Манҳеттендан Статен-Айлендга кўчиришга чақирди. У ердаги собиқ президентнинг тарафдорлари бўлган суд маслаҳатчилари бўлиши мумкин. Унинг адвокатлари, шунингдек, иш маҳакамада кўрилгунга қадар айбловни олиб ташлаш учун ариза киритиши кутилмоқда.

Америкада тарихий жиноий иш: Собиқ президент Трамп суди

Собиқ АҚШ президенти Доналд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ тарихида илк бор собиқ президент устидан жиноят иши қўзғатилди. 4 апрель куни Нью-Йоркдаги суд Доналд Трамп айбланаётган жиноий ишни кўришни бошлайди.

3 апрель куни 76 ёшли Доналд Трамп ўзининг Флоридадаги уйидан Нью-Йоркка етиб борди, бу ҳодисани Америка оммавий ахборот воситалари жуда кенг ёритдилар.

У шаҳардаги машҳур Трамп Тауэр биносида ўзининг ҳуқуқшуносларини йиғиб маслаҳатлашган.

Манҳэттенда Трамп тарафдорларининг норозилик намойишлари уюштирилиши мумкин, шу сабабдан ҳам маҳкама атрофидаги ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Катта сондаги полиция ва суд ходимлари, шунингдек, махфий хизматлар ходимлари Доналд Трампни суд биносигача қўриқлаб боришлари кутилмоқда.

Трамп адвокатлари аллақачон у судда айбдор деб топилмайди, дея хабар тарқатдилар.

Трампга жиноий иш: У порно юлдуз оғзини ёпиш учун ноқонуний пул беришда айбланади

АҚШ собиқ президентига 2016 йилги президент сайлови арафасида порно акстрисанинг жим юриши учун шубҳали пул беришда айбланиб иш очилди.

Катта ҳакамлар ҳайъати даъво қилинаётган ишқий муносабатлар ортидан порно актриса Сторми Дэниелснинг жим юришини сотиб олишга ҳаракат қилиб 130 минг АҚШ доллари тўланганини суриштиргач Доналд Трампга айблов эълон қилишга қарор қилган.

76 ёшли Трамп айбини инкор қилиб келади. Бу АҚШ тарихида мисли кўрилмаган иш бўлди. Бундан олдин АҚШнинг амалдаги ёки собиқ президентларига нисбатан жиноий иш очилмаганди.

Тергов ишларини олиб бораётган Манҳэттен округи прокурори Элвин Брегг жаноб Трампнинг адвокати билан боғланиб, ҳали тафсилотлари маълум қилинмаган иш бўйича "унинг қўлга олинишини" мувофиқлаштирганини тасдиқлади.

Ушбу масала билан яқиндан таниш бўлган икки манбанинг CBS Newsга айтишича, Флоридада яшаётган собиқ президент Нью Йоркка 3 апрелда учиб келиши ва сешанба куни маҳкама қаршисига чиқиши кутилмоқда.

Унга нисбатан айблов 10-15 дақиқа давом этадиган илк суд мажлисида ўқиб эшиттирилади.

АҚШ собиқ президентларининг ҳимоя қилишни зиммасига олган Америка махфий хизмати маҳкамага келишдаги хавфсизликка жавобгар бўлади.

2016 йили порно филмлар юлдузи Сторми Дэниел ОАВга боғланиб, 2006 йили Трамп билан ишқий муносабатлари бўлганини айтган ва ушбу ҳикояни сотишни таклиф қилган. Айтилаётган воқеадан бир йил ўтиб Доналд Трамп ҳозирги рафиқаси Меланияга уйланган.

Трампнинг жамоаси бундан дарҳол хабар топади ва унинг адвокати Майкл Коэн Сторми Дэниелга жим юриши учун 130 минг АҚШ доллари беради. Бу амал Америкада ноқонуний ҳисобланмайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бироқ Трамп пулни адвокатига ўтказаётганда тўлов ҳисобига уни "юридик хизматлар учун" деб кўрсатади. Прокурорларнинг айтишича, бу Трамп томонидан бизнес ҳисоб-китобларни сохталаштиришга тенг ва Нью Йоркда жиноий жавобгарлик ҳисобланади.

Прокурорлар, шунингдек, бу сайлов тўғрисидаги қонунларни бузган бўлиши мумкин, деб топиши ҳам мумкин. Чунки Трампнинг Сторми Дэниелга тўлаган пулларини яширишга уриниши, сайловчилар унинг порно юлдуз билан алоқасини билишни истамаганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳужжатларни сохталаштириш орқали қилмишни яшириш оғирроқ жиноят ҳисобланади ва янада жиддий айбловларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳатто маҳкама тортиш тарафдорлари ҳам бу ҳолат оддий иш эмаслигини тан олишади.

Бу каби суд ишлари тарихда кўп бўлмаган ва сиёсатчиларни сайлов кампанияси ҳамда шахсий харажатлари ўртасидаги чегарани кесиб ўтишда айблашга уриниш мувафаққиятсиз якун топган.

Бошқа жиноий ишда айбланганлар каби энди Трампнинг ҳам бармоқ излари олиниши ва расмга туширилиши мумкин.

Трамп баёнотида Мэнҳеттен округи прокурорини қаттиқ қоралади. У прокурорни "шарманда" деган ва "Жо Байденнинг ифлос ишларини" қилиб беришда айблаган.

"Демократлар "Трампни қўлга киритиш"га интилиб, алдашди, товланишди ва ўғирлашди. Бироқ энди улар хаёлга ҳам келмаган иш - мутлоқо бегуноҳ одамни сайловга очиқ аралашишда айблашяпти", деган у.

Трамп она шаҳри Нью Йоркдаги терговни бир неча маротаба рақиблари томонидан ташкил қилинган "жодугар ови" деб айтган.

Демократлар партияси аъзоси прокурор Брегг Трампга нисбатан сиёсий қасос олинаётганини рад қилади.

"Биз юрисдикциямиздаги ишларни фактлар, қонун ва далилларга асосланиб баҳолаймиз", дея твит ёзган у март ойининг бошида.

Трампнинг адвокати Сюзен Неселес баёнотда "У ҳеч қандай жиноят содир қилмаган. Биз маҳкамада ушбу сиёсий таъқиб билан қатъиятли равишда курашамиз", деган.

Сторми Дэнилелс уни қўллаб қувватлаганларга миннатдорчилик билдирган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сторми Дэниелс уни қўллаб қувватлаганларга миннатдорчилик билдирган

Айблов ҳақида хабар чиққанидан сўнг Сторми Дэнилелс уни қўллаб қувватлаганларга миннатдорчилик билдирган.

"Жудаям ҳам мактуб келганидан, уларга жавоб беришга улгурмаяпман. … яна шампан виномни ҳам тўкиб қўйишни истамайман", деб тивит ёзган у.

Жиноий иш 2024 йил бўлиб ўтадиган президентлик пойгасига таъсир қилиши мумкин. Трамп Республикачилар томонидан Оқ уйни бошқаришга эълон қилинган ва потенциал номзодлар ичида етакчилик қилмоқда.

Аммо АҚШ қонунчилиги жиноятда айбдор деб топилган номзодни сайловолди кампанияси ўтказиш ва президент бўлиб хизмат қилишдан қайтармайди. Ҳатто қамоқда бўлса ҳам.

Унинг ташвиқот гуруҳи пайшанба куни айблов хулосасидан иқтибос келтириб, пул йиғиш учун электрон мактублар юборди.

Конгрессдаги машҳур республикачилар Трапмни дастакламоқда.

Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти "Элвин Брегг президент сайловига аралашаман деб мамлакатимизга ўнгланмас зарар берди", деган.

Бироқ демократлар айбловни хуш қаршилади ва бу ҳеч ким қонундан устун эмаслигини кўрсатди, деб таъкилашди.

Конгрессмен Адам Шифф "Собиқ президентга нисбатан айблов ва ҳибс Америка тарихида мисли кўрилмаган" деди.

Трампга нисбатан яна бир неча иш кўриб чиқилмоқда.

Улар таркибида 2021 йил АҚШ капитолисидаги тартибсизликларда Трампнинг роли, 2020 йилдаги сайловда Жоржия штатидаги мағлубиятини бекор қилиш ҳаракатлари ва лавозимидан кетганидан сўнг махфий ҳужжатларга нисбатан муносабати ҳам бор.

2017-2021 йиллар президент бўлган Трамп Вакиллар палатаси томонидан икки марта импичментга учраган. Икки марта ҳам сента томонидан оқланган.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002